16:59 msk, 24 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги уран қабристонлари ҳали ҳам Марказий Осиё экологиясига хавф солмоқда

22.10.2007 13:19 msk

Фирдавсий

Фарғона водийсида жойлашган уран конлари ва чиқиндихоналари мавзусига “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги аввал ҳам бир неча бор мурожаат қилганди. Бугун муштарийлар эътиборига бутун Марказий Осиё минтақаси экологиясига жиддий хавф солаётган Қирғизистондаги асосий уран чиқиндихоналарининг қисқача тавсифномасини ҳавола этамиз.

* * *

Қирғизистонда уранни қирқинчи йиллар ўрталаридан бошлаб совет ядро дастурини амалга ошириш ва ўша пайтда қурилган электр станцияларини хом ашё билан таъминлаш учун қазий бошлаганлар. Ўша пайтларда уран конлари яқинида жойлашган Қирғизистон шаҳар ва қишлоқлари ёпиқ жойлар бўлганди. Масалан, Қирғизистон уран конларидан бири жойлашган Мойлисой шаҳри “200-сонли почта қутиси” деб аталган. Бугунги кунда бу шаҳар Марказий Осиёдаги экологияси энг ёмон аҳоли пункти ўлароқ тан олинган. Атроф-муҳит жабҳасидаги тадқиқотлар билан шуғулланувчи Американинг Блэксмит институти 2007 йилдаги ўз ҳисоботида Мойлисойни дунёнинг энг ифлосланган ўттизта шаҳри қаторига қўшган.

Қирғизистонда уран ишлаб чиқариш 1968 йилгача давом этган. Кейин номаълум сабабларга кўра конлар ёпилган, бироқ уран чиқиндилари кўмилган қабристонлар қолган. Уран қазиб олинган шахталар яқинида жойлашмиш чиқиндихоналар Фарғона водийсида истиқомат қилувчи миллионлар кишиларнинг соғлиғига хавф солиб келган. Бироқ совет даврида бу ҳақда гапирилмаган.

Уран чиқиндихоналарининг бутун Марказий Осиё экологиясига хавф солиши ҳақида бор-йўғи ўн йил аввал жиддий гапира бошлаганлар. Ўша пайтда хўжасиз қолган чиқиндихоналарнинг катта қисми ўз вақтида таъмирлаш ишлари олиб борилмагани учун хавфли табиий жараёнлар таъсирига дучор бўлган. Аммо бюджетда пул камлиги учун Қирғизистон ҳукумати бу хавф-хатарларни ўз вақтида бартараф қилолмаган ва мазкур экологик хавф-хатар ўчоқларини зарарсизлантиришга МАГАТЭ ва Жаҳон банки каби обрўли халқаро ташкилотлар бош қўшганлар. Бироқ вақтдан ютқазилганди ва бугунги кунда Қирғизистон уран чиқиндихоналарини зарарсизлантириш катта маблағ талаб қилади.

Қирғизистонда бешта асосий уран қабристони – Мойлисой, Қораболта, Минқуш, Қажисай ва Ақтуз қабристонлари мавжуд. Бироқ улардаги чиқиндихоналар сони маълум эмас. Тадқиқотчи Юрий Груздов Қирғизистонда чиқиндихоналар сони ўттиз учта эканини таъкидлайди, унинг мазкур муаммо бўйича ҳамкасби Рената Есембаевага кўра эса, уларнинг сони ўттиз бешта. “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати республика Экология ва фавқулодда ҳолатлар вазирлигидаги манбаларига таянган ҳолда Қирғизистон аслида йигирма бешта чиқиндихона ҳамда радиоактив моддалар сақланадиган яна элликта жой борлигини хабар қилади.

Рақамлардаги фарқни мазкур мавзу юзасидан тадқиқотларни таҳлил қилиб чиққандан сўнг ойдинлаштириш мумкин. Бу борада Юрий Груздов қуйидагиларни маълум қилади: “1998 йили мамлакатда чиқиндихоналар бўйича экологик ахборотларнинг марказлашган маълумотлар омбори мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Авваллари чиқиндихоналарга дохил барча техник маълумотлар бевосита Москвадаги бошқарув идораларига бериб бориларди. Шунинг учун ҳам мамлакат бугунги кунда маҳаллий тўла архивлар йўқ”.

