18:08 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Жиззах фожеаси. Эр ўзининг ҳомиладор хотинини ёқиб юбормоқчи бўлди

09.12.2007 08:41 msk

Ўз ахб.

(Жабрланган аёлнинг илтимосига кўра исмлар ўзгартирилган, фотосуратлар ҳақиқий. Воқеа тафсилотлари жабрланган аёл ва унинг синглиси сўзларидан ёзиб олинди)

2007 йилнинг 12 ноябрь куни Жиззахда даҳшатли фожеа содир бўлган. Эр қорнида етти ойлик ҳомиласи бўлган аёлнинг устидан солярка қуйиб ёқиб юборди. Шовқин-суронга чопиб келган қўни-қўшнилар оловни ўчирганлар, аммо аёлнинг бадани эллик беш фоизга куйиб кетган ва оғир аҳволда касалхонага етказилган. У ҳозиргача ўша ерда.

Отабек билан Замира ўн йил бирга яшадилар, икки фарзандлари – тўққиз ёшли ўғиллари ва беш ёшли қизлари бор. Эр қурувчи, хотин эса Жиззах вилоят касалхонасида узоқ вақт давомида ҳамшира бўлиб ишлаган. Сўнги пайтларда уйида уқалаш ҳамда ногирон болаларни даволаш билан шуғулланиб келган. Шунча йил бирга ҳаёт кечириб, қариндошлари аралашадиган даражада бир марта жанжал қилганлар, холос. Қолган пайт нисбатан тинч яшаганлар.

Фожеа содир бўлишидан бир кун аввал қариндошларининг тўйи ўтган, Отабек у ерга боришга истамаган. Негаки у тўйда спиртли ичимлик ичишни истамаган. Аёлнинг қариндошларига кўра, куёвнинг кўнгли динга мойил бўлиб, масжидга қатнар, вақтида намозини адо этарди. Тўйдан кейин куёв келиб, хушҳол кайфиятда Замирани уйга олиб кетган.

Фожеа куни

Эрта тонгда эр қурилишга кетган. Жабрланган аёлнинг қариндошларига кўра, Отабек хушфеъл бўлгани билан ўз ишига яхши муносабатда бўлмаган. Заколат олиб бошлаган ишини ярмига борганида ташлаб кетиш одат тусига кириб қолганди у учун. Эр-хотин ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Отабекнинг 2002 йилда Олмаотага пул ишлагани бориб келганидан кейин бошланган. Ўшанда у қулдек ишлаб, топган пулини ва паспортини йўқотган, пировардида ватанига қочиб кетишга мажбур бўлганди.

Отабекнинг тугатмаган ишидан шикоят қилиб, эшигини ўрта ёшдаги эркак ва аёл тақиллатганида Замира уйда эди. Улар Замирага эри устидан шикоят қилиб, чала қолган ишини тугатиш учун манзилларини ташлаб кетганлар.

Пешин пайтида уйга келган Отабекка Замира дашном бера бошлади. Ҳомиладорлик пайтида унинг айби учун асабийлашишни истамаслигини билдирган. Хотинидан дашном эшитган Отабек уйдан чиқиб кетган. Замира қўшнига қўнғироқ қилиб, бир оз шикоят қилган ва уни уйига чақирган. Қўшни тез орада чиққан. Отабек қайтганида хотини қўшни билан гаплашиб ўтирганди. Бўш баклашка қаердалиги билан қизиққан Отабек биттасини олиб кўчага чиқиб кетган.

Соат кечки саккизларда, қоронғи тушганда қўшни аёл уйига чиқиб кетган, болалар хонасига ухлагани кириб кетганлар. Замира мудраб, турк сериалини кўриб ўтирган.

Соат ўндан кейин эшик тақиллаган. Замира калитни бураб эшикни очган, эрининг кириб келишини кутиб ўтирмай, ухлагани кириб кетган.

Отабек хонага кирибоқ хотинини сўка бошлаган. Аввалига эрига гап қайтарган Замира бора-бора уни тинчитишга уриниб, ялина бошлаган. Аммо Отабек авжига чиқа бошлаган ва жаҳл билан “бугун ўлишингни биласанми?” деган. Замира қўлини силтаб “бўлди етади, уйқум келяпти”, деб жавоб берган.

Эр хонадан отилиб чиққан ва қўлида баклашка билан қайтиб, кўрпада ётган хотинининг устига соляркани қуя бошлади. Аёл қаршилик кўрсатган, аммо Отабек гугуртни чақиб, хотинининг устига ташлаган. Замира оловни ўчиришга уринган, аммо Отабекни ҳеч қандай куч тўхтата олмас, кўзларида эса иблисона учқун ялтирарди.

Бир пайт Замира дераза олдига чопиб бориб, қўшни аёлни ёрдамга чақира бошлаган. Отабек уни қаттиқ уриб йиқитган, устига чиқиб олиб, аёлнинг бошига қолган соляркани қуя бошлаган.

- Йўқол, - дея қичқирарди бадбахт аёл, - қорнимдаги бола ўлиб қолади!

- Майли, бола қанчалик сеники бўлса, шунчалик меники ҳам! - деб бақирарди Отабек.

Замиранинг сочлари аёлнинг бошига кетма-кет гугурт ёндириб ташлаётган Отабекнинг учинчи (!) уринишидан сўнг ёна бошлаган. Олов авж олиб ёна бошламагунича, Отабек хотинини икки қўллаб ушлаб, қўйиб юбормай турган.

