05:09 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россияликнинг Ўзбекистондаги ҳаётдан қолган “шахсий таассуротлари”

10.11.2007 12:07 msk

Санкт-Петербургдан Андрей

Хотиним билан Тошкентда 2000 йилдан 2007 йилгача яшадик. Ҳозир Россияга қайтиб, Санкт-Петербургда яшаётганимизга саккиз ойдан ошди. Тошкентда биз таълимга оид бизнес билан шуғуллангандик. Энди эса “катта нарса узоқдан яхшироқ кўринади”, деган ҳикматга мувофиқ биз Ўзбекистондаги, хусусан, Тошкентдаги ҳаётга ўз муносабатимизни билдиришимиз мумкин. Тошкентдаги яшаган пайтимизда эсда қолган энг муҳим воқеалар ҳақида ўртоқлашмоқчимиз.

Тошкентга Россияда рўйхатга олинган машинада келдик, уни божхонада “вақтинча олиб кириш" тартибида ярим йил муддатга расмийлаштирдик. Бу ярим йиллик муддат ё 8 март куни ёки Наврўз куни (дам олиш куни) тугади. Олдиндан машинани расмийлаштириш учун қабул қилмадилар − эрта экан. Қисқаси, божхонага аввалги муддатимиз тугашининг эртаси куни мурожаат қилдик. Машинани божхона омборига олиб кириб қўйдилар ва “амалдаги қонунчилика мувофиқ” унинг мусодара қилиш амалиёти бошланди.

Чилонзор туман судида машинамизни қайтариб беришлари учун 200 “кўкидан” сўрадилар. Биз воқеликни россиячасига баҳолаганимиз учун пул тўлашдан бош тортдик. Чилонзор туман суди машинамизни қайтариб бериш юзасидан қарор чиқарди, аммо биздан ҳеч нарса ундира олмаган судья ўз қарорини чиқариб бўлиши биланоқ бу қарор бўйича прокурорнинг протести мавжудлигини айтди. Биз Чилонзор прокуротурасига бордик, у ердагилар барча масалани судья билан ҳал қилиб олишимиз лозимлигига шаъма қилдилар. Машинани мусодара қилдилар, адвокатлар орқали апелляцион шикоят аризасини бердик. Шаҳар суди машинамизни тўрт ой давом этган суриштирувлардан сўнг 500 доллар эвазига қайтариб берди.

Бу воқеадан сўнг, биз фақат қонун бўйича иш тутишлари лозим бўлган барча даражадаги суд ходимлари ва прокурорлар ўз хизмат вазифаларига тупурган ҳолда, абадул−абад кўкарган Америка пули учун ўзларининг кетларини ўпишга тайёр экан, деган хулосага келдик. Бир оз кейинроқ, ярим йилдан сўнг Давлат автомобиль назорати (ДАН) Йўл транспорти ҳодисаларини текшириш бўлими ходимларининг иши билан танишганимиздан кейин бу хулосанинг тўғрилиги ўз тасдиғини топди.

Атрофимизни ўраб турган воқеликни қабул қилишимиз ўзгара бошлади.

Биз йўл транспорт ҳодисасига аралашиб қолдик. М. Ашрафий кўчасидан чапга бурилаётганимизда орқамиздан бошқа машина келиб урилди. Шундан сўнг аввал текширув бўлимида кимошди савдоси бошланди. Текширувга ҳатто хитлар формасидаги полковниклар ҳам аралашди. Пул сарфланган бўлса-да натижа йўқ эди. Ишни Хамза туман судига оширдилар. Кимошди савдоси тўртта судья ва ушбу суд раиси иштирокида давом этди. Шундан сўнг “савдо” шаҳар суди биносига кўчди. Ярим йиллик тортишувлардан сўнг бериладиган поранинг нархи келтирилган зарар билан тенг бўлиб қолганида, биз ҳар қанча пул эвазига адолатга эришамиз, деган ниятимиздан қайтдик. Негаки, “савдо” олий судга кўчиб ўтиши билан сарфланажак пул миқдорининг ҳам ошиши аниқ тайин эди.

