02:36 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон аэропортларига сармоядорлар керак

08.10.2007 19:09 msk

Герман Ломков (Бишкек)

7 октябрь куни Қирғизистон Республикаси фуқаро авиациясига етмиш тўрт йил тўлди. Бу сана мамлакат ҳукумати томонидан 1994 йилнинг 3 октябри куни белгиланган. Қирғизистоннинг асосий ҳаво дарвозаси “Манас” халқаро аэропорти бўлиб ҳисобланади. “Манас” Марказий Осиёдаги энг йирик ва замонавий аэропортлардан бири бўлиб ҳисобланади. У ва “Манас” Халқаро аэропорти” ОҲЖ олдида турган вазифалар ҳақида мазкур бирлашма президенти Бақтибек Сидиқов гапириб берди.

Фарғона.Ру: - Бақтибек Усенович, аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш учун сармоя ётқизишга сармоядорлар нечоғли истак билдирмоқдалар?

Б.Сыдыков
Б. Сидиқов. Муаллиф фотоси
Б. Сидиқов: - Сармоядорларнинг потенциал ҳамкор сифатида ширкатимизга қизиқиш аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Бугунги кунда Иссиқкўл вилоятидаги Томчи қишлоғида жойлашган “Иссиқкўл” халқаро аэропортини реконструкция қилиш бўйича лойиҳада иштирок этишга қизиққан Малайзия ширкати билан иш алоқалари йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш масалалари ҳозирча ўрганилиш босқичида турибди.

Ҳозир “Манас” халқаро аэропорти” ОҲЖ аэропортларини реконструкция қилиш ва модернизациялаш бўйича барча лойиҳалар ҳиссадорлик жамиятининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Ширкатимизнинг молиявий кўрсаткичлари барқарор равишда ошиб бормоқда, биз йирик бизнес-лойиҳаларда иштирок этишга қодирмиз ва бу борада сармоядорлар ўйлаб кўришларига арзигулик ишлар бор. Биз эса ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳақидаги барча таклифларни кўриб чиқишга тайёрмиз.

Фарғона.Ру: - Бугунги кунда аэропортнинг қандай муаммолари бор?

Б. Сидиқов: - Муаммо ва вазифаларни ўз вақтида ҳал қилаяпмиз. Бу йил “Иссиқкўл” аэропортида сунъий учиш-қўниш йўлагини узайтириш, перронни кенгайтириш бўйича ишлар амалга оширилди. Мазкур аэропорт фақат Иссиқкўл вилоятидагина эмас, бутун республикада туристик имкониятларни кенгайтиришда катта аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам мен унинг инфратузилмасини ривожлантиришга бевосита сармояларни жалб қилиш масаласи мамлакат ҳукумати миқёсида ҳал этилиши лозим, деб ўйлайман. Ҳозир “Ўш” халқаро аэропортини реконструкция қилиш иши жадал суръатлар билан кетаяпти. Янги маъмурий бино фойдаланишга топширилди, учиш-қўниш йўлагини ёпиш бўйича ишлар амалга оширилди. “Ўш” аэропорти реконструкцияси 2009 йилда якунланиши керак.

“Манас-2” объекти қурилишини тугаллаш, маҳаллий аэропортлар аҳволини яхшилаш қисқа муддатли вазифалар бўлиб ҳисобланади. Бу мақсадда шу йилнинг август ойида 2003 йилдан буён Боткен вилоят давлат маъмурияти тасарруфида бўлган “Боткен”, “Исфана” ва “Қизилқия” аэропортлари “Манас” халқаро аэропорти балансига ўтказиб берилди.


“Манас” аэропорти. Муаллиф фотоси

Фарғона.Ру: - “Манас” халқаро аэропорти” ОҲЖнинг даромади қанча?

Б. Сидиқов: - Кейинги икки йил мобайнида ОҲЖ молиявий кўрсаткичларининг барқарор равишда ўсиб бораётгани кузатилмоқда. 2006 йил якунларига кўра соф даромад қарийб икки баробар ошган – солиқлар чегирилганидан кейин у 450,2 млн. сўмни ташкил қилган, бу 2005 йилдаги кўрсаткич билан солиштирганда 109 фоизга кўпроқдир. Жорий йилнинг олти ойи якунларига кўра “Манас” халқаро аэропорти” ОҲЖ соф даромади 219,8 млн. сўмни ташкил қилди, бу эса 2006 йилнинг шу даврига нисбатан 73,2 фоизга кўп.

