07:41 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон пахтаси: оч-наҳор болалар қўли билан йиғилган бойлик

15.10.2007 21:43 msk

Ўз ахб.

“Фарғона.Ру” мақолаларидан биттаси Қорақалпоғистон пойтахти Нукус кўчаларида нисбатан тартиб ўрнатилишига ёрдам берганидан кейин бу мухтор республикада яшовчи кишиларда расмийлар пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни бас қилиш чақириғига қулоқ солишларига умид пайдо бўлди. Оддий ўзбекистонликлар чекка жойларда нималар содир бўлаётганидан “хабарсиз бўлган” тошкентлик “меҳрибон ота”дан гўлларча умид қилишда давом этмоқдалар.

Таҳририятимиз эса, ўз навбатида, Ўзбекистон расмийлари мазкур муаммо юзасидан жиддий чоралар кўришига романтик умид билдириб қолади. Бу ишни улар, ҳеч бўлмаганда, давлат учун уятли бўлган мазкур кўриниш фақат маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлиб қолмай, болалар меҳнатидан фойдаланиб йиғилган Ўзбекистон пахтасини бойкот қилиш бўйича кампания бошлаб юборган хориждаги ишлаб чиқариш компанияларининг ҳам норозилигига сабаб бўлаётгани учун ҳам қилишлари керак. Инглиз тилида чиқувчи нашрнинг бу мавзудаги мақоласини қуйидароқда ўқийсиз. Ҳозир эса “Фарғона.Ру” муштарийсидан келган мактубни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

“Ҳурматли таҳририят!

Қорақалпоғистонда ҳозирги кунда ҳукм сураётган пахта бошбошдоқчилиги ҳақида мақола тайёрлашингизни илтимос қиламан. Маълумки, “Фарғона.Ру” сайтида мақола чоп этилганидан кейин Нукуснинг 23-мавзеида ҳатто ахлатни ҳам олиб ташлагандилар. Балки сизнинг янги мақолангиз юзлаган болаларни қадрдон ошиёнларига қайтишига ёрдам берар? Балки Тошкентдаги раҳбарлар республиканинг узоқ чекка жойларида болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини билмаслар?

Пахта йиғим-терими бўйича режадаги мажбуриятнинг муддатидан аввал бажарилганига қарамай, Қорақалпоғистонда минглаб вояга етмаган болалар чидаб бўлмас шароитда пахта далалари қолиб кетмоқдалар. Мактабдан ҳайдаш, имтиҳондан йиқитиш таҳдиди, баъзан эса қаттиқ гапириш билан ўқитувчилар ва халқ таълими бўлими раҳбарлари мактаб ёшидаги юзлаб болаларни даҳшатга солаяптилар. Болалар учун белгиланган терилажак пахта нормаси катталарники билан тенг.

Айрим ҳолларда қонида гемоглобин миқдори кам бўлган болалар ғайриинсоний шароитларда пахта теришга мажбур бўлмоқдалар. Берилаётган овқатни ҳам яхши деб бўлмайди: болаларнинг таоми паст навли нон ва гўштсиз макарон шўрва бўлаяпти. Пахтакорлар истеъмол қиладиган озиқ-овқатлар ичида сабзавотлар йўқ.

Пахта даласидан қочишга қарор қилган ўқувчиларни ўқишдан ҳайдаш ҳақидаги қўнғироқлар билан безор қилмоқдалар. Пул билан теримдан қутулиб кетган болалар эмин-эркин ўйнаб юрибдилар, уларнинг ортиқча пули бўлмаган тенгдошлари эса пахта далаларида завқ-шавқсиз кун кечиришга маҳкум бўлаяптилар. Об-ҳаво шароити ўзгариши билан кўп болалар шамоллаб, касал бўла бошладилар. Уйлари рухсат бериш ҳақидаги илтимос ва ўтинчларга жавобан болалар уларда она ватанга ва заминга муҳаббат туйғусини тарбиялашлари керак бўлган кимсалардан сўкиш эшитмоқдалар. Бунга жавобан улар (тарбиячилар) болаларнинг кўзларида ўзларига нисбатан нафрат кўраяптилар.

