02:33 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон расмийлари мамлакатдаги туризмнинг реал имкониятларини чамалай олмаяптилар

30.09.2007 12:16 msk

Абдумўмин Мамараимов

Қирғизистоннинг асосий туризм объекти бўлган Иссиқкўлда дам олаётган чет элликлар сони тўғрисидаги расмий маълумотлар бир-биридан анча фарқ қилади. Пойтахтдаги мулозимлар оммавий ахборот воситаларида бу йил Қирғизистондаги “денгиз соҳили”да гўё бир миллион сайёҳ дам олгани ҳақида билдирмоқдалар. Маҳаллий расмийлар эса анча озроқ рақам келтираяптилар. Буни “Оз бўлсину соз бўлсин” қабилида тушуниш керакми?

Асосий дам олиш жойлари Иссиқкўл туманида жойлашган. Чўлпонота шаҳри (туманнинг маъмурий маркази. – муаллиф изоҳи) мэри Нурлан Насирдиновга кўра, бу йил кўлга дам олгани бор-йўғи беш юз минг чет эллик келган. “Ўтган йили саккиз юз минг киши келгани ҳақида расман билдирилганди, - деди мэр “Фарғона.Ру” АА мухбирига, - аммо аслида бу ерга бир ярим миллион сайёҳ келиб кетган”. Бу йил эса, мэрга кўра, улар янаям озроқ келганлар.

Аввалроқ Қирғизистон давлат телевидениеси 2006 йилда мамлакатга тақрибан 1,1 миллион чет эллик сайёҳ келгани ҳақида хабар қилганди. Статистика идоралари чет эллик фуқароларни қабул қилишдан келадиган даромадни бир юз олтмиш миллион АҚШ доллари миқдорида баҳолагандилар. Туризм бўйича давлат агентлиги директори Турусбек Мамашов ўшанда “тегишли шароитлар яратилса, туризм соҳаси йилига 600-700 миллион доллар даромад келтириши мумкин”лигини билдирганди. Қиёслаш учун: 2005 йилда АҚШ туризмдан $81,7 млрд., Хитой - $29,3 млрд., Туркия - $13,2 млрд., Греция - $13,7 млрд. даромад олган.

“Маркетинг Сервис Бюро” ширкати тадқиқотлари натижасига кўра, сўнгги беш йил мобайнида Қирғизистонда дам олувчилар ётадиган жойлар сони етти мингтага қисқарган. Республикада юздан зиёд саёҳат агентликлари ва туроператорлар фаолият кўрсатмоқдалар, бир юз йигирмата меҳмонхона, пансионат ва ҳоказолар бор, мамлакатда бир вақтнинг ўзида йигирма мингдан зиёд меҳмон яшаб туриши мумкин. Туристик инфратузилманинг асосий қисми Бишкек шаҳри ва Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган. Экспертлар пансионатлар, дам олиш уйлари, хусусий меҳмон уйлари ва хонадонларда жой етишмаслигини қайд этмоқдалар. Аммо бор имкониятлардан фойдаланилганида ҳам уч ойлик ёз мавсумида сайёҳлар сони бир миллион саккиз юз минг кишидан ошиб кетиши мумкин эди.

Бошқа томондан эса, “Маркетинг Сервис Бюро” маълумотларига кўра, Иссиқкўл соҳилидаги пансионатлар, дам олиш уйлари, меҳмонхоналар асосан уч-тўрт юлдузли бўлиб, уларнинг баҳоси битта ўрин учун 35 доллардан бошланади. Камхаржроқ бўлган сайёҳларга мўлжалланган арзон меҳмонхоналар етишмаслиги кузатилмоқда. Бугунги кунда, тадқиқот натижаларига кўра, Қирғизистонда сайёҳлар чодир тикиб, гулхан ёқиб дам олишлари мумкин бўлган бир-иккита жой бор, холос.

