21:21 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Алишер Соиповнинг ўлдирилиши: Келинг, рост гапирайлик!

10.12.2007 04:47 msk

Виталий Пономарев

Ўшлик истеъдодли журналист Алишер Соиповнинг фожеали равишда ҳалок бўлганига бир ярим ой тўлди. “Сиёсат” мустақил газетаси муҳаррирининг ўлдирилиши Қирғизистон ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам жамоатчиликни тўлқинлантириб юборди. Қирғизистоннинг кўплаб ва Ўзбекистоннинг баъзи бир оммавий ахборот воситаларида Алишерни ёқтирадиган ҳамда уни дўст ва профессионал сифатида қадрлайдиганлар, шунингдек, ҳалок бўлган журналистнинг номини эшитса, лабига учуқ тошадиган одамларнинг анчагина мулоҳаза ва мақолалари чоп этилди.

Бугун "Фарғона.Ру" АА Алишерни яхши билган, москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси, “Мемориал” ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази Марказий Осиё дастури директори Виталий Понамаревнинг фикрларини муштарийлар эътиборига ҳавола этади.

* * *

Ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчи шахсларни аниқлаб, уларни қидираётганларини таъкидлашларига ҳам қарамай, таассуфки, бу жиноят ҳанузгача очилмади. Аммо, афтидан, сўнгги кунларда бу ишда маълум силжишлар юзага келганга ўхшайди.

Куни-кеча Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати “ОАВ, дипломатик ваколатхоналар ва фуқаровий жамиятларни информацион маълумотларга баҳо беришда объектив бўлиш”га чақирди. Яхши, келинг объектив бўлайлик ва бу иш юзасидан ҳозирда нима аниқ-равшанлигини тушунишга уринайлик.

Қирғизистон ИИВ матбуот варақчаси

Алишер Соиповнинг ўлдирилиши бўйича расмий позицияни баён қилувчи ягона ҳужжат Қирғизистон ИИВ сайтида 2007 йил 31 октябрь куни жойлаштирилган “Ахборот2 бўлиб қолмоқда. Шошилинч равишда ёзилган матнда ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳалок бўлган журналистни обрўсизлантиришга интилишлари яққол кўринади, қотиллик сабаби ҳақидаги фаразлар “Ахборот”да умуман эслатилмайди ҳам.

Бу ҳужжатда тўла бўлган майда-чуйда ноаниқликларни эътиборга олмай, ОАВда чоп этилган энг муҳим таъкидларни кўриб чиқайлик.

1) Қирғизистон ИИВ журналистни “гўёки 2007 йил апрель ёки май ойида Эронда ЎИҲ етакчиси Тоҳир Йўлдош билан учрашгани ва гўёки ундан мунтазам равишда пул мукофотлари олиб юргани”ни таъкидлайди.

Эътибор беринг – бу қисқа жумлада “гўёки” сўзи икки бор учрайди. Бошқача қилиб айтганда, чоп этилган пайтда ИИВ бу маълумотнинг ҳаққонийлигига ишончи комил бўлмаса-да, уни матбуотда эълон қилишни муҳим, деб билган. Ўшандан бери бир ой ўтди. ИИВ киритган ягона аниқлик – матбуот хизматининг 2007 йил 1 декабрь куни берган “Махсус маълумотномаси”га кўра, ЎИҲ етакчилари ва шу жумладан, Тоҳир Йўлдош “қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда ғайриқонуний йўл Билан” Эронда бўлганлар, “жабрланганнинг Эрон Ислом Республикасида яшириниб юрган “Ўзбекистон Ислом ҳаракати етакчилари билан алоқаси тўғрисидаги... маълумот” ушбу қотиллик бўйича жиноят иши материалларидан олинган".

Ҳайрон қоладиган жойи шундаки, 2007 йилнинг апрель-май ойларида Алишер Тоҳир Йўлдош билан учрашиш у ёқда турсин, балки умуман Эронга бормаган ҳам. Мен бу ҳақда Алишер ва унинг дўстлари билан бир неча бор “Эрон сюжети”га оид суҳбатларимдан биламан. Алишер Эронга икки марта борган: 2005 йил августида ва 2007 йил сентябрь ойи бошида. Ҳар иккала сафар ҳам Алишер террорчилар билан эмас, балки ўтмишда ЎИҲ билан алоқадор, Эрон расмийларининг назорати остида бўлган, “БМТ ҚИОКБ мандатига эга қочоқ” дея тан олинган ўзбекистонлик муҳожирлар билан учрашганди.

