23:12 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: «Ватан» партияси оммавий норозилик намойишлари ўтказишдан воз кечишга ва нейтрал позицияни эгаллашга қарор қилди

13.12.2007 19:10 msk

Абдумўмин Мамараимов

Парламент сайловларидан четлатилган “Ватан” сиёсий партияси 16 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларида бошқа партияларга нисбатан нейтрал позицияни эгаллашга қарор қилди. Партия 16 декабрь кунига белгиланган парламент сайловларини кузатади, холос. “Ватанчи”лар 2007 йилнинг 11 декабрь куни бўлиб ўтган партия фаоллари ва тарафдорлари йиғилишида ана шундай қарорга келдилар.

Эслатиб ўтамиз, аъзоларининг аксарияти ўзбеклардан иборат бўлган “Ватан” партияси парламент сайловларидан четлатилганди.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги аввал хабар берганидек, “Ватан” партияси ўзининг сайловдан четлатилиши учун Марказий сайлов комиссиясини айблаганди. Партия раҳбарларига кўра, МСК тақдим этилган ҳужжатларни қалбакилаштирган. Шу кунларда мазкур иш мамлакат Олий судида кўрилиб, МСК қарори ўз кучида қолдирилганди.

Бунга жавобан партиянинг сиёсий кенгаши, агар “Ватан” сайловларда иштирок этишга қўйилмаса, оммавий норозилик намойишлари ўтказиш ҳуқуқини ўзида қолдириши тўғрисидаги баёнотни ёйинлаганди. Аммо партия етакчилари йиғилишда мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида, йиғилганларни радикал ҳаракатлардан ўзларини тийишга чақирдилар.

Партия сиёсий кенгашидан олинган маълумотларга кўра, “Ватан” таркибида ўттиз мингдан зиёд аъзо бор бўлиб, уларнинг орасида ўн беш миллат вакиллари бор. Партиянинг етмиш фоизини ўзбеклар ташкил этадилар. Шу билан бирга, “Ватан” партиясининг рақиблари уни яккамиллатчиликда ва айирмачилик мақсадларига интилишда айбламоқдалар.

- Масалан, «Ата-Мекен» ва «Ар-Намис» партиялари аъзоларининг тўқсон фоизи қирғизлардан иборат, аммо ҳеч ким уларни яккамиллатчиликда айбламаяпти, - дея қайд этади Улуғбек Абдусаломов. – Партиямизда бошқа миллат вакилларининг улуши ўттиз олти фоизни ташкил этади, ҳолбуки, бу улуш ўн беш фоиз бўлиши кифоя.

Йиғилиш иштирокчиларининг кўпчилиги жамиятда ҳукм сураётган миллатчилик кайфиятларини қораладилар ва барча миллатлар ўртасида келишувни таъминлай оладиган ҳамда барча миллатларга нисбатан толерант (чидамли) муносабатда бўладиган партияга овоз беришга чақирдилар. Мажлис иштирокчилари юзага келган вазиятни муҳокама қилиб, сиёсий баёнот қабул қилдилар.

“Афсуски, сайловлар партиямиз иштирокисиз ўтадиган бўлди, - дейилади ҳужжатда. – Шунга қарамай, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш мақсадида, биз оммавий норозилик намойишларини ўтказиш ниятидан воз кечамиз. Биз расмийлардан “Ватан” партияси аъзолари ва тарафдорларини таъқиб этишни тўхтатишни талаб қиламиз. Сиёсий сабабларга кўра қўлга олинган Иминжон Ҳолмирзаевни зудлик билан озод қилинишини талаб қиламиз”.

Партия Қирғизистон халқини “юқори сиёсий онглилик намоён этган ҳолда бўлажак парламент сайловларида фаол иштирок этиш”га чақирди.

Қайд этиш жоизки, йиғилишда Қирғизистон президентининг вакили, баъзи-бир вазирлар ва маҳаллий маъмурият раҳбарлари иштирок этдилар. Йиғилганлар олдида сўзга чиққан президентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Абибилла Абдуғапаров президент Қурманбек Бакиевнинг саломини етказди ва сайловлар тинчлик-тотувликда ўтишини тилаб қолди.