08:32 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: Красноярск ўлкасидаги ўзбек диаспораси муҳожирларни машруълаштириш борасида Федерал муҳожирлик хизмати бошқармаси билан муваффақият ила ҳамкорлик қилмоқда

07.12.2007 21:10 msk

Наталья Зотова

Бугун “Фарғона.Ру” муштарийлар эътиборига Красноярск ўлкасидаги ўзбек диаспорасининг ижобий тажрибасини тақдим этади. “Дўстлик” Миллий-маданий бирлашмаси маҳаллий идоралар, хусусан, ФМХБ билан биргаликда меҳнат муҳожирларини машруълаштириш борасида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Баъзи бир мураккабликлар янги қонунларнинг етарли даражада ишланмагани, уларга тушунтиришлар ва қонуности ҳужжатларининг йўқлиги билан изоҳланмоқда.

Красноярликлар мисолида мураккаб масалаларнинг қандай ҳал этилишини кўрсатиб, Томскдаги ўзбекистонликлар жамоати ҳам юзага келган вазиятдан чиқишига ва тартибга солувчи идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилишга йўл топишига умид билдириб қоламиз.

“ДЎСТЛИК” КЎМАК БЕРАДИ

“Дўстлик” ММБ раисининг ўринбосари Зафар Сафаровга кўра, бирлашма 1996 йилда тузилган. “Бирлашма тузилганида биз миллий қадриятларимизни, урф ва одатларимизни асраб қолишни асосий вазифамиз, деб билганмиз. Вақти-вақти билан учрашиб, биргаликда турли тадбирларни ўтказишни истардик. Бир вақтлар фақат ҳалок бўлган ўзбекистонликларни ватанга жўнатиш билан шуғуллангандик, холос, - дея эслайди З.Сафаров. – Йигитларимизни иш берувчилар алдаб, ҳатто ўлдиришгача борган воқеалар бўлган. Ҳозир бунга чек қўйилган, бутун Россия бўйлаб вазиятнинг барқарорлашуви кузатилмоқда”.


“Дўстлик” ММБ раиси З.Сафаров ва унинг ўринбосари. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Фарғона.Ру: - Шунга қарамай, мамлакатнинг баъзи ҳудуларида миллатчилик қабатида қотилликларнинг кўпайиши кузатилмоқда.

З.Сафаров: - Красноярск бу борада ўта толерант (чидамли) ўлка, бу ерда маъмурият самарали фаолият кўрсатмоқда, умуман олганда бу ер анча тинч. Ҳар ҳолда Сибирь халқи бошқача. Бизга муносабати ҳам яхши. Тўғри, оддий милиционерларнинг Ўрта Осиёдан келганлардан пул таъма қилишларини ҳисобга олмаймиз, бу бошқача вазият.

Фарғона.Ру: - Сиздаги маълумотларга кўра Красноярск ўлкасида ҳозир қанча ўзбекистонликлар яшамоқда?

З.Сафаров: - Аниқ рақамларни айта олмайман, лекин тахминимизга кўра ўн мингга яқин ўзбекистонлик бор.

Фарғона.Ру: - Нолегал муҳожирлик соҳасида нималар содир бўлмоқда ва жамоатингизнинг муҳожирларни машруълаштиришдаги роли қандай?

З.Сафаров: - Бу йил номашруъ муҳожирларнинг олтмиш фоизи яширин ҳолатдан чиқарилган. Муҳожирлар ўртасида кенг кўламда тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. “Дўстлик” вакиллари муҳожирлар ишлайдиган жойга келиб, ишлаш учун қаерда рухсатнома олиш осонлиги ҳақида тушунтириб берадилар. Одамлар зарур ҳужжатларга эга бўлишга ҳаракат қиладилар. Одамлар биринчи маошларидан қарзларини узиш шарти билан давлат божларини ўзимиз тўлаган пайтлар ҳам бўлган.

Муҳожирларга ҳуқуқий асосларни ўргатамиз, Россия Федерациясида уларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини тушунтирамиз. Жамоатимизда малакали юрист бор. У барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб, муҳожирлар билан тушунтириш ишларини олиб боради.

Фарғона.Ру: - Красноярск ўлкасида ўзбекистонликлар қайси соҳаларда ишламоқдалар?

З.Сафаров: - Юртдошларимиз кўп жойларда – қурилиш, ўрмон саноати хўжаликларида, маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайдилар.

Фарғона.Ру: - Маошлари қанча, масалан қурилишда?

З.Сафаров: - Энг кам маош 300 доллар, ўртача 600-800 доллардан маош оладилар.

Фарғона.Ру: - Маошларини вақтида ёки умуман тўламайдиган иш берувчиларга нисбатан қандай таъсир воситаларингиз бор?

З.Сафаров: - Агар муаммо туғиладиган бўлса, иш берувчилар судгача барча масалаларни ҳал қилишга интиладилар. Бирлашмамизнинг ФМХБ билан муносабати жуда яхши. Бу каби ҳуқуқбузарликлар ҳақида уларни истаган пайтда хабардор қилишимиз мумкин. Меҳнат муҳожирларининг муаммоларини ҳал этишга ёрдам берувчи “Содружество” касаба уюшмаси тузилди.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистонликлар қаерда яшайдилар? Жамоат уларга яшаш учун жой топишда кўмаклашадими ёки бу ташвиш уларнинг ўзларига ҳавола этилганми?

