02:34 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон армиясидаги дедовшчина муаммоси ҳақида аввалда бўлгани каби лом-мим дейилмаяпти

03.10.2007 19:56 msk

Сергей Барановский (Тороз)

“Ўз армиянгни боқ, акс ҳолда, бегона армияни боқасан” аксиомасини ҳеч қаерга йўқолгани йўқ. Аммо солиқ шаклидаги ионалардан ташқари армия “кишилик қурбонлари”ни ҳам талаб қилади.

Яқинда Қозоғистон армиянинг жанговарлигини ҳамда унинг маҳаллий аҳоли олдида обрў-эътиборини ошириши лозим бўлган янги ҳарбий доктринани қабул қилди. Аммо Қозоғистон армияси азалий муаммолардан чириб бораётибди, дедовшчина эса аскар этигини кийган ҳар бир ёш йигитнинг руҳини синдираяпти. Қозоғистонлик аскарларнинг турмуши мисолида постсовет ҳудудидаги барча янги давлатлар армияларида СССР замонидан бери сақланиб келаётган вазиятни кўриб чиқамиз.

“Бировларнинг пайпоғини ювиш учун эмас, Ватанни ҳимоя қилиш учун”

Конституциянинг 36-моддасида: “Қозоғистон Республикасини муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ва мажбуриятидир”, дейилади. Аммо ҳамма ҳам ўз муқаддас бурчини бажаришга ошиқавермайди. Нима учун шундай?

- Менимча, ҳар бир йигит армияда хизмат қилишни истайди, ахир бу жисмоний ва руҳий жиҳатдан тобланиш учун яхши тайёргарлик босқичи бўлиб ҳисобланади-да, - деб ҳисоблайди Тороз олийгоҳларидан бирининг талабаси Артём. – Аммо эркак киши бировларнинг исқирт пайпоғини ювишни эмас, Ватанни ҳимоя қиладиган профессионал жангчи бўлишни истайди. Жасад азият чекса ҳам майли, фақат хўрлашлар бўлмаса, кўнгилда ёмон доғ қолмаса бўлгани.

Бу йигит нима ҳақида гапираяпти? Қанақа пайпоқ, қанақа хўрлигу доғ? Таассуфки, бу ерда гап хизматга янги келган аскарларнинг эскилари томонидан хунук тарзда таҳқирланиши шаклидаги дедовшчина ҳақида бораётганини бировга тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бу уятли кўриниш ҳақида ҳамма эшитган, кўпчилик эса буни ўз танасида синаб кўрган.

Қайрат сара қўшинлар сафида, президент гвардиясида хизмат қилган. Ўз хизмат ҳақида у кулимсираб ҳикоя қилади: “Ҳар хил ишни кўрганмиз. “Дух”ларни ҳожатхона тувагига тиқардик, “дембель поезди” ўйинини ўйнардик. Баъзилар бунга дош берардилар, бошқалар эса руҳи синиб, ўзини осмоқчи бўлардилар”.

Собиқ сержантнинг нутқи жаргонлар билан тўла. Уни тушуниш учун армия изоҳли луғатига “назар ташлаймиз”. Шундай қилиб, “дух” (“арвоҳ”) хизмат бошлаганига ярим йил бўлмаган аскар, кейин у “черпак”ка (“чўмич”) айланади. Бир йил хизмат қилганидан кейин у “котел”лар (“қозон”) сафига ўтади. Бир ярим йил хизмат қилганлар “дед”га (“бобо”) деб айланадилар, “дембель” эса демобилизация ҳақидаги буйруққа, яъни хизматининг тугашига юз кун қолган аскарлардир. “Дембель поезди” “духлар” ва “черпаклар” ҳаракатланаётган поезд, гапираётган радиоприёмник ва ҳоказолар ролини ўйнайдиган ўйиндир. Бу жуда завқли бўларди – агар шунчалик қайғули бўлмаганида, чунки армиянинг барча анъаналари, ўйинлари, урф-одатлари янги келганларни хўрлаш, уларни калтаклаш ва эзишга қаратилган.

“Уставшчина” ва “дедовшчина” – улар ўртасида қандай фарқ бор?

Бошқа “кўпни кўрган йигит” ўз мулоҳазаларини очиқроқ ва равшанроқ баён этади.

