00:05 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро жамғарма Ўзбекистоннинг савдо имтиёзларидан маҳрум этилишини талаб қилмоқда

17.10.2007 21:53 msk

Фарғона.Ру

Суратда: Пахта – Ўзбекистоннинг “оқ олтини”. © “Фарғона.Ру” АА фотоси

2007 йилнинг 21 июнь куни Меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро жамғарма раҳбарияти АҚШ Савдо ваколатхонасига Ўзбекистонни Умумий преференция тизимига (GSP) кирувчи мамлакат сифатидаги мақомини қайта кўриб чиқиш юзасидан талабнома юборди. Ўзбекистон бўйича якуний қарор АҚШда 19 октябрдан кейин қабул қилиниши мумкин.

Меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро жамғарманинг (ILRF) кўп саҳифали баёнотига мувофиқ, Ўзбекистонда халқаро меҳнат ҳуқуқини жиддий бузилиш ҳоллари мавжуд. Хусусан, республика далаларида пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан, шу жумладан, болалар меҳнатидан фойланилмоқда.

Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида пахта йиғим-теримида ўқувчилар ва талабалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ҳақида “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги бир неча бор ёзганди. Ўсмир ўқувчилар меҳнатидан фойдаланиш йиғилган ҳосил таннархини сезиларли даражада пасайтиради, аммо бу ўқиш ўрнига бир неча ойлаб далада қолиб кетаётган ўзбекистонлик ўқувчилар ва талабаларнинг таълим даражасида бевосита акс этади.

Пахта етиштириш ва теришда мажбурий ва болалар меҳнатида фойдаланиш Халқаро меҳнат ташкилоти 182-конвенциясини бузиш бўлиб ҳисобланади. Бироқ Ўзбекистон ҳалигача мазкур конвенцияни ратификация қилмаган ва вазиятни ўнглаш учун сезиларли қадамлар қўймаяпти.

Ҳукумат меҳнаткашларнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳақ-ҳуқуқлари муҳофазасини таъминлаш учун тегишли чоралар кўрмас экан, ILRF халқаро жамғармаси Ўзбекистонга нисбатан АҚШ томонидан божхона тариф имтиёзларини бекор қилишни талаб қилаверади.

Мазкур иш бўйича биринчи тинглов сентябрь ойида Ўзбекистон вакиллари иштирокисиз бўлиб ўтган. Якуний қарор АҚШ Савдо ваколатхонаси томонидан 19 октябрдан кейин қабул қилинади. Айни пайтда АҚШ Савдо ваколатхонаси мазкур масала юзасидан 19 октябргача қўшимча изоҳларни қабул қилишни давом эттиради.

ILRF ижрочи директори Бама Атреянинг (Bama Athreya) “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига маълум қилишича, Меҳнаткашлар ҳуқуқи бўйича халқаро жамғармада Ўзбекистон очиқдан-очиқ АҚШ савдо қонунчилигини бузаяпти ва агар бу мамлакат ҳукумати мажбурий меҳнатдан (шу жумладан, болалар меҳнатидан) фойдаланиш билан боғлиқ вазиятни ўнглаш юзасидан зудлик билан чора кўрмас экан, савдо имтиёзлари бекор қилиниши лозим, деб ҳисоблайди.

“ILRF Ўзбекистонда ваколатхонага эга бўлмагани учун ташкилот пахта ишлаб чиқаришдаги аҳволни ислоҳ қилиш бўйича мустақил қадамларни қўёлмайди. Вазиятнинг жиддийлигини кўрсатувчи муҳим ҳолат Ўзбекистонда фуқаролик жамияти эркинлигининг йўқлиги бўлиб ҳисобланади, шу сабабли ноҳукумат ташкилотлари ва касаба уюшмалари инсон ҳуқуқларини (шу жумладан, ишчилар ва болалари ҳуқуқларини) ҳимоя қилиб очиқ чиқиш қилолмайдилар”, - дея билдирди ILRF ижрочи директори “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига.



 

Реклама