Болалар меҳнатидан фойдаланишни маън этувчи халқаро қонунлар мавжудлигига қарамай, Қорақалпоғистон расмийлари вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишда давом этмоқдалар. Ҳуқуқий меъёр ва қонунларнинг ишламаслиги таълим муассасаларига болалар меҳнатидан фойдаланиш имконини бераяпти. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда вояга етмаганларни пахта теримига жўнатиш оддий ҳолга айланди. Бу йил пахта териш кампаниясида иштирок этишдан озод бўлиш камида юз долларни ташкил этди. Ҳеч кимга сир эмаски, бунақа пул топиб беришга ҳудудда кўпчилик кишиларнинг қурблари етмайди, бунинг устига, бу ерда киши соғлиғига ёмон таъсир этувчи экологик муаммолар ҳам бор. Сиздан шу мавзуда мақола тайёрлашингизни сўраб қоламан.

Аввалдан раҳмат, Муштарийингиз”.

* * *

Энди эса муштарийлар эътиборига Британиянинг Ethical Corporation интернет нашрида чоп этилган мақола таржимасини ҳавола этамиз, унда Бирлашган қиролликда болалар меҳнатидан аёвсиз фойдаланиш баробарида йиғилган Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилиш бўйича бошланган кампания ҳақида сўзланади.

ЎЗБЕКИСТОН ПАХТАСИ – СОТИЛАЁТГАН ГАЗЛАМАДАГИ УМИД ТОЛАСИ

Муаллиф - Тобиас Уэбб. Манба – Ethicalcorp.com

Европага импорт қилинаётган Ўзбекистон пахтаси шарпаси яна ўзининг тасқара бошини кўтармоқда. Бироқ фаоллар ва хабардор савдо ширкатлари бунга қарши туриш аҳдида собитлар.

Ўзбекистондаги исталган одам билан гаплашсангиз, кўз олдингизда гавдаланган манзара сизни даҳшатга солади. Мамлакатдан ҳар йили экспорт қилинаётган саккиз юз минг тонна пахтанинг кўпроғи мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда йиғилган. Ўзбекистон Хитой, АҚШ, Ҳиндистон ва Покистон билан бир қаторда пахта етиштириш соҳасида етакчи мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистонда етиштириладиган пахтанинг қирқ уч фоизи Осиё мамлакатларига ва ўн тўққиз фоизи Европага экспорт қилинади.

Ўзбекистоннинг мустабид ҳукумати йигирмата қудратли оила номидан мамлакатни ўз томорқасини бошқаргандек бошқаради. 2005 йилда у режимга қарши норозилик билдирган юзлаб кишиларни йўқ қилиб юборган. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ўз мамлакатида сотиб олинаётган пахтадан тайёрланган буюмларнинг ҳар тўрттадан биттасини ишлаб чиқаришда Ўзбекистон пахтасидан фойдаланилишини таъкидлайди. Бу муаммо охирги марта 2005 йилда Аҳлоқ корпорацияси томонидан кўтарилганидан бери Ўзбекистондаги аҳвол кескин ёмон томонга ўзгарди.

2005 йилда Ўзбекистонда пахта етиштириш мавзусида маъруза ёйинлаган Халқаро бўҳронлар гуруҳининг оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича директори Эндрю Строулайм пахта экспорти Каримов режимининг молиявий муваффақиятига ёрдамлашаётганига эътибор қаратади. Бироқ, дея таъкидлайди у, Ўзбекистон пахтасига сотувчилар томонидан умумий бойкот уюштириш анча қийин иш, чунки Европа пахта бозорида тола ишлаб чиқарилган манбани аниқлаш доим ҳам имконли иш эмас.