Алишернинг биринчи сафарида унга таниқли исломшунос ва сиёсатшунос Иқболжон Мирсаидов (дарвоқе, у Қирғизистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар институтининг ходими бўлиб ишлайди) ҳамроҳлик қилганди. Сафардан сўнг “Фарғона.Ру” сайтида ҳамкорликда тайёрланган мақола чоп этилган. Сўнгги сафари бўйича мақоласини Алишер чоп этишга улгурмади.

Алиишернинг паспорти қўлида туриб, журналистнинг Эронда 2007 йил баҳорида бўлган-бўлмаганлигини билиш қийин эмасди-ку! Қирғизистон ИИВ бир ярим ой ўтганидан кейин ҳам унинг “гўёки Эронга сафари” тўғрисида қайта-қайта таъкидлаши текширувнинг қанчалар астойдил ўтказилаётгани юзасидан шубҳа уйғотмайдими?

2) Қирғизистон ИИВ Алишернинг гўёки “Андижон воқеаларидан кейин 2005 йилда ўз уйида андижонлик қўзғолончиларнинг етакчиси Қобилжон Парпиевни яширгани ва унга Чимкентга ўтиб кетишда ёрдам бергани” ҳақидаги таъкидлари ҳам ҳақиқатга мувофиқ келмайди.

Қобилжон Парпиев билан Жанубий Қирғизистонда 2005 йил ёзида учрашган чет эллик журналистлар у Алишер Соиповнинг уйида эмас, бошқа шаҳарда яшириниб юрганини биладилар.

Парпиев Чимкентда “яширинган”и йўқ, балки 2005 йил охирида бир неча мамлакатларнинг махсус хизматлари иштирок этган махсус амалиёт давомида бир гуруҳ тарафдорлари билан бу шаҳарга алдаб олиб келинган ва ўша заҳотиёқ қўлга олиниб, маҳфий равишда Ўзбекистонга бериб юборилган. Парпиевнинг ҳибсга олиниши ва узоқ муддатга маҳкум этилиши расмий даражада, хусусан, ўтган йили Европа Иттифоқи қошидаги Ўзбекистон миссияси томонидан ёйинланган материаллар билан тасдиқланган.

Қирғизистон ИИВда Парпиевнинг ҳибсга олинганини билмасликлари мумкин эмасди. Шунинг учун ҳам ИИВнинг “Ахборот”идаги “унга Чимкентда яширинишга ёрдам берган” деган жумлани Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан онгли равишда ёлғон маълумот тарқатишдан бошқа нарса эмас, дея баҳоласа бўлади.

Парпиев Алишернинг уйида яширинган, деган миш-миш қаердан пайдо бўлди ўзи? Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири бунга қуйидагича изоҳ берди. Алишер 2005 йилнинг ёзида Ўзбекистон МХХ ходими билан учрашганида, у Парпиевнинг қаердалиги тўғрисидаги маълумот учун ўн минг доллар пул таклиф қилган. Журналист суҳбатдошини гапиртириш учун унга Парпиев гўёки унинг уйида яшириниб ётганини айтган. Суҳбат диктафонга ёзиб олинган ва кейинчалик Алишер уни эфирга бериб юборган (бу ҳақда ИИВ “Ахборот”ида эслатилган). Бу суҳбатнинг аудио ёзуви билан танишишга имкониятим бўлмаганди. Агар ўшлик суҳбатдошимнинг маълумотлари чин бўлса, унда бу миш-мишнинг манбаси қаердалиги ойдинлашади, аммо Алишер томонидан қўлланилган журналистик приём жиддий текширувларсиз Қирғизистон ИИВ томонидан унга қарши қўйилган ёлғон айбловга асос бўла олмайди.

3) Газета таҳририятини тинтув қилиш чоғида топилган NED гранти бўйича молиявий ҳужжатлар, Ўзбекистон “Эрк” Демоктарик партиясининг газеталари ёки “Ҳизбут-Таҳрир” материаллари ва бу ташкилот аъзолари билан интервью файлларини фақат эркин бўлмаган жамиятдагина жиноят ўлароқ кўриш мумкин.

