06:05 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистонда “Путин”нинг бир метри учун уч доллардан беш долларгача ҳақ тўлайдилар

02.10.2007 21:51 msk

Галим Фасхутдинов (Душанбе)

Сиёсатчилар, артистлар ёки фильмларнинг машҳурлик даражасини аниқлаш учун доим ҳам ижтимоий сўров ўтказиш шарт эмас. Тожикистонда буни билиш учун буюм бозорини айланиш кифоя ва манзара аён бўлади-қўяди.

“Корвон” бозори Тожикистон пойтахти Душанбедаги энг йирик савдо марказидир. У шаҳарнинг ғарбий чеккасида жойлашган ва баланд девор билан ўралган катта майдондан иборат. Ўзини таништиришдан бош тортган маҳаллий тадбиркор бу ерда қурилиш совет даврида бошланганини маълум қилди. Ўшанда СССР Давлат план комитети Марказий Осиёнинг бу мамлакатида учоқ йиғишни уюштирмоқчи бўлган, бунинг учун, Москва талабига кўра, тожикистонлик расмийлар жой ажратганлар. Фақат не фалокатки, мутахассислар ишга буюк мамлакат парчаланиб кетишидан аввал киришганлар – улар фақат пойдевор қуриш ҳамда бўлажак корхонанинг бир қисмини кўтаришга улгурганлар, холос. Аммо иттифоқдош давлат парчаланаёзиши билан улкан лойиҳаларни унутиб юбордилар. Кремлдан субсидиялар келмай қўйган ва Тожикистон ҳаво кемалари ишлаб чиқарадиган мамлакатга айланолмай қолган.

Охирига етказилмаган қурилиш у ерда шаҳарнинг асосий савдо нуқтаси пайдо бўлмагунича узоқ вақтгача ташландиқ ҳолда ётган. Бунинг учун барча шароитлар бор эди: чор-атроф ўралган ва ёпиқ бинолар бор эди. Бугунги кунда бу ерда Тожикистондаги энг йирик улгуржи бозор жойлашган.

“Корвон”га кираверишда газламалар сотилади. Саймўмин Тиллоев бу ерда тўрт йилдан бери ишлайди. Газламалар ҳақида у кўп нарсани билади (агар ҳамма нарсани билмаса), баъзан хотинига кўйлак тиктириш учун қайси материални танласа яхшироқ бўлишини ҳам у айтади. Ишбилармон одам сифатида у арзон мол учун маблағ сарфлашни бекорчи иш деб ҳисоблагани ҳолда, қимматбаҳо материалларни сотиб олишни таклиф қилади. Саймўминга кўра, Россия товарларини олиш керак. “Москваникими – демак сифатли”, - дейди сотувчи ишонч билан.

Душанбеда бир неча йилдирки, “Путин” деб номланган газлама урфда. Маҳаллий нозанинлар ичида у ўта машҳур. Уларни газлама нархининг нисбатан юқорилиги ҳам тўхтатиб қололмаяпти: унинг бир метри учун қизларнинг уч доллардан беш долларгача ҳақ тўлашларига тўғри келаяпти. Тижоратчи Холмурод Шарифовга кўра, сарф этилган харажатлар ўзини оқлайди. Шаҳарнинг асосий авиакассаси яқинида жойлашган дўконлардан бирининг директори фикрича, “президент” газламасининг яхши жиҳатлари бисёр. Ўзининг ярқироқлигига қарамай, у ювилганда ўнги ўчмайди ва қуёш тиғи таъсирида рангини йўқотмайди. Кейинги омил Марказий Осиёнинг иссиқ иқлими шароитида жуда муҳимдир. Ахир қуёшнинг аёвсиз тиғи остида, одатда, кийим-кечакнинг тез ранги ўчади ва фақат битта мавсумга яроқли бўлиб қолади. “Путин”дан тикилган кийимлар эса бунга чидамли, дея таъкидлайди тадбиркор. Лекин у нима учун “Путин” бренди остида сарғиш рангли мато танланганини изоҳлаб беролмади ва фақат бунақа рангдаги газлама қуёш нурларини ютиб юбориши ҳамда узоқ вақт бузилмай туришини айтиш билан чекланди. Бунинг устига, у пахта ва полиэстердан мавзун тўқилгани учун яхши дазмолланади.