Замира қичқириб, ёрдамга чақирар, болаларини уйғотиб, ёнаётган уйдан олиб чиқишни сўрарди. Болаларнинг дод солиб йиғлашидан Отабек ҳушига келгандек бўлган ва ёнаётган хотинининг устига кўрпа ёпиб, ўтни ўчиришга урина бошлаган.

Отабек хонада у ёқдан-бу ёққа югурган хотинининг бошига челакни ичидаги сув билан кийдириб қўйган ва бақириб кўчага чиқишни буюрган. Замиранинг кийимлари ёниб бўлган, тўпланаётган одамларга тўла кўчага чиқишни истамаган. Уйга қўшни аёл югуриб кириб, Замиранинг устига халат ташлаган ва ҳовлига олиб чиққан.

“Мени бу ёндирди”

Юзларидан, елкаларидан билагигача куйган териси кўчаётган Замирани қўшнилари ва қариндошлари ўраб олганди. Кейинчалик шифокорлар унга бўйин, қўл ва кўкрак қафасининг чуқур жароҳатли учинчи даражадаги куйиш ташхисини қўядилар.

Замира эрига ишора қилиб, “Мени бу ёндирди” дейишга ўзида куч топа олди. Аввалига одамлар уй Отабекнинг бепарволиги туфайли ёниб кетди, деб ўйлаганлар.

Эр фожеанинг ҳақиқий сабабчиси очилиб қолишидан қўрққанидан зўрға нафас олаётган хотинига қараб: “Айтгандим-ку, атапленияга сув қўшиш керак эди!”, деб намойишкорона бақира бошлаган.

Тез тиббий ёрдам машинаси келиб, Замирани реанимацияга олиб кетганида, Отабек электрикни чақириб келаман, дея номаълум йўналишда ғойиб бўлган.

Йўлда Замира яна бир бор уни Отабек ёндирганини айтган. Унинг қариндошлари зудлик билан милиция бошлиғига мурожаат қилиб, Замиранинг эрини қўлга олишни талаб қила бошлаганлар. Отабек воқеа содир бўлган жойдан яшириниб, қочиб қолган. Милиция унинг қўшни Қозоғистонга қочиб кетишидан хавфсираб, икки кун давомида вилоятни титиб чиққан. Аммо Отабек бировнинг қўл телефонидан хотинининг қариндошларига бир марта телефон қилиб, Самарқандга пул ишлагани кетаётгани ҳақида ёлғон маълумот бергани телефон рақамини аниқлаб, сим-карта эгасини топиб, Отабекнинг Жиззах вилоят Олмазор туманида қўлга олинишига имкон яратди. Шунча пайтдан бери у қурилиши битказилмаган участкада яшириниб ётган экан.

Сабаби нимада?

Аввалига милиция аёл ўзини-ўзи ёндирди, дея тахмин қилган. Аммо Замира унга эрининг тажовуз қилганини таъкидлаганидан сўнг унинг эри икки маротаба (аёл ҳомиладор) одам ўлдиришга қасд қилинганлик бўйича жавобгарликка тортиладиган бўлди.

Бу ҳодисада аниқланмаган ҳолатлар кўп. Битта нарса аниқ: даҳшатли фожеа рўй берган, натижада нафақат 32 ёшга кирган Замиранинг барбод бўлган, балки унинг икки вояга етмаган болалари ҳам бир кечада отасидан ҳам, онасидан ҳам айрилганлар.

Болаларга онани қайтариш лозим

Уч ҳафта бўлибдики, Замира Республика шошилинч ёрдам марказининг (16-шаҳар касалхонаси) комбусталогия бўлимида даволанмоқда. Уни икки марта тери кўчириб ўтқазиш бўйича операция қилиш лозим. Аммо шифокорлар аёл бу аҳволда операцияни кўтара олишига шубҳа қилмоқдалар. Бундан ташқари, аёлда косметик операциялари ўтказиш лозим бўлади. Замиранинг касалхонада қанча ётиши номаълум.


Замира фожеадан олдин ва кейин. Оилавий архивдан олинган сурат ва “Фарғона.Ру” АА фотоси

Гинекологлар ҳомиланинг ривожланишидан хавотирдалар. Онага ҳозир кучли дорилар ёрдамида муолажалар қилинмоқда. Бу эса ҳатто онасини эмиш бахтидан маҳрум бўлган болага таъсир қилмаслиги мумкин эмас.

Замира болаларини кўрмаганига ҳам деярли бир ой бўлмоқда. Уларни қачон кўра олишини ҳеч ким билмайди. Болалар отасининг муқаррар судланишини, онасининг эса ногирон бўлишига кўникишларига тўғри келади. Ҳозир эса келинг, болаларга қандай ёрдам бериш ва уларга онасини қандай қилиб тезроқ қайтариш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрайлик.

Замирани ўзи учун бегона бўлган шаҳарда тўлақонли даволаш ва камида икки марта операция ўтказиш учун бир ярим минг доллар ёки икки миллион сўм пул тўплаш керак. Қўлидан бирон-бир ёрдам келадиган барча одамлардан жабрланувчи аёлга кўмак беришга чақирамиз. Ҳар қандай ёрдамингиз, албатта, бебаҳо бўлади. Бу борада spasenie2007@gmail.com манзили бўйича мурожаат қилишингиз сўралади.