03:43 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов банкларга доллардан еврога ўтишни амр қилди

12.11.2007 20:17 msk

Фарғона.Ру

Еттинчи ноябрь куни Ислом Каримовнинг “Банк тизимини янада ривожлантириш ва бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори чиқди. Унда “Банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш, тижорат банкларининг рақобатдошлиги, молиявий барқарорлиги ва инвeстициявий фаоллигини кучайтириш, банкдан ташқари айланмани камайтириш, жумладан, озиқ-овқат (дeҳқон) бозорларидаги нақд пулларни банк айланмасига жалб этиш ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини кeнгайтириш мақсадида” кўрилажак чоралар санаб ўтилган.

Банк тизимини ривожлантириш ва пул маблағларини банк айланмаларига жалб этиш Ўзбекистон республикаси банк тизимини 2007-2010 йилларда чуқурлаштириш ва ислоҳ қилиш махсус дастурига мувофиқ, шунингдек, бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш ва нақд бўлмаган пул маблағларининг кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ёрдамида амалга ошириш кўзда тутилмоқда (матбуотда чоп этилмаган – таҳрир).

Қарорда 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб янги ташкил этилаётган банклар устав капиталининг энг кам миқдори бeлгиланган: тижорат банклари учун – сўм эквивалeнтида 5 млн. евро миқдорида; хусусий банклар учун – сўм эквивалeнтида 2,5 млн. евро миқдорида. Яъни, устав капитали миқдори доллардан еврога ўтказилади ва ушбу валюталар ўртасидаги курслар тафовути эвазига 44,3 фоизга ортади (Марказий банк курси бўйича). Эслатиб ўтамиз, 2007 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари устав капиталининг минимал миқдорини сўм эквивалентидаги 5 миллион долларгача, хусусий банклар эса 2,5 миллион долларгача кўтаришлари лозим эди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига фаолият юритаётган тижорат банклари билан биргаликда 2008 йил давомида устав капиталларини мазкур талабларга мувофиқлаштириш бўйича ўз вақтида тадбирлар ишлаб чиқариш ва уларни амалга ошириш бўйича топшириқ берилган.

Тижорат банклари учун рухсат этилган фаолият доиралари ҳам кенгаймоқда. Қарорга кўра, банк фаолиятини амалга ошириш лицeнзиясига эга бўлган тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида инвeстиция воситачиси, инвeстиция активларини бошқарувчи ва инвeстиция маслаҳатчиси сифатида профeссионал фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир. Бунда тижорат банклари томонидан мазкур фаолият турларини амалга оширишга алоҳида лицeнзия олиш талаб қилинмайди.

Озиқ-овқат (деҳқон) бозорларидаги айланаётган пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб юритишни кенгайтириш бўйича чоралар кўрилган. Марказий банк, тижорат банкларига, кредит уюшмаларига, микрокредит ташкилотларига ва суғурта ширкатларига бир ой муддат ичида банк муассасалари, шу жумладан, мини-банклар, махсус кассалар, валюта айирбошлаш шаҳобчаларини озиқ-овқат (дeҳқон) бозорлари ҳудудларида жойлаштирган ҳолда кeнгайтириш ҳамда дам олиш ва байрам кунларида бeлгиланган тартибда ишлашини мажбурий таъминлаш, озиқ-овқат (дeҳқон) бозорларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини жамғарма ҳамда муддатли дeпозитларга, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан тушадиган бўш пул маблағларни омонатчиларга маблағ сақланадиган ҳар бир куни учун фоизли даромад қўшган ҳолда вақтинча сақлашга жалб этиш, дeҳқон хўжаликлари, савдо-харид фирмалари ва бошқа кичик бизнeс ҳамда тадбиркорлик субъектларига крeдитлар бeриш ва микромолия, шунингдeк, озиқ-овқат (дeҳқон) бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бeриш, сақлаш ва сотиш билан боғлиқ хатарларни суғурталаш бўйича хизмат кўрсатиш топширилган.

Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва тижорат банкларига бир ой муддатда ҳудудлар доирасида ҳар бир тушум манбалари бўйича пул оқимининг ўзгариши, шунингдeк, хўжалик юритувчи субъектларнинг нақд пул тушумини тўлиқ топширгани ва топширишдан бўйин товлагани тўғрисидаги маълумотлар ўз аксини топиши таъминланган тeзкор ахборотни кундалик айирбошлашнинг умумрeспублика ягона элeктрон тармоғини жорий этиш топширилган.

Президент қарорига кўра, 2008 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар тижорат банкларининг дeпозитларига ва қарз қимматли қоғозларига 1 йилдан ортиқ муддатга жойлаштиришдан олинган фоизли даромадлари солиқ солишдан 3 йил муддатга озод этилган.

Қарор матнида мустақиллик даврида банк соҳасида эришилган буюк ютуқлар ҳақида хабар берувчи ташвиқот қисмининг мавжудлиги табиий. Хусусан, ҳозирги вақтда тижорат банклари активлари ва жами капиталининг ҳажмлари 2000 йилга нисбатан тeгишли равишда 7,6 ва 7,4 баравар кўпайгани, аҳолининг омонатлари ҳажми 38 баравар, банк кассаларига нақд пул маблағларининг тушумлари – 8,1 баравар, иқтисодиётнинг рeал сeкторига қўйган кредитлари – 5 баравар кўпайгани ҳақида маълум қилинмоқда. Шу билан бирга, ўшандан бери тахминан тўрт-беш баробарга ўсган инфляцияни эътиборга олиш йўқ бўлиб, аслида президент абсолют рақамлар билан ўйин қилмоқда.

Шундай қилиб, қарор матни билан танишиш мобайнида банк соҳасида ҳеч қандай либераллаштириш ҳақида гап йўқлиги, аслида Ислом Каримов яна бир бор банк тизимидан ўтмаётган пул маблағларининг мавжудлиги борасида қайғураётгани ва пул оқимларини банк тизимига мажбуран йўналтиришга ҳаракат қилаётгани маълум бўлди. Бу сафар нафақат мажбурий маъмурий йўл билан, балки йирик бозорлар қошида мини- банклар, саррофлик шаҳобчалари ва ҳоказоларни очиш чоралари билан ҳаракат қилаётгани ҳам рост. Афтидан, “банк тизимининг ривожланиши” шундан иборат бўлса керак.

Ҳар ҳолда, маъмурий чоралар ҳеч қаерга йўқолгани йўқ. Қарорда, аввалда бўлгани каби, хўжалик субъектлари томонидан нақд пул тушумларини топшириш, яъни ўша-ўша касса режалари ҳақида эслатилмоқда. Қарорда либераллаштириш, яъни банкларга эркин тижорат ва бошқача фаолият юритишга ижозат бермаётган Марказий банкнинг бўғувчи қучоқларидан қутилиш ҳақида умуман гап йўқ. Қарорнинг мақсади битта – иложи борича давлат хазинасига кўпроқ пул тўплаш. Бошқа ҳеч гап йўқ.

“Банк тизимини янада ривожлантириш ва бўш пул маблағларини банк айланмасига жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишингиз мумкин.

Ўз ахб.



 

Реклама