10:34 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қочқин журналист Улуғбек Ҳайдаров ўзини Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари ўғирлаб кетмоқчи бўлганларига ишончи комил

12.10.2007 19:50 msk

Ринат Сайдуллин (Олмаота)

6 октябрь куни ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ҳайдаров Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан унча узоқ бўлмаган қишлоқлардан бирида автобусдан тушганида номаълум кимсалар уни ўғирлаб кетишга ҳаракат қилганлар.

Бир йил аввал Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳридан бўлган мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Улуғбек Ҳайдаров товламачиликда айбланиб, олти йилга озодликдан маҳрум этилганди. Маҳкама жараёни чоғида айблов томоннинг барча гувоҳлари ўзларининг берган гувоҳликларидан бош тортганлар, бу нарса ҳуқуқ ҳимоячиларига яна бир марта айбловнинг ҳақиқийлигидан шубҳаланиш учун асос берганди.

Бироқ тез орада Улуғбек ҳибсдан озод этилган. Ўзбекистон расмийлари томонидан кутилмаган “инсонпарварлик” намойиши ўтган йилнинг ноябрь ойи бошида Тошкентга келган ҳамда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан қатор учрашувлар ўтказган Германия ТИВ раҳбарига ён бериш ўлароқ баҳоланганди. Журналистнинг ҳибсдан озод этилиши айнан Европа Иттифоқида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш арафасида содир бўлганди.

Ҳибсдан озод этилганидан сўнг Улуғбек Ҳайдаров рафиқаси билан чегарадан ноқонуний равишда ўтиб, Қозоғистонга келади. У ерда У. Ҳайдаров оиласи БМТнинг Қочоқлар иши бўйича Олий Комиссарлик бошқармасига (БМТ ҚИОКБ) мурожаат қилади. Уларнинг иши етти ё саккиз ойдан бери кўриб чиқилмоқда.

Шу йилнинг 6 октябрь куни Улуғбек Ҳайдаров Олмаотадан Чимкент тарафга қараб йўл олади, бу ерда дўстлари унга вақтинча бошпана топиб беришга ваъда қилгандилар. У маҳаллий мустақил нашрлардан бирида журналист бўлиб ишловчи дўстларининг биридан ўзини кутиб олишни илтимос қилганди.

“Биз дўстим билан қишлоқ мен яшайдиган қишлоқ марказига 6 октябрь куни эрталаб йўл олгандик. Автобус биз турган жойдан юз метрча нарида тўхтади. Биз автобусдан бир неча киши тушганини кўрдик. Биз етиб келганимизда икки номаълум киши нарироқда турган “Жигули” автомобилига ўтириб, дарров жўнаб қолдилар. Улуғбек ўша икковлон уни “Жигули”га ўтқазишга ҳаракат қилганларини гапириб берди”, - деб ёзади Улуғбекнинг хавфсизлигини ўйлаб номи ошкор этилмаслигини сўраган қозоғистонлик журналист.

“5 октябрь куни рафиқам Мунира Мустафоева билан Олмаотадаги “Сайран” автобекатида Олмаота-Чимкент йўналиши бўйлаб қатновчи автобусга ўтирдик”, - дея маълум қилди бизга Улуғбек Ҳайдаровнинг ўзи. – “Автобусга чиқишимиздан олдинроқ 30-35 ёшлардаги икки киши ёнимиздан бир қадам ҳам жилмаётганини сездим. Улар бизни ҳамма ерда – тушлик қилаётганимизда ҳам, автобекат залида ҳам орқамиздан юрдилар...

Улар бизнинг нима ҳақида ҳақида гаплашаётганимизни билишни истагандек диққат билан кузатиб юрардилар. Улар ўзаро ўзбек тилида, талаффузсиз гаплашардилар. Бундан ташқари, улардан бири Жиззах ИИБ террорчиликка қарши кураш бўлими ходимига жуда ўхшарди. Соат 18 ларда биз автобусга ўтирдик. Йигирма дақиқалардан кейин ҳалиги икки киши салонда пайдо бўлишиб, охирги ўриндиқларга бориб ўтирдилар. Улар биз билан Чимкентга кетаётгандилар. Улар йўл бўйи уяли телефонда гаплашиб келар эканлар, ҳатто овқатланиш учун тўхтаган пайтимизда ҳам бизни назардан қочирмадилар. Йўлда мен йўловчилардан бирининг уяли телефонини олиб, дўстимга телефон қилиб, вазиятни тушунтирдим ва мени кутиб олишини илтимос қилдим.

Йўлда ҳайдовчидан ҳалиги икки киши биз кетаётган манзил билан қизиққанларини билиб олдим. Демак, улар Олмаотадан чиқмасимизданоқ бизнинг маълум бир жойда тушишимизни аниқлаб олганлар.

