12:26 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Россияга кўчиб ўтиш дастури – “лимит бўйича танлов”ми ёки тарихий имконият?

15.11.2007 10:29 msk

Фарғона.Ру

Россия Федерациясига ватандошларни кўчириш давлат дастури иштирокчиси бўлишни истаганларнинг ниятлари қанчалик жиддий эканлиги Тошкентда дастлабки суҳбат учун навбатга ёзилиш босқичида синалмоқда. Бу жараён Тошкентда фақат телефон орқали амалга оширилмоқда. Фақат пайшанба кунлари ва фақат соат 10 дан 13 гача. Кимдир биринчи пайшанбадаёқ телефон қилишга эришаётган бўлса, бошқаси иккинчи ёки учинчи пайшанба куни мақсадига эришмоқда. Уларга суҳбат ўтказиладиган куни ва соат белгилаб берилмоқда, улар навбат кутиб, вақтларини ўтказмайдилар.

Россияга ватандошларни кўчириш дастури бўйича қизиқтирган саволлар билан Тошкентда + 998-711-204322, 1203516 телефонлари орқали мурожаат қилиш мумкин. Дастур бўйича барча маълумотлар Россия ТИВ , ФМХ ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида жойлаштирилган. Бундан ташқари, консуллик бўлими қошида Кўчириш дастурида иштирок этишни истаган ватандошлар билан ишлаш бўйича муваққат ишчи гуруҳ тузилган. Аммо элчихона ёнида турган фуқароларнинг гапларидан уларнинг Дастур имкониятлари ҳақида унчалик хабардор эмаслиги маълум бўлди. Бунга номзодлар орасида ўрта ёшли одамларнинг кўплиги ва уларнинг аксарияти интернетдан фойдаланишни билмаслиги сабабдир балки... Суҳбатдошимиз - ўзини Наталья деб таништирган ёш аёлдан ташқари…

Возле входа в посольство России в Ташкенте. Фото ИА Фергана.Ру
Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси эшиги ёнида. Фарғона.Ру АА фотоси.

Элчихонада нима дейишмоқда...

Ўттизга кирган Наталья билан гаплашиб, унинг эри билан Тошкент вилоятида яшаётганини билдик. Натальянинг касби бухгалтер бўлиб, ҳозир уйда болаларига қараб ўтирибди. Яшашлари яхши, эри металлургия заводида ишлайди, оддий квартиралари, машина ва компьютерлари бор. Улар интернет орқали кўчиб ўтиш вариантларини ўрганиб чиқиб, Липецк вилоятини танлаганлар. Бу ерда Натальянинг эри ўз мутахассислиги бўйича иш топишига умид қилмоқда. Суҳбатга кириб чиққан Наталья ташриф натижаси бўйича ўз таассуротлари билан ўртоқлашишга рози бўлди.

“Биз йигирма киши кирдик, ёшлардан биздан ташқари уч-тўрт киши, холос, қолганлари ўрта ёшли одамларга ўхшайди. Руслар билан бирга бир неча корейс, армани аёл ва иккита ўзбек бор эди. Улардан бирининг айтишича, хотини рус экан, ишлаётган жойида очиқдан-очиқ бу ерда бирорта ҳам рус қолмаслигини айтишибди. Қандайдир вазирликдаги бухгалтерияда ишлар экан...

Элчихонада ҳаммани металл қидирувчи жиҳоз билан текширдилар, қўл телефонларини ўчиртирдилар. Биз билан иккита ҳорғинроқ ходим суҳбатлашди, ҳаммасини тушунтирдилар, жуда кўпчилик Калининград вилоятига ариза бераётганидан жуда аччиқландилар, уларга кўра, “Тошкентнинг ярми Калининградга отланган”.

Агар пул дотациясини олмасак, фуқароликни олиш билан Россия бўйлаб истаган ерга кўчиб ўтиш ҳуқуқига эга бўлишимизни тушунтирдилар. Нега кетишга қарор қилганимизни сўрадилар. Биз шаҳарда фақат тўртта рус тилида таълим берувчи мактаб қолганини ва келажагимиз учун истиқбол кўрмаётганимизни айтдик. Умуман олганда, аҳвол кишини ғазаблантиради: нарх-наво тинмай ўсиши, вақти-вақти билан у ёки бу маҳсулотларнинг сотувдан йўқолиши, пахта терим кампаниялари, шаҳарнинг ярмини пахтага жўнатиб юборилиши ва ҳоказо. Шундай пайтда кўчиб кетишга қарор қилдик. Хавотирга солаётган битта нарса бор – турар-жойнинг қимматлашуви. Бу ердаги квартирани сотиб, пулига арзимаган нарса ҳам олиб бўлмаса керак, деб қўрқамиз. Келгусида ўзимизга уй олмасдан, доим ижарада яшашни истамаймиз”.

Биз Натальяга миннатдорчилик билдириб, унга омад тилаб қолдик. Турар-жой борасидаги хавотирларига қарамай, унинг келажакка ишончи бор ва афтидан, унинг ишлари яхши бўлиб кетади. Аммо, ўзини Мария Степановна деб атаган, одмигина кийинган аёл негадир хафа. Рус тили ўқитувчиси бўлган бу аёл кўринишидан ёшга ўхшаса ҳам, айнан 54 га киргани учун уни дастурга қабул қилмаганлар. “Россия газеталарида қишлоқ мактабларида ўқитувчилар етишмаётганини ёзишади, мен энг чекка қишлоқларга боришга ҳам рози эдим, бошпана бериб, иш билан таъминласалар бўлди эди”, - дейди йиғлагудек бўлиб Мария Степановна. У ёлғиз, фарзандлари йўқ, Россияда қариндошлари ҳам йўқ. Ватандошлар учун кўчириш дастури унинг тарихий ватанига қайтиш учун сўнгги имконият эди.

