05:33 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон МСК Конституцияни эътиборга олмай, И. Каримовни президентликка номзод сифатида рўйхатга олди

19.11.2007 17:42 msk

Умар Шарифов

Ислом Каримов. “Фарғона.Ру” АА фотоси, 2000 йил, Тошкент шаҳри

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов 18 ноябрь куни маҳаллий ва чет эллик журналистлар учун ўтказилган брифингда 23 декабрь куни бўлажак президент сайловларида тўртта номзоднинг рўйхатга олинганини расман эълон қилди. Булар: Либерал демократик партиясидан амалдаги президент Ислом Каримов, Халқ демократик партиясидан (собиқ Ўзбекистон ССР Компартияси) Аслиддин Рустамов, “Адолат” партиясидан Дилором Тошмуҳаммедова ва сайловчилар ташаббускор гуруҳидан Акмал Саидовдир.

М. Абдусаломовга кўра, “Миллий тикланиш” ва “Фидокорлар” партиялари кўрсатган номзодлари учун сайловчилардан етарли миқдорда имзо тўплай олмаГАНлар. Шунинг учун бу икки партия сайловолди пойгасидан чиқиб кетганлар.

МСК раиси топширилган имзоларни текшириш учун иккита ишчи гуруҳи тузилганини маълум қилди. Уларнинг таркибига юқори малакали юристлар, криминалист-экспертлар ва жамоатчилик ташкилотларининг вакиллари кирганлар. “Қонунда кўзда тутилган муддат ичида ўтказилган текширув натижасига кўра, ишчи гуруҳлари тақдим этилган ҳужжатларнинг миллий сайлов қонунчилиги талабларига қанчалик мос келиши тўғрисида ўз хулосаларини бердилар ва бу хулосаларга биноан президентликка тўртта номзод рўйхатга олинди. Рўйхатга олинган номзодларга тегишли гувоҳномалар берилди”, - деди М. Абдусаломов.

Ғалати манзара юзага келмоқда: МСК икки партияни сайловдан четлатди-ю, Конституцияга мувофиқ сайланиш ҳуқуқига эга бўлмаган ягона номзодга тегмади. Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссиясининг бу қарори ҳеч қанақасига изоҳланмади. Ўзбекистон Конституцияси президент лавозимида бир кишининг икки муддатдан ортиқ бўлишини чеклаши ҳақида эса МСК умуман эсламади ҳам. Баъзи бир “сарой” сиёсатшунослари Каримовнинг рўйхатдан ўтишини унинг илк бор етти йиллик муддатга сайланиши билан изоҳлашга уринсалар-да, расмий шахслар бу мавзу борасида ўзларини ҳар қандай шарҳлардан олиб қочмоқдалар.

Ҳақиқатдан ҳам нима дейиш мумкин: Ўзбекистон Конституциясида рухсат этилган президентлик муддатлари уларнинг давомийлиги билан боғланмаган. Конституцияда аниқ ва равшан қилиб “Бир шахс қаторасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти бўла олмайди” дейилган (90-модда). Ҳеч қандай истиснолар ёки бу моддани бошқача талқин этилишига имо-ишоралар Конституцияда йўқ.

Бир неча сиёсий партиялар номзодларининг сайловда иштирок этишлари, Асосий қонунни очиқдан-очиқ поймол қилинишига қарамай, ўзбекистонлик ва россиялик сиёсатшунослар учун бўлажак сайловларнинг “демократиклиги” ошаётгани борасида сафсата сотишларига имконият яратди.

Уларга кўра, сиёсий масхарабоз ролини бир эмас, бирданига уч кишининг ижро этиши бу сайловларнинг тобора демократиклашганидан далолат берар экан. Боз устига, улардан бири парламент мухолифати бўлмиш энг эски партия, бошқаси нодавлат сектори вакили, учинчиси эса аёл киши. Яъни, демократик ғояларнинг тўла ғалабаси учун, афтидан, яна учта номзод – ҳабаш, ногирон ва бесоқол бачча етишмаяпти, холос.

Умуман олганда, ҳозирча ишлар аввал башорат қилингандек кетмоқда. Каримов рўйхатдан ўтган, унга ҳеч ким ноқулай саволлар бермаяпти (имконият йўқлиги учун) ва уни қайта сайлаш учун тайёргарлик ишлари тўла маромда кетмоқда.

Номзодлар рўйхатга олинишлари биланоқ, мамлакатда сайловолди ташвиқотлари бошлангани ҳақида эълон қилинди. МСК раисига кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ва радиоканалларида ҳафталик чиқиш жадваллари тасдиқланган, шунингдек, республика “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда сайловларга тайёргарлик ҳамда уни ўтказиш ишларини ёритиш, сайловолди ташвиқотини амалга ошириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқарилган.

Шундай қилиб, афтидан, икки ой ўтиб-ўтмай, Ислом Каримов парламент депутатлари олдида қўлини муқаддас Қуръон ва Конституцияга қўйиб, президентлик лавозимига киришаётганининг белгиси сифатида яна бир бор тантанали қасамёд матнини ўқиб эшиттиради: “Ўзбекистон халқига садоқат ила хизмат қилишга, Конституцияга қатъий амал қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, Ўзбекистон Республикаси Президентига юкланган вазифаларни чин кўнгилдан бажаришга... тантанали равишда қасамёд қиламан...”