08:31 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳамкорлик ўрнига зиддият: Томскдаги ўзбек диаспораси етакчисини Россия фуқаролигидан маҳрум қилмоқчилар

13.11.2007 06:31 msk

Феруза Жоний

Дўзахга олиб борувчи йўл яхши ниятлар билан қопланган экан. Томскда истиқомат қилувчи, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган фуқароларни бирлаштирувчи ягона ташкилот - Томск шаҳар “Ўзбекистон” Миллий-маданий автономияси (ТШММА) атрофида юзага келган вазиятни ўрганишингиз билан бехос мазкур мақол хаёлингизга келади. Ярим йилдирки, ТШММА билан Томск вилояти бўйича Федерал муҳожирлик хизмати бошқармаси (ФМХБ) ўртасида ғалати қарама-қаршилик пайдо бўлган.

Турли миллий байрамларни ташкил этиш ҳамда Томск маданий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этишдан ташқари, ТШММА меҳнат муҳожирларини ва Россия фуқаролигини олиш илинжида келаётганларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади. Табиийки, бу фаолият федерал муҳожирлик хизмати билан ҳамкорлик қилишни тақазо этади.

- Томскка келаётганлар кўпинча тил муаммосига дуч келадилар ва ўзларини рўйхатдан ўтказиб қўя оладиган одамни топишга қийналадилар. Бу иш уч кун ичида қилиниши лозим. Улар бошқа муааммоларга ҳам дуч келадилар, - дейди “Ўзбекистон” ТШММА раиси Ҳамза Ҳамроев. – Шунинг учун ҳам биз реабилитация маркази ташкил этишга қарор қилдик. Келаётганларга ёрдам бериб, юридик жиҳатдан кўмаклашаяпмиз, таржимонлик қилаяпмиз, керак бўлса – тиббий маълумотнома олиш учун турли диспансерларга олиб бориб келяпмиз, улар учун иш топишга ҳаракат қиламиз. Агар биз уларга ёрдам бермасак, улар номашруъ бўлиб қоладилар ва мамлакатдан чиқа олмайдилар. Биринчи учраган милиция масканида уларни қўлга оладилар. Бу эса бизнинг виждонимизга ҳавола бўлиб қолади.

Томск вилояти бўйича ФМХБ бошлиғи вазифасини бажаришга келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сергей Ирисбаев тайинланганида маҳаллий ўзбек диаспораси жуда қувонганди. Ваҳоланки, олдинги бошлиқ Наталья Макаренкога нисбатан ҳам ТШММАнинг эътирози бўлмаган. Кейинчалик маълум бўлишича, эрта қувонган эканлар.

Россия Федерацияси муҳожирлик қонунчилигига 2007 йил январь ойида ўзгартишлар киритилиши билан муҳожирларни нафақат турар-жой хонадонларида, балки идораларда ҳам рўйхатга олишга имконият туғилди. Ушбу низомга кўра, ТШММА Ўзбекистоннинг 25 нафар фуқаросини рўйхатдан ўтказди.

Ҳамза Ҳамроев. Фото ИА Фергана.Ру
Ҳамза Ҳамроев. Фарғона.Ру АА фотоси.

- Биз муҳожирлик хизматига ушбу фуқаролар бизнинг идорамиз манзили – Ленин майдони, 82-уйда истиқомат қилишлари ҳақида хабарнома жўнатдик. Муҳожирларга барча ҳужжатларни расмийлаштириб, давлат божларини тўлаб, бизнинг рўйхатдан чиқариб, ишга жойлаб, иш берувчига ўтказганимиздан сўнг муаммолар бошланди, - дейди Ҳамроев.

Фарғона.Ру: - Сизга қандай айб қўйдилар?

Ҳ. Ҳамроев: - Томск вилояти бўйича ФМХБ мени ва икки ўринбосаримни “Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни муҳожирлик рўйхатига олиш тўғрисида”ги Федерал қонуннинг 20-21-моддаларини бузганликда айблаб, мансабдор шахс сифатида судга бердилар. Айбимиз – муҳожирларни қабул қилиб, уларни турар жой билан таъминламаган эканмиз. Улар бизда рўйхатга олингани билан бошқа жойда яшайдилар. Аммо юристимиз бу қонунни ўрганиб чиққан. Унда одамлар рўйхатдан ўтган жойда яшашга мажбур эмаслар, деб ёзилган. ФМХБ ходимлари эса буни аксини тасдиқламоқдалар. Олдимизга келиб, муҳожирлар қаерда яшаётганини кўрсатишимизни талаб қилмоқдалар.

Фарғона.Ру: - Суд қандай қарорга келди?