Пахта сотувчилардан бири қатъий ҳаракат қилиш ниятида. Штаб-квартираси Буюк Британияда жойлашган, йилига олти миллионта футболка сотадиган “Континентал Клозинг” халқаро ширкати сентябрь ойида бутун маҳсулотига пахта ишлаб чиқарилган мамлакатлар номи кўрсатилган ёрлиқлар ёпиштириб чиққан. Британиядаги “Энвайорментал Жастис Фаундейшн” (ЭЖФ) ноҳукумат ташкилоти билан биргаликда амалга оширилаётган бу ишдан кўзланган мақсад уларнинг кийимида ишлатилган пахта Ўзбекистондан олиб келмаганлиги юзасидан истеъмолчиларга кафолат бериш бўлиб ҳисобланади.

“Континентал Клозинг” директори Филип Чарльз унинг ширкати хабардорлик нисбатида савдо-сотиқ муаммоларини ёритишга ихтисослашган матбуот томонидан жонли реакцияга сабаб бўлганини айтади. Бошқа барча ширкатлар мазкур муаммо бўйича мақолалар билан танишганлар, “шундай экан, мурожаат керакли одамларнинг қулоғига етди”, - дейди у. Чарльз бу мавзу юзасидан сентябрь ойи ўрталарида бўлиб ўтган Лондон Мода ҳафталигида ҳам чиқиш қилган.

Каримов ҳукумати томонидан тўлалигича назорат қилинадиган Ўзбекистон пахта саноатидаги мудҳиш социал шароитлардан ташқари, пахта ишлаб чиқариш, моҳиятан, кейинги ўн йилликларда Орол денгизининг жўғрофий харитадан йўқолиб кетишига олиб келди, бу пахта далаларини суғориш учун сувдан назоратсиз фойдаланиш ҳосиласи бўлди.

ЭЖФ кўпчилик чакана савдо вакиллари пахтанинг қаерда етиштирилгани ҳақида маълумотга эга эмасликларини таъкидлашда давом этаётганлари юзасидан гувоҳлик беради. “Ҳозирча ҳеч ким Ўзбекистондан пахта сотиб олаётгани ҳақида айтишга тайёр эмас. Биз яна Буюк Британиянинг чакана савдо билан шуғулланувчи барча асосий ширкатларга бу борада илтимос билан мактублар ёзаяпмиз ва уларни ширкатлардан келган жавоблардан келиб чиққан ҳолда баҳолаймиз”.

Британия чакана савдо консорциуми ўз аъзолари томонидан ишлатиладиган пахта ёки бошқа хом ашёнинг келиб чиқиши билан қизиқмаганини қайд этиб, Ўзбекистон пахтасига нисбатан ўз позициясини билдириш ҳақидаги талабнома юзасидан ҳайронлик изҳор қилган. Британиянинг бир неча йирик чакана савдо фирмалари эса мазкур мақолага жавоб беришдан мутлақо бош тортганлар.

“Британиянинг энг яхши пахта учун ташаббуси”, Adidas, Gap, H&M и Ikea каби ширкатлар гуруҳи ва ноҳукумат ташкилотлари Ўзбекистон пахтаси бўйича муайян позицияга эга эмаслар. Ташаббус менежери Лайза Мелвин ташкилот мазкур масала юзасидан “тадқиқот ўтказаётгани”ни билдирди.

Болалар меҳнати: маълумотлар

Бугунги кунда жаҳонда меҳнат фаолияти билан банд бўлган 220 млн. болаларнинг катта қисми – етмиш фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатилади, улар дунё меҳнат резервларининг учдан бирини ташкил қиладилар. Уларнинг аксарияти ўн тўрт ёшдан ошмаган болалардир. 5,7 млн. бола мажбурий меҳнат қурбони экани аниқланган, бу мазкур жабҳада машғул бўлганларнинг қарийб ярмини ташкил этади. Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бразилия, Ўзбекистон ва Туркия каби дунёдаги энг йирик пахта ишлаб чиқарувчи давлатлар, айрим маълумотларга кўра, ўз пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиб турадилар.

“Фарғона.Ру” АА таржимаси