07:39 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Халқаро илмий жамоатчилик душанбелик профессор Г. Моитдиновани ҳимоя қилишни талаб қилмоқда

17.10.2007 21:31 msk

Фарғона.Ру

Суратда: Гўзал Моитдинова Тожикистон пойтахти марказидаги ўз уйи олдида

Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Италия, Франция, Буюк Британия илмий-экспертлик жамоатчилиги профессор Гўзал Моитдинова мулки атрофидаги вазиятга шахсан аралашиш илтимоси билан Тожикистон президенти И. Раҳмонга очиқ хат билан мурожаат қилдилар. Фан докторлари ва таҳлилчи-экспертлар душанбелик ҳамкасбларининг масаласи адолатли ҳал қилинажагига умид қилмоқдалар.

Профессор Г. Моитдинова ва оиласининг маҳаллий расмийлар билан зиддияти тафсилотлари ҳақида бу ерда ўқинг. Очиқ хатнинг тўла матни қуйида келтирилмоқда.

* * *

Тожикистон Республикаси президенти И. Ш. Раҳмонга

Нусхалари:

Душанбе шаҳри ҳукуматига (мэриясига)

Душанбе шаҳар судига

Душанбе шаҳар покуратурасига

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги

Марказий Осиё мамлакатлари, Россия ва бошқа мамлакатлар оммавий ахборот воситалари таҳририятларига

Очиқ ҳат

Бугун, 2007 йилнинг 17 октябрь куни Душанбе шаҳри расмийлари таниқли профессор Гўзал Моитдинова оиласини зўрлик билан ўз уйидан кўчириш бўйича амалиёт бошладилар ва уйни буза бошладилар, шу билан бирга, суд приставлари ва мэрия томонидан ёлланган ишчилар уйда одамлар борлигига эътибор ҳам қилаётганлари йўқ.

Бу ҳаракатлар Г. М. Моитдинованинг кўчирилиши ҳақида қарор чиқаришда Душанбе шаҳар прокуратураси томонидан кўплаб қонунбузарликлар аниқланганига қарамай, унинг давлат раҳбари номига ёзилган очиқ хатига қарамасдан (бу хат айни пайтда Тожикистон президенти аппаратида кўриб чиқилмоқда) амалга оширилмоқда.

Бу ғайриинсоний хатти-ҳаракатлар бузилаётган уй ўрнига Г. М. Моитдиновага олиманинг эҳтиёжларига мутлақо тўғри келмайдиган турар-жой таклиф қилинган бир шароитда амалга оширилмоқда.

Биз, Г. М. Моитдинованинг ҳамкасблари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон илмий-экспертлик ҳамжамияти вакиллари, Сизга – Тожикистон Республикаси президентига республика фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари кафили сифатида бу вазиятга шахсан аралашувингизга ва масаланинг адолатли ҳал этилишига умид билан мурожаат қилмоқдамиз. Бундай қарор Г. М. Моитдиновага эваз ўлароқ Душанбе шаҳрининг марказида муносиб турар-жой берилиши бўлиши мумкин эди.

Биз ҳар доим Тожикистон қадимдан фан ва маданият анъаналарига эга бўлган ҳамда илм ва маданият кишиларига муносиб ҳурмат кўрсатиб келган мамлакат, деб ўйлаганмиз. Биз бу воқеа Тожикистон Республикасининг халқаро илмий ҳамжамиятдаги обрў-эътиборига салбий таъсир этмай қолмаслигига умид қиламиз. Аммо, Душанбе шаҳар расмийларининг бу воқеадаги бефарқларча сурбетлигини кўриб турарканмиз, биз ушбу хатни имкон қадар кенгроқ ёйиш ҳуқуқини ўз ихтиёримизда қолдирамиз.

А.А.Князев, тарих фанлари доктори, Қирғизистон-Россия Славян университети профессори, Бишкек шаҳри

В.Н.Пластун, тарих фанлари доктори, Новосибирск давлат университети профессори, Новосибирск шаҳри

Л.М. Бондарец – миллий ва минтақавий муаммолар бўйича эксперт, Бишкек шаҳри

А.Н.Медведев, Марказий Осиё ва Кавказ институти директори, Москва шаҳри

Д.А.Кислов, Марказий Осиё ахборот агентлиги директори, Москва шаҳри

…ва бошқалар (жами 16 имзо).

Хат имзолаш учун очиқ. Марҳамат қилиб, ўз имзоларингизни “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги таҳририятига - ferghana@fergananews.com манзилига йўлланг.