Чиндан ҳам атроф-воқеаликни қабул қилишимизнинг ўзгариши давом этиб борди. Кичик банк юристларидан бири билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг воқеликни қабул қилишимиз бутунлай ўзгарди.

Бу юрист Россияда таълим олган. Ўзини “омадсиз” деб ҳисоблаган ҳолда у бизга: “Россиядаги ҳаёт ҳам ҳаётми? Курсдошларимнинг ҳаммаси ўзларига прокуратура, милиция, солиқ тизимида тузук иш топа олганлари йўқ. Хусусий фирмаларда қандайдир адвокат, юридик маслаҳатчи бўлиб ишлаяптилар. Шу ҳам иш бўлдими?” дерди.

Шундан сўнг бизга Ўзбекистонда ҳаётнинг чинакам эгалари кимлиги тушунарли бўлди. Бу нарсани тушуниб олганимиз ҳаётимизни осонлаштирди: агар бундай одамларга уларнинг иш жойларига, эгаллаган лавозимига тупуришингизни кўрсата олсангиз, улар билан муомала қилганда, вазиятни ўзингиз бошқара оласиз. Ишонаверинг, биз бундан кўп маротаба фойдаландик. Қуйида мисол келтираман.

Юқорида ёзганимдек, бизнесимиз таълим билан боғлиқ бўлиб, бироз автотранспортга ҳам тегишли бўлган. Ташкилотимизда бир неча енгил машиналаримиз бор эди. Бир куни идорамизда “телефон жиринглаб қолди”. Гўшакни кўтардим, “Мен Чилонзор туман прокуратурасида ишлайман, сиз ўқув курсларини тугатганлик ҳақида қандайдир Эшмат Тошматовга гувоҳнома беришингиз керак, жуда зарур”, - деди гўшак ортидаги киши.

– Гап йўқ, эртагаёқ гувоҳнома бераман, олдимга келсин. Менга фамилиянгизни айтинг, бир танишимга очилган жиноий ишни беркитишга сиздан ёрдам сўрамоқчи эдим, жуда зарур.

– Мен лавозимни суиистеъмол қилиб, жиноят қила олмайман.

– Мен ҳам. Хайр".

У бошқа телефон қилмади. Эшмат Тошматов гувоҳнома олмади.

Бошқа воқеа. Ўзбекистонда “чўнтак” партияларнинг “чўнтак” парламентига сайлови бўлиши кутилаётганди. Офисда яна телефон жиринглаб қолди: “Чилонзор туман ҳокимининг биринчи муовини олдига келинг”. Келдик. У бизнинг автопаркка кўз олайтирган экан. Машиналаримиз ҳокимиятдаги тунги навбатчиликка бориши керак эмиш. Текинга. “Сайловларни пухта ташкил этишни таъминлаш мақсадида, фуқаролик бурчимизни бажарган ҳолда ва ҳоказо ва ҳоказолар”ни рўкач қилди. Унинг алжирашлари тугаганидан кейин:

- Ўзбекистон олдида фуқаролик бурчларимиз йўқ, биз Россия фуқаросимиз, Ўзбекистонга солиқ тўлаяпмиз, қарзимиз йўқ. Машина бермаймиз.

Ҳоким муовини кўкариб кетди: “Бинога электр бермай қўяман, сувни тўхтатиб қўяман!”

Биз унга, мана шу жойидан бошлаб секинроқ гапиринг, ёзиб олаяпмиз, агар бирор нарса қилсангиз, ўшанда кўрамиз ким кимга кўрсатишини, дедик. У гапини йўқотиб қўйди: “Ёзма равишда талабнома юбораман” – “Ёзма равишда рад жавобини оласиз”. Ҳанузгача талабнома ёзаяпти, Питерга жўнатса керак. Ҳалиям кутиб ётибмиз.

Бу менинг шахсий тажрибам. Ўзбекистондаги ҳаётнинг ўзи эса бир кўламли кампаниядан бошқасига ўтарди. Бу кампанияларнинг барчаси чиройли номга эга бўлиб, матбуот ва телевидениеда кенг ёритиларди. Бу кампанияларнинг мақсади битта - Ўзбекистонни УСПЕХистон (Муваффақиятистон), дея номлаш.

