14:46 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қодиржон Ботиров: «Ватан» партиясининг дастурида мухторият тузиш режаси йўқ, бўлмайди ҳам

30.11.2007 00:37 msk

Абдумўмин Мамараимов

«Ватан» партияси Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси томонидан парламент сайловларида иштирок этишдан четлатилган ўнта сиёсий ташкилотлар қаторидан ўрин олди. Қайд этиш жоизки, баъзи бир сиёсатчилар бу партияни битта миллат вакилларидан ташкил топгани, унинг етакчиларини эса бўлгинчиликда айбламоқдалар. Юзага келган вазиятни Жўғўрқу Кенешнинг (мамлакат парламенти) собиқ депутати, «Ватан» партияси номзодлар рўйхатининг бошида турган Қодиржон Ботиров «Фарғона.Ру» ахборот агентлигига берган интервьюсида изоҳлади.

Фарғона.Ру: - Шу кунларда қирғизистонлик сиёсатчилардан бири мухолифатдаги барча партиялар МСК рўйхатидан ўтди, дея билдирди. Сизнинг партиянгиз мухолифатда эмасми?

Кадыржан Батыров. Фото ИА Фергана.Ру
Қодиржон Ботиров Фарғона.Ру АА фотоси
Қ. Ботиров: - Йўқ, «Ватан» партияси конструктив танқид тарафдори. Аммо жамиятимизда ким расмийларни танқид қилса, ўшани мухолифатчи, деб аташга одатланганлар.

Фарғона.Ру: - МСК партиянгизни сайловлардан четлатиш ҳақидаги қарорини ва далилларини қандай изоҳлайсиз?

Қ. Ботиров: - Биз тақдим этган рўйхатда республика ички ишлар вазирлиги фуқаролигини аниқлай олмаган ўн олтита одам топилган. Бу Қирғизистон ИИВ паспорт-виза назорати департаментининг кимнингдир буюртмасини бажарганидан ёки юмшоқроқ қилиб айтганда, бу муассасада умуман тартиб йўқлигидан далолат беради. Ҳар қанақасига ҳам қонунга кўра, миллий паспортга эга бўлган одам, то мамлакат президенти ушбу масала бўйича қарор қабул қилмагунича, республика фуқароси ҳисобланади.

Шундай қилиб, Қирғизистон ИИВ томонидан берилган паспортларнинг эгалари бўлмиш барча номзодларимиз Қирғизистон фуқароси ҳисобланадилар. Фуқаролиги аниқланмаган одамлар орасида полковник унвонига эга бўлган мамлакат махсус хизматларининг собиқ ходими, шунингдек, ҳатто МСК аъзолари ҳам танийдиган бошқа одамлар ҳам бор...

Фарғона.Ру: - Сизнингча, «Ватан» партиясини ким бу аҳволга тушириб қўйган?

Қ. Ботиров: - Суд қарори чиқмасидан аввал бу ҳақда гапиришни истамасдим. МСК қароридан норози бўлиб судга шикоят қилганмиз. Аммо бир нарсани айтиш мумкин, партиямизнинг сайловларда иштирок этишига йўл қўймаган кучлар бизга овоз беришга тайёр турган сайловчиларимиз овозига эга бўлишга умид қилмоқдалар. Бизни тор миллат манфаати йўлида бир миллат вакилларидан иборат партия тузганликда айбладилар. Аммо рўйхатимизда ўн беш миллат вакиллари борлиги уларнинг қуруқ айбловларини йўққа чиқарди. Боз устига, рақибларимиз «Ватан» партиясининг мамлакатдаги бошқа ҳудудларида ҳам обрўси ошиб бораётганини тан олмоқда.

Фарғона.Ру: - Шунга қарамай, партиянгизни миллатчиликда, Қирғизистонда “ўзбек мухторияти”ни тузишга интилганликда айблашда давом этмоқдалар...

