14:33 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент ерости йўлидаги хитларнинг бошбошдоқлиги

24.10.2007 16:47 msk

Фарғона.Ру

Бугун Ўзбекистонда бир киши бошидан кечирган воқеани чоп этмоқдамиз. Унда Ўзбекистон вилоятларининг биридан пойтахтга келган йигит бошидан кечирган қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилинади. “Бу фақат бир киши дуч келган воқеа, холос”, - дейиши мумкин бошқа бир муштарий. – “Ҳар нарса бўлиши мумкин, ҳамма милиционерлар ҳам келгиндиларни тўнайвермайдилар-ку”. Бироқ муштарийларимиздан келган мактубларда бунга ўхшаш воқеалар тез-тез учраб туради. Шунинг учун ҳам мазкур воқеа типик ҳодиса ўлароқ қаралиши мумкин.

“Фарғона.Ру” АА таҳририяти эса анъанага кўра муштарийимиздан келган мактубдаги мавзуни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқади.

Кўнгилли мухбиримиз томонидан баён этилган милиция ходимининг хатти-ҳаракатлари давлат ҳокимияти вакилини безармикан?

Оддий фуқаро қўлида таёғи бўлган давлат хизматчиси ўзбошимчалигига қандай қарши тура олади? Нима учун мамлакат ҳукумати ва турли даражадаги расмийлар бундай ҳодисалар ҳақида эҳтимолан билганлари ҳолда ҳеч қандай чора кўрмаяптилар?

Бу борадаги фикрларингизни изоҳлар саҳифасида қолдиришингиз мумкин.

фото

Тошкент метрополитенидаги милиционернинг машъум сояси. Фарғона.Ру АА фотоси.

“Ассалому алайкум, ҳурматли “Фарғона.Ру” таҳририяти!

Ўзбекистон жон бошига милиционерлар миқдори бўйича МДҲда (агар бутун дунёда бўлмаса) биринчи ўринни эгаллаши ҳақида фикр мавжуд. Ўзбекистоннинг исталган шаҳрининг кўча ва майдонлари милиционерларга тўлиб кетган. Бироқ улар Тошкентда, айниқса, пойтахт марказида ҳамда Тошкент метрополитени ҳудудида янада кўпроқ.

Тартиб посбонлари фақат ўзларининг бевосита ишлари бўлган тартиббузарликлар олдини олиш ва жамоатчилик тартибини қўриқлаш билангина машғул эмаслар. Улар келгиндилар пулини олиш билан ҳам фаол шуғулланадилар. Бунга ҳар куни республиканинг бошқа туман ва вилоятларидан пойтахтга ўз ишлари билан келган ўн минглаб кишилар амин бўлмоқдалар.

Меҳмонларни “Тошкент” автобекати ёнида жойлашган “Собир Раҳимов” метро станцияси милиционерлари биринчилардан бўлиб кутиб оладилар. Вилоятликлар кўп ҳолларда ўз ҳуқуқларини унча яхши билмасликларини билган ноҳалол милиционерлар номавжуд қонун ва моддаларни тўқиб-бичишиб, талончилик билан шуғулланмоқдалар.

Масалан, 2007 йилнинг 17 октябрь куни ўзини сержант Бердиёров деб таништирган милиционер мени йўл-йўлакай маъданли сув ичиб кетаётганим учун тўхтатди. Бердиёров мени хизмат биносига олиб кирди ва гувоҳлар иштирокисиз чўнтакларимни титиб чиқди. Бердиёров чўнтагимдан Ўзбекистон сўмлари ва Қозоғистон тенгеларини топди.

Миллий валютага нисбатан мутлақо ҳурматсизлик кўрсатган ҳолда, менинг чет эл валютасини олиб юришга ҳуқуқим йўқлигини айтиб, айнан тенгени олиб қўймоқчи бўлди. Мен қатъий оҳанг билан ўзимнинг исталган ўзбекистонлик фуқаро қатори чет эл валютасини олиб юришга ҳақли эканимни ва агар у пулимни қайтариб бермайдиган бўлса, тўппа-тўғри ИИВга бориб, унинг устидан арз қилишимни айтдим. Бунақа баёнотдан кейин у менинг пешона тери тўкиб топган пулларимни қайтариб бериб, ўзимни қўйиб юборди.

Шу ўринда савол туғилади: Тошкент шаҳар милиционерлари кунига қанча келгиндини “шилар” эканлар? Бу бошбошдоқлик ҳақида мамлакат ички ишлар вазири билармикан? Одамларни тўнаш орқали милиционерлар қанча кишини амалдаги расмийларнинг яширин душманига айлантираётган эканлар?

Мен бу мамлакат миллий хавфсизлигига дохил муаммо, деб ўйлайман. Ахир бунақа “меҳмондўст” пойтахтда бўлиб, милиционерлар томонидан тўналган деҳқон ўз ҳамқишлоқларига нима ҳақида гапириб бериши мумкин?

Гарчи мен журналист эмас, балки оддий чилангар бўлсам-да, ушбу хатимни чоп этишингизни илтимос қиламан.

Ҳурмат билан,

Муҳаммад, Фарғона шаҳри”.