- Армиядаги ўзаро муносабатлар уч турга бўлинади: “уставшчина”, “дедовшчина” ва “бардак”. Шунга мувофиқ равишда бу кўринишларнинг турли симбиозлари бўлади. Менинг учта қисмда хизмат қилишимга тўғри келди ва уларнинг ҳаммаси бу турларнинг ёрқин вакиллари эдилар. Қисмларнинг биринчиси “бардак” тоифасига мансуб бўлиб, у ерда “зона” (қамоқхона) қонунлари ҳукмрон эди, хизмат қилаётганларининг ўн фоизи “блатной”лар, қолганлари эса “меҳнаткашлар” ва “чертлар” (“жинлар”) эди. У ерда “блатной дух” “меҳнаткаш дед”га ҳужум қилиб қолиши мумкин эди. Агар сен “блатной” бўлсанг, ишлаш у ёқда турсин, қўлингга белкурак олиш ҳам “паст юмуш” ҳисобланарди, - дейди исми ошкор қилинишини истамаган ҳамсуҳбатим.

- Раҳбарлар ҳам ана шундай тушунчада эдилар, улар ҳам ўз ичидаги кишиларни блатнойлар ва оддий зобитларга ажратадилар. Бу ерда зобитларнинг бошбошдоқлиги гуллаб-яшнарди. “Ласточка” (“қалдирғоч”) нима эканини биласизми? Бу қўл-оёғингизни орқага қилиб боғлаб, тепага осиб қўйиб, яна камарингизга бирор юк осиб қўйилишидир. Бунда энг бақувват спортчи йигитлар ҳам йигирма беш дақиқадан кўпга чидамайдилар. Ёки тасаввур қилинг: тескари қилиб тўнкарилган аскар нишони билан яланғоч баданингизга урадилар. Икки кундан кейин аъзойи баданингиз кўкиш юлдузлар изига тўлиб кетади. Булар энг ёмон жазолар, аммо уларни ўз танамда синаб кўрмаганимда, бу ҳақда гапириб ўтирмаган бўлардим, - дея давом этади суҳбатдошим. – Овулдан келган йигитлар бу шароитга тез кўникиб кетадилар, шаҳарлик болалар эса “нозикроқ” бўладилар. Менинг олдимда калтак ва хўрликлардан “томи кетиб қолган” бир шаҳарлик йигитчани уйига рухсат бериб юборгандилар. Ҳозир бунақа қисмлар борми-йўқми, бунисини билмайман.

- Буларнинг ҳаммасида фақат битта яхши томон бор: икки йиллик хизматдан сўнг эркин турмушни аввалгидан кўра минг карра қадрлайдиган бўласан. “Бардак”дан “устав”га ўтдим, буниси ҳам расво эди, чунки мен сафда юриш ҳақида тушунчага эга эмасдим, бу ерда плац (аскарлар юришни машқ қиладиган майдон) қизиб турарди, оёқ қирқ беш градусда туриши керак, УҲК ва газниқоб кийиб олиб чопиш керак. Буйруққа итоат қилмасанг, дарров “губа”га (гауптвахта, армиядаги ҳибсхона. – Муаллиф изоҳи) тиқишади. Агар “бардак”да сен “лейтенант-жин” буйруғини писанд қилмай кетаверсанг, бу ерда ҳатто ефрейтор олдида ғоз турмаганинг учун ҳам жазо олишинг мумкин. Ҳамма нарса, ҳатто кийиниш ҳам уставга мувофиқ бўлиши шарт. Устав бўйича эса аскар “ҳарип”дай кўринишда юриши керак. Бу ерда сени устав бўйича нарядлар билан жонингдан тўйдириб юборадиган командирларнинг бошбошдоқлиги ҳукм суради, бу ерда дунёга келганингга пушаймон қилиб юборишади. Ахир уставни баҳона қилиб, тобе кишини масхара қилиш мумкин-да. Лекин “стукач”лар (“чақимчилар”) ўзларини бинойидек ҳис қиладилар, қўмондонлик томонидан имтиёзга эга бўладилар.