Қ. Ботиров: - Партиямизни обрўсизлантириш ва пировардида парламентга қўймаслик мақсадида маълум бир сиёсий кучлар шундай фикрни ёйишга уринмоқдалар. Ваҳоланки, «Ватан» партиясидан кўрсатилган номзодларнинг ўттиз олти фоизи бошқа миллат вакилларидан иборат. Улар миллатчилик ғояларини қўлладилар, деб қандай ўйлаш мумкин?

Партиямиз дастурида мухторият тузиш режаси йўқ. Бўлмайди ҳам. Боз устига, биз мамлакатни Шимол ва Жанубга, халқни эса миллий мансубият асосида бўлинишига қаршимиз. Биз мамлакатимизнинг иқтисодий жиҳатдан гуркираб ривожланишини истаймиз ва ўз иқтисодий дастуримизни таклиф этамиз. Мақсадимиз оддий –тадбиркорлик қилиш учун ҳамма бир хил имкониятга эга бўлсин, мамлакат фуқаролари тўлаган солиқлар мулозимларнинг киссасини қаппайтирмай, мамлакат фаровонлиги учун хизмат қилсин. Бу тизим ўта шаффоф бўлиши лозим. Коррупция, Конституцияни мунтазам равишда ўзгартириш ва адоғи кўринмас референдумлар мамлакатни боши берк кўчадан чиқиб кетишига имкон бермайди. Бизнинг ватанимиз яхлит ва унитар Қирғизистондир.

Фарғона.Ру: - Ўзбек мухторияти ҳақида гап борар экан, баъзи сиёсатчилар ғарб мамлакатларида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик қатор муҳожирларнинг қирғизистонлик ўзбеклар мухторият тузишга интилишлари бор ва бу ғоя қўшни Ўзбекистон расмийлари томонидан қўлланмоқда, деган баёнотларини далил сифатида келтирмоқдалар. Бу муҳожирлардан бири ғарб матбуотида ўзбек тилига расмий тил мақоми берилиши ғояси ҳам қўшни давлат турткиси боис туғилган, деб ёзганди...

Қ. Ботиров: - Бизни Ўзбекистон фуқаролари билан тенглаштириш нотўғри. Миллатимиз ўзбек бўлгани билан биз мутлақо бошқа, мустақил мамлакат фуқароларимиз. Биз ўз давлатимиз қонунларига амал қилиб яшамоқдамиз ва муаммоларимизни ҳал этиш учун ўз мамлакатимиз расмийларига мурожааат қиламиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги муаммолар ҳал бўлмагани туфайли бугунги кунда Ўзбекистон бизга сиёсий масалалар тугул, ҳатто ўрта ва олий таълим соҳасида ҳам ёрдам бера олмаяпти.

Ҳудудимиз муаммолари ҳақида фикр юритаётган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бизнинг муаммоларимиз ҳақида ғамхўрлик қилишларидан аввал улар ЎЗ мамлакатлари учун нима қилдилар, деган савол туғилади. Улар ватанпарварлик ҳақида гапирадилар, аммо аслида туғилиб ўсган ўз юртларининг эришган ютуқлари учун қувона олмайдилар ҳам.

Ғарбдаги қулай шароитларда, чет давлатлар ҳисобига яшаётган бу одамлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Ўзларининг разилона баёнотларини минтақада геосиёсий мақсадлари сари интилаётган маълум кучлар буюртмасига биноан қиладилар. Тирикчилик важидан бу кучлар хизматига кирган одамлар уларнинг минтақамизда йирик тўқнашувлар бошланишидан манфаатдорлигини ўйламайдилар ҳам. Одамлар шундай қийин шароитда яшаётган юртда эртага нима бўлиши уларни умуман ташвишлантирмайди.