Рената Есембаеванинг фикрича, Қирғизистон ҳукумати бу масалага етарлича эътибор қаратмаяпти. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига мувофиқ, чиқиндихоналарни зарарсизлантириш учун ўттиз бир миллион АҚШ доллари талаб этилади, Қирғизистон ҳукумати эса атиги етмиш минг доллар ажратган. “Авария ишларига режадаги харажатларнинг бор-йўғи ўн фоизи сарф қилингани шу йилнинг ўзидаёқ чиқиндихоналар бузилиши мумкинлигидан дарак беради. Бу муаммони назорат остида тутиш учун, шу жумладан, ҳозирги пайтда умуман олиб борилмаётган реабилитацион ишларни ўтказиш учун ҳукумат ҳар йили икки юз-уч юз миллион сўм (1 АҚШ доллари 35 сўмга тенг) ажратиши лозим. Шунинг учун ҳам, биз ҳар доимгидек чет эллик марҳаматли “амаки” ва “хола”ларнинг грантларига умид боғлаб турибмиз”, - деб ёзади Р.Есембаева.

Уран қабристонлари авария ҳолатида экани ҳақида Қирғизистоннинг давлат оммавий ахборот воситалари ҳам хабар қилмоқдалар. Дейлик, “Қабар” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Иссиқкўл биосфера қўриқхонаси ёнида ўта жиддий аҳвол юзага келган. “Қажисай чиқиндихонасида олти юз куб метрдан зиёд радиоактив моддалар мавжуд, чиқиндихонанинг ўзи эса бузилиш хавфи остида турибди. Буларнинг ҳаммаси кўлга тушиб кетиши мумкин”, - деб ёзади “Қабар”.

Уран хавфи ўчоқлари

Қирғизистондаги уран қабристонларининг бешаласи ҳам хавф даражасига кўра уч тоифага бўлинган. Биринчисида чиқиндихона очилиб кетиш эҳтимоли мавжуд бўлиб, унинг оқибатида қурбонлар бўлишига олиб келиши мумкин. Иккинчи тоифа аҳоли саломатчилигига таъсир этиб, бевақт ўлимга сабаб бўлиши мумкин бўлган хавф билан характерланади. Учинчиси иқтисодий, ижтимоий ёки экологик бўҳронга олиб келиши, аҳоли саломатчилиги ва турмушига хавф солиши мумкин.

Мойлисой уран қабристони. Расмий маълумотларга кўра, бу қабристоннинг йигирма уч чиқиндихонасида икки миллион тонна уран чиқиндилари сақланади. Ўн олти тиндиргичда бир миллион тоннага яқин радиоактив модда сақланади. Бу ерда кўчки, сел ва тупроқнинг емирилиши каби ҳодисаларнинг бирдан фаоллашуви уран қабристонининг бузилишига олиб келиши мумкин. У ҳолда радиоактив моддалар Мойлисой дарёси орқали Фарғона водийси сувларига ва энг даҳшатлиси, Сирдарё ҳавзасига тушади. Экологлар фикрича, бу ҳолда ҳудудий экологик ҳалокат рўй беради, оқибатда бу қўшни давлатлар эътирозларини юзага келтиради, жазо чораларига сабаб бўлади, аҳолига бериладиган ижтимоий нафақалар ошади, ижтимоий эҳтиёжлар ва соғлиқни сақлаш учун сарфланажак харажатлар ўн баробар ошади.

Минқуш уран қабристони. Бу қабристон устидан кузатув ва назорат билан, тадқиқотчи Ю. Груздовнинг таъкидлашича, 1991 йилгачаёқ шуғулланганлар. Сўнгги йиллар мобайнида бу ерда бирор марта ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Радиация даражаси 100 мкР/соатдан 1140 мкР/соатгача бўлиб туради. Агар бундан буён ҳам мазкур объектга етарлича эътибор берилмаса, радиоактив моддалар Туюқсув дарёсига тушиб, маҳаллий аҳоли учун жиддий хавф манбасига айланиши мумкин.

Қораболта уран қабристонидан 1955 йилдан 1993 йилгача фаол фойдаланилган. Охирги пайтларда маблағ йўқлиги туфайли бу қабристон устидан мониторинг кескин қисқартирилган. Бу ердаги радиация даражаси 800 мкР/соатдан 1000 мкР/соатгача. Бу қабристонни тадқиқ этган чет эллик мутахассислар Қораболта чиқиндихоналари геотехник жиҳатдан барқарор эканлигини ва муайян даражада хавфсиз эканини таъкидлайдилар. Бироқ бевосита чиқиндихоналар ёнида бўлган кишиларнинг нурланиш таъсирига тушиб қолиш хавфи бор.

Қажисай уран қабристони. Бугунги кунда қабристондан икки ярим километр нарида жойлашган Иссиқкўл энг кўп хавотирларга сабаб бўлмоқда. Ҳар томонлама мониторинг юритиш дастури бу ерда амалга оширилаётгани йўқ. Радиация фони 180-190 мкР/соатни ташкил қилади. 2003 йилда Евроиттифоқ бу объектда “Коперникус” лойиҳасини амалга оширган. Чет эллик мутахассислар қабристонни қатъий Европа стандартларига мувофиқ текширганлар. Уларнинг маълумотларига кўра, радиацион ифлосланиш кўлда ҳам, ерости сувларида ҳам топилмаган. Аснода, Қирғизистон ОАВ хабарларига кўра, Қажисай чиқиндихонаси авария ҳолатида турибди.

