07:41 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент шаҳар даҳаларидан бирининг аҳолиси ноқонуний ресторан қурилишига қарши курашмоқда

16.11.2007 20:38 msk

Ўз ахб.

Тасаввур қилинг, деразангиз остида кимдир ресторан қурмоқчи. Қулоқни қоматга келтирувчи мусиқа шовқини, маст-аластларнинг сўкинишлари ва ҳоказо. Нари-берида эмас, айнан сиз яшайдиган уйдан ўн метр нарида. “Даҳшат”, дейишингиз турган гап. Таассуфки, бу каби ҳодисалар Тошкент учун одатий ҳолга айланиб, жиддий муаммолар туғдирмоқда. Қуйида тасвирлаб бермоқчи бўлган воқеа ҳам айнан шуларнинг жумласидандир.

Тошкент шаҳар ҳокимияти 2004 йил сентябрида Чилонзор тумани биринчи даҳасидаги иккита тўрт қаватли уйларнинг ўртасида икки қаватли маиший-савдо мажмуаси қуришига рухсат берди. Мажмуа аслида ресторандан иборат. Даромадли муассаса қурилишини “SAID BARAKA BIZNES” МЧЖ директори тадбиркор Мақсудова бошлаган.

Орада барча дарахтлари кесиб ташланиб, савдо ресторан мажмуаси қурилиши режалаштирилган Арнасой кўчасидаги иккита уйда истиқомат қилувчи фуқароларни бўлажак қурилиш ҳақида огоҳлантиришни негадир унутиб қўйганлар. Бу эса уларни қаттиқ ғазаблантирган.

Фото ИА Фергана.Ру
Милиция воқеани кузатиб турибди. Фарғона.Ру АА фотоси

“Биз, 36- ва 39-уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар уйимиз орасида ҳар қандай қурилишига қаршимиз, - дея ёзгандилар улар. – Йўлнинг нариги бетида, ёнма-ён учта “Муниса”, “Шанхай”, “Верона” ресторанлари, техник хизмат кўрсатиш станцияси ва автомашиналар ювиш шаҳобчаси жойлашган. Уйларимиз орасидаги ҳудуд дарахт экилган кўчамизда ягона ер участкаси эди. Бу жой чанг ва шовқинни камайтирувчи экологик ҳимоя воситаси бўлиб қолганди”.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2004 йил 3 сентябрь, Чилонзор туман ҳокимининг 2004 йил 30 декабрь куни имзолаган қарорларига кўра, икки уй ўртасида маиший савдо мажмуаси қурилишига рухсат берилганини билиб қолган аҳоли ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уриниб кўрди. Аввалига улар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги улар тарафида эканлигини аниқлаб билдилар.

Биринчидан, аллақачон лавозимидан четлатилган шаҳар ҳокими Р. Шоабдураҳмоновнинг қарори “Ўзбекистон Республикаси ер кодекси”га мувофиқ равишда ўз кучини йўқотган. Қонунда ажратиб берилган ер икки йил давомида ўзлаштирилиши керак, акс ҳолда, қарор ўз кучини йўқотади, дейилган. Қарор чиққанига эса уч йил тўлди.

Иккинчидан, хўжалик ва бошқа иншоотлар қурилиши тўғрисида қарор “Турар-жой эгалари шерикликлари тўғрисида”ги қонунга кўра турар-жой эгалари шериклигининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилиниши лозим. Аммо бу масала юзасидан ҳеч ким йиғилиш ўтказмаган ва ҳужжатларга имзо чекмаган.

Фото ИА Фергана.Ру
Қурилажак ресторан мажмуаси учун котлован қазиб бўлинган. Фарғона.Ру АА фотоси.

Учинчидан, “Хусусий турар-жой эгалари шерикликлари тўғрисида”ги қонунга кўра давлат идоралари томонидан шерикликка қарашли ер участкаларида шерикликка алоқаси бўлмаган объектларни жойлаштириш жойлардаги шериклик умумий йиғилишининг розилиги билан амалга оширилади. Аввал айтиб ўтилганидек, йиғилиш бўлмаган, турар-жой эгалари эса қурилишга қарши чиқмоқдалар.

Ва ниҳоят, “Фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш тўғрисида” қонунга кўра, қарор қабул қилиш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига фақат маҳалла фуқаролари йиғинигина эга, холос. Уй ёнида қурилиш қилиш бўйича уларнинг розилигисиз қарор қабул қилиш мумкин эмас. Улар розилик бермайгина қолмасдан, балки қурилишга қарши фаол норозилик билдирмоқдалар.

Аста-секин ноқонуний иншоотнинг қурилиши қай тарзда амалга оширилиши мумкин бўлганлиги тафсилотлари очила бошланди. Аниқланишича, маҳалла фуқаролари йиғини (МФЙ) раиси Д. Акбарова 2007 йил апрель ойида Чилонзор туман ҳокимиятига 36- ва 39-уйлар ўртасида хусусий клиника қурилиши шу жойда яшайдиган ёши катта одамлар учун зарур, деб хат ёзган (негадир у маиший савдо мажмуасини хусусий клиника деб атаган). Ўзининг хати тўғрисида Акбарова уйда яшовчиларнинг бирортасига ҳам маълум қилмаган. Бу билан бирга у “Фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариши тўғрисида” қонунни қўпол равишда бузган.

Барча имкониятларини ишга солиб, ноқонуний қурилишга қарши курашда ҳеч қандай натижага эришолмаган уй эгалари фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туман судига мурожаат қилганлар.

