06:29 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқандда гиёҳвандларни игна санчиш ва арт-терапия воситасида даволамоқдалар

12.10.2007 23:27 msk

Максим Исаев (Самарқанд)

Мутахассислардан олинган маълумотларга кўра, Афғонистондан Европага ўтиб кетаётган банг моддаларининг ўттиз фоизга яқини Марказий Осиёда қолиб кетади. Бу йўлда Ўзбекистоннинг қатор шаҳарлари жойлашган, шу жумладан, Самарқанд ҳам. Бу ерда ҳозирда банг моддаларга бўлган талабни камайтириш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Республика репродуктив саломатлик бўйича ассоциациясининг Самарқанд филиалига ҳар йили гиёҳвандлик балоси чангалидан қутулишга уринаётган мингдан зиёд гиёҳвандлар мурожаат қиладилар. Бу ерга “доза” топа олмай, чидаб бўлмас “синиш”дан азобланаётган кишилар ҳам келадилар. Уларга ўзлари тилаган шприцни бермайдилар, аммо азобни енгиллатадилар.

Банг моддаларига бўлган талабни камайтириш бўйича Ўзбекистон-Швейцария дастури игна санчиш усулидан фойдаланишга асосланган. Бу шарқона услуб банг моддаларига бўлган ружуъни сусайтиради, руҳий тангликдан қутқаради ва инсоннинг умумий руҳий ҳолатига яхши таъсир кўрсатади. Гиёҳвандликдан қутулишга астойдил бел боғлаган кишилар бу ерда психологик тренинглар билан бирга ана шундай муолажадан ҳам ўтадилар, кейин эса муолажанинг якунловчи босқичидан ўтиш учун махсус диспансерларга юбориладилар. Тайёрлов босқичининг давомийлиги кўп жиҳатдан гиёҳванднинг “стажи”га боғлиқ. Мижозлар орасида йигирма беш йиллик стажга эга бўлганлар ҳам, ўн икки ёшли ўсмирлар ҳам бор.

- Кичик ёшдаги гиёҳвандлар, одатда, носоз оилаларда пайдо бўладилар, - дейди репродуктив саломатлик бўйича республика маркази Самарқанд филиалининг наркологи Ильмия Халикова. – Гиёҳванд болалар анъанавий равишда лўлиларнинг оилаларида кўп бўлади. Бу социумда истеъмол қилиш ёки сотиш учун банг моддалари бўлиши қарийб одатий ҳол бўлиб ҳисобланади.

Кишининг банг моддаларига қарам бўлиб қолиш сабаблари универсалдир. Ўсмирлар бу контингентга муҳит таъсирида тўда инстинктига бўсунган ҳолда кириб қоладилар. Бу оғуни сотадиган кишилар “игнага ўтқазиб қўйган” одамлар ҳам оз эмас. Уларнинг қурбонлари кўпроқ пулдор оиладан чиққан ёш йигитлар бўладилар, сотувчилар уларни “соғин сигир”га айлантириб оладилар. Яхши пул топадиган кишилар ҳам наркотикларга қарам бўлиб қолишлари мумкин. Пул кўп бўлганда, кўпчилик ўткир ҳиссиётлар истаб қолади. Бунинг оқибатини эса, кўпинча, ўйламайдилар.

Ильмия Халиковага кўра, героин дозаси учун пулни Самарқандда ҳамма жойда бўлгандек йўллар билан топадилар. Ҳаётда ўз йўлини йўқотган гиёҳвандлар уйларидаги бор нарсани олиб чиқиб сотадилар, майда ўғирликлар билан шуғулланадилар, дуч келган ишни қилиб кетаверадилар.

Улар орасида касб-корга эга бўлган, яхшигина ташкилотларда ишлайдиган кишилар ҳам бор, бироқ улар бутун даромадларини фақат героинга сарфлайдилар. Ўзи учун “доза”га пул топиш билан бирга оиласини боқишни уддалайдиганлар ҳам кам эмас. Ва ниҳоят, мустақил даромадга эга бўлган сара гиёҳвандлар гуруҳи ҳам бор. Уларда молиявий муаммо йўқ, шунинг учун улар банг моддаларига бўлган ўз эҳтиёжларинигина эмас, ўзларига шерик бўлган бошқаларни ҳам меҳмон қилишга қодирлар.

Шунга қарамасдан, гиёҳвандлар орасида ижтимоий поғонанинг энг тубига тушиб қолган кишилар кўпроқ. Уларга Самарқанд филиалида махсус қўллов кўрсатилади. Бу ерга мурожаат қилган кишилар душ қабул қилишлари, кир ювишлари ва кийим дазмоллашлари, махсус хонада дам олишлари, телевизор кўришлари мумкин. Филиал ташқарисида уларнинг кўпчилиги бундай имкониятга эга эмаслар. Бундан ташқари, уларга озиқ-овқатдан ёрдам берилади, муайян кунларда улар учун бепул тушлик тайёрланади.

Гиёҳвандлар ОИТСга чалиниш эҳтимоли кўпроқ бўлган кишилар тоифасига кирадилар. Шунинг учун ҳам ОИТВ-инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида филиал васийлиги остида бўлган кишилар янги бир марталик шприцлар билан таъминланадилар, бу шприцларни улар фойдаланилган шприцлар ўрнига оладилар. Бу эса юқумли касалликлар юқтириб олиш хавфини камайтиради.

Марказда гиёҳвандларни реабилитация қилишнинг энг асосий усулларидан бири арт-терапия бўлиб ҳисобланади. Бу ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилганлар драматик ижод билан шуғулланишга ҳаракат қиладилар. Репродуктив саломатлик марказининг Самарқанд филиали васийлиги остидаги кишилар ҳатто профессионал саҳнада ҳам томоша қўйганлар. Шаҳар театрларидан бирида қўйилган спектаклни юзлаб шаҳарликлар, кўпроқ, талабалар томоша қилганлар. Гиёҳвандликнинг ҳалокатли иш эканига бағишланган бу спектаклдаги айрим ролларда маҳаллий профессионал актерлардан ҳам иштирок этганлар.