21:15 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президенти сайловлари: хорижлик экспертлар қараши

11.10.2007 21:38 msk

Таҳририят томонидан тайёрланди

Маълумки, Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган бешта партиянинг ҳаммаси мамлакат президенти лавозимига кимни номзод ўлароқ кўрсатишларини аниқлаб бўлдилар. Айни пайтда Дилором Тошмуҳаммедова (“Адолат” партияси), Ахтам Турсунов (“Фидокорлар”), Хуршид Дўстмуҳаммедов (“Миллий тикланиш”), Аслиддин Рустамов (ЎХДП) номзодлари кўрсатилган. Либерал демократлар (ЎзЛиДеП) томонидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган мамлакатнинг иқтидордаги раҳбари Ислом Каримов ҳам қўлловга эга бўлди.

Умумхалқ сайловлари халқнинг хоҳиш-иродасининг ифодасига менгзаган томошага айланадими? Сайловлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинадими? Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбари навбатдаги муддатга давлат тепасида қоладими? Агар шундай бўлса, бу ўзбек халқи учун нимани англатади?

Биз Ўзбекистонда бошланган сайлов кампанияси юзасидан қатор материаллар чоп этиш ниятидамиз. Бугун яқинлашиб келаётган сайловларни Ўзбекистондаги вазиятни яхши билган, аммо республикадан ташқарида яшайдиган “Фарғона.Ру” АА экспертлари ва мустақил таҳлилчилар шарҳлаб берадилар.

* * *

“Ислом Каримов сайловларини – “президентлик сайловлари” деган ном остида 23 декабрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтажак воқеани айнан шундай аташ зарур – шарҳлаш қизиқ эмас”, - деб ҳисоблайди “Время новостей” газетасининг шарҳловчиси, Марказий Осиё бўйича таниқли эксперт Аркадий Дубнов. – “Чунки, ташқаридан қараганда, бу сайловларда ҳеч қанақа интрига йўқ, ҳамма нарса аввалдан маълум. Ҳеч қанақа жиддий ва қизиқарли сайловолди пойгаси кузатилмаяпти, бунақаси ҳозирги Ўзбекистонда бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу мамлакатда содир бўлаётган воқеалар, афсуски, Совет Иттифоқининг улкан Евросиё қисми рубъи маскуннинг бу қисмида яшовчи кишилар онгига Ленин-Сталин-Брежнев замонида сингдирилган доҳийлик қонунлари бўйича яшашда давом этаётганини кўрсатади. Имомали Раҳмон, Нурсултон Назарбоев, Ислом Каримов каби раҳбарлар ҳокимиятни ўз хоҳишлари билан ҳеч қачон топширмайдилар. Бу мамлакатларда ҳокимият алмашинуви қандай кечишини Туркманистон мисолида кўриш мумкин. Таассуфки, тарих Россия бу жиҳатдан ўзининг Марказий Осиёдаги қўшниларидан кам фарқ қилишини кўрсатди. Владимир Путин ва унинг атрофидаги кишилар ихтиёрий-мажбурий равишда Путиннинг ўзини ҳамда Россиянинг бутун электоратини Путинсиз Россия яшаб қололмаслигига ва унга тенг келадиган раҳбар бизнинг мамлакатимизда йўқлигига ишонтириши И. Каримов, И. Раҳмон ва Н. Назарбоев каби раҳбарларга ҳали узоқ йиллар мобайнида ўз сиёсий келажаги юзасидан хотиржам бўлишларига имкон яратади”.

Новости РАА экспертлик кенгаши аъзоси ва “Фарғона.Ру” АА эксперти Санобар Шерматова ҳам бўлажак сайловларда ҳеч қандай интрига кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқлигини айтади.

“Аммо бу сафарги сайлов сценарийсига айрим ўзгартишлар киритилган: биз бош қаҳрамонни бошқалардан ажратиб кўрсатилишига сабаб бўлган битта номзодни эмас, балки бир неча номзодни кўрамиз, улар орасида, Марказий Осиёда биринчи марта аёл номзод пайдо бўлди. “Адолат” партияси сиёсий кенгаши ушбу ташкилотнинг раҳбари Дилором Тошмуҳаммедова номзодини кўрсатган. Парламентда фракцияга эга бўлган бошқа уч партия вакилларидан ташқари парламентнинг демократик институтлар, ноҳукумат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари бўйича қўмитаси раиси Акмал Саидов ҳам бор, унинг номзодини сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳи кўрсатган”.

