23:23 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Пахта даласидаги болалар. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси “раддия билдиради”

05.11.2007 16:04 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси матбуот хизмати мамлакат қишлоқ хўжалигида болалар меҳнатидан асло фойдаланилмаслиги ҳақида қатъий баёнот берди. Ушбу баёнот ВВС телеканалида Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилиши мавзусига бағишланган ва яқинда намойиш этилган кўрсатувга жавоб бўлди.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси баёнотида “Ўзбекистоннинг пахта етиштириладиган вилоятларида болалар меҳнатидан фойдаланилиши” муаммоси бўйича Ўзбекистонга қарши ҳақиқий ахборот хуружи авж олгани, сўнгги пайтларда фаоллашган бу кампания “ҳақиқатдан йироқ ҳамда мамлакатга сиёсий ва иқтисодий босим ўтказишга уринишдан иборат эканлиги” айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Лондондаги дипломатик ваколатхонаси ходимлари Ўзбекистонда пахта далаларида болалар меҳнатидан ўн беш йигирма йиллар аввал фойдаланган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайдилар. Шу муносабат билан ўзбекистонлик дипломатларда “нега Ғарбда, айниқса, Буюк Британияда бу муаммога қизиқиш эндигина пайдо бўлди?” деган савол туғилган.

Тошкентдан қай тарзда “жавоб бериш” юзасидан кўрсатма олган ўзбекистонлик дипломатлар мунофиқликларининг чек-чегараси йўқ. Улар адолатли тарзда “Ўзбекистон аҳолисининг шаклланган тарихий менталитети, уларнинг болаларга муҳаббати акс этган мамлакат меҳнат қонунчилиги ҳаммага маълум”, дея билдирадилар. Аммо шундан сўнг элчихона мулозимлари “Ўзбекистонда ҳатто ўн беш ёшли болалар ҳам ота онасининг ёзма равишда берган рухсатномаси билан ишлаши мумкин”, дея маълум қиладилар.

Элчихонадагиларга кўра, Ўзбекистон республикаси қонунчилиги “пахта далаларида ва қишлоқ хўжалигининг бошқа секторларида болалар меҳнатининг ҳар қандай кўринишини таъқиқлайди”.

Боз устига, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ўз мухолифларини ва бутун дунё ҳамжамиятини “қонунчилик меъёрларига амал қилиниши турли тузилмалар, шу жумладан, мамлакат Омбудсмени ва унинг вилоятдаги, парламент назорати муассасаларидаги, шунингдек, Ўзбекистонда сони беш мингдан ошиб кетган (!) нодавлат ташкилотларидаги вакиллари томонидан назорат қилиниши таъминланади”, дея ишонтирадилар.

Ўзбек дипломатларига қойил қолмай иложингиз йўқ. Ўзларининг мустаҳкам ишончлари ила улар “ашаддий инсинуациялар” ва “ахборот кампаниялари”ни ҳақиқатдан ҳам йўққа чиқариб ташладилар. Ўзбекистоннинг пахта далаларига анчадан буён болалар чиқмай қўйган..

Сиз шу гапга ишонасизми?..