Улгуржи ва чакана савдони “тартибга солиш”дан бошладилар, яъни ҳар қандай савдони маън қилдилар. Бундай “тартибга солиш”дан кейин савдо учун нормал шароит фақат “Каримов & Co .” МЧЖ учун яратилди, холос. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси отчопар ишини регламенти тўғрисида қарор қабул қилди. Ўзбекистонликлар отчопарнинг республика миқёсидаги бозор эканини биладилар. Вазирлар маҳкамаси отчопардаги пулга кўз олайтириб, бозорга қўл чўзишдан ҳам ор қилмади. Шу билан бирга, “тартибга солинмаган”ларга қарши жиноий ишлар қўзғатилди. Мамлакатда отчопар пулларидан бошқа муаммо йўқ. Бошқа ҳамма нарса жойида.

Йўқ, ҳали ҳаммаси эмас. Одамларнинг нақд пули ҳаддан зиёд кўпайиб қолибди. Аҳоли бойиб кетибди. Шунда “банкдан ташқари пул айланмасини чеклаш” кампанияси бошландилар. Кимга мурожаат қилмайлик, бу кампаниянинг иқтисодий моҳиятини ҳеч ким тушунтириб бера олгани йўқ. Тадбиркорлар айланма маблағларисиз, ишчилар маошларсиз, қариялар пенсиясиз қолдилар. Қўшиқ ва рақслар орасида телевидение орқали мамлакатнинг турли вилоятларида нақд пулидан яхшиликча айрилишни истамаган одамларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилгани ҳақида сўзлаб бердилар. Пулни олиб қўйдилар, халқ бой бўлишдан маҳрум бўлди. Бошқа ҳамма нарса жойида.

Йўқ, ҳали ҳаммаси эмас. Пулни олиб қўйдилар, аммо уни қаерга жойлаш керак? Вагон-вагон ўзбек сўмлари кимга керак? Келинг, конвертацияни йўлга қўямиз. Йўлга қўйдилар, фақат ўзлари учун. Бир танишимиз Қозоғистондан бир неча вагонда ун келтирди, сўмга сотди ва конвертация қилиш учун жўнатди. Сўмларни махсус ҳисоб рақамларида музлатиб қўйдилар, доллар курси кўтарилмоқда, конвертация йўқ. Оқибати нима бўлди, билмаймиз. Аммо, шу шароитда ҳам ташқи дунё билан савдо қилмоқчи бўлганларга нисбатан жиноий иш қўзғатдилар. Йигитлар, ташқи савдо билан шуғулланаверинглар, тадбиркорлик эркинлиги тўла кафолатланган. Бошқа ҳамма нарса жойида.

Йўқ, ҳали ҳаммаси эмас. Халқ барибир қаердандир нақд пул олаяпти. Тадбиркорларда ҳам пул бор. Бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир савдо шаҳобчасига пластик карта бўйича тўлов қабул қилувчи терминал қўйиш керак. Маошларни ҳам фақат пластик картага ўтказиш лозим. Ҳеч қандай нақд пул ҳақида гап бўлиши керак эмас. Бутун ривожланган дунёда бўлгани каби. “Каримов & Co.” МЧЖ Хитойнинг қаеридандир арзон-гаров терминаллар ва карточкалар сотиб олди. Терминал сотиб олишни истамаганларнинг иши терговда. Банклар орқали терминалларни уч баробар қимматига сотиб бўлганларидан кейин “пластик карточка кампанияси” муваффақиятли тарзда тўхтатилди. Бошқа ҳамма нарса жойида.

