11:19 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тахтга ўтириш сирлари ёки Ислом Каримовнинг биринчи марта республикага қандай раҳбар бўлгани ҳақида

12.11.2007 19:36 msk

Фахриддин Файзиев, Фарғона.Ру

Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбари Ислом Каримов давлатнинг энг юксак лавозимига яна даъвогарлик қилмоқда. Ўзбекистонда президент сайловлари 2007 йилнинг 23 декабрь куни бўлиб ўтади, лекин ҳозирдан мамлакатни келгуси етти йил давомида ким бошқариши равшан. Ислом Каримов салкам йигирма йил аввал ҳокимият тепасига қандай қилиб келиб қолган?

* * *

1989 йилда КПСС Марказий Комитети СССР Олий Совети Миллатлар советига раислигига Ўзбекистон партия ташкилотининг раҳбари Рафиқ Нишоновни тайинлаш тўғрисида қарор қилган. Шунда унинг ўрнига кимни тайинлаш ҳақида савол туғилган. КПСС МК котиби Егор Лигачёв Сурхондарё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Солижон Мамарасуловни бу лавозимга мўлжаллаганди. Негаки, олдин Андижон вилоят партия қўмитасини, унгача сув хўжалиги ва мелиорация вазирлигини бошқарган, деҳқонга ўхшаган бу одам республикада “пахта иши” дея аталган давр мобайнида ўз шаънига гард юқтирмаганди.

Мамарасуловга кўра, у бундай шарафли, аммо хатарли лавозимдан бош тортган ва ўз навбатида, қўшни вилоятни бошқарган Ислом Каримовни тавсия қилган.

Лекин МК ташкилий ишлар бўлимига бошқа номзодлар, хусусан, Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси Мирзаолим Иброҳимов, Фарғона обкомининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Мамажон Йўлдошев ва Самарқанд обкомининг собиқ биринчи котиби Назир Ражабовни ҳам тайинлаш таклифлари бор эди. Аммо уларга тўлиқ ишонч билдирилмаган. Шунда КПСС МК қишлоқ хўжалиги бўлими мудири, энг аввало, сектор мудири, олдин Тошкент обкомининг иккинчи котиби бўлиб ишлаган Борис Истоминнинг фикри эътиборга олинган. У Ислом Каримовни Ўзбекистонда аграр сиёсатда тўғри позицияда турган, деб ҳисоблаганди.

Бу таклифни яна бир неча омиллар кучайтирган: Каримов қўшиб ёзишларга олиб келган ўзбек халқининг салбий томонларини кескин танқид қилиши ва Москва тарафидан Навоий вилоятига раҳбар этиб тайинланган Ефимовдан ташқари бошқа вилоятлар раҳбарлари билан намойишкорона алоқа қилмаслиги шулар жумласидандир. Бундан ташқари, Ислом Каримовнинг икки марта рус хотинга уйлангани ҳам ўз самарасини бермай кўрсатмай қолмаган.

Бу ерда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи раҳбари Акмал Икромовнинг хотини яҳудий миллатига мансуб бўлганини эслаш жоиз. Ундан кейин республика партия ташкилотини бошқарган Усмон Юсуповнинг хотини украин аёл бўлган. Ўша пайтда Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши раиси лавозимида ишлаган Абдужаббор Абдураҳмонов бўлса ўзига Татаристондан хотин танлаганди. Бундай амалиёт бошқа раҳбарлик лавозимларида ҳам тарқалганди. КПСС МК, Москва ва Россияга нисбатан Ўзбекистоннинг раҳбари томонидан мутлақ садоқатнинг кафолати сифатида Татьяна Каримованинг чиқиши кутилганди, аммо бу борада Кремль кадрлари катта хато қилдилар.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Москва газеталарининг Тошкентдаги вакили сифатида ишлаган журналистнинг хотираларидан:

“1989 йили Москвага кетаётганимда мендан “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг муҳаррири Аҳмаджон Мухторовга посилка олиб кетишимни сўрадилар. Аҳмаджон Мухторовни ҳамкасблари республика Журналистлар уюшмасига раис этиб сайлагандилар. СССР Олий Советига сайловларда журналистлар ижодий уюшмаси уни депутатликка номзодини кўрсатганлар. Унинг рақиби “Известия” газетасининг шарҳловчиси Александр Бовин бўлган. Ўшанда Мухторов ғалаба қозонган ва СССР Олий советига депутат бўлган.”

Москвага келишим билан Аҳмаджон акага телефон қилдим. Депутатлар яшайдиган “Москва” меҳмонхонасида учрашишга келишдик. Айтилган вақтда етиб бордим. Хонага кирганимда стол атрофида ўтирган уч кишини кўрдим. Ўша пайтда ТошДУ ректори бўлиб ишлаётган ва депутат бўлиб сайланган академик Эркин Юсуповни дарров танидим. Учинчисини зўрға эсладим – Қашқадарё обкомининг биринчи котиби Ислом Каримов.

Хонага кирганимда Ислом Каримовнинг “Билмадим, эплай олармиканман, партия ишлари бўйича тажрибам кам, иқтисодчиман”, деган гапини эшитдим. Бунга Аҳмаджон ака “Эплашингизга ишонамиз, керак бўлса, ёрдам берамиз”, дея жавоб берди.

Каримов мени кўриб ўрнидан туриб кетди ва менга тикилиб қолди. Хона эгаси бизни таништирди. Тез орада Каримов хайрлашиб чиқиб кетди. Шундан кейин Эркин Юсупов ҳам узоқ ўтиргани йўқ. Мен суҳбатнинг белига тепганим учун узр сўрай бошладим, Аҳмаджон ака парво қилмаслигимни, гапириладиган гаплар айтиб бўлинганини айтди. Фақат тез орада Ўзбекистонда катта ўзгаришлар юз беришини қўшиб қўйди ва Ўзбекистондаги ишлар ҳақида суриштира бошлади.