Қирғизистон ИИВ “Ахборот”ини ўқишда кўзга ташланадиган фақат бир таъкидни изоҳлашни истардим. Гўёки Буюк Британияда истиқомат қилаётган Шоҳида Тўлаганова Алишерга Туркиядаги ўзбекистонлик мухолифатчилардан ўн уч марта “варақа ва пул” олиб келган.

Ўн уч марта – ҳаддан зиёд кўп. Ва қиммат. Гўёки Шоҳида ҳар ой Қирғизистонга пачка-пачка мухолифат варақалари ва доллар ташийдиган махфий чопар-у, бундан бошқа қиладиган иши йўқдек...

Шоҳидага телефон қилиб, ростдан ҳам сўнгги пайтларда Қирғизистонга ўн уч марта келганмисиз, деб сўрадим. “Йўқ, - деди у кулиб. – Қирғизистонда 2005 йилда икки марта ва бу йил уч марта бўлганман, холос. Ҳар сафар Қирғизистон визасини олганман. Буни текшириш осон”.

Шоҳиданинг сўзларига ишонаман. Қирғизистон ИИВга битта саволим бор: “ўн уч марталик сафар” ҳақидаги фантастик маълумотларни маҳкама сайтида чоп этишдан аввал буни чегара хизмати орқали текшириб кўрдингизларми?

Гувоҳлар нима дейди?

Қотилликнинг асосий гувоҳи Иқболжон Мирсаидов билан 25 октябрь куни эрталаб қисқа муддат давомида сўзлаша олдим, холос. Шоҳида Тўлаганова йиғилиб қолган анчагина саволларимга жавоб беришга лутфан рози бўлди. Ниҳоят, Қирғизистонга ноябрь ойидаги сафарим давомида ушбу жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинган бир неча ўшлик журналистлар, шу жумладан, “Сиёсат” газетаси таҳририятининг ходими билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим.

Суҳбатлар, хусусан, Алишерга нисбатан таҳдидлар ҳақидаги маълумотларни аниқлаштиришда фойдали бўлиб чиқди. Аммо ҳозир 24 октябрь фожеасидан аввал содир бўлган баъзи эпизодлар ҳақида ёзмоқчи эдим.

Гувоҳларнинг ҳикоя қилишларидан қуйидаги манзара юзага келади (ҳар қандай аниқлик ва қўшимчалар учун миннатдор бўлардим).

20 октябрь шанба куни таҳририят жойлашган уй ҳовлисида Алишернинг олдига икки ўзбек йигити келиб, ўзларини қўқонлик савдогарлар, деб таништирдилар ва Қорасув бозорида қандайдир Набижон деган йигит улардан қарз бўлиб қолганини ва гўёки: “агар мени топа олмасангизлар, Ўшда Алишер деган журналист йигитга мурожаат қилинглар, мен унинг қўшнисиман", - деб айтган экан. Шоҳидага кўра, Алишер ҳеч қанақа Набижонни танимаслигини айтган.

Икки кундан кейин номаълум кимсалар томонидан Алишернинг қўл телефонига кўплаб ғалати қўнғироқлар кела бошлади. Уларнинг баъзилари индамасалар, бошқалари гўёки “танишишни таклиф қилганлар”. Таҳририят ходимига кўра, бундай қўнғироқлардан сўнг Алишер “қаттиқ асабийлашган”.

23 октябрь куни (қотилликдан бир кун аввал) ўша икки қўқонлик бир маҳаллий йигит билан Алишернинг олдига яна келганлар. Алишер улар билан таҳририят рўпарасидаги ҳовлида суҳбатлашган.

Қотиллик содир бўлган куни эрталабдан таҳририят яқинида яна ўша икки номаълум кимса “навбатчилик” қила бошлаганлар. Бир неча соат давомида номаълум кимсаларнинг юришлари шу ердаги тижорат офисининг ходимига шубҳали кўрингани учун уларни қўл телефони ёрдамида суратга туширган. Қотиллик содир этилганидан кейин бу фотосурат дарҳол милиция ходимларига берилган. Аммо бу фотосуратларнинг мавжудлиги ҳақида 5 декабрь куни ошкор этилди. Гувоҳларга кўра, фотосуратдаги номаълум кимсалардан бири бир кун аввал Алишернинг олдига “шериги” билан келган қўқонлик йигит бўлган.

Қирғизистон ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг бошлиғи Мелис Турғанбаев 5 декабрь куни ўтган матбуот анжуманида иккала гумонланувчи ҳам “Қирғизистон фуқароси эмаслиги”ни тан олган.