2007 йилда сайёҳлар сонининг пасайиб кетишини маҳаллий расмийлар об-ҳаво шароитининг ёмон келгани ва пансионатлардаги нархларнинг асоссиз равишда ошириб юборилгани билан изоҳламоқдалар. Айни пайтда туристик бизнесдан йиғиладиган солиқлар миқдори қарийб икки баробар ошган. Бундай муваффақиятнинг сири белгиланган солиқ тизимига ўтилишида яширинган. Пансионатлардаги қулайлик, ўринлар сони ва уларнинг баҳоларидан келиб чиққан ҳолда уларга ягона белгиланган солиқлар жорий қилинган. Натижада, Иссиқкўл туман давлат солиқ назорати бошлиғи Нурмат Шамбетовга кўра, 2007 йилнинг саккиз ойи мобайнида етмиш беш миллион сўмдан (2 миллион доллар) зиёдроқ солиқ йиғилган. 2006 йилда бу маблағ ўттиз саккиз миллион сўмни ташкил қилганди. Бу йилги мавсумда туман ўтган йилдаги эллик тўрт миллион сўм ўрнига бир юз беш миллион сўм йиғишни режалаштириб турибди.

Бироқ, Иссиқкўл туман маъмуриятида ишловчи аноним манбага кўра, бу рақам бир неча баробар ошириб юборилган бўлиши мумкин. Белгиланган солиқларни ҳисоблаб чиқишда баҳолар анча пасаяди. “Пансионатларнинг қарийб барчаси солиқчиларга тупуриб қўйган турли даражадаги мулозимларга тегишли. Улар доим ўзларининг ҳақиқий даромадларини яшириб келганлар ва солиқ тўламайдилар, - деди аноним манбамиз. – Кичикроқ бизнесга эга бўлган хусусий тадбиркорлар билан эса солиқчиларнинг ўзлари келишиб олаяптилар”.

Бу ҳақда ўтган йили Қирғизистон Саноат, савдо-сотиқ ва туризм вазирлиги Туризм бошқармасининг етакчи мутахассиси Мекен Данияров ҳам гапирганди. “Иссиқкўлликлар, одатда, ўзларининг ҳақиқий даромадларини декларация қилишдан қочадилар. Муайян пул эвазига текширувчи ва текширилувчи ўзаро манфаатли қарорга келадилар”, - деганди у 24.kg ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Солиқчилар эса ҳаммани назорат қилишга улгурмаётганларидан нолийдилар. “Одамлар кўпинча дам олиш учун икки-уч кунга келадилар, - дейди Нурмат Шамбетов. – Уларни деярли ҳар бир уй қабул қилади. Ҳаммани назорат қилолмаймиз, бизда бор-йўғи ўттизта нозир бор”.

Шу тариқа, пойтахтдаги мулозимлар ўзларининг нақадар яхши ишлаётганларини кўрсатиш учун сайёҳлар сонини ошириб кўрсатишдан, маҳаллий расмийлар эса озайтириб кўрсатишдан манфаатдорлар. Чунки сайёҳ қанча кўпайса, давлатга шунча кўп пул тўлаш керак бўлади.

Кишини ҳуркитадиган сифат

Турусбек Мамашовнинг Регнум ахборот агентлигига билдиришича, 2007 йилда расмийлар “хизмат сифатининг пастлиги каби хатоларни тузатганлар”. “Биз сайёҳлар сони ортидан қувмаяпмиз, балки уларга хизмат кўрсатиш сифатига зўр бераяпмиз, - деганди у ўтган ёзда. – Бундан ташқари, биз Иссиқкўлнинг экологик хавфсизлиги ҳақидаги масалани ҳам кўтарганмиз, ахир айрим пансионатларда тозалаш иншоотлари йўқ-да”. Дарвоқе, туристик мавсум бошланишидан аввал расмийлар тозалаш иншоотлари йўқлиги туфайли Иссиқкўл бўйида ўндан ортиқ пансионатлар ёпиб қўйилгани тўғрисида жар солгандилар. Бироқ Иссиқкўл туман давлат солиқ назорати маълумотларига кўра, уларнинг ҳаммаси бутун мавсум мобайнида ишлашда давом этганлар.

Мамашовга кўра, Иссиқкўлда дам олувчиларнинг қарийб етмиш фоизини қозоғистонлик сайёҳлар, йигирма фоизини эса россияликлар ташкил этадилар. Россияликлар сони, давлат агентлиги раҳбарининг фикрича, Қирғизистоннинг халқаро кўргазмаларда иштироки шарофати билан икки баробар ошган. Аммо ҳақиқий аҳвол тескари натижа бериши ҳам мумкин. Дейлик, Москвадан келган дам олувчилар гуруҳи “Фарғона.Ру” АА мухбирига соҳил бўйидаги хизмат кўрсатиш даражасидан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди. “Бунақа пулга Туркияда оёғимизни ўпишга тайёр бўлиб турардилар, - деди ўзини Володя деб таништирган қирқ беш ёшлардаги киши. – Бу ерда эса ифлос қошиқ ялашимизга тўғри келаяпти. Озгина балиқ овлашга умид қилгандик, бу ерда эса балиқларни бутунлай қириб битиришибди”.

