10:42 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пойтахт расмийлари аҳолини Ислом Каримов номзоди учун имзо чекишга мажбур қилмоқдалар

05.11.2007 16:02 msk

Шавкат Акбаров

Ўзбекистондаги туман, шаҳар ва вилоят ҳокимиятлари номзоди қайтадан президентликка кўрсатилган Ислом Каримов учун имзо тўплаш кампаниясини ўтказмоқдалар.

“Кеча ҳамма имзо варақаларини биринчи бўлиб тўлдириб, ҳокимиятга топширдик”, дейди сирли жилмайган ҳолда маҳалламиз фуқаролари йиғини (МФЙ) раиси. Ўзимни гап нима устида кетаётганига тушунмаганга олиб, “қандай имзо варақачалари”ни назарда тутаётганини сўрадим. Раиснинг аччиғи келиб, қўлини силтаб: “Ахир сайлов яқинлашиб қолди, Каримовни қўллаб, аҳолидан имзо тўплаш учун топшириқ беришди-ку, буни биз қисқа муддат ичида бажардик”, - деди.

Баъзи бир тошкентликларга кўра, бутун мамлакат бўйлаб имзо варақаларини “тез орада тўлдириш” тадбирлари бўлиб ўтган. Қаердадир варақалар ҳақиқий одамларнинг ҳақиқий имзолари билан тўлдирилган бўлса, баъзи жойларда қалбакилаштирилган. Буни ҳам тушунса бўлади: қайси элликбошининг уйма уй юриб, одамларнинг пичинг тўла дашномларини эшитгиси келади ахир. Ҳар ҳолда, фуқароларнинг аксарияти ўз ҳиссиётларини намойиш этмай, ортиқча гап сўзсиз варақаларга имзо чекканлар.

Аммо амал курсисида ортиқча муддат ўтириб қолган давлат раҳбарини қўллашдан ошкорасига бош тортганлар ҳам бўлдилар. Улар мамлакат Конституциясига кўра, бир киши икки муддатдан кўпга сайланиши мумкин эмаслигини рўкач қилмоқдалар. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) раиси Сурат Икромов гапириб берди. Унга кўра, имзо тўплаш тадбири Тошкент шаҳар Юнусобод даҳаси Шаҳристон кўчасида истиқомат қилувчи аҳолининг ғазабини қўзғатган.

“Аммо амалдаги президентни қўллаш учун имзо тўплаш ташаббуси билан чиққан ҳокимият ва МФЙ вакиллари фуқароларга босим ўтказганлар ҳамда уларни турли таҳдидлар ила имзо қўйишга мажбур қила бошлаганлар”, дейди Сурат Икромов. ЎМҲҲТГ раиси маҳаллий ҳокимият вакилларининг бундай ҳаракатларини Ўзбекистон президентини сайлаш тўғрисидаги қонунни қўполдан қўпол равишда бузиш, деб атади.

Қонунга кўра, ўзлари кўрсатган номзод учун имзо тўплаш жараёнини сиёсий партиялар ёки ташаббускор гуруҳ вакиллари амалга оширишлари лозим. Маъмурий ресурслардан фойдаланиш қатъиян таъқиқланган. Имзо тўплаган шахс имзо варақасига ўзи қўл қўйиши, фамилияси, исми ва отасининг исмини, яшаш манзили, паспорт рақами ва сериясини кўрсатиши лозим. Шунингдек, сиёсий партиянинг тегишли туман, шаҳар тузилмаси раҳбари, сайловчилар ташаббускор гуруҳининг вакили имзо варақасини ўз имзоси билан тасдиқлиши лозим.