Алишер билан Иқболжон Мирсаидов 24 октябрь куни кечқурун таҳририятдан чиққанларида, уларнинг ёнидан икки номаълум кимса ўтиб кетган. Журналист ва унинг дўсти бу одамларни “қоронғида адашиб қолган бангилар”га ўхшатган. Бир оз вақт ўтгач, қотил Алишернинг олдига келиб ўт очади...

Ҳар қандай жиноий ишда гумонланувчиларнинг фотосуратларини милиция ходимларига тақдим этиш ўта ноёб ҳодиса ҳисобланади. Бу ҳамда ИИВ маълумотларига кўра, қотиллик учун бошқа жиноятларда ҳам қайд этилган қуролдан фойдаланилиши тасодифми? Олдиндан бир нарса дея олмаймиз. Бунинг изоҳи турли хилда бўлиши мумкин, боз устига, тўппончанинг эгаси бўлган Қирғизистон фуқароси шу кунларда қўлга олинган.

Шу ўринда бошқа нарсага эътибор қаратишни истардим.

Ўз мамлакатлари махсус хизматининг сайёдлари томонидан сайд сифатида кўрилаётган, МДҲнинг турли мамлакатларида бошпана излаётган ўзбекистонлик қочоқлар қўл телефонларига ғалати қўнғироқлар бўлаётгани ҳақида тез-тез маълум қилиб турадилар.

2007 йил кузида ғалати зиёратчилар нафақат “Сиёсат” газетасининг муҳаррири олдига, балки Ўшда ишлаётган Британия Уруш ва тинчликни ёритиш бўйича институтининг (IWPR) Ўзбекистон ҳақида ёзаётган ходимлари олдига ҳам кела бошлаганлар. Журналистлардан бири вазиятни қуйидагича баён қилиб берди: “Номаълум одамлар келиб, масалан, у ёки бу муассасанинг қаердалигини сўрайдилар. Тушунтириб берамиз, кейин деразадан қарасак, офисимиз олдида кетмасдан айланиб юраверадилар. Шундай меҳмонлардан бир нечасини кузатгандан кейин бошқа жойга кўчиб кетишга қарор қилдик”.

Ниҳоят, олдин ёзган нарсаларим ҳақида эслатмоқчиман: Алишер Соиповни ўлдириб кетишларидан аввал бир неча ой давомида Ўзбекистон ОАВ журналистни бу мамлакат “давлат тизимига путур етказаётганлик”да, миллатлараро низоларни ёяётганликда, “Ўзбекистонда ҳокимиятни ағдаришга чақирувчи экстремистик адабиётларни тайёрлаб тарқатаётганлик”да, таъқиқланган “Ўзбекистон Исломий ҳаракати”, “Ҳизбут-Таҳрир” ва камида “икки давлат махсус хизматлари” билан алоқадорликда ва ҳатто, "қўпорувчилик фаолияти”да айблаб келганлар (ушбу материаллар билан хоҳловчилар “Фарғона.Ру” сайтида танишишлари мумкин). Айбловларнинг аксарияти Ўзбекистон Жиноят Кодексининг тегишли моддаларидаги ибораларни сўзма-сўз қайтараётгани яққол кўзга ташланмоқда. Ўзингизга маълум, “қўпорувчилар” билан Ўзбекистонда гапни қисқа қиладилар.

Шундай қилиб, “ўзбек изи” ҳақидаги гумонлар осмондан олингани йўқ.

Қирғизистон ОАВда чоп этилган “ўзбек изи” ҳақидаги фаразни танқид қилувчи баъзи бир мақолаларнинг муаллифлари “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳеч қачон ҳеч кимни ўлдирмаган”, деган фикрни кўтариб чиқмоқдалар. Афсуски, бу фикр нотўғри. Ўзбекистон МХХ ходимлари гумонланувчиларни шахсан ўлдирганлари ва уларнинг жасадларини дарё ёки каналга ташлаб юборган ҳолатлари (шу жумладан, Фарғона водийсида) маълум. Бошқа вазиятларда расмийлар жиноятчилар ёрдамида ўзлари учун номақбул бўлган одамларни йўқ қилганлар (ижрочилардан бирининг бўлган воқеани ҳикоя қилиб берувчи видео ёзув бор). Бир неча йил олдин хорижда яшаётган Муҳаммад Солиҳга суиқасд уюштирилгани ҳақида ишончли маълумот бор (Ўзбекистон ИИВ томонидан “буюртмачилар”нинг телефондаги сўзлашувининг аудио ёзуви).

