11:45 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

2007 йил октябрь ойи охирида Тошкентда сотилаётган моллар ва кўрсатилаётган хизматлар қиймати

09.11.2007 07:33 msk

Ўз ахб.

Сотилаётган моллар ва кўрсатилаётган хизматлар қиймати акс этмиш жадвалнинг бу сони бироз бошқачароқ. Бу сон 2006 йилнинг октябрь ойидан буён чоп этиб келаётганимиз нарх наво ҳақидаги йиллик маълумотларга якун ясайди. Шунинг учун ҳам бугун биз хозирги нархларнинг ўтган йилги нархларга нисбатан қанчалик ўсганини солиштириб кўришимиз мумкин.

Сўнгги ойда нарх навонинг ўсиш суръати (2007 йил 30 сентябридан 31 октябригача)

Октябрь ойи давомида Ўзбекистон "қора бозори"да доллар нархи кескин кўтарилиб кетди. Йил бўйи аста-секинлик билан кўтарилаётган доллар 2006 йил октябридан 2007 йил октябригача 2,6 фоизга кўтарилган бўлса, октябрь ойининг охирида деярли икки кун ичида доллар 3 фоизга кўтарилди ва 1.330-1.340 сўмга етди (буни бошқача ҳам ифода этиш мумкин: ўзбек миллий валютаси сўм кескин қадрсизланди). Ўз ўзидан асосий маҳсулотларнинг нархи ҳам ошиб кетди.

Ўсимлик ёғи ҳамда сариёғ нархининг ошиши айниқса одамларнинг ғазабини келтирди. Бир ой аввал бир литр кунгабоқар ёғининг нархи 3.300 сўм, сариёғ эса 5.200-7.200 сўм эди. Бугун кунгабоқар ёғининг бир литри 3.700-4.000 сўмдан (12-21 %), сариёғ эса 5.000-8.000 сўмдан (11 %) сотилмоқда. Ўсимлик ёғининг нархи икки ойдан бери ошиб келаётганини қайд этиш жоиз. Август ойида бир литр кунгабоқар ёғининг нархи 2.200-2.400 сўм эди.

Ун нархи ҳам кўтарилди. Сентябрь охирида бир килограмм олий навли ун 1.150-1.300 сўмдан сотилган бўлса, ҳозир 1.200-1.300 сўмдан (+ 4,3 %) сотилмоқда. Ун ортидан барча нон маҳсулотлари қимматлашди, фақат 600 граммлик нон буханкалари нархини кўтаришга ҳукумат ижозат бермади. Бир йил давомида бу ноннинг нархи 17,6 фоизга кўтарилди, холос. Макарон нархи 10 фоизга ўсди, бир килограмм шакарнинг нархи 950-1.000 сўмдан 1.050-1.100 сўмгача кўтарилди (+ 9-10,5 %).

Сабзавот маҳсулотларидан ўтган ойга нисбатан бодринг нархи айниқса кўтарилди. Ҳосилдорлик пастлиги важидан бир килограмм бодринг нархи 300-700 сўмдан 1.600-2.000 сўмгача кўтарилди (+ 185-430 %). Булғор қалампири ҳам сезиларли даражада қимматлади – 300-400 сўмдан 800-1.200 сўмгача (+ 166-200 %).

Иш ҳақи, ижтимоий нафақалар, бензин нархи, жамоат транспортидаги йўлкира, коммунал тўловлар октябрь ойи давомида ўзгаришсиз қолди, аммо кўчмас мулк – ҳовли, квартира ва ер участкаларининг нархи аста секинлик билан кўтарилмоқда.

Сўнгги йил давомида нархнинг ўсиш суръати (2006 йил 31 октябридан 2007 йил 31 октябригача)

Тошкентда кўчмас мулк йил давомида доллар эквивалентида ўртача 35-100 фоизга ўсди. 2006 йил октябрида Тошкент четидаги бир хоналик квартиралар 8.000-11.000 долларга сотилган бўлса, ҳозир уларнинг нархи 13.000-25.000 долларга етди (+ 62 %). Ўша даҳадаги икки хоналик квартиралар 14.500-19.500 дан 19.500-33.500 долларгача (+ 35 % ), уч хоналик квартиралар 17.000-23.000 дан 26.000-50.000 долларгача (+ 53 %) кўтарилди. Хусусий уй қуриш учун ер участкалари 12.000-15.000 дан 12.000-30.000 долларгача (100 %) кўтарилди.