Қайд этиш жоизки, Тожикистонда Россия президенти Владимир Путинга муносабат ўзгача. ВВПни тожикистонликлар жуда яхши кўрадилар, боз устига, у Тожикистон давлати барпо бўлганидан бери у ерга илк маротаба келган Россиялик йирик лидерларнинг биринчисидир.

Республикада одамларнинг Путинга нисбатан қандай муносабатда эканларини баҳолаш учун яна бир мисол келтирамиз. Бугунги кунда Душанбе дўконларида Россия президенти тасвири туширилган гиламларни топиш мумкин. Бунақа матоҳнинг нархи юз долларгача боради. Сотувчиларнинг фикрича, гиламларни МДҲда машҳур бўлган мамлакат шимолидаги Қайроққум гилам комбинати ишлаб чиқаради. Энг яхши гиламлардан бирини корхона раҳбарлари ўз қаҳрамонларига унинг эллик йиллик юбилейи муносабати билан совға қилганлар. Тожикистон енгил саноатини назорат қилувчи муассасада Россия лидери совғадан мамнун бўлди, деб ҳисоблайдилар. Оддий одамларга келсак, гиламфурушлар Владимир Путиннинг ипдан тўқилган икки метрли портретига талаб катталигини таъкидлайдилар. Уни Тожикистонда фаолият олиб бораётган Россия тижорат ширкатлари ва ҳатто олийгоҳлар сотиб оладилар. Дейлик, Душанбедаги Россия-Тожикистон Славян университети (РТСУ) ректори кабинетининг деворини айнан шундай гилам безаб турибди.

Аснода, Тожикистонда фақат россиялик сиёсатчиларгина эмас, кинематограф ҳам қадрланади. Масалан, “Бригада” фильми намойиш қилинганидан кейин республикада ҳақиқий “бригадомания” бошланди. Фильмга муҳаббат барча чек-чегаралардан ошиб тушди. Бунинг учун Душанбенинг ўзидаёқ шу номдаги ресторан, дискоклуб ва Интернет-кафе очилганини қайд этиб ўтиш кифоя. Лекин бу ерга жиноятчи гуруҳларнинг лидерлари эмас, оддий одамлар келади, чунки хизмат ҳақи анча арзон. Йигирма-ўттиз сомонийга (олти-етти доллар) бу ерда биринчи ва иккинчи овқат еб-ичиб кетиш мумкин. Бозорларда эса “Бригада” газламаси пайдо бўлди. Гарчи у сифат ва баҳода “Путин”га тенг келолмаса-да, савдо нуқталари раҳбарларининг таъкидлашларича, унга талаб катта. “Бригада” пештахталарда “Бин Лодин” билан ёнма-ён туради. “Сарғиш ҳошияли қора мато “1-рақамли террорчи”га жуда ўхшайди”, - дейди сотувчи Моҳия Ҳошимова.

Тожикистонга газламалар қўшни давлатлардан – Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Қирғизистондан келади. У ерларда матоларнинг номи йўқ. Тожикистон пойтахтидаги дўконлардан бирининг эгаси Холмурод Шарифов газламаларга қандай ном қўйилиши ҳақида гапириб берди. Тижоратчига кўра, тадбиркорлар ўз молига Тожикистонга келишда бренд ўйлаб топадилар. Асосийси, номнинг урфдаги, жарангдор ва яхши эсда қоладиган бўлишидир. Бунга асос ўлароқ улгуржи савдо қилувчилар телеэкранлардан олинган, оммага таниш бўлган сўзларни танлайдилар. Газламалар учун номлар асосан энг машҳур фильмлар, сериаллар ва уларнинг қаҳрамонларидан олинади, шунингдек, сиёсатчилар, спортчилар ва артистларнинг исмларидан ҳам фойдаланилади.