16:40 msk, 20 Май 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: Қулонларнинг қайтиши

10.10.2007 00:14 msk

Сергей Барановский (Тороз)

Қулонлар. Бу жониворлар 1956 йилда йўқолиб бораётган тур сифатида Бутунжаҳон Қизил Китоби ва Қозоғистон Қизил Китобига киритилган. Йигирма йилча аввал улар республикада деярли қолмаганди, ўшанда қулонлар сонини кўпайтириш билан ошиғич шуғулланиш ҳақида қарор қабул қилинганди. Бу машаққатли меҳнат бугунги кунда ҳам давом этаётибди.

Қулоннинг ташқи кўриниши эшакка жуда ўхшайди, шу туфайли уни халқ орасида ёввойи эшак деб ҳам атайдилар. Лекин аслида қулон отдир. Ташқи кўринишининг эшакка ўхшаши унинг пурвиқорлигига ҳамда зарур пайтда соатига тўқсон километр тезликда югура олишига мутлақо халақит бермайди.


“Фарғона.Ру” АА фотоси

ХIХ аср бошларида Қозоғистонда бу жониворлар сон-саноқсиз эди: уларни Орол денгизи бўйларида, Семипалатинск (ҳозирги Семей) чеккаларида, Иртиш дарёсининг чап қирғоғида кўриш мумкин эди. Қулонлар сонининг кескин камайиб кетиши йигирма аср бошларида қайд этилган. 1917 йилдаги инқилобгача уларни Балхаш кўли соҳилларида учратиш мумкин эди. Сўнгги “қозоқ қулони” ўтган асрнинг йигирманчи йилларида ўлдирилган. Уларнинг сонини тиклаш учун зоологлар Марказий Осиё жанубида тарқалган қулонларнинг ўхшаш туридан фойдаланишларига тўғри келган.

Роппа-роса йигирма йил аввал Андасой қўриқхонасига (Жамбул вилояти) Борса-келмас оролларидан эллик учта қулон келтирилган, орадан бир йил ўтгач, улар сони яна қирқ учтага кўпайган. Республика Миллий Фанлар академияси Зоология институти томонидан қулонларнинг Андасой қўриқхонаси иқлимига мослашувининг ижобий натижалари сабабларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказилганидан кейин, 1990 йилнинг ноябрь ойида Борса-келмас оролидан яна олтмиш тўртта қулон келтирилган.

2007 йилнинг январь ойида иккита нар қулон, ўн олтита урғочи қулон ва ўн иккита қулонча Алтин-Эмел давлат миллий боғидаги (Олмаота вилояти) қирққа олтмиш метрлик вольерда жойлаштирилган. Тўрт ойдан кейин, май ойида эса улар Андасой давлат қўриқхонасига кўчирилган. Афтидан, туёқли ёввойи жониворлар ва сайғоқларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолиш ҳамда тиклаш бўйича 2005-2007 йилларга мўлжалланган дастур ўз самарасини бера бошлаган кўринади.

Ҳозирги кунда қулонларнинг ҳисоби олинган, бунинг учун Жамбул ўрмон ва овчилик хўжаликлари ҳудудий бошқармасининг ходимлари улар яшаб турган жойларни вертолётда айланиб чиққанлар. Мазкур бошқарма бўлим бошлиғи Валерий Андреевга кўра, ўн саккизта очиқ сув ҳавзаси ва Шу дарёси қирғоқлари текшириб чиқилган. Қулонлар ҳисобини олиш йўналишининг узунлиги бир минг саккиз юз километрни, зоологлар ўрганиб чиққан майдон эса етти минг икки юз мураббаъ километрни ташкил қилган. Текширув қўйиб юборилган қулонлар давлат қўриқхонаси чегараларини тарк этганларини кўрсатди, аммо уларнинг яна қайтиб келишларига умид бор.