11:20 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Журналист Алишер Соиповни ўлдиришда ишлатилган тўппонча уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан бирининг ўлдирилиши ишида ҳам қайд этилган

23.11.2007 08:30 msk

Ирина Ермакова

Алишер Соипов ўлдирилганидан бери орадан деярли бир ой ўтди. Бугун Қирғизистон ИИВ матбуот хизматининг раҳбари Бақит Сеитов “Фарғона.Ру” АА мухбирига Алишернинг ўлдирилиши билан боғлиқ терговнинг қандай кетаётгани ҳақида сўзлаб берди.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрь куни Ўш шаҳрида тўппончадан отилган учта ўқдан ҳалок бўлган. Сеитовга кўра, бу пистолет Бишкекдаги уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан бирининг ўлдирилиши ишида ҳам қайд этилган экан.

Жиноят содир этишда гумонланаётган ижрочиларга нисбатан қидирув эълон қилинган. “Тергов жуда кўп маълумот, тафсилот ва аниқланиши лозим бўлган икир-чикирларга эга. Натижага эришишимиз биланоқ сизларга маълум қиламиз”, - дея ваъда қилди Сеитов.

Унга кўра, бу ишда ОАВга маълумот беришга арзийдиган даражада силжишлар ҳозирча йўқ. Бақит Сеитов жиноят-процессуал кодексига кўра қотиллик ҳолати бўйича тергов учун икки ой муддат ажратилганини қайд этиб ўтди.

Тергов томонидан кўрилаётган журналистнинг ўлдирилиши борасидаги фаразларга келганда, улар ҳануз ўзгаргани йўқ: булар касб фаолияти, Ўзбекистон махсус хизматларининг тааллуқлиги, безорилик сабабидан қотиллик ёки криминал ҳисоб-китоб, диний эътиқод кабилардир.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни ИИВ дастлабки тергов натижаларига кўра матбуот варақчаси ёйинлаганди. Унда Алишер Соиповнинг диний-экстремистик оқимларга мансублиги ва террорчилардан пул олгани ҳақида айтилганди. Ҳужжатда ҳақиқатдан йироқ бўлган фактлар келтирилган.

“Фарғона.Ру” АА мухбирига Қирғизистон ИИВдаги манбанинг маълум қилишича, “Алишер Соиповнинг иши бўйича терговни олиб бораётган ходимларга юқоридан худди шундай йўналишда тергов олиб бориш ва илк тергов натижаларини худди шундай равишда эълон қилиш топширилган”. Манба “юқоридан” деган сўзга аниқлик киритишдан бош тортди.

Алишер Соиповни шахсан билган ҳамма инсонлар ва унинг ҳамкасблари ИИВнинг расмий матбуот варақчасидан ғазаблангандилар. Аммо ИИВ ўзига нисбатан танқидларга эътибор ҳам бергани йўқ.

Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарев 21 ноябрь куни Бишкекда Алишер Соиповнинг ўлдирилиши борасидаги текширувнинг боришини шарҳлай туриб, Қирғизистон ИИВ қотиллик сиёсий сабабларга кўра амалга оширилганини тушуниши биланоқ кутилмаганда терговни сусайтириб юборганини билдирди. “Аввалига милиция тезда натижага эришганини намойиш қилиш учун жонбозлик билан қотилликни текширишга киришди. Аммо қотиллик сиёсат билан боғлиқлиги маълум бўлиши биланоқ фаоллик бирданига сусайди”, - дея билдирганди Пономарёв.

Эслатиб ўтамиз, 26 ёшли журналист Алишер Соипов сўнгги йилларда бир қатор ОАВ - “Фарғона.Ру” АА, Uznews.net, “Америка овози”, “Озодлик” радиоси билан ҳамкорлик қилган. Соипов 2007 йил март ойидан бошлаб нашр қилина бошлаган “Сиёсат” газетаси Фарғона водийси аҳолиси ўртасида кенг тарқала бошлаганди. Ўзбекистондаги вазият ҳақида унда чоп этилаётган танқидий материаллар бу мамлакат расмийларини жуда ғазаблантираркан.