8 август куни судья Д. Бадиеванинг раислиги остида маҳкама жараёни бўлиб ўтган. Унга Чилонзор туман ҳокимиятининг вакили Тўрақуловни таклиф этганлар. У судга аҳолининг шикоятини асоссиз, дея тушунтирган. Унга кўра, уч йил аввал Тошкент шаҳар ҳокими ва Чилонзор туман ҳокимияти чиқарган қарорлар ўз кучини йўқотмаган: қарор ўз кучини ўзлаштириш ишлари бошланмаган бўлсагина йўқотарди. “SAID BARAKA BIZNES” МЧЖ ҳокимиятга қурилиш муддатини чўзиш тўғрисида мурожаат қилган ва бу илтимос қондирилган.

Бошқача қилиб айтганда, жаноб Тўрақулов қандайдир сабабларга кўра одамларни “аҳмоқ қилиш”га қарор қилган. Ахир белкурак билан бир-икки ерни кавлаб, иш бошладик, дея эълон қилиш мумкин. Ўзлаштириш эса қурилишнинг бошланганини эмас, тамом бўлганини англатади.

Буни суд қай тарзда эътиборга олди? Мана бу тахлит (суд ажримидан иқтибослар):

“Акбарова Д. ўзбошимчалик билан клиника қурилишига розилик берган, деган баҳоналар асоссиз. Акбарова 2007 йил 30 март куни ўзи ва маҳалла фаоллари имзолаган баённомани тақдим этган. Бу масала умумий йиғилишда муҳокама қилинган”.

Сўнгра “SAID BARAKA BIZNES” МЧЖ моддий қийинчиликлар туфайли қурилишни чўзиш ҳақида мурожаат қилган. Бу илтимос қондирилган ва қурилиши муддати чўзилган”, деб ёзади судья Бадиева.

Суд қарори: аҳоли шикояти қондирилмасин.

Келинг, қонун ҳимоячиларининг бу баҳоналарини бир оз шарҳлайлик.

Акбарованинг бу масалани “маҳалла фаоллари билан” муҳокама қилгани учун қурилишга рухсат беришга ҳақ-ҳуқуқи борлиги борасида. Кимдир фаоллар билан муҳокама қилаверсин, лекин бу уйларда фаоллар эмас, одамлар яшайдилар. Бу тўғрида қонунлар бор, бундай қарорларни фаоллар ва моддий манфаатдор МФЙ раислари эмас, фақат маҳалла фуқаролари йиғинининг умумий йиғилишигина ҳал қила олади.

Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 2004 йил 3 сентябрь ва Чилонзор туман ҳокимиятининг 2004 йил 30 декабрь куни қабул қилинган қарорларини ўз кучида қолдирган Чилонзор туман ҳокимиятининг вакили С.Аҳмедов ҳақида. Бунга унинг ҳақ-ҳуқуқи бормиди? Агар қуйи инстанция ўз қарори билан ўз кучини йўқотган юқори инстанция қарорини чўзишга ҳақли бўлса, унда бор.

Бошқача қилиб айтганда, қандайдир қишлоқ кенгаши ўз кучини йўқотган қонунни амалда, деб қабул қилса. Масалан, Ўзбекистонда 2008 йилдан бошлаб бекор қилинаётган ўлим жазосини. Яъни, бу ўзига мувофиқ бўлмаган мансаб вазифаларини ўзлаштиришнинг ўзгинасидир.

Белгиланган муддат давомида ресторан қурилишини тугата олмаган қурувчининг оғир моддий қийинчиликка тушиб қолгани ҳақида. Кечирасиз, аммо қонунда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Пул бўлмаса, котлован ковламанг, қурилиш бошламанг....

Демак, судья Бадиева қандайдир номаълум сабабларга кўра, бу борадаги барча қонунларни эътиборга олмаган бўлиб чиқаяпти. Нега бундай қилгани – бошқа масала.

Аҳоли унинг қарори устидан шикоят қилмоқчи бўлган. Аммо натижа чиқмаган. Б. Мадаминов раислиги остида ўтган фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳайъати Бадиеванинг қарорини тасдиқлаган.

“SAID BARAKA BIZNES” МЧЖ ресторан мажмуасининг қурилишини 2 октябрь куни бошлади. Мақсудова қурилиш ишларини тезлатишга қарор қилди – котлован тунда ковланди. Оқшом давомида милиция қурилишга ҳалақит қилмоқчи бўлганларни ҳайдади (фотосуратга қаранг). Қурилишни тўхтатиш тўғрисида қарор чиқариб, уни вақтинча тўхтатишга эришдилар. Котлован қазилган бўлса ҳам.

Фото ИА Фергана.Ру
Ресторан мажмуаси учун котлован. Фарғона.Ру АА фото си.

Қизиғи шундаки, ушбу мажмуа қурилишига қарши норозилик билдираётган 660 нафар (!!!) киши имзолаган талабнома судга, туман ва шаҳар ҳокимиятига ёзда берилган. Бироқ натижа чиқмади: бирорта ҳам маҳкама талабномага эътибор бермади.

Ҳайрон қоладиган жойи шундаки, негадир барча давлат идоралари ва суд келишиб олгандек, юзлаб яшовчиларнинг қонуний манфаатларини эмас, барча қонунларга зид равишда икки уй ўртасига ўз ресторанини тиқиштиришга ва ер участкасини хусусийлаштиришга уринаётган уддабурон тадбиркор аёлнинг ҳимоясига отланган. Бу каби ишлар Ўзбекистонда мана шу йўсинда ҳал қилинади.