Ҳ. Ҳамроев: - Суд бизнинг ҳаракатларимизни оқлади. Шунда ФМХБ бошлиғи иккинчи марта бизни қирқ беш минг эмас, балки юридик шахс сифатида 450 минг жаримага тортиш бўйича қайтадан баённома тузди. Танишларимга кўра, мен билмаган ҳолда “ФМХБ ходимларининг думини босиб олган” эканман. Муҳожирлик рўйхатига олиш, ишлашга рухсат олиш, маълумотнома йиғиш ва бошқа ишлар – катта бизнес бўлиб, биз бу ишни бепул қилганмиз. Воқеа май ойида содир бўлганди, аммо ФМХБ ҳозиргача бизни таъқиб қилмоқда. Қарор ва жарималар устимизга қордай ёғилмоқда.

Томск ўзбек диаспораси Оқсоқоллар кенгашининг Россия ФМХ директори Ромодановскийга мактубидан:

“Давлат муҳожирлик хизматини тартибга солиш борасида ваколатга эга бўлган “машина” орқасига қараб айлана бошлади. Афтидан, ФМХБ учун муҳожирнинг номашруъ ҳолатда, ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз юргани манфаатлироқ экан. Йўқса, ҳудудий бошқармаларнинг ҳаракатини қандай изоҳласа бўлади?..”

Томский городской этнический карнавал. Фото ИА Фергана.Ру
Томск шаҳар миллий карнавали. Фарғона.Ру АА фотоси.

Ҳамроевга кўра, ТШММАда рўйхатдан ўтган ўзбекистонлик муҳожирларни ишга қабул қилган иш берувчиларда ҳам муаммоллар туғилган. Булар – “РСУ” МЧЖ ва “Сибкабель” заводи. “Бу корхоналарда текширув ортидан текширувлар тўхтамай қолди, раҳбариятга маъмурий ресурслар ёрдамида босим ўтказа бошладилар”, - дейди ТШММА раиси. – “Масалан, Томск шаҳар мэри билан миллий жамоатлар раислари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Сергей Ирисбаев “РСУ”даги ўзбекистонлик ишчилар номашруъ ҳолда ишламоқдалар, дея очиқ билдирди. Бу ёлғон. Аммо йиғилишдан сўнг “РСУ” бошлиғи бор нарсасидан ажралишига сал қолди”, – дейди Ҳамроев. – “РСУ” муҳожирларни ишдан ҳайдашга мажбур бўлди, улар ишсиз ва бошпанасиз қолдилар”.

Зиддиятгача пластик карточка (ишлаш учун рухсатнома) олишга улгурмаган муҳожирларни ҳам катта нохушликлар кутмоқда эди.

Томск ўзбек диаспораси Оқсоқоллар кенгашининг Россия ФМХ директори Ромодановскийга мактубидан:

“Муҳожирлар ишлашга рухсат олиш учун ҳужжатларини топшираётганларида уларни муаммосиз қабул қилдилар. Аммо “пластик карточкалар”ни олгани келганларида уларни сўроққа тутиб, уларни ким рўйхатга олганини, ким ишлашга рухсат олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга ёрдам берганини суриштира бошладилар. Шундан сўнг ҳаммаларига икки минг рублдан жарима ёзиб бердилар, барча ҳужжатларини, шу жумладан, паспортларини ҳам, гўёки рўйхатга олиш қалбаки бўлгани учун олиб қўйдилар”.

- Муҳожирлар бизнинг олдимизга келиб, барча зарур ҳужжатлари бўлгани ҳолда, уларни ҳар қадамда тўхтатиб, жарима солаётганлари ҳақида шикоят қилганларидан кейин, ФМХБга мурожаат қилдик. Аввалига Сергей Ирисбаев бизни яхши қабул қилди. Кейин эса, “Нега ўз уйингизга келгандек келаверасизлар?” - дейишни бошлади. Биз уларга “Нега уларни жаримага тортасизлар? Ҳаммаси қонуний-ку!” - дея жавоб бердик. Ирисбаев биздан аччиқлана бошлади ва бизни қабул қилмай қўйди. Шундан кейин унинг ходимлари бизни текширгани келдилар, - дея ҳикоя қилади Ҳамроев. – Бизда беркитадиган ҳеч нарса йўқ. Бизда ҳамма нарса жойида.

- Сергей Қулахмедович мени бир ёқли қилиш осон эмаслигини тушунганидан кейин, одамларимиздан менинг ўрнимга бошқа одамни сайлашни талаб қила бошлади, - дейди Ҳамроев. – Мен “марҳамат, мансаб курсисига ёпишиб олмаганман”, - деб айтдим. Шунда улар: Йўқ, сен ишлайвер, фақат биз билан муносабатингни ислоҳ қил, деб айтдилар. Қанақасига ислоҳ қилай? Ҳар сафар унинг олдига келганимда қўлимни сиқади, “бўлди, гап йўқ, ишлайвер”, - дейди. Хотиржам тортиб кетаман. Муаммолар эса кўпаяверади.