Ноябрь ойида Бишкекда бўлганимда ишончли манба томонидан Қирғизистон махсус хизматларидан бири тезкор каналлар орқали Алишер Соиповга нисбатан ўтказилган террорчилик хуружида Ўзбекистоннинг алоқадорлиги ҳақида маълумот олгани билдирилган. Тафсилотларни ёзиб ўтирмайман, негаки, биринчидан, манбага зиён етиши мумкин, иккинчидан, бу каби маълумотлардан жиноий ишда юридик мақбул далил сифатида фойдаланиб бўлмайди.

Ҳозирча, Қирғизистон ОАВ хабар беришларича, “ўзбек изи” тергов давомида ишлаб чиқилаётган муҳтамал фаразлардан бири бўлиб қолаяпти.

Тергов ва унинг атрофидаги ишлар

Жанубий Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг Алишер Соипов ҳалок бўлганидан кейинги хатти-ҳаракатлари журналистлар ҳамжамиятининг адолатли танқидига учради.

Қотилликдан сўнг бир ҳафта давомида кўпчилик маҳаллий журналистлар тинмай сўроққа тутилдилар. Айтиш жоизки, бу сўроқлар ҳар доим ҳам тўғри шаклда олиб борилмади.

“Сиёсат” таҳририяти ходимига кўра, терговчилар сўроқ давомида асосан марҳумнинг “Ҳизбут-Таҳрир” билан алоқаси, унинг савдо-сотиқ ишларидаги иштироки ҳақида қизиққанлар. Бошқа муҳтамал фаразлар бўйича саволлар деярли берилмаган.

Компьютерлар ва таҳририятнинг бошқа жиҳозлари ҳамда ҳужжатлари 24 октябрь куни кечқуруноқ ҳеч қандай санкциясиз, деярли қотиллик содир бўлиши билан мусодара қилинган ва ҳанузгача қайтариб берилмаган. Шу сабабдан газета нашр этишни давом эттириб бўлмаяпти.

27 октябрь куни “Сиёсат” газетасининг ходимлари Даврон Насибхонов ва Ғанижон Холматов уйида гўёки “Ҳизбут-Таҳрир” варақаларини топиш мақсадида тинтув ўтказилган (варақалар топилмаган).

Ўша куни эрталаб махсус хизмат ходимлари Шоҳида Тўлагановани Қирғизистондан Буюк Британияга чиқиб кетишига тўсқинлик қилганлар. Шоҳидага кўра, уни “қора рўйхат”га киритиб қўйганларини 26 октябрь куниёқ билган экан. Шу сабабдан журналист аёл ёрдам сўраб Олмаотадаги Британия элчихонасига ва Бишкекдаги АҚШ элчихонасига мурожаат қилган. Бишкекдаги “Манас” аэропортида чегара назоратидан ўтаётган пайтда Қирғизистон ИИВ подполковниги Шоҳидага мамлакатни тарк эта олмаслигини айтган ва қўшимча саволларга жавоб бериш учун вазирликка боришни таклиф қилган. Мамлакатни тарк этишни таъқиқловчи ҳеч қандай ҳужжат кўрсатилмаган. Икки мамлакат консулликлари ходимларининг талабларига биноан у қўшимча саволларни аэропортда беришга рози бўлди. “Билганларимнинг ҳаммасини Ўшда батафсил айтиб берганман. Ўшанда бир неча терговчилар мени уч ярим соат давомида сўроққа тутганлар, - дея эслайди Шоҳида. – ИИВ вакилининг аэропортда менга берган саволларидан унинг нима ҳақида сўрашни ҳам билмаслиги аён бўлди”. Сўроқ пайтида яна бир формали ходим (чегарачи зобити бўлса керак) ва формасиз ўзбекка ўхшаган эркак иштирок этдилар. У ўзини таништиришни истамади. Шоҳидани формасиз кишининг уни сиртдан таниши ва у қандайдир “Фарғона ишлари”да ўтганини гап орасида қистиргани хавотирга солди. Бир ярим соат ўтиб, подполковник телефон орқали бошлиқлари билан боғланди ва журналист аёл мамлакатни тарк этишга ижозат олди.