Шаҳристон кўчасидаги уйлардан бирида яшовчи кишининг таъкидлашича, амалдаги президентни қўллаш учун имзо варақалари МФЙ раисларига Юнусобод ҳокимияти ҳузуридаги хотин қизлар қўмитаси раиси томонидан берилган. “Домқўм хонадонма хонадон айланиб, ҳокимият топшириғини бажараётганини рўкач қилиб, аҳолидан Каримов учун имзо қўйишларини сўраган”, дея маълум қилди уйда яшайдиган аёллардан бири. Унинг қўшнисига кўра, кўпчилик бошқа номзодлар билан ҳам танишишни исташларини ва ундан кейин ихтиёрий равишда ўзлари танлаган одам учун имзо қўяжакларини айтиб, Каримов учун имзо чекишдан бош тортганлар. Аммо, домқўмнинг қаттиқ илтимосидан сўнг улар имзо варақаларига ўз имзоларини қўйганлар. Манбаларнинг қайд этишларича, номзодни кўрсатган сиёсий партиялар вакиллари имзо тўплаш жараёнида иштирок этмаганлар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича марказ директори Акмал Саидов номзодини кўрсатган ташаббускор гуруҳининг аъзоси, таниқли адвокат Гулнора Эшонхоновага кўра, имзо тўплаш жараёнида қонунга хилоф ҳеч нарса йўқ. “Бу номзодни кейинги босқичга ўтказиш учун қонуний жараён бўлиб, ҳамма шундай қилади. Бу масалада амалдаги қонунга риоя қилиш керак, холос”, дея қайд этди Эшонхонова.

“Ўзбекистон президентини сайлаш тўғрисида”ги қонунга кўра, “сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларида саккизтадан кам бўлмаган маъмурий ҳудудий тузилмалардан (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) Ўзбекистон республикаси барча сайловчилари умумий сонидан беш фоиздан кам бўлмаган миқдордаги сайловчиларнинг имзоси бўлиши керак. Битта маъмурий ҳудудий тузилмадан сиёсий партия умумий сайловчилар сонидан саккиз фоиздан кўп бўлмаган миқдорда имзо тўплашлари мумкин”.

Қонунда “имзо йиғувчи шахс тарафидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларнинг имзосини сотиб олишнинг ҳар қандай шакллари қонунда тегишли тарзда жавобгарликка тортилишга олиб келиши мумкин”, дея қайд этилган. Аммо имзо тўпловчи шахсни жавобгарликка тортиш учун бундай қонунбузарлик содир бўлганини тасдиқловчи фуқароларнинг мурожаатномаси бўлиши зарур. Бунақа мурожаатномалар эса йўқ, албатта.

Мамлакат президентлигига бошқа номзодлар учун худди шундай тадбирлар ўтказилганлиги ҳақида маълумотлар йўқлигини қайд этиш жоиз. Ҳар ҳолда, пойтахт маҳалла қўмита раисларидан бирига кўра, бошқа сиёсий партиялар вакиллари ҳам ўз ўзини бошқариш идораларига имзо тўплашда ёрдам сўраб мурожаат қилганлар, аммо уларга рад жавоби берилган. Маҳалла қўмитаси раисига кўра, у “маҳалла аҳолиси бошқа номзодларни унчалик яхши танимайдилар, шунинг учун улар ҳамма билган номзод учун имзо чекишга рози бўлганлар, холос”.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги давлат раҳбарини президентликка номзоди Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг 4 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлиси чоғида кўрсатилган.

Ислом Каримов Ўзбекистонда президент курсисини эгаллаганига ўн етти йил тўлди. Илк бор Ислом Каримов 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Советининг сессиясида сайланган. 1991 йил 29 декабрь куни эса альтернатив асосда ўтган умумхалқ сайловларида И.Каримов Ўзбекистон Республикаси президенти бўлиб сайланган.

1995 йил 26 март куни умумхалқ референдуми натижасига кўра И.Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилгача узайтирилган. 2000 йил 9 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги сайловларда Ислом Каримов яна президент бўлиб сайланган.

ЎзЛиДеПдан фарқли равишда қолган партиялар парламентдаги ўз фракциялари етакчиларини номзодини кўрсатишга қарор қилганлар. “Фидокорлар” партияси Ахтам Турсуновни, “Миллий тикланиш” Хуршид Дўстмухамедовни, ХДП Аслиддин Рустамовни, “Адолат” Дилором Тошмухамедовани президент ўлароқ кўришни истаган. Қандайдир ташаббускор гуруҳ эса президент лавозимига Инсон ҳуқуқлари бўйича маркази директори Акмал Саидовни кўрсатган.