Алмаз Атамбаев ҳукумати уран чиқиндихоналари масаласи билан жиддий шуғулланиш ниятини билдирган. Бироқ уран қабристонлари билан боғлиқ бўлган, ўн йиллардан бери йиғилиб қолган ижтимоий-экологик муаммоларни Қирғизистон ҳукуматининг ўзи ҳал қила олмайди, чунки бунга жуда катта молиявий сарф-харажатлар талаб этилади. Бу жиҳатдан Қирғизистон ўзининг яқин ва стратегик ҳамкорлари бўлмиш Ўзбекистон ва Россия кўмагига умид қилади.

Россия Федерацияси Атом энергияси бўйича федерал агентлиги директори Сергей Кириенко ўзининг Бишкекка расмий сафари чоғида Россия томон уран қабристонлари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда Қирғизистонга ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Айни пайтда чиқиндихоналарни зарарсизлантириш бўйича ишларга жалб қилинган россиялик мутахассислар уларнинг маҳаллий аҳоли ҳаёти ва саломатчилиги учун нақадар хавфлилиги юзасидан тадқиқотлар ўтказмоқдалар. Агар маҳаллий аҳолини зудлик билан кўчириш зарурлиги ҳақида хулоса чиқарилса, Қирғизистон ҳукумати радиоактив ҳудуддан эллик мингга яқин кишини кўчиришга мажбур бўлади.

Қирғизистон Экология ва фавқулодда ҳолатлар вазири Турат Жунушалиев Ўзбекистон ҳам уран чиқиндихоналари бўйича лойиҳада иштирок этишга тайёр эканини билдирганлигини маълум қилди. “Яқин кунларда Жалолобод шаҳрида бизнинг Ўзбекистон фавқулодда ҳолатлар вазири жаноб Бердиев билан учрашувимиз бўлиб ўтади. Ўзбекистонлик мутахассислар Мойлисой чиқиндихонаси ҳолатини ўрганиб чиқадилар. Шундан сўнг Ўзбекистон томон ўз участкасини ва иш ҳажмини аниқлаб олади”, - деди Турат Жунушалиев.

Аснода, Қирғизистон экология ва фавқулодда ҳолатлар вазирлиги маълумотларига кўра, барча уран қабристонлари ва чиқиндихоналарини оралиқ таъмири учун 38-40 миллион АҚШ доллари талаб этилади. Мазкур муаммонинг ҳал этилишига Жаҳон банки ҳам бош қўшади, у Мойлисой қабристони реконструкциясига ўн бир миллион доллар тақдим этади.

Бироқ катта кўчкилар бўлиш хавфи қолаётган бўлиб, Мойлисойдаги оралиқ таъмир билангина масалани ҳал этиб бўлмайди. Хавфни бартараф этиш учун МАГАТЭ мутахассислари уран чиқиндиларини аҳоли учун хавфли бўлмаган жойларга кўчиришни таклиф қилмоқдалар. МАГАТЭ дастури бўйича 125 мингдан 150 минг куб метргача радиоактив чиқиндиларни кўчириш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа қиймати икки ярим миллион долларни ташкил этади, унинг амалга оширилиш муддати 2011 йилгача. Кўчириш фақат йилнинг қуруқ мавсумида амалга оширилиши мумкин, акс ҳолда, зарарли моддаларнинг ҳавога тарқалиб кетиш эҳтимоли бор.

Радиоактив моддаларни кўчириш ҳақидаги якуний қарор кейинги йил февралида қабул қилинади. Гап шундаки, уран чиқиндиларини кўчириш учун маҳаллий аҳоли розилигини олиш зарур. Фуқароларнинг бир қисми янада жиддийроқ экологик муаммолардан хавфсираб, мазкур муаммонинг амалга оширилишига қаршилик қилишлари эҳтимоли ҳам бор. Чунки шаҳар аҳолиси радиация нима эканини ўз бошларида синаганлар. Статистика маълумотларига кўра, Мойлисойда туғма касал чақалоқлар сони кўпайган, касаллик билан туғилган болаларнинг эллик беш фоизи нобуд бўлаяпти. Шаҳарда онкологик касалликлар даражаси жуда юқори. Шунга қарамай, мутахассислар Мойлисой аҳлининг аксарияти экологик муаммоларни ҳал қилишнинг ягона варианти сифатида кўчириш ғоясини қўллаб-қувватлашига ишончлари комил.





  •