Бир йил давомида “ЎзДЭУавто” концернида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархи сезиларли даражада ошди. 2006 йил октябрида янги “Matiz” автомобилининг нархи 8.000-8.600 доллардан сотилган бўлса, ҳозир 10.000-11.800 доллардан сотилмоқда (+ 25-37 %). Янги “Nexia DOHC” нархи 12.500-16.000 дан 15.000-17.500 долларгача кўтарилган (+ 9-20 %).

2006 йил октябридан 2007 йил ноябригача Ўзбекистонда икки марта ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар кўтарилганди. Жами улар 40,7-50 фоизга, минимал иш ҳақи 10.800 сўмдан ($ 8,6) 15.525 сўмгача ($11,6) кўтарилди.

Шу билан бирга, коммунал тўловларнинг баъзи бир турлари ундан да кўпроқ кўтарилди. 2006 йил октябридан 2007 йил ноябригача квартира тўловларининг ўсиши 40-43 фоизга, ичимлик суви учун тўланадиган ҳақ ошиши киши бошига 72 фоизга тенг бўлди. АИ–80 бензини бир литрининг нархи 510 сўмдан 710 сўмга (+ 39 %) ошди. Жамоат транспортидаги йўлкира 160 сўмдан 250 сўмга (+ 56,25 %) кўтарилди.

Қўшни Қозоғистонда қурилиш кучайиб кетгани оқибатида бутун минтақада танқис бўлиб қолган цемент 80-140 сўмдан 200-300 сўмгача кўтарилиб кетди. Бу "кулранг модда"нинг нархи кўтарилишда давом этаяпти ва бу ўсиш қачон тўхташи ёки сусайиши номаълум.

Ун жуда ҳам қимматлашиб кетди. Бир йил олдин бир кило олий навли уннинг нархи 550 сўм эди, ҳозир эса 1.200-1.300 сўмдан (+ 118-136 %) сотилмоқда. Биринчи нав ун 450 – 500 сўмдан 1.000-1.100 сўмгача (+ 120 %) кўтарилган. Ўз навбатида оддий оби нон 125-500 сўмдан 250-1.400 сўмгача (+ 100-180 %) кўтарилган. Бошқа нон маҳсулотлари – макарон, печенье, булочка ва ҳоказолар нархлари ҳам ошган.

Шакар нархи тушганини қайд этиш жоиз. Бир йил аввал бир кило шакар нархи 1.100-1.200 сўм эди, ҳозир эса 1.050-1.100 сўм (-5% -8,3%). Канаданинг “Maple Lodge Farms” сосискаларининг нархи ҳам ўзгармаган (2.400 сўм).

Ушбу материал нарх–наво қимматлашуви сабабини очишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаганига қарамай, биз бу нарсани доллар курси ўзгариши билан боғлиқ, деб ҳисоблаймиз.

* * *

Қуйида 2007 йил 31 октябрь кунига келиб Тошкентда сотилаётган моллар ва кўрсатилаётган хизматлар қиймати жадвалини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Файилни очиш (350Кб )

АҚШ долларининг Ўзбекистон сўмига нисбатан расмий валюта алмаштириш шаҳобчаларида курси 31 октябрь кунига – 1 доллар учун 1.289-1.294 сўм; "қора бозорда" - 1 доллар учун 1.330-1.340 сўм. Марказий банк курси –1 доллар учун1.280,65 сўм.

Файлни (алоҳида саҳифада, 350Кб) очиш

31 октябрь куни қайд этилган долларнинг сўмга нисбатан курси: расмий саррофлик дўконларида 1 доллар учун 1.289-1.294 сўмни, “қора бозор”да 1.330-1.340 сўмни ташкил қилган. Марказий банк курси - 1 доллар учун 1.280,65 сўм.

Ҳисоб-китоблар валютани эркин алмаштириш мумкин бўлган ўртача курс – 1 доллар учун 1.335 сўмдан келиб чиққан ҳолда чиқарилди.



 

Реклама