Икки кун ўтиб, Ўшдаги журналистлар бошидан кечирган бошқа ҳодиса тўғрисида маълум бўлди. Маҳаллий “МезонТВ” телеканали 28 октябрь куни Алишер Соиповнинг хотирасига бағишланган, “Резонанс” деб аталувчи 50 дақиқалик дастурни эфирга узатди. Эртаси куни эрталабданоқ дастур муаллифи Ҳулкар Исомовани ва “МезонТВ” директори Жавлон Мирзахўжаевни Ўш шаҳар ИИБ бошлиғи Рустам Мирзаматов чақиртирди. Исомовага кўра, Мирзаматовнинг хонасида унинг муовинлари, жиноят қидирув бўлими бошлиғи, банг моддаларига қарши кураш бўлинмаси, 9-бўлим (“диний экстремистлар”га қарши курашади) ва бошқа бўлинмалар бошлиқлари иштирокида “пўстак қоқиш” мажлиси бўлиб ўтган. ИИБ бошлиғи “Резонанс” дастурида Алишер Соипов “яхши томондан кўрсатилгани” учун “МезонТВ” вакилларига қараб ўшқира бошлаган: “Сизлар терговга ҳалақит бермоқдасизлар, сизлар Соипов юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантираяпсизлар. Сизлар унинг нима билан шуғулланганини билмайсизлар". Кейинчалик маълум бўлишича, Мирзаматовнинг ўзи кўрсатувни кўрмаган экан. Шунга қарамай, у ўз муовинига журналистларнинг олдида кўрсатма берган: “МезонТВ”га ким ҳомийлик қилишини, қаердан молиялаштирилишини билинг, кўрсатувни кўринг, жиноят таркибини топиб, жиноий иш қўзғатинг”. Шундан кейин бу воқеа кенг оммага маълум бўлди, жиноий иш қўзғатиб ўтирмадилар, аммо шу билан “МезонТВ”нинг муаммолари тамом бўлгани йўқ.

Икки кун ўтиб, Қирғизистон ИИВ сайтида ҳалок бўлган журналист ҳақида ёлғонга тўлиб-тошган расмий “Ахборот” пайдо бўлди.

Гарчи бир ой аввал бўлиб ўтган бу ҳодисалар ҳақида ёзишдан маъно йўқдек кўринса-да, кишини бир нарса хавотирга солади. Жанубий Қирғизистонда Алишер Соиповнинг ўлдирилганидан сўнг сунъий равишда қўрқув кайфияти авж олдирилмоқда. Буни мен ноябрь ойидаги сафарим давомида яққол сездим.

Жанубий Қирғизистонда “ҳуқуқ-тартибот идоралари”нинг ходимлари қандай фаолият олиб бораётганларига қуйидаги эпизод яққол далил бўла олади. Алишер Соиповнинг ўлдирилиши тўғрисида фикр билдирган Бишкекдаги матбуот анжуманимдан икки кун ўтиб, “МезонТВ” ходимаси Ҳулкар Исомова раҳбариятга чақиртирилган. Ҳулкар у ерда кишини йиқитадиган маълумотдан карахт бўлиб қолди. Маълум бўлишича, у билан суҳбатлашган “ҳуқуқ ҳимоячиси Понамарев” “Ўшда террорчилик хуружлари тайёрлаётган” ва шунинг учун ҳам ҳозирда “қидирувда бўлган” қандайдир Элмурод ва Аббос билан учрашгани келган экан. Учрашув Қирғизистон махсус хизматининг кузатуви остида ўтган ва ҳатто улар бу учрашувни видеога ҳам ёзиб олганлар.

Ҳақиқатдан ҳам мен Ўшда Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) билан ҳамкорлик қилувчи Элмурод ва Аббос исмли икки журналист билан учрашдим. Улардан бири – ўшлик, иккинчиси эса БМТ ҚИОКБдан халқаро бошпана сўраган ўзбекистонлик журналист бўлади. Қаҳвахонада суҳбатлашиб ўтирганимизда қўшни стол атрофида форма киймаган Ўш ИИБ ходимлари ўтиргандилар. Суҳбатдошларимдан бири уларни дарҳол таниди.