“Шундай экан, ҳозирги сценарийнинг аввалгиларидан фарқи катта ва у ўзбекистонлик расмийларининг асосий танқидчиси бўлган Ғарбга Ўзбекистон сиёсий маданияти дажараси юқорилигини кўрсатиб қўйиш учун амалга оширилаётгани равшан”, - деб ҳисоблайди С. Шерматова. – “Расмий Тошкент ўз вазифаларини ҳал қилмоқда, унинг хатти-ҳаракатлари Европа иттифоқи Андижон воқеаларидан кейин киритган ўз санкцияларини бекор қилиши учун қаратилган. Шу тариқа, сайловлар Европа пойтахтларида имкон қадар камроқ танқидга сабаб бўлиши керак. Шу ўринда савол туғилади: Ислом Каримов ўзининг ғарблик мухолифларига нақадар ён беришга тайёр? Унинг ҳамкасблари Нурсултон Назарбоев (2005 йилда сайланган) ва Имомали Раҳмон (2006 йилда сайловдан ўтган) ўзларининг сайланиши қонуний дея тан олиниши учун муайян ён берувларга мажбур бўлгандилар. Лекин ён беришлар режимларни демократлаштиришга эмас, Ғарб билан энергетика соҳасида (Қозоғистон) ҳамда чегараларни қўриқлаш жабҳасида АҚШ ва ЕИ билан ҳамкорликка (Тожикистон) дохил бўлганди. Бу раҳбарларнинг ҳокимият тепасида қолиши билан боғлиқ равишда қанақадир алоҳида муаммолар келиб чиқмаганди”.

“Ўзбекистон Марказий Осиёнинг стратегик жиҳатдан муҳим, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан таъсирли давлат бўлиб ҳисобланади, - дейди қирғизистонлик таниқли сиёсий арбоб Ишенбай Абдуразақов. – Айнан шунинг учун ҳам минтақанинг бошқа мамлакатларидаги сиёсатчилар бу мамлакатда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар жадаллашишига ҳар доим умид билдириб келганлар. Чунки Ўзбекистонда ислоҳотларнинг йўқлиги ва истиқрорсизлик таҳдиди Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари хавфсизлиги, иқтисодиёти ва сиёсатига жуда кучли таъсир кўрсатади”.

И. Абдуразақовнинг фикрича, ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда сиёсий хавфсизликка эришишнинг энг муҳим омилларидан бири ва энг асосийси сайловларни шаффоф ўтказиш бўлиб ҳисобланади.

“Аммо, афсуски, мустақиллик йилларида Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакатида демократик, очиқ сайловлар ўтказилгани йўқ. Ҳатто Ғарбда “демократия ороли” деб аталадиган Қирғизистонда ҳам демократик сайловларга ўхшаган манзара ҳосил қилинади, холос. Аммо бу сайловларни ҳақиқатан эркин деб аташ мумкин эмас. Бу авторитар бошқарувни кучайтирувчи жуда хавфли тенденциядир”, - деб ҳисоблайди Ишенбай Абдуразақов.

Қирғизистонлик сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматов фикрича, Ўзбекистондаги президентлик сайловларни сиёсий театрга қиёслаш мумкин. “Мен қувғиндаги ўзбек мухолифати ва Ўзбекистон ичкарисидаги барча прогрессив кучлар президент Каримовнинг бошқарувни ўз ворисига топширишига ва шу йўл билан мамлакатни босқичма-босқич ислоҳ қилишга ҳамда мухолифатнинг мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этишига имкон беришига умид қилганларини биламан. Бироқ бу умидлар пучга чиқди. Ўзбекистондаги президентлик сайловларини [минтақадаги] бошқа сайловлар каби ҳар бир актер муайян роль ўйнайдиган театрга қиёслаш мумкин. Бу сиёсий театрдир. Чўнтак партиялар ўз номзодларини президентликка кўрсатадилар ва ўз навбатида, бу номзодлар аҳолини Ислом Каримов учун овоз беришга чақирадилар. Аввалги сайловларда ҳам шундай бўлганди. Бу сиёсий абсурд театридир”, - деб ҳисоблайди Ғанижон Холматов.