Ушбу иғвогарликларга “лаббай”, дея жавоб бериб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланаётган сиёсатчиларимизга эса бир нарсани эслатиб қўймоқчиман: ҳеч қандай мақсад, ҳар қанча миқдордаги депутатлик гувоҳномалари минтақадаги мавжуд тинчлик ва тотувликни бузишга арзимайди. Аммо бу тинчлик жуда мўрт ва қўлловга муҳтож.

Фарғона.Ру: - Агар суд МСК қарорини ўз кучида қолдирадиган бўлса нима қилмоқчисиз? Оммавий равишда норозилик намойишларини ташкил этиш ниятингиз йўқми?

Қ. Ботиров: - Бу саволга суд қарори чиққанидан кейин ўз мажлисини ўтказадиган партиямизнинг сиёсий кенгаши жавоб беради. Нима бўлган тақдирда ҳам биз қонун доирасида ҳаракат қиламиз. Агар суд инкор этиб бўлмас далиллар ёрдамида бу қарорнинг адолатли эканини исботласа, биз бўсунамиз. Аммо партиямиз ўз ишини давом эттиради. Бу биз учун сиёсий курашнинг навбатдаги босқичидир. Бу курашда ғалаба ҳам, мағлубият ҳам бор.

Фарғона.Ру: - Партиянгизнинг баъзи етакчилари уларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан очиқдан-очиқ тазйиқ ўтказилаётгани ҳақида билдирмоқдалар.

Қ. Ботиров: - Афсуски, шундай бўлаяпти. Ҳибсга олиш ёки мансабидан четлатиш билан фаолларимизни қўрқитмоқдалар. Партиямизни тарк этишни истамаган ўқитувчиларни ишдан бўшатиш ҳолатлари ҳам бор. Партиямиз рўйхатида номзоди кўрсатилган аъзоларимизни рўйхатдан ўчиришга ва партиядан чиқиш юзасидан ариза ёзишга мажбур қилдилар. Қизиғи шундаки, аризалар «Ватан» партиясининг сиёсий кенгашига эмас, балки МСК раиси номига ёзилган. Яъни, аризалар бизни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри Бишкекка, ушбу ҳужжатлар асосида жазо чораларини кўраётган МСКга етказилган.

Майли, бу каби сиёсий ўйинларга буюртма берадиган ва ижро этадиганлар доим бўлиб келган. Бундай вазиятларга собиқ президент А. Ақаев даврида ҳам рўпара бўлганмиз. У ҳам бошимизни силамаган.

Аммо мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишга интилиб келаётган ўзбекларга шундай муносабатда бўлиш бошқа миллат вакилларининг ҳам бунга иштиёқини сўндиради. Шу билан бирга, бу одамларни расмийлардан ва давлат ишларида иштирок этишдан узоқлаштирибгина қолмай, балки мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллатлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келади.

Партиямиз аввал-бошдан амалдаги давлат раҳбари тутган йўлни қўллашини ва ҳозир ҳам шу позицияда туришини билдирганини қайд этиб ўтишни истардим. Афсуски, кўраётганларимиз нафақат президентимизнинг сиёсати ва баёнотларига, балки кўппартиявийлик, адолатли сайловлар ғояларига ҳам зид келмоқда. Бугун олдимизда битта вазифа турибди – МСК қарорининг ноқонунийлигини исбот қилиб, судда ғалаба қозониш. Қолганини вақт кўрсатади.

Маълумотнома. «Ватан» партияси ўн йил аввал Халқ бирлиги ва бирдамлиги партияси сифатида таъсис этилган. Янги ном билан 2007 йилдан бери атала бошлаган. Партия сиёсий кенгашининг маълумотларига кўра, ташкилот сафида олти ярим минг аъзо ва бутун мамлакат бўйлаб тўрт юз минг тарафдорлари бор. Ташкилотнинг деярли саксон фоизини ўзбек миллатига мансуб аъзолар ташкил этадилар. Турли маълумотларга кўра, Қирғизистонда етти юз мингдан бир миллионгача ўзбеклар истиқомат қиладилар.