Амалга оширилган қатновлар миқдори бўйича 2007 йилнинг биринчи ярмида “Манас” аэропорти фаолияти ҳажми 5517 қатновни ташкил қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 769 қатновга кўп. “Манас” аэропорти хизматидан 259.237 авиайўловчи фойдаланган, бу 2006 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 121,2 фоизга кўпроқдир.

Фарғона.Ру: - Ҳозир республикада ишлаётган аэропортлар сони қанча ва уларнинг аҳволи қандай?

Б. Сидиқов: - ОҲЖ таркибига “Манас”, “Ўш”, “Иссиқкўл” халқаро аэропортлари; “Боткен”, “Исфана”, “Қизилқия”, “Қоракўл”, “Норин”, “Казарман”, “Талас”, “Жалолобод”, “Кербен” ички ҳаво йўллари аэропортлари, “Тўқтўғул”, “Баетово”, “Тамға” майдонлари киради.

Қирғизистон аэропортлари синфига, амалга оширилаётган авиаташувлар ҳажми ва турига қараб фарқланади, уларнинг ҳар бири ўз хусусиятига эга. Ҳозир фақат “Ўш”, “Жалолобод”, “Кербен”, “Боткен”, “Исфана” аэропортларидангина мунтазам қатновлар амалга оширилмоқда, дам олиш мавсумида “Иссиқкўл” халқаро аэропортидан чартер қатновлари амалга оширилади. Бошқа аэропортлар эса қатновлар йўқлиги сабабли ишламай турибди. Шунга қарамай, биз уларни ишга шай ҳолатда сақлаб турибмиз, ходимларга мунтазам равишда маош бераяпмиз. Ахир бу аэропортларни қайта тиклаш анча қийин иш, шунинг учун ҳам уларни ишга шай ҳолатда сақлаб туриш мақсадга мувофиқроқ бўлиб ҳисобланади. Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, республика аэропортларининг бинолари ҳар томонлама эскирганини таъкидлаш жоиз, уларни модернизация қилиш лозим, бунга эса катта маблағ зарур. Мазкур масала Қирғизистоннинг чекка жойларини ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ичида ҳал қилиниши керак, деб ўйлайман.

Фарғона.Ру: - Келажакда қандай учоқлар учади? Аэропортларни қандай учоқ турларига мослаштирган ҳолда ривожлантириш лозим?

Б. Сидиқов: - Бугунги кунда “Манас” халқаро аэропорти йўналишлари Европа, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларини қамраб олган. Биз техник воситаларни янгилаяпмиз, йўловчи терминалини, учиш майдонини модернизация қилаяпмиз. Учиш-қўниш майдонининг узунлиги 4200 метрни ташкил қилади, бу эса халқаро стандартлар талабига жавоб беради. “Манас” аэропорти аэродромида Ил-76, Ил-62, Ил-18, Ту-154, Ту-134, Як-40, Ан-24, Ан-124 каби учоқлар, вертолетлар, шунингдек, А-320, А-340, Б-737, Б-757, Б-747 каби хорижда ишлаб чиқарилган учоқлардан фойдаланилади.


“Манас” аэропорти. Муаллиф фотоси

Фарғона.Ру: - “Манас” халқаро аэропорти” ОҲЖнинг асосий ҳиссадори ким?

Б. Сидиқов: - “Манас” халқаро аэропорти” ОҲЖнинг асосий ҳиссадори давлат бўлиб, акцияларнинг 79,5 фоизи унга тегишлидир, қолган акциялар эса бирлашма ҳиссадорлари ўртасида тақсимланган.

Фарғона.Ру: - Ҳудуддаги аэропортларни хусусий қўлларга топшириш ҳақида масала ҳеч кўтарилганми?

Б. Сидиқов: - Биз “Боткен”, “Қизилқия”, “Исфана” аэропортлари мисолида уларни маҳаллий давлат маъмуриятларига топшириб кўрдик. Афсуски, маҳаллий маъмурият бюджет маблағларининг етишмаслиги туфайли аэропортларни тасарруф қилиш ва уларни бошқаришни уддалай олмади. Аэропортларни тасарруф қилиш, аэродромлардан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш катта маблағ талаб қилади. Шунинг учун ҳам бу хусусий сармоядорлар учун у қадар жозиб жабҳа эмас. Аэропортларни хусусий қўлларга топшириш иши узоқ истиқболда амалга ошиб қолиши мумкин, деб ўйлайман.



 

Реклама