Ҳозирда Ғарб мамлакатларидан бирида сиёсий қочоқ сифатида яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Эгамназар Шайманов фикрича, президентлик сайловлари ҳақида турли-туман миш-мишларнинг пайдо бўлиши фуқароларнинг ҳар томонлама холис ахборот олиш ҳуқуқининг чекланиши ҳосиласи бўлиб ҳисобланади.

“Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти учун Ислом Каримов мамлакатни охиригача бошқариши керак бўлган бут бўлиб ҳисобланади. Бу нарса оммавий ахборот воситаларини ташвиқот машинасига айлантириб қўйди ва бу режимнинг энг катта ғалабасидир. Ўзбекистондаги кўплаб кишилар ҳатто Каримовнинг 2005 йил 13 май куни бўлиб ўтган “Андижон воқеалари”га нисбатан сиёсатини ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Улар Каримов “Андижонда террорчиларни отиб ташлаб, республика барқарорлиги ва хавфсизлигини сақлаб қолди”, дея таъкидламоқдалар. Бунақа вазиятда навбатдаги президентлик сайловларида демократик унсур бўлиши мумкин, деб ўйламайман”, - дейди Эгамназар Шайманов.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Жарқинбек Қасимбеков фикрича, Ўзбекистондаги президентлик сайловлари мамлакатдаги вазиятни издан чиқарувчи омиллардан бири бўлиб хизмат қилиши мумкин.

“Биз Асқар Ақаев мисолида ҳокимиятнинг вақти-вақти билан алмашиб туриши лозимлигини англадик. Ҳокимиятга янги ғояларга, янги сиёсий қарашларга эга бўлган янги одамлар келиши керак. Айнан шу нарса мамлакат тараққиётига туртки беради. Президент Каримовнинг авторитар режими ўзининг ислоҳотларга қодир эмаслигини ва тайёр эмаслигини исбот қилиб бўлди. Каримов ҳукмронлигининг навбатдаги муддати мамлакат фуқароларида норозилик жунбушини келтириб чиқариши мумкин, чунки фуқароларнинг иқтисодий аҳволи тобора ёмонлашаяпти ва бу ҳол пировардида вазиятни беқарорлаштириши мумкин”.

Сиёсатшуносга кўра, вазият издан чиқмаслиги учун президент Каримов ҳокимият жиловини топширмоғи ва ҳал қилувчи сиёсий қадамни қўймоғи лозим. “Агар Ислом Каримов ҳокимиятни ўз ворисига оғриқсиз топширса, у ислоҳотларга йўл очади ва мухолифатга мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этиш учун имкон яратади. Бу Ўзбекистон хавфсизлиги ва яхлитлиги учун энг мақбул йўл бўлган бўларди”, - деб ҳисоблайди қирғизистонлик сиёсатшунос.

Бироқ ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва сиёсий муҳожир Ёдгор Турлибеков ҳозирги пайтда ўзбек мухолифати ҳокимият тепасига келиш учун ҳеч қанақа имкониятга эга эмас, деб ҳисоблайди.

“Келишишни истамаган мухолифатчилар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар. Айниқса сайловлар олдидан ёппасига тозалаш ишлари авжига чиққан. Мамлакатда фақат вақти-соати келгунча мум тишлаб ўтира оладиган мухолифатчиларгина қолган. Аммо ҳатто улар ҳам Ўзбекистон махсус хизматларининг қаттиқ таъқиби ва кузатувчи остидалар. Кўпчиликни қўрқитиб қўйганлар. Мамлакат ташқарисига чиқиб кетишга улгурмаган кишилар ҳибсга олинганлар. Мен бугунги кунда мухолифат сайловларда иштирок этиш имкониятига эга эмас, деб ҳисоблайман. Агар қанақадир мухолифатчи номзод кўрсатилган тақдирда ҳам, ҳокимият уни мажақлаб ташлаш учун қўлдан келган барча ишни қилади. Бу сайловларда Ислом Каримовнинг рақиби бўлиб эса унинг ўзи томонидан тайинланган кишилар хизмат қилиб берадилар”, - деб ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков.