06:06 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё чегараларини бошқариш Евроиттифоқ кўмагида амалга оширилади

09.10.2007 22:07 msk

Фирдавсий

Қирғизистон пойтахтида Марказий Осиё чегара хавфсизлиги бўйича ташаббус консорциуми (КАБСИ) учрашуви бўлиб ўтди. Гарчи бу учрашув олтинчи учрашув бўлса-да, у Марказий Осиёда илк маротаба ўтказилди. Бунгача КАБСИ Европа Иттифоқи мамлакатларида бўлиб ўтарди. КАБСИга Буюк Британия, Финляндия, Франция, Польша, Эстония, Латвия ва Литва аъзо бўлиб ҳисобланади. Хорватия ва АҚШ ушбу ташкилотнинг мустақил ҳамкорлари бўлиб ҳисобланадилар. Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон каби минтақа мамлакатларининг делегациялари иштирокида ўтган мазкур учрашувда чегараларни бошқариш, уларни мустаҳкамлаш, банг моддалари трафигига қарши кураш муаммолари, Марказий Осиё чегараолди ҳудудларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

КАБСИ дастурининг умумий вазифалари Марказий Осиё давлатлари чегараларида фуқаролар ва товарларнинг ноқонуний оқимини қисқартириш ҳамда минтақада хавфсизликни кучайтиришда акс этади. Дастур чегарадан ўтиш масканларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ўқитиш, инфратузилма ва асбоб-анжомлар етказиб беришни кўзда тутади. Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Европа Иттифоқи мўмайгина маблағ ажратишга тайёр.

- Чегараларни мустаҳкамлаш учун Европа Иттифоқи ўн беш миллион евро, чегарада банг моддаларига қарши кураш учун эса ўн икки миллион евро ажратади, бу умумий ҳисобда йигирма етти миллион еврони ташкил этади, - дея маълум қилди Еврокомиссиянинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги делегацияси раҳбари Адриан Ван дер Меер. Еврокомиссия Марказий Осиё мамлакатларига ажратилган грантни учта чегараолди йўлаклари инфратузилмасини ривожлантириш учун фойдаланишни таклиф қилмоқда:

Биринчи йўлак: Марказий Осиё-Ғарб. Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон орқали ўтиб, Ақтаудаги Каспийбўйи бандаргоҳида тугайди. Бу йўлак минтақа мамлакатларини Е-40 автомагистрали орқали Ғарб билан боғлайди. Европа комиссияси Марказий Осиё мамлакатлари грант маблағларини биринчи навбатда айнан шу йўлак инфраструктурасини ривожлантириш учун сарфлаши кераклигига ишора қилмоқда, чунки у Осиёни Европа билан боғлайди. Агар минтақа давлатлари мазкур лойиҳани амалга оширишга тайёр эканликларини билдирсалар, у ҳолда Евроиттифоқ бу йўлак бўйича замонавий магистрал қурилиши учун янги сармоядорларни жалб қилиши мумкин. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши, энг аввало, Европа Иттифоқи хавфсизлиги билан боғлиқ, негаки у банг моддалари асосий партиясининг йўлини тўсиш ҳамда исталмаган муҳожирларнинг йўлини кесишга имконини беради. Шунингдек, Евроиттифоқ бу йўлакнинг энг замонавий ҳарбий бўлинмалар томонидан қўриқланишини талаб қилмоқда.

Иккинчиси: Осиё–Ғарб-Фарғона водийси. Чегаранинг бу қисмини мустаҳкамлаш минтақа мамлакатлари барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур. Расмий маълумотларга кўра, бу ҳудудда “Ҳизбут-Таҳрир”, “Ўзбекистон Исломий ҳаракати” каби диний-экстремистик оқимларнинг фаоллашуви кузатилмоқда. Бундан ташқари, бу йўлак орқали Афғонистондан Ғарбга бўлган энг машҳур наркотрафик ўтади. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Фарғона водийси чегараларидаги назоратнинг етарли эмаслиги туфайли Қирғизистон жанубига бошқа ҳудудлардан ўз мамлакатлари хавфсизлик хизматлари томонидан қидирилаётган экстремистик лидерлар ўтиб олаётганларини билдирмоқдалар. Ўтган йилнинг ўзидаёқ Қирғизистон МХДҚ ходимлари бунақа ҳодисалардан йигирма бештасини аниқлаганлар.

Учинчиси: Афғонистон-Тожикистон. Бу ерда асосий эътибор банг моддалари трафигига қаратилади.

Евроиттифоқ мулоҳазасича, грантнинг асосий қисми – ўн тўққиз миллион евро – 2010 йилгача ўзлаштирилиши, чегаралар эса чегараолди ҳудудлари инфратузилмасини ривожлантириш орқали мустаҳкамланиши лозим.

