02:59 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президенти сайловларини кузатувчиларнинг хулосаси аввалдан маълум

18.12.2007 17:49 msk

Умар Шарифов (Тошкент)

Ўзбекистонга 2007 йилнинг 23 декабрь кунига белгиланган президент сайловларида иштирок этиш учун таклиф этилган кузатувчилар гуруҳи келмоқда. Пойтахтга МДҲ мамлакатлари ва ЕХҲТ/ДИИҲБдан кузатувчиларнинг аксар қисми етиб келган.

Шу кунларда ушбу делегацияларнинг вакиллари Ўзбекистон МСК раҳбарияти билан мулоқотда бўлганлар. ЎзА ахборот агентлигининг хабар беришича, учрашув чоғида МДҲ кузатувчилари миссиясининг раҳбари Владимир Гаркун “МДҲ ижроия қўмитасининг экспертлари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари тўғрисида”ги қонунни синчковлик билан ўрганиб чиққанини ва натижада унинг халқаро стандартларга тўла мос келишини қайд этиб ўтди”.

Аммо таклиф этилган экспертлар бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент бўлишини таъқиқловчи Ўзбекистон Конституциясининг мазмуни билан танишганларми-йўқми – бу ҳақда ЎзА агентлиги эслагани ҳам йўқ.

Ҳар ҳолда, МДҲ миссияси раҳбарининг юқоридаги сўзлари унинг мазкур қонунни унчалик яхши ўрганмагани ёки халқаро ҳуқуқ меъёрлари билан яхши таниш эмаслигини билдиради.

Масалан, Ўзбекистон 1995 йилда қўшилган “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар пакти”нинг 25- моддасига кўра, “ҳар бир фуқаро камситишларсиз ва асоссиз чекланишларсиз вақти-вақти билан мунтазам равишда ўтадиган, ЯШИРИН ОВОЗ БЕРИШ йўли билан сайловчиларнинг эркин хоҳиш-иродасини ифода этувчи тенг ҳуқуқли сайловларда овоз бериш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлиши керак”, дейилган.

Аммо, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари тўғрисида”ги қонуннинг 24-2-моддасида президентликка кўрсатилган ҳар бир номзод сайлов ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон фуқароларининг беш фоиздан кам бўлмаган имзосини йиғиши талаби қўйилган.

Иқтибос: “Сиёсий партия тақдим этган имзо варақларида Ўзбекистон Республикаси барча сайловчиларининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилмаларидан беш фоизи миқдоридаги сайловчиларнинг имзолари бўлиши керак... Шу билан бирга, сайловчи ИСМИ, ФАМИЛИЯСИ, ОТАСИНИНГ ИСМИ, ТУҒИЛГАН ЙИЛИ (агар ёши ўн саккизда бўлса ой ва куни ҳам), яшаш МАНЗИЛИ, ПАСПОРТ РАҚАМИ ва СЕРИЯСИ ҳамда имзо чеккан кун санаси кўрсатилиши лозим”.

Бошқача қилиб айтганда, бу одамлар учун яширин сайлаш ҳуқуқи бекор қилинади, бунинг ўрнига улар иродасининг ифода этилиши назорат остига олинади.

Бошқача қилиб айтганда, битта номзодни кўрсатган беш фоизни ташкил этувчи 814 870 нафар тарафдорлар учун яширин овоз бериш ҳуқуқи чиппакка чиқади. Агар борди-ю, учта партия вакиллари ва битта сайловчилар ташаббускор гуруҳи камида 3.259.480 кишининг имзосини йиққан бўлса (ҳар ҳолда, МСК шундай деб таъкидламоқда), унда сайловчиларнинг 20 фоизи яширин овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар. Сайлов кампаниясигача етиб келмаган номзодлар учун йиғилган имзолар ҳам борлигини унутмаслик керак...

Энди тасаввур қилингки, қандайдир фуқаролар гуруҳи бирлашиб ўзлари истаган, аммо расмийлар учун номақбул мухолифатчи номзод учун имзо йиғишни бошладилар. Давом этмаса ҳам бўлаверади, деб ўйлайман.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алоҳида назорат остига олиндилар

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) маълум қилишича, 2007 йил 17 декабрь куни соат 7 дан бошлаб Тошкент шаҳар ва вилояти ҳамда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари расмийларнинг алоҳида назоратига олинган. Ҳар бир ҳуқуқ ҳимоячиси уйининг олдида иккитадан “Нексия” автомашинасида республика ИИВ Террорчиликка қарши кураш бошқармасининг учтадан ходими навбатчилик қилмоқдалар. ЎМҲҲТГнинг Ўзбекистон ИИВдаги ишончли манбаси исмини ошкор этмаслик шарти билан маълум қилишича, республика президенти сайловлари муносабати билан бу чоралар кўрилмоқда. Манбага кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари 25 декабргача кузатув остида бўладилар.

Ўзбекистонга МДҲ мамлакатларидан 80 дан ортиқ кузатувчилар келмоқчилигига қарамай, уларнинг объектив бўлиши кутилмайди. Бунга В.Гаркуннинг мазкур сўзлари яққол далил бўла олади.

МДҲ мамлакатларининг кузатувчилари авторитар режимларга садоқатли хизматлари билан аллақачон обрўларини тушириб қўйганлар. Шу боис уларнинг сайловга қандай баҳо беришлари олдиндан маълум: “Ҳаммаси тартибли, сайловлар халқаро меъёрларга мувофиқ ўтди”. Ёки “Умуман олганда, сайлов натижаларига таъсир кўрсатмаган айрим камчилик ва нуқсонлар бўлган”. Афтидан, тез кунлар ичида ШҲТ мамлакатларидан етиб келадиган кузатувчилар ҳам уларга жўровоз бўлишлари табиий. Ўзбекистонда президентлик сайловлари чоғида ЕХҲТнинг демократиялаштириш институти ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) 24 вакили ҳам кузатувчилар сафида бўлмоқчилар.

“ЎзА” хабарига кўра, ЕХҲТ/ДИИҲБ миссиясининг раҳбари Валтер Зигель ҳам МСКдаги учрашувда иштирок этган.

“Ўзбекистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш альянси” вакилларига кўра, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси Бернард Руо (Bernard Rouault) сайловолди кампанияси муаммоларини муҳокама қилиб олиш учун фақат расман рўйхатдан ўтган ташкилотларнинг (яъни, Каримовга мойил) вакиллари билан учраша олишини айтиб, улар билан учрашишдан бош тортган. Ғарблик айрим журналистлар Ўзбекистонда фаолият юритаётган ЕХҲТ вакиллари билан учрашувдан нохуш таассурот олганлар, уларнинг “қўрқувдан қалтирашлари, мамлакатдан ҳайдалишдан қўрқишлари”ни ва ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга ишорат қилмасликларини сўраганларини таъкидладилар.

ШҲТ ва МДҲ мамлакатларидан келган кузатувчилар борасида ҳаммаси тушунарли бўлса-да, ҳурматли ва обрўли ташкилот ҳисобланган ЕХҲТга қуйидаги саволни бермай бўлмайди: “Сайловлар”да кузатувчи сифатида иштирок этиш наҳотки шунчалик зарур бўлса? Ахир, халқаро кузатувчиларнинг сайловларда иштироки, уларнинг берган баҳосидан қатъий назар, номашруъ расмийлар сайловларнинг очиқ ва шаффоф ўтганлигини исботлашлари учун қўшимча далил бўлмайдими?