14:24 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

БМТТД: Марказий Осиё республикалари «кишилик тараққиёти ўртача даражада бўлган мамлакатлар» ўлароқ тан олиндилар

01.12.2007 07:47 msk

UNDP

БМТ Янгиликлар марказининг хабар беришича, БМТТДнинг (БМТ Таррақиёт дастури) кишилик тараққиёти тўғрисида ёйинланган ҳисоботида Ўзбекистон 113-ўринни эгаллаган. Ҳужжат 27 ноябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида тақдим этилган.

БМТТДнинг кишилик тараққиёти тўғрисидаги ҳисоботи 1990 йилдан бошлаб ҳар йили чоп этилади. У таҳлилий ишланмалари билан бир қаторда ўз ишларида турли халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар ва бошқа халқаро агентликларнинг статистик маълумотларидан фойдаланадиган мустақил халқаро экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилади.

Бу йилги ҳисобот инсон тараққиёти учун иқлим ўзгариши оқибатларига бағишланган. Бундан ташқари, унда одатга кўра кишилик тараққиёти индекси, яъни турли мамлакатларда яшовчи одамларнинг турмуш даражаси ва аҳолининг ижтимоий муҳофазаси, соғлиқ, маълумот ва маданият даражаси, жиноятчилик ва атроф-муҳит муҳофазаси тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Давлатлар рейтинги белгиланадиган асосий кўрсаткичлар – инсон умрининг давомийлиги, киши бошига Ялпи ички маҳсулот миқдори (сотиб олиш имконияти паритети бўйича) ва саводхонлик даражаси бўлиб, рейтингни белгилашда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳвол ва одамларнинг ижтимоий ҳаётдаги иштироки ҳисобга олинади.

Рўйхатга жами 177 та мамлакат кирган. Кишилик тараққиёти даражаси юқори бўлган давлатлар қаторига 69 та давлат кирган. Дунёнинг 88 та давлати ўртача тараққиёт даражасида ва қолган 22 мамлакат кишилик тараққиётининг энг паст даражасидан ўрин олган.

Беларусь ва Россиядан ташқари, МДҲнинг барча давлатлари кишилик тараққиёти даражаси ўртача бўлган давлатлар рўйхатига кирган. Қозоғистон 73-ўринни, Украина 76-ўринни, Арманистон 83-ўринни, Грузия 96-ўринни, Озарбайжон 98-ўринни, Туркманистон 109-ўринни, Молдавия 111-ўринни, Ўзбекистон 113-ўринни, Қирғизистон 116-ўринни ва Тожикистон 122-ўринни эгаллаган.

Беларусь ва Россия инсон тараққиётининг юқори даражадаги мамлакатлар гуруҳи қаторидан ўрин олган. Улар 64-ўрин ва 67- ўринни эгаллаганлар.

Дунёдаги энг фаравон мамлакатлар сифатида Исландия, Норвегия, Австралия, Канада ва Ирландия тан олинган. Олтинчи ўринда - Швеция, еттинчи ўринда - Швейцария, саккизинчи ўринда Япония турибди. Франция ўнинчи, АҚШ Финляндиядан кейин 11-ўринни, Буюк Британия бўлса энг фаровон мамлакатлар рўйхатидан 16-ўринни эгаллаган.

Бу ёруғ оламда энг расво ҳаёт кечираётганлар Сьерра-Леонеда яшайдилар (177-ўрин). Ундан Буркина-Фасо (176-ўрин), Гвинея-Бисау (175), Нигер (174) ва Малидагилар (173) сал тузукроқ яшайдилар. Энг қисқа умр кўриш Зимбабведа бўлиб, бу ерда умр давомийлиги ўртача 40,5 йил бўлса, энг узун умр кўрувчилар Японияда яшайдилар – бу ерда ўртача умр 82,3 йилни ташкил қилади.

Ҳисоботда қайд этилишича, узоқ муддатли истиқболда иқлимдаги ўзгаришлар кишилик тараққиётидаги ўсишни секинлаштиради. Сайёрамизнинг баъзи қисмларидаги иқлимнинг исиши қаттиқ қашшоқлик даражасини пасайтириш борасида ҳамжамиятнинг ҳаракатларини пучга чиқаради. Ҳисобот муаллифлари иқлим ўзгаришининг энг қашшоқ ва заиф мамлакатларига таъсир этиши ҳозирдан бошланганига эътибор қаратмоқдалар. Улар сайёрамизда яқин ўн йиллик давомида ўртача ҳароратнинг Цельсий бўйича уч даражага кўтарилиши сув тошқинларига, музликларнинг эришига ва одамларнинг оммавий равишда кўчишларига, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келади, дея таъкидламоқдалар.

Экспертлар иқлимнинг ўзгариши пировардида қашшоқликка қарши курашга сарфланаётган барча уринишларни чиппакка чиқаради. Иқлимнинг глобал исиши оқибатида соҳилбўйи ҳудудларида истиқомат қилувчи 332 миллион аҳолини экологик қочоқлар сафига киритиб қўяди. Сув тошқинларидан Бангладешда 70 миллион, Мисрда 6 миллион, Вьетнамда 22 миллион киши жабрланадилар. Дунё бўйича 1,8 миллиард киши ичимлик сувидан маҳрум бўлади.

Бундай сценарийнинг ривожланишига йўл қўймаслик учун ҳисобот муаллифлари барча мамлакатларга бўлажак ўзгаришларга ҳозирлик дастурларини ишлаб чиқишни, ривожланган мамлакатларга эса 2050 йилгача газларни атмосферага чиқаришни саксон фоизга қисқартиришни таклиф этмоқдалар.

“Инсоният салмоқли қисмининг кейинги тараққиёти истиқболлари замонавий ҳамжамиятнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни қандай ҳал қилишига боғлиқ. Бу муаммони ҳал қилишда ижобий натижага эришилмаса, сайёрамиздаги энг қашшоқ аҳоли қирқ фоизини, яъни 2,6 миллиард кишини прогрессив камаювчи имкониятларга эга бўлган келажакка маҳкум қилади”, - дейилади ҳисоботда.

Унинг муаллифлари, агар дунё мамлакатлари зудлик билан ҳаракат қилишни бошласалар, унда XXI аср давомида ер сайёрасида ҳароратнинг глобал кўтарилишини жаҳон иқтисодиётининг саноатлаштиришгача бўлган даври даражасига нисбатан Цельсий шкаласи бўйича икки даража чегарасида ушлаб қолишлари мумкин, дея тахмин қиладилар.