З.Сафаров: - Асосан ижарага хона олиб ўтирадилар, йирик бозорларнинг яқинидан турар-жой топишга уринадилар. Қурувчилар кўпинча қурилишдаги вагончаларда яшайдилар. Оиласи билан келган муҳожирлар квартираларда ижарага турадилар. Уларнинг болалари яқин атрофдаги мактабларга қатнайдилар.

Фарғона.Ру: - Маҳаллий аҳоли ўзбекистонликларга қандай муносабатда бўлмоқда?

З.Сафаров: - Оддий одамларнинг муносабати яхши. Омади келмаган бекорчилар эса ҳамма бало муҳожирлардан, деб биладилар.

Фарғона.Ру: - Меҳнат муҳожирларини рус тилига ўргатиш зарур, деб ҳисоблайсизми?

З.Сафаров: - Мен муҳожирларнинг рус тилини ўрганишлари зарур, деб ҳисоблайман. Ҳатто, уларга ўзаро рус тилида сўзлашишни тавсия қиламан. Россияда бир йил ишлаган ҳар қандай ўзбек рус тилида яхши сўзлаша олади.

Фарғона.Ру: - Ўзбек жамоаси ўлка маъмурий тузилмалари билан қандай ҳамкорлик қилмоқда?

З.Сафаров: - Меҳнат муҳожирларини машруълаштириш жараёни бу ерда 2003 йилдаёқ бошланганида ўлка ва ФМХ раҳбариятининг хизмати катта. Биз муҳожир ишчиларининг аҳволини яхшилашга қаратилган сиёсий ироданинг мавжудлигини кузатмоқдамиз. ФМХнинг янги раҳбарлари ҳам бунёдкорлик йўлида ишлашга тайёрлар. Машруълаштириш жараёнини ҳаракатга келтириш учун ўлка губернаторининг иқтисодиёт бўйича ўринбосари Эдхам Шукриевич Ақбулатовнинг ҳиссаси катта.


“Дўстлик” ММБнинг мақтов ва миннатдорчилик ёрлиқлари. “Фарғона.Ру” АА фотоси

КРАСНОЯРСК ЎЛКАСИ ИШЧИ КУЧИГА МУҲТОЖ

- Авваллари меҳнат муҳожирлари фақат турар-жой биноларида ва фақат ФМХ орқали рўйхатга ўтишлари мумкин бўлган. Январь ойидан бошлаб рухсат этувчи тартибдан огоҳлантириш тартибига ўтилди, - дея ҳикоя қилади Россия ФМХ Красноярск бўйича бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Людмила Григорьева. – Қабул қилувчи томон билан биргаликда муҳожирлар ФМХга почта орқали билдиришнома юборишлари мумкин. Шунинг учун ҳам навбатлар деярли йўқ бўлди, муҳожирларни уч кун ичида муҳожирлик рўйхатидан ўтказиш осонлашди. Иккинчи муҳим енгиллик – чет эл фуқароларини юридик манзиллар бўйича рўйхатга олиш мумкин бўлиб қолди.

Фарғона.Ру: - Яъни, қабул қилувчи томон юридик шахс сифатида чет эл фуқароларининг қанчалигидан қатъий назар рўйхатга олиши мумкин ва бу ерда чекловлар йўқ экан-да?

Л. Григорьева: - Қонунда бу чекловлар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Фарғона.Ру: - Демак, жамоат юридик шахс сифатида ватандошларини ўз манзили бўйича рўйхатга олиш мумкин, шундайми?

Л. Григорьева: - Улар рўйхатдан ўтган жойларда яшашлари ёки жамоат уларнинг қаерда яшаётганларини билиши лозим. Акс ҳолда, улар қабул қилувчи томон сифатида ўз мажбуриятларини бажармаган бўлиб, қонун доирасида жавоб берадилар.

Фарғона.Ру: - ФМХ миллий жамоатлар, хусусан, ўзбек жамоати билан қандай ўзаро фаолият юритмоқда?

Л. Григорьева: - Диаспоралар билан муносабатларимиз яхши, ҳеч қандай муаммолар туғилгани йўқ. Одатда, диаспораларни бошқараётган шахслар иш берувчи сифатида чиқадилар. Бу тушунарли ва асосланган ҳол. Негаки, улар узоқ вақт давомида бу ерда яшаб, Россия фуқаролигини олган бизнес вакиллари бўлиб қолганлар.

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

“Фарғона.Ру” ўқувчилари эътиборига ўзбек жамоаси етакчиларининг ва давлат тузилмалари вакилларининг вазиятни қандай кўришлари тақдим этилди. Уларнинг фикри кўп жиҳатдан бир хил – ўлкага ишчи кучи керак. Меҳнат муҳожирларини жалб этиш, улар учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳуқуқий кўмак, шунингдек, жамиятда толерантлик даражасини кўтариш зарур. Умуман олганда, жамоат бирлашмалари ва давлат тузилмалари ўртасидаги бундай ўзаро саъй-ҳаракатларни самарали ҳамкорлик, деб атаса бўлади.