Кўриб турганимиздек, Қирғизистон жанубидаги “ҳуқуқ-тартибот идоралари” фақат марҳум Алишерни террорчиликда айблаш билан чекланмаяптилар. Энди улар гўёки россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларининг Британиянинг журналистик ташкилоти билан тайёрлаётган янги “террорчилик хуружлари”ни очишга ҳаракат қилмоқдалар.

Бу сценарийнинг тутуриқсизлиги 24.kg сайтида хабар қилинган, Алишер Соиповнинг ўлдирилиши тўғрисидаги иш бўйича тергов давомида кўрилаётган бошқа баъзи фаразлардан қолишмайди. Гап журналистнинг Ўзбекистон “Эрк2 Демократик партияси тарафдорлари ёки “Ҳизбут-таҳрир” тарафдорлари томонидан ўлдирилган, деган фаразлар ҳақида кетмоқда. Баъзи сюжетларни терговчиларга қўшни мамлакатдаги “маслаҳатчилар” ўргатганга ўхшаяптилар.

Шу сериядан: “Қирғизистон милицияси Носир Зокир шахсини (таниқли наманганлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист) ҳамда унинг Алишер Соиповга қарши жиноятга алоқадорлигини аниқлаш бўйича тадбир ўтказмоқда” (24.kg АА, 05.12.2007). Ушбу хабарни ўқиб Наманганга, Носир Зокирга телефон қилдим ва уни ўзбекистонлик ёки қирғизистонлик махсус хизмат ходимлари сўроққа тутган-тутмаганларини сўрадим. “Йўқ, ҳеч ким келмади, ҳеч ким қўнғироқ ҳам қилмади, - деди у. – Аммо бугун уйим олдида битта машина ўрнига иккита машина навбатчилик қилмоқда”. Кўринишидан, ҳуқуқ ҳимоячисининг шахсини аниқлаш бўйича тадбир ҳамон давом этаётганга ўхшайди.

Тошкентликлар эса заҳирада яна бир шов-шувли фаразни сақламоқдалар: Алишер Соиповни Америка махсус хизматлари йўқ қилган (“Press-uz.info” АА, 30.10.2007).

Айни пайтда Наманган вилоят адлия бошқармасининг бошлиғи Ҳакимжон Ҳалилов қирғизистонлик расмийлардан менинг Бишкекда айтган сўзларимга нисбатан жиноят кодексига мувофиқ “юридик баҳо” берилишини талаб қилмоқда (“Press.Uz.info” АА, 04.12.2007). Тез кунларда Ҳалилов Бишкекдан конституцияни ҳам Ўзбекистонча услубда қайта таҳрир қилишни талаб қилиб қолса ажаб эмас.

Бу тутуриқсизликлар ва бедодликларни кузатар экансан, ўғрининг ўзи ҳаммадан баланд овоз билан “Ўғрини ушла!”, деб бақиришини эслаб қоласан.

Ўзбекистонлик мулозимларга ҳам осон тутмайлик, улар ўз кураторларининг чизган чизиғидан чиқмай, буюртма материаллар ёзадилар (уларга ташқи сиёсат масалалари бўйича ўз фикрларини баён қилишга ким ҳам ижозат берарди!). Аммо Қирғизистон ИИВ ўз тармоғида хизмат текширувини ўтказиб, террорчилик таҳдиди олдида одамларнинг қўрқуви билан олиб-сотарлик қилаётган “ҳуқуқ-тартибот ҳимоячилари”ни жазолашига умид қиламан.

Қирғизистон раҳбарияти ҳам пировардида мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганлар журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари эмас, балки қўшни тоталитар мамлакатнинг махсус хизмати ходимлари эканлигини ниҳоят тушуниб етиши лозим. Баъзи бир қирғизистонлик ҳуқуқ-тартиботчиларнинг улар билан алоқаси аллақачон қонун доирасидан ташқарига чиқиб кетган...

Икки ярим йил аввал Қурманбек Бакиев билан учрашганимда, Ўзбекистон махсус хизматларининг Жанубий Қирғизистондаги ноқонуний фаолияти ҳақида гапиргандим. “Ақаев бўш-баёв раҳбар бўлган. Менинг давримда бундай бўлмайди”, - дея ишонтирганди мени жаноб Бакиев. Давлат раҳбарининг ваъдаси кеч бўлса-да, бажарилишига ишонишни истардим.

Виталий Пономарев, “Мемориал” ҳуқуқни муҳофаза қилиш марказининг Марказий Осиё дастури директори