05:12 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳайитни кутиб

10.10.2007 19:14 msk

Ўз ахб.

Муборак Рамазон ойининг тугашига атиги бир неча кун қолди. Аммо, “Фарғона.Ру” АА манбаларидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўттиз кунлик рўзанинг қайси куни тугашини билмаяптилар. Маҳаллий уламолар ҳалигача бу масала юзасидан бош қотирмоқдалар, улар гоҳ 12 октябрни, гоҳ 13 октябрни танлаяптилар.

Муборак Рамазон ойи бошланишидан аввал “Фарғона.Ру” бу йил рўза дунёнинг турли мамлакатларида яшовчи мусулмонлар учун ҳар хил вақтда бошлангани ҳақида хабар қилганди. Рамазон бошланишидан дарак берувчи янги ойни кўплаб мамлакатлардаги миллионлаб мусулмонлар 11 сентябрь куни кўрганлари учун Миср, Урдун, Ливия, БАА, Жазоир, Қатар ва Фаластиннинг диний раҳбарлари муборак ой бошланишини айнан шу кунга белгилагандилар. Уларга кўра, рўзанинг биринчи куни 12 сентябрга тўғри келган.

Саудия Арабистони ва Гана расмийлари Рамазоннинг бошланишини 10 сентябрга, Ҳиндистон ва Покистон мусулмонлари эса 14 сентябрга белгилагандилар. Шимолий Америка Исломий жамияти, ўз навбатида, уларнинг астрономик ҳисоб-китобларига кўра, рўзанинг биринчи куни 13 сентябрга тўғри келишини билдирган. Ироқлик суннийлар рўзани чоршанба куни бошлаганлар, бу мамлакатдаги ва Ливандаги шиалар эса бир кун кейин рўза тутганлар.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг аксар ҳудудларида Рамазон 12 сентябрдан 13 сентябрга ўтар кечаси бошланган. Астрономларнинг тавсияларига асосланган ўзбекистонлик уламолар республикада Рамазон (рўза) ойи 13 сентябрь куни бошланишини айтгандилар. Бир кун аввал рўза тутишни бошлаган кишилар эса бундан зорланиб ўтирмаганлар.

Мана, рўза ойи ҳам ўз якунига етмоқда, бироқ Ўзбекистон мусулмонларининг диний идораси ҳалигача Рўза ҳайити қачон бўлишини эълон қилгани йўқ. Бошқа мамлакатларда байрамни нишонлаш санаси (12 октябрь) аллақачон маълум бўлган. Ўзбекистонда эса уламолар ҳайитни “12 октябрга белгилаш керакми ёки 13 октябргами?” деган савол устида ҳалигача бош қотирмоқдалар. Бу чалкашликларда улар астрономларни айбламоқдалар: гўё олимлар янги ойнинг туғилиш вақтини аниқлай олмаган эканлар. Астрономлар эса бунга жавобан ўзларининг ҳисоб-китоблари тўғрилигини, санани белгилашда эса уламоларнинг ўзлари бир қарорга кела олмаётганларини таъкидлаяптилар.

Моҳи Рамазон ой тақвимининг тўққизинчи ойи бўлиб, айнан шу ойда Муҳаммад алайҳиссаломга дастлабки ваҳий нозил бўлган. Ислом аҳкомларига мувофиқ Рамазон ойи рўзаси мусулмонларнинг ботиний интизомини мустаҳкамлаш ва Парвардигорининг амрлари бажаришда собитқадам бўлиш учун буюрилган; у гуноҳларни ювиш ёки Қаҳҳор сифатли Парвардигор қаҳрини юмшатиш билан боғлиқ эмас. Бундан ташқари, бошқа динлардаги рўзалардан фарқли равишда, Рамазон ойидаги рўза куннинг ёруғ пайтида ҳар қандай овқат, ичимлик ва жимоъдан тўла тийилишни кўзда тутади. Аммо ҳар куни рўза шом пайти кириши билан очилади ва то тонг отгунича еб-ичиш мумкин бўлади.