Аснода Марказий Осиё мамлакатларида чегараолди масалалари юзасидан кўплаб ҳал этилмаган муаммолар мавжуд. Дейлик, шу кунгача Ўзбекистон-Қирғизистон, Қирғизистон-Тожикистон, Ўзбекистон-Тожикистон чегаралари делимитацияси якунлангани йўқ. Расмий маълумотларга кўра, бу давлатларда олтмишдан зиёд баҳсли ҳудудлар мавжуд ва мутахассислар фикрича, мазкур масаланинг яқин ўн йилларда ҳал қилиниши кутилмаяпти, чунки чегара масалалари бўйича давлатлараро комиссиялар муҳокамалар чоғида бир-биридан фарқли архив материалларига таяниб иш кўрмоқдалар. Чегаралардаги ноаниқлик маҳаллий аҳоли орасида кўпинча тушунмовчиликларга ва баҳсларга сабаб бўлаяпти. Масалан, ўзбекистонлик фуқаролар қирғизистонлик расмийлар Қирғизистон мулки деб ҳисоблаган яйловлар ва сув заҳираларидан фойдаланмоқдалар. Баъзан қирғизистонлик чегарачилар Ўзбекистон фуқаролари чорва ҳайвонларини тортиб олиб қўймоқдалар. Сўнгги маълумотларга қараганда, шу йилнинг ўзидаёқ Қирғизистоннинг Жалолобод ва Боткен вилоятларида бу ердаги яйловлардан фойдаланган ўзбекистонлик фуқаролардан бир неча минг бош қорамол вақтинча олиб қўйилган.

Бундан ташқари, чегарадаги ноаниқликлар Фарғона водийсида “ўрмаловчи экспансия” деб аталувчи муаммонинг ривожига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, қирғизистонлик сиёсатчилар тожикларнинг Боткен вилоятига экспансиясидан хавотирга тушиб қолганлар. Қирғизистон парламенти депутати Мурад Жўраев берган маълумотларга кўра, тожикистонликлар Қирғизистоннинг чегараолди қишлоқларида ноқонуний равишда уй сотиб олмоқдалар. Бунақа ноқонуний харидлар кўлами кенг: Қирғизистондаги битта қишлоқнинг ўзида тожикистонлик фуқаролар томонидан тўқсон бешта уй сотиб олинган. Депутатга кўра, бу оқимга чек қўйилмаса, йигирма йилдан кейин бу қишлоқлар Тожикистон таркибига қўшилиб кетиши мумкин.

Бир неча йилдан бери Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида икки томонлама музокаралар шаклида муҳокама этиб келинаётган мина майдонлари муаммоси ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган, аммо бу масалада ҳозирча салгина бўлса ҳам силжиш йўқ. Маълумки, Ўзбекистон ўзининг Қирғизистон ва Тожикистон билан бўлган чегараларини бир томонлама тартибда миналаштирганди. Одатда, Тожикистоннинг тинч аҳолиси мина майдонларнинг асосий қурбонларига айланаяпти. Расмий статистика маълумотларига кўра, 2000 йилдан бери минада портлаш оқибатида етмишта тожикистонлик ҳалок бўлган, юздан ортиқ киши мажруҳ бўлиб қолган.

Айнан шу ҳал қилинмаган муаммолар, мутахассисларга кўра, Евроиттифоқ томонидан чегараларнинг бошқарилиши дастурини амалга оширишда асосий тўсиқ бўлиб ҳисобланади. Аммо ЕИ бу муаммоларни Марказий Осиёнинг маҳкамалараро муассасалари ўртасида мулоқот олиб бориш йўли билан ҳал қилиш мумкинлигига умид қилмоқда.

- Бизнинг мақсадимиз Марказий Осиё мамлакатлари чегара хизматлари ўртасида мулоқот (диалог) бошланишига кўмаклашишдир, - дейди Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастури мувофиқлаштирувчиси, Австрия ТИВ вакили Гунтер Саблаттниг. – Консорциумнинг Бишкекдаги биринчи учрашуви минтақа чегара хизматлари мулоқотга тайёр эканликларини ва бу мулоқотда ёпиқ мавзулар бўлмаслигини кўрсатди. Шу тариқа, биз мулоқот олиб бориш орқали чегара муаммоларининг ҳал қилинишига кўмаклаша оламиз.

Гунтер Саблаттниг ўз сўзининг исботи сифатида Европа Иттифоқини мисол келтиради, у ерда чегараолди муаммолари аъзо мамлакатларнинг чегара хизматлари ўртасида мулоқот олиб бориш орқали ҳал этилган. Бироқ бу ерда Европа менталитети ва давлат бошқаруви кўп нарса бир кишининг инон-ихтиёрига боғлиқ бўлган ва бошқарувнинг авторитар усули амалда бўлмиш Марказий Осиёдаги бошқарувдан кескин фарқ қилишини эътиборга олиш зарур.

Сўз сўнгида КАБСИнинг Бишкекдаги биринчи учрашуви ёпиқ тартибда ўтказилгани ва матбуот ходимлари бу тадбирда иштирок этишига рухсат берилмаганини қайд этиб ўтишни истардик. Ҳатто матбуот анжуманига таклиф қилиш чоғида унда иштирок этиш учун аккредитация олиш зарурлиги таъкидланганди. Марказий Осиё мамлакатларидан келган делегациялар эса (қирғизистонликлардан ташқари) “матбуот ва журналистларни кўришга кўзлари йўқ”лигини очиқ билдиришиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашишдан қатъиян бош тортдилар. Бундай шароитда Консорциум дастурларининг амалга оширилиши жамият учун шаффоф бўлишига, чегарачиларнинг ёпиқ мулоқоти эса кутилган натижаларни беришига умид қилиш мумкинмикан?