05:27 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ислом Каримов сайловолди ташвиқоти билан ҳудудларни айланмоқда

04.12.2007 19:06 msk

Қурбон Нордонов

Ўзбекистонга яна камида етти йил мобайнида ҳукмдорлик қилишга астойдил бел боғлаган Ислом Каримов сайловолди кампаниясини фаоллик билан ўтказиб, сайловолди ташвиқотлари билан мамлакат ҳудудларини айланиб юрибди. Табиийки, президентликка номзод президент вилоят марказларидаги майдонларга чиқмаяпти ёки халқ билан юзма-юз гаплашган учун маҳаллаларни кезмаяпти. Мулоқот учун унга маҳаллий “партия-хўжалик фаоллари” ва етти маротаба ғалвирдан ўтказиб танланган “фуқаролик жамияти фаоллари” кифоя қилмоқдалар.

Республиканинг вилоят ва шаҳарлари давлат раҳбарини хавфсизлик чораларини кучайтирган ҳолда кутиб олмоқдалар. Олий мартабали меҳмон (хўжайин дейилса тўғрироқ бўларди) келишидан анча олдинроқ талабалар ва давлат идораларининг ходимлари И. Каримов кортежи ўтадиган йўллар ва унинг атрофларини тозалаб, тартибга солишга киришмоқдалар. Аъло даражада қўлга ўргатилган оммавий ахборот воситалари эса “кенг кўламли ислоҳотлар” даврида эришилган “сезиларли натижалар” ва “Конституцияга оғишмай амал қилиш” ҳақидаги сийқаси чиқиб кетган ибораларни қайтаришдан чарчамаяптилар.

2007 йилнинг 23 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловларида иштирок этиш учун тўртта номзод рўйхатга олинган. Булар: Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан амалдаги президент Ислом Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Аслиддин Рустамов, “Адолат” партиясидан Дилором Тошмуҳаммедова ва сайловчилар ташаббускор гуруҳидан Акмал Саидовлардир.

Ўзбекистоннинг асосий ахборот агентлиги бўлган ЎзА хабар беришича, “Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига (бош ҳарф билан ёзилиши мажбурий – “Фарғона.Ру” АА изоҳи) номзод Ислом Каримов 3 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди”.

“Тадбирни Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси С. Кудайбeргeнов очди. Йиғилганлар номзоднинг дастури билан таништирилди. Дастурда мамлакатда олиб борилаётган кeнг кўламли иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни изчил давом эттириш, дeмократияни мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, фeрмeрликни, кичик бизнeс ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, сармоявий муҳитни янада яхшилаш, солиқ юкини камайтириш, ишлаб чиқаришга юқори тeхнологияларни кeнг жорий этиш, халқнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган”, - дея хабар беради “ЎзА”.

Сайловчилар билан учрашув давомида Ислом Каримовнинг ўзи ҳам нутқ сўзлади. “ЎзА”хабарига кўра, у Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бeраётганини: мамлакат иқтисодиёти тобора ривожланаётгани ва халқ фаровонлиги тобора юксалиб бораётганини сўзлаб берган.

Амалдаги ва бўлажак давлат раҳбари билан учрашувда сўзга чиққан фермерлар, талабалар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари ва бошқалар “юртда тинчлик ва осойишталик ҳамда ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг таъминланиши, иқтисодиётни ривожлантириш, Ислом Каримов номзодини қўллаб-қувватлаш мамлакатда олиб борилаётган кeнг кўламли ислоҳотларни бундан кeйин ҳам изчил давом эттириш, иқтисодиётни ривожлантириш, халқнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш сингари долзарб масалаларни амалга оширишда муҳим кафолат бўлишини алоҳида таъкидладилар”.

Шу билан бирга, “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳридаги манбасининг маълум қилишича, давлат раҳбарининг ташрифидан анча аввал тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Маҳаллий олий ўқув юртларининг талабаларини бир ҳафта давомида сурункасига ҳашарга олиб чиқиб, шаҳарни супуртирганлар. “Ота” (Ўзбекистонда президентни “меҳрибонлик” билан шундай атайдилар) келишидан бир кун аввал Нукус шаҳар марказий кўчаларида милиция ходимлари ва “гаи”чилар оддий фуқаролардан ҳам кўпайиб кетдилар. “У келганида эса шаҳарда фақат хитлар қолди, холос”, - дейди штатсиз мухбиримиз.

“Барча марказий кўчаларда ҳаракат тўхтатилди, Шароф Рашидов шоҳкўчасини эса умуман беркитиб қўйдилар. Тўрткўл шоссеси ҳам беркитиб қўйилди. Одамлар йўналишдаги такси юрмай қўйгани учун марказий бозорга пиёда боришга мажбур бўлдилар”, – дейди манба. – “Дарвоқе, шу куни тирикчиликдан қолиб кетган йўналишдаги такси ҳайдовчилари қаттиқ норози бўлдилар. Аҳолидан “президент” трассасига чиқмасликлари сўралди. Тўққиз қаватли биноларнинг томига снайперлар жойлашиб олдилар. Марказий дўконларда нархи 200 сўмлик буханка нонлар пайдо бўлди. “Ота” кетганидан кейин ҳам шундай бўлиб қоладими, йўқми – катта масала [ Ўзбекистонда, хусусан, Нукус шаҳрида нон нархининг ўсиши ҳақида бу ерда хабар қилганмиз]”.

“Шаҳарнинг бир четидан иккинчисига, масалан, автовокзалдан темирйўл вокзалигача етиб бориш ҳаддан ташқари қийинлашиб кетди. Бунинг учун шаҳар четига чиқиб, айланиб келишга тўғри келди. Таксичилар нархни ошириб юбордилар”, - дея давом этади суҳбатдошимиз. – “Сайловчилар билан бевосита учрашмаса, президентликка номзоднинг нега келиши керак бўлиб қолди, деган саволнинг туғилиши табиий...”

Аммо ҳалқ билан бевосита мулоқот қилмаса ҳам, президентликка номзод Ислом Каримовнинг баланд рейтинги заррача ҳам камайиб қолмаслиги турган гап. Ўзбекистон халқи ўз раҳбарини узоқдан туриб ҳам севишга қодир. У ҳар куни телевизор экранларида кўрсатилиб, давлат газеталари бош мақолаларида унинг порлоқ номи пайдо бўлиб турса бўлгани.

“Ижтимоий фикр”, жамоатчилик фикрини ўрганиш жамғармаси 30 ноябрь куни эълон қилган маълумотларига кўра, сўралган ўзбекистонликларнинг 98,5 фоизи давлат раҳбарини мавжуд конституцион тузумнинг асосий кафолати, дея ҳисоблайдилар. “Бу мустақиллик йиллари давомида давлат раҳбари фаолиятининг барқарор равишда юқори даражада баҳоланаётганидан дарак беради”, - дея маълум қилади “Ижтимоий фикр”.

“Сўров натижаларини умумлаштирган ҳолда жамиятимизда демократик ғояларга ва қадриятларга ёндошув кучайиб бораётганини қайд этиш мумкин. Бу халқимизнинг мамлакат Конституцияси меъёрлари асосида юқори даражада ривожланган ҳуқуқий давлат қурилишига йўналтирилган стратегик йўналишини қўллашини аниқ ва равшан кўрсатмоқда”, - деб ёзадилар ўзбекистонлик жамиятшунослар.