… Интернет форумларида

Аммо кўпчилик учун бу имконият мавжуд. Дастур ҳукумат ҳисобидан Россияга нисбатан тезроқ кўчиб ўтишга ва фуқаролик олишга имконият беради. Бошқа ҳолатларда буни амалга ошириш ниҳоятда қийин. Ўзбекистон икки фуқароликни тан олмаслиги ва ўз фуқароларининг бошқа мамлакат фуқаролигини қабул қилишга интилишларини қатъий қоралаши маълум. 2007 йилда Россия қонунчилиги бу соҳада кенг имкониятлар яратганида – ўшанда ярим йил давомида Россия фуқаролигини олиш мумкин бўлганди - ўн минглаб ўзбекистонликлар бу имкониятдан фойдалана олмадилар. Ҳукуматлараро битимга эришилмагани туфайли Ўзбекистон фуқаролари фақат яшаш учун вақтинча рухсатнома (ЯВР) олганларидан кейингина Россия фуқаролигига ўтиш учун ариза беришлари мумкин. Ҳолбуки, Қирғизистон, Қозоғистон, Белоруссия фуқаролари Россияга келибоқ, яшаш жойларида рўйхатдан ўтишлари билан фуқароликка ўтиш учун ҳужжат топшириш ҳуқуқига эгалар. ЯВР олиш учун белгиланган квоталар эса ҳатто ўз аҳолисини тезлик билан йўқотаётган Владимир ва Иваново каби вилоятларида ҳам ўрнатилган. Ҳар қандай мантиққа зид келувчи бу ҳолат қабатида квоталарнинг 2007 йил январь ойидаёқ бошланмасдан тугагани ҳеч кимни ҳайрон қолдираётгани йўқ.

“Нега мен рус бўла туриб, ўз ватанимга кета олмайман ва Ўзбекистон паспортини энг яқин ИИБга топшириб, Россия паспортини ола олмайман?” – дея аччиқланади маҳаллий интернет форумларидан бирининг иштирокчиси. – “Асосийси, мен қочоқ жиноятчи бўлмасам, ҳар ҳолда, бу масалани ҳам ИИБ ўз алоқалари орқали аниқлаштириши мумкин. Нега энди ҳар турли дастурлар керак бўлиб қолди, нега яна лимитчиларни кўпайтириш лозим? Кўчиб ўтишни истовчиларга на имтиёз, на пул, на турар жой ва на иш керак. Улар фақат Россия фуқаролигини олиб, яшаб, меҳнат қилишни истайдилар”.

Айтилганларга қўшимча сифатида фақат 1 январдан бошлаб собиқ Совет Иттифоқининг русийзабон аҳолиси фуқаролик олиш масаласида узоқ хориж мамлакатлари фуқароларига тенглаштирилишини ва улар учун қизил муқовали паспорт олиш муддати саккиз йилга чўзилишини, бунинг учун аввал ЯВР, кейин вақтинча яшаш учун рухсат берувчи гувоҳнома, турар-жойга эгалик ва банк ҳисоб рақамида тузуккина маблағга эга бўлиши лозим. Аҳолиси, расмий маълумотларга кўра, йилига 700 минг кишига камайиб бораётган мамлакат раҳбариятининг бундай қарорини тушуниш асло мумкин эмас.

Прагматиклар, ҳар қанча аччиқланмасинлар, бу билан бирор нарса ўзгартириб бўлмаслигини тушунадилар: дастурда иштирок этишдаги асосий афзаллик тезлаштирилган муддатда Россия фуқаролигини олиш имконияти борлигидир. Бундан ташқари, РФга мустақил равишда кўчиб ўтиш ва фуқароликни қабул қилиш жараёнидан ўтиш кўпчилик учун имконият чегарасидан юқори бўлган молиявий харажатларни тақазо этади.

Янги шароитда ўзларини кўрсата олган ва Тошкентда яхши жойлашган уддабурон тадбиркорлар ва ўз қадрини билувчи юқори малакали мутахассислар учун Дастурда иштирок этиш шубҳали кўринади. Қачонлардир Россиядан Ўзбекистонга ўқитиш, даволаш ва қуриш учун келганларнинг авлодлари тарихий ватанларида муҳожир мақомида яшашни истамайдилар. Кўчиб ўтувчиларнинг ҳаммаси ҳам бугун таклиф этилаётган унчалик катта бўлмаган шаҳар ва қишлоқларда асосан ишчи мутахассисликларида ишлаш истиқболидан қувониб кетаётганлари йўқ. Бундан ким кўпроқ йўқотаяпти – Россиями ёки Ўзбекистондаги ватандошларми, ҳозирча номаълум.

Республиканинг ичмайдиган, маълумотли, меҳнатсевар ва муҳими чидамли (толерант) евроаҳолиси қимматбаҳо киши капитали ҳисобланади. Замонавий иқтисодиётда бу энг қимматбаҳо заҳирадир. Минг афсуски, бу нарса Россия Федерацияси манфаатлари доирасидан ҳамон ташқарида қолаяпти.