Автобус Чимкентга эрталабки соат бешларда етиб келди. Автобус тўхтамасидан биз ўрнимиздан туриб, эшик томон юра бошладик. Мен ҳалиги икки кишининг ҳам тезлик билан ўрнидан қўзғалганларини сездим. Автобус дўстим бизни кутаётган жойдан юз метрча нарида тўхтади. Бизни таъқиб қилиб келаётганлар ҳам тушдилар. Автобус ўрнидан силжиши билан улардан бири қўлимни қайиришга уринди, иккинчиси эса рафиқамга нимадир дея бошлади”.

Шундан сўнг таъқибчилар Улуғбекни “Жигули” русумли машина турган қоронғу тор кўчага итара бошлайдилар. Улардан бири журналистга: “Улуғбек, ҳозир яхшиликча тезлик билан “Жигули”га ўтирамиз”, дея огоҳлантиради.

Улуғбекнинг бирданига кўз олди қоронғилашиб, боши айланиб, кўнгли айний бошлайди: унинг қон босими кўтарилиб кетганди. Унинг хотини Мунира қичқириб юборади. Шу пайт Улуғбекнинг дўсти ўтирган автомобиль етиб келади. Ҳалиги икковлон журналистни қўйиб, тезда “Жигули” томон чопиб кетадилар.

“Ҳушимизни топганимизда улар кетиб бўлгандилар”, - дейди Улуғбек. – “Бундан бир неча кун олдин эса мен жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари бўлган дўстларимдан электрон мактуб олгандим. Унда дўстларим террорчиликка қарши кураш бўлими ходимлари мен билан қизиқаётганларини – доим мен ҳақимда сўраб-суриштириб, менинг қаердалигимни аниқлашга уринаётганларини маълум қилгандилар. Бундан ташқари, мен ҳамкорлик қилаётган [Қозоғистоннинг] “Сайрам сабоси” газетаси ходимлари таҳририятга бир неча марта нотаниш кишилар келишиб, Улуғбек деган журналист билан учрашмоқчи бўлганларини айтгандилар. “Журналист Улуғбек аллақачон Олмаотага кўчиб кетган ва эҳтимол, Канадага ҳам кетиб бўлгандир”, деб айтганларидан кейингина улар бу ерга келишни бас қилганлар”, - дейди У. Ҳайдаров.

“Сайрам сабоси” ходимларидан бири ҳақиқатан ҳам бир неча киши ўзбекистонлик журналист шахси билан ўта қизиққанларини тасдиқлади: “Улуғбек Ўзбекистон муаммолари ҳамда бизнинг (Қозоғистон) муаммолари ҳақида мақолалар ёзарди. Биз Ўзбекистон ҳақида ўзбек тилида объектив ахборот берадиган [Қозоғистондаги] ягона газета бўлсак керак, шу туфайли бизда муаммолар бўлиб туради. Улуғбек билан қизиқаётган кишиларнинг Ўзбекистондан бўлганларини уларнинг лаҳжаларидан билиб олдик: қозоғистонлик ва ўзбекистонлик ўзбеклар ўртасидаги фарқ кўзга яққол билиниб туради”.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон махсус хизматлари қўшни давлатда ўзларини анча бемалол тутадилар, улар кўпинча қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда ишлайдилар. Дейлик, 2005 йилнинг 24 ноябрь куни жанубий Қозоғистонда республика Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари Андижон воқеалари сабабли юзага келган қатағонлар тўлқинидан кейин бошпана излаб келган ўн мусулмонни ҳибсга олишиб, Ўзбекистонга топшириб юборганлар. “Хьюман Райтс Уотч” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг маълум қилишича, ноябрь ойи охирида ҳаммаси бўлиб ўн еттита ўзбекистонлик фуқаро ғойиб бўлган, уларнинг тўрттаси бошпана бериш тўғрисида илтимос билан расман ариза бергандилар.

2006 йилнинг 24 июнь куни Қозоғистон махсус хизматлари ходимлари БМТ ҚИОКБ мандатига мувофиқ қочқин дея тан олинган Габдурафиқ Темирбаевни ноқонуний равишда ҳибсга олишиб, номаълум томонга олиб кетганлар, бу эса ҚИОКБ томонидан ҳам, қатор халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари томонидан ҳам норозилик тўлқинини келтириб чиқарганди.

Қозоғистонлик расмийлар бу одамларнинг ўғирланиши ва топширилишига ўзларининг алоқалари борлигини тўлалигича инкор қилмоқдалар.

Мустақил журналист бўлган У. Ҳайдаров 2006 йилнинг кузигача Жиззахдаги “Эзгулик” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ваколатхонасини ҳам бошқарган ҳамда Уруш ва тинчликни ёритиш институтида (IWPR) мухбирлик қилган. Ўз журналистик фаолияти учун Ҳайдаров икки марта калтакланган ва уй қамоғида сақланган. Охирги марта ҳибсдан озод бўлганидан кейин Жиззах вилоят ҳокимияти унга Жиззахда яшашни ҳам маън қилиб қўйган, шу боис Улуғбек ўзи туғилган Андижонга кетишга мажбур бўлган. Андижонга кўчиб келганидан кейин яна кузатув остига тушган У. Ҳайдаров Ўзбекистонни тарк этиб, Қозоғистонга ўтиб кетганди.