Хизматимнинг иккинчи йили мени учинчи қисмга ўтказдилар. Бу икки ёмон ҳолат орасидаги олтин ўрталик эди ва мен буни оптимал вариант, деб ўйлайман. Биз – “боболар” чатоқ иш қилиб қўйган пайтимизда, полк командири бизга: “сиз қисмнинг юзисиз, сиз намуна бўлишингиз, зобитлар ва прапоршчикларнинг буйруқларисиз тартибни назорат қилишингиз лозим”, дерди. Командиримиз эса кўпни кўрган жангчи – полковник, десантчи бўлиб, кўплаб қайноқ нуқталарда, жумладан, Афғонистонда ҳам хизмат қилган ажойиб киши эди. Биз билан дилдан суҳбат қурганидан кейин у биз - “боболар”га жазо берар ва оталарча оҳангда ариқ тозалашни буюрарди. Биз қўлимизга белкурак олиб, тозалашга киришардик. Сержантлар ҳам, “боболар” ҳам. Буни қўрққанимиз учун қилмасдик, балки уни командир ва инсон сифатида ҳурмат қилганимиз учун қилардик. Биз ўз “дух”ларимизни авайлаб-асрардик, ҳимоя қилардик. Худо кўрсатмасин, қўшни ротадан бирор-бир “дед” (“бобо”) менинг бўлинмамдаги “дух”га қўлини теккизса, кунини кўрарди. “Дембел”лар хизматдан бўшаганидан кейин ўзларига бошқа “дембел”лардан мерос қолган қайиш камарларини “духлар”га қолдирганларида, уларнинг кўпчилиги йиғлардилар. Ваҳоланки, бу дембеллар уларни тунлари сафга турғазиб қўйиб, уларни калтаклардилар, аммо буни улар шунчаки эмас, балки бирор айб содир этилгани учун қилардилар. Ёки, масалан, дембелларнинг ўз “дух”ига бир парча сариёғ қолдириш анъанасини олайлик. Мен бу анъанани қалби ҳалим кишилар ўйлаб топганлар, деб ҳисоблайман. Аммо “дед”ларининг ҳаммаси ҳам рисоладагидек йигитлар эмасдилар, улар орасида “дух” бўлган пайтида бошларидан кечирган хўрликлар учун бошқалардан ўч олувчи қилиғи совуқлар ҳам бор эди. Мен соддадиллик билан “армияда отиш ва жанг қилиш ўргатилади”, деб юрган кишиларга чин юракдан ачинаман, - дея ўз сўзини якунлайди суҳбатдошим.

Токайгача!

Мудофаа вазири лавозимига Даниял Ахметов тайинланиши билан ҳарбийларнинг ўзлари Қозоғистон армиясини еб битираётган муаммолар ҳақида биринчи марта очиқ гапиришга умид пайдо бўлгани тўғрисида гапира бошладилар. Маълумки, кадрлар ҳамма нарсани ҳал қиладилар. Армия ҳам бундан мустасно эмас, унга профессионал ҳарбийлар, жумладан, дедовшчина каби кўринишларга қарши курашадиган мутахассислар керак. Мудофаа вазири ҳарбий таълим соҳасида мавжуд бўлган қатор муаммоларни санаб ўтди: ўқитувчилик лавозимларининг қарийб учдан вакант лавозим бўлиб ҳисобланади, уларнинг ярмидан камроғи ҳарбий таълим кўрган, ярмидан кўпроғи етарлича педагогик тажрибага эга эмас. Ўқув-моддий базанинг аҳволи ўқув жараёнини сифатли қилиб ўтказилишига имкон бермайди.

Вазирга кўра, ҳарбий таълим тизими туб янгиланишни талаб этади. 2007 йилда Қозоғистон армияси учун ажратилган маблағ 2006 йилдаги билан солиштирганда етмиш тўрт фоизга ошди, дея маълум қилинади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан тарқатилган матбуот варақчасида. “Ҳарбий таълим учун ажратилган молияни бир юз ўн карра оширдик, - дея билдирди мудофаа вазири. – 2008 йилда бу мақсадлар учун 4,8 млрд. тенге ажратиш кўзда тутилган”.

Уставга хилоф бўлган муносабатлар масаласи ҳақида эса аввалда бўлгани каби лом-мим дейилмаяпти, худди бу нарса мутлақо йўқдай. Агар бўлса ҳам, бунда бирор даҳшатли нарса йўқдай, дедовшчина сабабли армияда тартиб ва интизом яхшироқ ўрнатилгандай.

Бу ҳақда сиз нима деб ўйлайсиз, муҳтарам муштарий? Биз сизни кўтарилаётган муаммо муҳокамасига таклиф қиламиз ҳамда армияда хизмат қилиш юзасидан ўз тажрибангиз билан ўртоқлашишга чақирамиз.