Ислом емак ейиш, ташналикни қондириш ва жинсий майл каби жисмоний эҳтиёж ва истаклар инсон ҳаётида қудратли омиллар эканини, улар кишини жисмоний эҳтиёж ва истакларга қарам қилишини тан олади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишидан йилда бир ой ҳар куни ўз табиатининг руҳоний унсурини ривожлантириш учун бу эҳтиёжларни қондиришдан тийилиш талаб этилади. Бу тийилиш кишининг жисмоний эҳтиёжлар ва ҳайвоний истакларга қул бўлиб қолишдан сақланишига кўмаклашади, деб ҳисобланади. Алҳол, Рамазон мусулмон кишининг ўз жисмоний эҳтиёжлари хусусида камроқ ташвиш тортиб, ўзини Аллоҳ Таолога топшириш ва маънавий такмил билан машғул бўлишига алоҳида имкон яратувчи ой бўлиб ҳисобланади.

Бу йил Ўзбекистонда рўза икки фарқли хусусиятга эга бўлди. Биринчиси, маҳаллий қаҳвахона ва ресторанлар ифторликни айнан уларнинг емакхоналарида қилиш учун фаол таклиф қила бошладилар. “Ифторга марҳамат” чорлови битилган каттакон ёзувлар қарийб барча емакхоналар ташқарисини безаб турди. Табиийки, бу ноз-неъматлар бепул тарқатилгани йўқ.

Умуман олганда, саҳоватли кишилар кўчаларда бепул таом тарқатган кунлар ҳам бўлди, аммо маҳаллий мусулмонлардан камдан-кам киши ундан тотинишга ботинолди. Танишлар ва қўшниларининг “нонга ҳам пули қолмаганга ўхшайди”, дейишларидан чўчиш диндорларни бепул емак тортилган дастурхонга яқинлашишдан тўхтатиб турарди.

Аммо, агар саҳоватпеша кишилар муқаддас рўза кунлари фақир мусулмонларни бепул овқатлантиришни Туркияда бўлгани каби анъанага айлантириб олсалар, одамларда бунга нисбатан муносабат ўзгариши мумкин. Аввал ёзганимиздек, у ерда истаган киши ифторлик қилиши мумкин бўлган “Рамазон чодирлари”ни ўрнатиш урфга айланган. Бундан ташқари, Туркия шаҳар ва қишлоқларида кам таъминланган кишилар ҳамда уйидаги ифторлик дастурхонига кеч қолаётганлар учун емаклар тарқатилган, чунки ифтор вақтига жуда аниқ риоя қилиниши керак.

Агар Ўзбекистонда ҳам фуқароларга шундай ғамхўрлик қилинганида эди, бу йилги Рамазон учун иккинчи хос хусусият – шомга яқин Тошкент кўчаларида ифторга кеч қолмаслик учун уйларига шошаётган кишилар машиналарининг тиқини пайдо бўлмасди. Бу тиқинлар авариялар ва жанжалларсиз бўлгани йўқ, баъзан эса бу даҳанаки жанглар муштлашувларга айланиб кетди. Ваҳоланки, Ислом дини тинчлик дини бўлиб, мусулмонларни эзгуликка ва раҳмдилликка чорлайди. Рамазон ойида эса одамларда бу хислатлар янада ёрқинроқ намоён бўлиши лозим.

Муқаддас Рамазон ойи тугаганидан кейин диндорларнинг ҳар бири уч кун давомида рўза пайтида Парвардигорнинг амрларига нақадар риоя қилгани (Қуръон сураларини ўргандими, ўз нафсига қарши курашдими, ўз эҳтиросларини жиловлай олдими, садақа бердими ва ҳ.) юзасидан ўз-ўзига ҳисоб беради. Масжидларда мусулмонлар жамоат бўлиб Ҳайит намозини ўқийдилар, байрам дастурхони атрофида йиғиладилар. Одамлар фақирларга фитр садақалар улашадилар, ўтганларни ёдлаб, қабристонларни зиёрат қиладилар. Ўзбекистонда Рўза ҳайитининг биринчи куни дам олиш куни бўлиб ҳисобланади.