Ҳамза Ҳамроев “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига айтиб берганидек, у Томскка 1989 йилда келган ва маҳаллий педагогика институтига кирган, уч йил ўқиган, шундан кейин сиртқи бўлимга ўтиб, ўқишини давом этган ва ўша институтнинг ўзида ишлай бошлаган. Ҳамроев 1993 йилда Ўзбекистонга келган. Ўшанда унда совет паспорти бўлган. Ўзбекистон ўз паспортини жорий қилаётгани учун совет русумидаги паспортни Ҳамроевдан олиб қўйганлар.

- Ўзбекистондан чиқишнинг иложи бўлмади, - дея давом этади Ҳамроев. – Истиқомат қилишга ижозат олиш учун ариза ёзишга мажбур бўлдим. Ҳужжат уч ойдан кейин қўлга тегди. Аммо бу ҳужжат билан Ўзбекистонни тарк этиб, Россияга қайтиш мумкин эмасди. Россия элчихонасига мурожаат қилганимда, улар чет эл паспортини олишимни маслаҳат бердилар. Шундай қилиб, Россияга қайтиб бордим. 1993 йилдан бери ҳеч қаерга чиқмай яшаганим учун менга Россия фуқаролигини бердилар. Орадан тўрт йил ўтгач, Ўзбекистонда яшаш учун ижозатнома муддати тугади, мен ёзма равишда ариза юбориб, ижозатномани чўзмасликларини сўрадим. Ирисбаев яқинда Тошкентга бориб келиб, менга қачонлардир Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома берилганини аниқлаб келибди. Шунда у бизнинг туман паспорт бўлимига мендаги Россия паспортини олиб қўйишга кўрсатма берибди. Яқинда эса тасодифан ФМХБ мен ўқиган пединститутга бир неча сўровнома юборганини билиб олдим. Қаерда ўқиганимни ва ишлаганимни аниқлаяптилар.

Яқинда туман паспорт бўлимининг бошлиғи Ҳамроевни чақиртириб, унга Ҳамроевнинг паспортини олиб қўйишга ва уни Россия фуқаролигидан маҳрум этишга кўрсатма бўлганини айтибди. “Мен Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлмасам, фақат Россия Федерацияси фуқароси бўлсам, нега мени фуқароликдан маҳрум қиладилар? Менга Россия паспортини олган пайтимда Томскда яшаганимнинг исботини келтиришни айтдилар. Мен уларга эртаси куни меҳнат дафтарчамни, пединститутдан ва ЗАГСдан маълумотнома келтирдим. Бир ҳафта ўтгач эса яна чақиртириб, бошлиқларим билан вазиятни ҳал қил, дейишади. Нимани ҳал қилиш керак? Сергей Қулахметовичнинг олдига келсам, ҳар сафар мени илжайиб кутиб олади-да: Ҳаммаси яхши, муаммо йўқ, дея жўнатади”.

- Кеча мени адлия бошқармасига чақиртирдилар. Борсам, навбатдаги текширув ўтказилиши ҳақида маълум қилдилар, - дейди Ҳамроев. - Мен уларга “Ахир баҳорда текширгандингизлар-ку, бизда қонунбузарликлар йўқ”, деб айтдим. Улар эса муҳожирлик хизматидан уч марта хат келганини ва Томск вилояти ФМХБ илтимосига кўра навбатдан ташқари текширув ўтказилишини маълум қилдилар.

- Бошим узра жиддий хавф пайдо бўлди. Подъезддан чиққанимда ҳам хавотир оламан бошимга ғишт-пишт тушиб қолмаса, деб, - дея қайғули оҳангда давом этади Ҳамроев. – Ишга келиб ўйланиб қоламан – бугун яна чақирув қоғози, яна қаергадир чақиришяпти. Солиқ идоралари бир неча бор текширдилар. Нега? Ахир бизда молиявий даромадлар йўқ бўлса. Барибир... Бу вазиятдан қандай чиқишга ҳам ҳайронман. Бир умидим – Россия Федерал муҳожирлик хизмати директори Ромодановскийдан. Диаспоранинг Оқсоқоллар кенгаши унга хат билан мурожаат қилмоқчи.

* * *

Бугун Томск шаҳар “Ўзбекистон” миллий-маданий автономиясининг раиси Ҳамза Ҳамроев Россия федерал муҳожирлик хизмати директори Константин Ромодановскийга шикоят хатини юборди. Биз бу хатнинг нусхасини “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг раиси, “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази кенгашининг аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича РФ президенти ҳузуридаги кенгаш аъзоси Светлана Ганнушкинага юбордик.

Биз Россия федерал муҳожирлик хизмати мулозимларидан жавоб кутамиз. Ўз мактубига жавобни ва тақдирининг ҳал этилишини Томск шаҳрида яшаётган ўзбек миллати мансуб Россия ватанпарвари бўлган Ҳамза Ҳамроев ҳам кутмоқда. У билан таҳририятимиз орқали боғланишингиз мумкин.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлигига хатларингизни эса ferghana(at)fergananews.com манзилига йўллашингизни сўраймиз.