05:28 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов яна етти йил Ўзбекистонга президент бўлишга рози

07.11.2007 01:43 msk

Умар Шарифов

6 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтди. Либерал демократлар 2007 йил 22 январь куни ваколати тугаган амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримовни шу йилнинг 23 декабрь куни бўлиб ўтажак президент сайловларида ўз партиясининг номзоди сифатида кўрсатишга якдиллик билан қарор қабул қилдилар. Каримов ҳам тихирлик қилиб ўтирмай, яна етти йил президентлик курсисини эгаллаш учун сайловда иштирок этишга рози бўлди.

Бизда мавжуд бўлган маълумотга кўра, у ЎзЛиДеп қурултойида сўзга чиқиб, ўзбек тилида нутқ сўзлаган ва агар уни президент қилиб сайласалар, ўзи амалга оширадиган улкан режалари дастурини баён қилган. Партиянинг матбуот хизмати бугун бўлиб ўтган қурултой материаллари эртага партияга қарашли “XXI аср” газетасининг махсус сонида чоп этилишини маълум қилди.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистон Конституциясига кўра, бир шахс қаторасига уч маротаба Ўзбекистон Республикаси президенти бўлиб сайланиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам ЎзЛиДеп қўғирчоқ партиясига Каримовнинг номзодини кўрсатиш топширилганини билган кузатувчиларни бу масаланинг қай тарзда амалга оширилиши ва қандай иборалар билан шакллантирилиши қизиқтирганди. Ҳар ҳолда, мана шунақасига очиқдан-очиқ, мамлакатнинг асосий қонунини эътиборга олмаслик ҳечам мумкин эмасди.

Кўриниб турибдики, мумкин экан. Ҳозиргача ҳеч қандай изоҳлар ёки тушунтиришлар ҳақида гап йўқ. Эҳтимол, Конституцияга керакли тузатишлар кейинчалик киритилар, балки бунинг кераги ҳам бўлмас: қонун исталган тарафга йўналтирилиб шарҳланиши ҳамма нарсани ҳал қилиши мумкин. Масалан, қурултой иштирокчиларидан бири бугун бизга норасмий тарзда қуйидагича изоҳ берди: “Конституцияга кўра, бир киши қаторасига икки муддатдан ортиқ президентлик лавозимини эгаллаши мумкин эмас. Аммо Каримов етти йиллик муддатда фақат бир марта президентлик қилди, шунинг учун ҳам у иккинчи марта етти йил муддатга сайланиши мумкин”. Яъни, бунгача у лавозимида етти йил (аслида эса саккиз йил) ўтирганининг аҳамияти йўқдек экан.

ЎзЛиДепнинг бугунги қарорига дастлабки эътирозлар ҳам пайдо бўлди. “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси”нинг фаоллари тезкорлик билан ўз баёнотларини ёйинлаб, Либерал демократлар партиясини Ўзбекистон Конституциясини бузганликда айбладилар ва “бир шахс икки муддатдан ортиқ президент бўла олмайди”, деб айтилган Конституциянинг 90 моддасини бузгани учун бу партияни жавобгарликка тортишни талаб қилдилар.

“Маълумки, Ўзбекистон фуқароси Ислом Каримов бир шахс сифатида қаторасига икки марта Ўзбекистон президенти лавозимини эгаллади ва икки бор тантанали равишда Ўзбекистон халқига садоқат ила хизмат қилишга, Конституция ва республика қонунларига оғишмай риоя қилишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинлигини кафолатлашга, чин ихлос билан Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажаришга қасамёд қилганди”, дейилади улар ёйинлаган баёнотда.

Либерал демократлар партиясининг бугунги қарори шов-шув сояси-ла тарқагани билан, аслида бу кутилмаган янгилик эмас. Бир ойдирки, Ўзбекистонда Каримовни учинчи муддатга президент қилиб сайлаш учун аҳолидан мажбурий равишда имзо йиғилмоқда. Имзо йиғиш йирик саноат корхоналари, ташкилот ва муассасалари раҳбарларига, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раисларига топширилган. Раҳбарларга имзо қўйишдан бош тортганларга нисбатан имконлари доирасида тазйиқ ўтказиш тавсия этилган.

Бизга келиб тушган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар наркология диспансерида никоҳдан ўтишни истаган ёшларга, то улар Ислом Каримовни қўлловчи имзо варақаларига қўл қўймагунларича, соғлиғи ҳақида маълумотнома берилмаяпти. Бу маълумотнома бўлмаса, ЗАГС никоҳ учун ариза қабул қилмаяпти. Гарчи анча қийин бўлса-да, “имзо йиғувчилар” уйма-уй, хонадонма-хонадон айланиб юрибдилар. Улар “Президент сайлови тўғрисида”ги қонунда кўзда тутилган Ўзбекистондаги барча сайловчилар умумий сонидан жами беш фоиз миқдорида имзо тўплашлари лозим.

Шундай қилиб, бугунги қурултой ҳеч ким шубҳа қилмаган нарсани исботлади: Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келган шахс бундан буён ҳам яна республикага раҳбарлик қилаверади. Шу тариқа, 70 ёшли Ислом Каримов (январда у шу ёшга етади) учинчи марта президент бўлади ва ҳойнаҳой, то қазоси етгунича Ўзбекистонга ҳукмронлик қилади. Агар у навбатдаги муддати тугашидан олдинроқ вафот этмаса, у ҳолда етти йилдан сўнг мамлакатда Ислом Каримовнинг навбатдаги сайлови бўлиб ўтади.