Йўқ, ҳали ҳаммаси эмас. Миллий (Каримовнинг) бойликлари талон-тарож қилинмоқда. Тандирда газ ёқиб, нон ёпиш қандай вахшийлик! Ахир Каримов газни чет элга 100 доллардан сотиши мумкин, бу ерда эса уни қанақадир халқ учун қандайдир нон ёпишга сарф қилмоқдалар. Нон ёпиш учун фақат кўмир ишлатишга ижозат берилган. Каримовга кўмир керак эмас, жаҳон бозорида кўмирнинг бозори касод, кўмирдан қорайиб қолиш мумкин. Қўшиқ ва рақслар орасида телевидение орқали мамлакатнинг турли вилоятларида халқ бойлиги бўлган Каримов гази ўғриларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар ҳақида сўзлаб бердилар. Яна ҳаммаси жойида.

Йўқ, ҳали ҳаммаси эмас. Маълумки, ер ҳам “халқ” (Каримов) бойлиги эканлиги бўлиб ҳисобланади. Фарғона водийсида бир фермер аёл ижарага ер олди. Ерга “халқ” бойлиги бўлган пахта экмасдан, хусусий мулкчиликка оид шоли, қовун, буғдой экди. Ўзининг кучи етмаган қолган ерни эса субижарага берди. Унга қарши очилган жиноий иш бутун республика телевидениеси орқали ёритилди, табиийки, қўшиқ ва рақслар орасида.

Бироз тин олса ҳам бўларди, мамлакатда тартиб ўрнатилди, “халқ” бойлиги назорат остида, халқнинг пули йўқ, дами чиқмайди, валюта назорат остига олинган. Ҳаммаси жойида.

Йў-ў-ўқ, ҳали ҳаммаси эмас. Агар чиройли расмий рақамлар бўлмаса, дунёда ҳеч ким Муваффақиятистонни тан олмайди. Ўзбекистонда ижобий ташқи савдо сальдоси қайдан пайдо қолди? Жавоб оддий - расман импорт йўқ, ҳаммаси давлат томонидан рағбатланиб келинадиган контрабанда-ку, ахир. Ўзбекистоннинг кашандалари, айтинг-чи, сўнгги бор қачон акциз маркали легитим сигарет чекканингизни эслай оласизми? Ёки бу акциз маркаларини сигарет пачкаларида кўрдингизми ўзи? Айтгандек, контрабанда сигаретларини ҳамма хитлар, прокурорлар, божхона ходимлари ва барча қолган куч ишлатар тизимлари ходимлари сотиб оладилар ва ҳеч қандай чора кўрмайдилар. Нега? Чунки бу сигаретлар савдосидан тушадиган маблағлар тўппа-тўғри “Каримов & Co.” МЧЖ хазинасига бориб тушади. Мана энди ҳаммаси жойидалиги аниқ.

Йўқ, ҳаммаси эмас. Бюджет пуллари юзасидан баъзида, ҳатто ўзингизникилар олдида расман бўлса ҳам, ҳисобот бериб туриш керак. Агар бюджет пулларининг бир қисмини бюджетдан ташқарига олиб чиқиб, назорат остидан чиқарилса-чи? Унда ҳеч кимнинг олдида ҳисобот бермаса ҳам бўлаверади. Аммо, буни қандай уддаласа бўлади? Бунинг учун Ўзбекистон ёшларининг “Камолот” ҳаракатини тузиш ва унинг ҳисоб рақамига корхоналарнинг 10 фоиз солиқларини ўтказиш керак. Одамлар, бирортангиз “Камолот”нинг молиявий ҳисоботларини кўрганмисиз? Ахир сиз тўлаган солиқларингиз ўша ерда-ку!

Ҳамма нарса мутлақо соз бўлиши учун эса Ўзбекистон аҳолиси бу сайтга кира олмасликлари зарур. Уларга ачинаман.

Яна бир гап. Азбаройи адолат бўлиши учун. Ўзбекистонда маиший миллатчиликнинг йўқлиги Каримовнинг шахсий хизмати, деб биламан. Тошкентда яшаган давримизда бирор марта ҳам “Россиянгизга жўнанг”, деган гапни эшитмадик.

Ўзбекистондаги ҳаётдан олган шахсий кечинмаларимизни охиригача ўқиганингиз учун раҳмат.

Санкт-Петербургдан Андрей