23:23 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўзбек жамоатчилиги мамлакат президенти ташаббусини қўллаб-қувватлайди

18.10.2007 16:10 msk

А.Мамараимов (Жалолобод)

Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги мамлакат президенти Қурманбек Бакиевнинг конституцион ислоҳот бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлайди ва 21 октябрь куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида уни “ёқлаб” овоз беради. Бу ҳақда Республика ўзбек миллий-маданий марказининг 17 октябрь куни Ўш шаҳрида ўтказилган ташкилот фаоллари йиғилишида қабул қилинмиш баёнотида айтилади.

Форум чоғида “янги конституция чўзилиб кетган конституцион бўҳронга чек қўяди, мамлакатда давлат тузумини оптималлаштиради, республикада истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг нимага қодирлигини кўрсатиш учун имконият яратади”, дея қайд этилган.

“Биз янги конституция мамлакатда ижтимоий-иқтисодий аҳволни таъминлаш учун шарт-шароит яратишига, иқтисодий ўсиш учун имкониятлар очишига умид қиламиз, - дейилади ўзбек жамоатчилигининг расмий баёнотида. – Шунинг учун ҳам биз умумхалқ овоз беришига олиб чиқилган конституциянинг янги лойиҳасини қўллаб-қувватлаймиз, барча ҳамюртларимизни бўлажак референдумда фаол иштирок этишга ҳамда президент ташаббусини ёқлаб чиқишга чақирамиз”.

“Биз бу жамиятда ўзимизнинг муносиб ўрнимизни эгаллашга интилишимиз лозим, - деди Жалолобод вилоят ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Улуғбек Абдусаломов. – Биз турли ҳудудларнинг вакиллари юкни турли томонга тортишларига томошабин бўлиб турмасдан, барча билан баробар умумий юкни тортишимиз керак. Шунинг учун ҳам биз референдумга чиқиб, таклиф қилинган қонун лойиҳаларини қўллаб овоз беришимиз лозим”.

Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати, президентнинг яқинда ташкил этилган “Ақ жўл” партияси сиёсий кенгаши аъзоси Алишер Собировнинг фикрича, давлат раҳбарида ваколатлар етарли даражада бўлганидагина мамлакатда тартиб ўрнатилади ва фаровонлик ошади. “Янги ваколатлар янги жавобгарликни кўзда тутади”, - деди депутат. Айни пайтда у мамлакат конституциясига ўзгартиш киритиш бўйича ваколатларни парламентда қолдириш керак эди, дея қайд этди. Асосий қонуннинг янги лойиҳасида бу нарса йўқ, давлат раҳбари ваколатлари эса сезиларли даражада кенгайтирилган.

Форум делегатларининг оқсоқоли, ярим аср совет ва партия ходими бўлиб ишлаган Обиджон Тожибоев парламентни мамлакат асосий қонунини қабул қилиш жараёнига совуққонлик билан ёндошганликда айблади. “Депутатларнинг ўзлари кетма-кет конституциянинг икки вариантини қабул қилдилар, кейин эса уларнинг ўзлари конституцион судга мурожаат қилдилар, у эса бу икки конституцияни ноқонуний деб топди. Бу вазиятда президент нима қилиши керак эди? У тўғри қарор қабул қилди”, - деди Тожибоев.

Эслатиб ўтамиз, 2006 йил ноябрида Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев мухолифат босими остида унга таклиф қилинган, мамлакат президенти ваколатларини парламент ва ҳукумат фойдасига сезиларли даражада қисқартирган конституция вариантини имзолаганди.

Бироқ орадан бир ой ўтгач, Бакиев парламентни тарқатиб юбориш таҳдиди билан ўз ваколатларини кенгайтирган конституция вариантини ўтказиб олишни уддалаганди.

Йиғилиш чоғида Улуғбек Абдусаломов иштирокчилар эътиборини етти вилоятнинг истаган бирида, шунингдек, Бишкек ва Ўш шаҳрида сайловчиларнинг умумий сонидан ярим фоиздан кам овоз олган партиялар мамлакат парламентидаги ўриндан маҳрум бўлишлари ҳақидаги президент ташаббусига қаратди. Бундан ташқари, парламентда мандат олиш учун партиялар республиканинг ҳар бир ҳудудида сайловчиларнинг умумий сонидан беш фоиздан кам бўлмаган миқдорда қўлловга эга бўлишлари керак. Абдусаломов бундай тўсиқлар қўйиш ўзини оқламаслигини, чунки Қирғизистон федератив давлат эмас, унитар давлат бўлиб ҳисобланишини айтди. Бундан ташқари, у конституциянинг янги вариантига мамлакатда ҳокимиятни ўзлаштириб олиш (узурпация) ўта оғир жиноят бўлиб ҳисобланиши ҳақидаги модда кирмай қолганини қайд этди.

Аснода, “Давр” ўзбеклар жамияти раҳбари Абдукарим Бурҳоновнинг фикрича, сиёсий партиялар учун тўсиқ фақат ҳудудлар орасидаги алоқаларнигина эмас, балки турли этник гуруҳлар ўртасидаги алоқаларни ҳам мустаҳкамлаш учун омил бўлиб хизмат қилади.

Сўзга чиққанлар, мавжуд камчиликларга қарамасдан, конституциянинг янги варианти турли этник гуруҳлар, аёллар ва ёшларга мамлакат парламентида ўз вакилларига эга бўлиш имкониятини беришини қайд этдилар. Конституция лойиҳаси депутатлик мандатларига даъвогарлик қилувчи ҳар қандай партия ўз рўйхатларига ўттиз фоиз аёллар ҳамда ўн беш фоиздан турли этник гуруҳлар ва ёшларни киритиши лозимлигини кўзда тутади.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев томонидан таклиф қилинган конституциянинг янги вариантини қабул қилиш бўйича референдум якшанба, 21 октябрь куни бўлиб ўтади. Умумхалқ овоз беришига республика асосий қонунининг таклиф қилинаётган варианти билан мувофиқлаштирилган Сайловлар тўғрисидаги кодекс янги лойиҳаси ҳам олиб чиқилган.

Турли маълумотларга кўра, Қирғизистонда бир миллиондан зиёд этник ўзбеклар истиқомат қиладилар, бу мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисмини ташкил этади. Расмий статистика маълумотларига кўра эса, Қирғизистондаги ўзбеклар сони олти юз минг кишини ташкил қилади.