01:23 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон расмийлари ёлланма ишчиларга Қирғизистон ҳудудида қўшимча пул топишни маън қилмоқдалар

17.10.2007 15:25 msk

Азимжон Асқаров

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош бўлган туманлари расмийлари ўз фуқароларига қирғизистонлик фермерлар далаларида қўшимча пул топишни маън қилмоқдалар. Ўзбекистонлик фуқаролар пул топиш имкониятидан, қирғизистонлик фермерлар эса арзон ишчи кучадан маҳрум бўлмоқдалар – уларсиз етиштирилган ҳосилни йиғиб олиш қийин бўлади.

Ўзбекистон пахта топшириш бўйича режа бажарилгани ҳақида тантанавор оҳангда билдирган бир пайтда тоғли Қирғизистоннинг қишлоқ жойларида пахта теримига эндигина киришилмоқда. Шу кунларда Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон тумани фермерлари Ўзбекистондан пахта теримига ишчиларни жалб қилиш учун қўшни республикага жўнаганлар. Бироқ улар чегарага келганларида ҳафсалалари пир бўлган: уларга Пахтаобод туман маъмуриятининг Ўзбекистон фуқароларига қўшни Қирғизистондаги пахта теримида иштирок этишни маън қилиб қўйганини маълум қилганлар.

“Ҳосилни йиғиб олишда доим ишчи кучига эҳтиёж сезган қирғизистонлик фермерлар қардош Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам сўраб мурожаат қилардилар, - дейди исми ошкор этилишини истамаган маҳаллий фермер. – Деҳқонларимиз ҳар куни уларга пулни нақд тўлаб турардилар, уларни иш жойига олиб келардилар ва яна чегарага олиб бориб қўярдилар. Иш берувчилар ва ишчилар ўртасида молиявий ва бошқа тортишувлар ҳеч қачон бўлмаган”.

Гап Қирғизистон ҳудудига фақат далада ишлаш учун келадиган ёлланма ишчилар ҳақида бораётибди. Расмий маълумотларга хилофан, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси, айрим маълумотларга кўра, йигирма фоизни, Фарғона водийсида эса ўттиз фоизни ташкил этади. Мардикорлар гуруҳларини Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида учратиш мумкин. Эрта тонгдан ҳар қандай оғир ва кам ҳақ тўланадиган меҳнатга тайёр бўлган бу одамлар буюртмачиларни кутиб, автойўллар четларида қатор бўлиб турадилар.

Ўзбекистонда мардикорнинг бир кунлик иш ҳақи нари борса 3-4 долларни ташкил этади. Иш шароитидан келиб чиққан ҳолда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Қирғизистон далаларидаги кунлик иш ҳақи 250 сўмга ($7-8) етади. Ёлланма ишчилар маҳаллий фермерлар томонидан иссиқ овқат билан ҳам таъминланадилар.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги пайтда икки қўшни мамлакат ҳукуматлари томонидан чегарадан визасиз ўтиш ҳақида битим имзоланган ва у амалда бўлиб турибди. Ҳар иккала республика фуқаролари қўшни мамлакат ҳудудида олтмиш кунгача қонуний ва тўсиқларсиз юришлари мумкин.

Қирғизистонликларга кўра, 2007 йил пахтакорлар учун жуда серҳосил келган. Уларнинг кўпчилиги эрта баҳорданоқ ўзбекистонлик фуқароларни ёллагандилар. Аммо эндиликда улар ўзбек пахтакорларининг моҳир қўлларисиз ҳосилни йиғиб олишларига тўғри келади. “Агар бундан буён ҳам биз томонга одамларни ўтказмасалар, ҳосилимиз нобуд бўлиши, қўшниларимиз эса пул ишлолмай қолишлари мумкин”, - дея хавотир билдирадилар қирғизистонлик фермерлар.

Қирғизистонлик иш берувчилар ҳамда Ўзбекистоннинг Андижон ва Фарғона вилоятларидаги манбалардан олинган маълумотларга кўра, расмийларнинг талабларини эътиборсиз қолдириб, чегара ортига пул топиш учун кетаётган ўзбекистонликларнинг уйида электр ва газ узиб қўйилмоқдалар. Бунинг учун чегара масканларида милиционерлар ва божхоначилардан ташқари маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари ҳам ҳозир бўлиб турибдилар, улар Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтаётган барча фуқароларни диққат билан қайд этиб бормоқдалар.