Мен маълум муддат Москвада юрдим ва юртдош депутатлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг гапларидан Ўзбекистон МК биринчи котиби лавозими учун анчагина жиддий жанглар кетаётганини англадим.

КПСС МК бир неча номзодларни кўраётганди. Аммо Аҳмаджон Мухторов бу лавозимга ўзининг юртдоши Ислом Каримовни ўтқазишга ҳаракат қилди. Унга халқ депутатларидан академик Эркин Юсупов, шоир Абдулла Орипов ҳамфикр бўлиб, халқ депутати қурултойи минбаридан ҳам, сиёсий саҳна ортида ҳам МК раҳбарлигига Ислом Каримовни сайлаш учун ҳаракат қилишдан тинмадилар. Пировардида унинг тарафдорлари улоқни олиб кетишга муваффақ бўлди ва Ислом Каримов МКнинг биринчи котиби этиб тайинланди.

Биринчи котиб бўлиб ишлаётган Ислом Каримов билан иккинчи учрашувимиз янги “Халқ сўзи” газетасининг таҳририятида бўлиб ўтди. Нашр биринчи сонининг чиқиши (1991 йил 1 январь) тантанали тарзда нишонланди. “Шарқ” полиграфия-матбуот концернининг ошхонасида зиёфат берилди ва унга турли ташкилотлардан меҳмонлар таклиф этилди. Етти қаватли нашриёт биноси олдида турганимда “Волга” машинаси келиб тўхтади. Ундан Каримов кузатувчиларсиз, ёлғиз ўзи тушди ва қаерга киришни билмай иккиланиб қолди.

Унинг олдига югуриб бордим ва саломлашдим. Ислом Абдуғаниевич қўлимни сиқиб, ҳол-аҳвол сўрай бошлади. Шундан кейин “Халқ сўзи” газетасининг нишона сони чиқиши муносабати билан учрашув қаерда ўтаётганини сўради. Мен уни ошхонага олиб кирдим ва Аҳмаджон аканинг олдига келдим. “Аҳмаджон ака, меҳмон келди”, - дея бош муҳаррирнинг қулоғига шипшидим. “Майли, бўш жойга олиб бориб ўтқиз”. “Йўғ-ей, қаранг ким келганини”.

Мухторов ниҳоят суҳбатдошидан юз ўгириб Ислом Абдуғаниевични кўриб қолди ва обрўли меҳмонни дастурхонга таклиф қилди. Каримов газетага ва унинг жамоасига ўз истакларини билдирди ва ижодий муваффақиятлар тилади. Кўп ўтмай, у зиёфат ва меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдириб, қайтиб кетди.

Шундай даврлар ва шундай одатлар бўлганди ўшанда. Ҳозир унинг машинасини кузатиб келаётган кортежларга қараб, яқиндагина бу одам кўчаларда оддий одам каби юрганига ишонгинг келмайди...

Тез орада Каримов ва Мухторов ўртасида тўқнашувлар бошланди. Бунинг сабабларидан бири газетада КПССнинг роли ва фаолиятини танқидий нуқтаи назардан баҳолаган мақола бўлган. Мақолада яккапартиявий тузум ўзини оқламагани, республика сиёсий майдонида кўп партиялар бўлиши лозимлиги, шунда жамиятнинг барча қатламларининг манфаат ва кайфиятлари эътиборга олиниши айтилганди. Ўшанда бундай материаллар эндигина русум бўлаётганди.

Ислом Абдуғаниевич ўшанда президент эди, аммо МК биринчи котиби вазифасини тарк этмаганди. Шунинг учун ҳам у партияни ҳимоя қилиши табиий эди. Коммунистик партия ва Шўролар Иттифоқининг меросхўри сифатида Россияни қоралашни у кейин бошлаган. Лекин ўшанда у Мухторов билан қаттиқ уришиб қолган. Бош муҳаррир кабинетига кириб қолиб, бехосдан бунинг гувоҳи бўлганман.

“Мен сиз билан президент сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида гаплашаяпман, - дер эди Мухторов. – Сиз учун яккапартиявий тузумнинг маъқул бўлиши бутун республика аҳолиси учун маъқул, дегани эмас. Ҳар бир одамнинг у ёки бу масалада ўз фикрини ифода қилишга ҳаққи бор. Партия қурилиши масаласида ҳам”.

Бу суҳбатдан кейин кўп ўтмай Аҳмаджон Мухторов “Халқ сўзи” газетасининг бош муҳаррири вазифасидан четлатилди. Раҳбариятнинг бу қароридан норози бўлган газета жамоаси иш ташлаш эълон қилди (республика ОАВ тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса). Ўшанда журналистлар биринчи ва охирги марта раҳбариятга қарши кескин чиқиш қилгандилар. Мухторовни газетага қайтардилар, аммо бироз вақт ўтгач, уни яна ишдан бўшатдилар. Бўлиб ўтган ҳодисалар унинг саломатлигига таъсир этмай қолмади. Кўп ўтмай, у вафот этди.

Ислом Каримов республикага раҳбар этиб тайинланганидан кейин Эркин Юсупов ҳам эл эътиборида узоқ тургани йўқ. Қандайдир камчилиги учун уни барча лавозиларидан четлатдилар, кўп ўтмай у ҳам нариги дунёга равона бўлди.



 

Реклама