Меҳмонлар жойларда ҳожатхоналарнинг йўқлигидан, борларида ҳам тозаликка мутлақо риоя қилинмаслигидан шикоят қиладилар. Чўлпонота шаҳар ярмаркаси маъмурияти киритган янгилик эса ҳар қандай чет элликни жомадонини йиғиштириб, уйга жўнаб қолишга мажбур қилиши мумкин: у ерда радио орқали вақти-вақти билан ярмаркада киссавурлар юрганлиги сабабли меҳмонларни хушёр бўлишга чақириб турадилар.

Маҳаллий милиция идоралари маълумотларига кўра, йил бўйи содир этилган жиноятларнинг ярми туристик мавсум авжига чиққан палла бўлмиш ёз ойларига тўғри келади. Бу пайтда нафақат жиноятлар, балки чет элликлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам ошиб кетади. Бироқ бу энди бошқа мавзу.

Нарх-навога келсак, энг қиммат пансионат – “Аврора”да битта жой суткасига бир юз йигирма долларга тўғри келади, бошқаларида эса қирқ доллар ва ундан кўпдир. Аммо хизмат кўрсатиш сифати кўнгилдагидек эмас.

Турусбек Мамашовга кўра, давлат туризм ривожига йилига бор-йўғи икки миллион сўм (тақрибан $55000) ажратади, холос. Ўтган баҳор Мамашов туризмга жуда кам маблағ ажратилаётгани ҳақида Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутатларига шикоят қилганди. Бунга жавобан парламент аъзоси Даврон Собиров “Қирғизистон ҳукумати туризм соҳасига ўта ёмон муносабатда” эканини айтганди. Депутатга кўра, “битта агентлик билан кўп иш қилиб бўлмайди, бу соҳадаги муаммони ҳал қилишга барча давлат тузилмалари жалб қилиниши керак”.

Туризм соҳасида кадр тайёрлаш даражаси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бу соҳа мамлакат учун янги соҳадир, шунинг учун ҳам маҳаллий олийгоҳлар бу жабҳани энди-энди ўзлаштириб келмоқдалар...

Аснода яширин бизнес вакиллари ўз фаолиятларини айнан расмийларнинг пассивлиги билан оқламоқдалар. “Расмийлар биз ҳақимизда фақат мавсум пайтидагина эслаб қоладилар, - дея ёзғиради уйини дам олувчиларга ижарага берувчи аёл. – Ёз бўйи мен ҳовлида ухлайман. Давлат менга нима ёрдам бериб қўйибдики, мен унга солиқ тўласам?” Хусусий тадбиркорлар ва майда амалдорлар “ҳамма пансионатларни сотиб олган, лекин солиқ тўламаётган катта амалдорлар”ни рўкач қилишиб, ўзларини виждон азобидан қутқаргандек бўладилар. “Нима учун уларга мумкин-у бизга мумкин эмас?” – дейдилар улар. Турли маълумотларга кўра, мавсум давомида хусусий тадбиркорлар икки юз-уч юз минг сўм (5-8 минг доллар) ишлайдилар. Аммо бу маблағ кейинги мавсумгача тирикчилик қилиб туриш учунгина етади. Ахир қишда қиладиган иш йўқ-да.

* * *

Қирғизистондаги туризм мавзусидаги барча гап-сўзлар, асосан, Иссиқкўл атрофидагина бўлади. Аммо қачонлардир Буюк Ипак йўлининг бир қисми ўтган мамлакат жануби ҳам табиий гўзал масканлар ва диний қадамжоларга бой, улар ҳам кўплаб чет элликларни жазб этадилар. Ҳудуднинг асосий кузири бу ерда мавсум етти ойгача давом этишидир, ваҳоланки, Иссиқкўлда дам олиш мавсуми бор-йўғи уч ой билан чекланади, холос. Лекин бу ерда ҳам меҳмонлар жанубнинг асосий шаҳарлари бўлмиш Ўш ва Жалолободда тузукроқ меҳмонхоналар йўқлиги муаммосига дуч келадилар.

Гарчи кейинги пайтларда қирғизистонлик расмийлар мамлакат жанубига ҳам эътибор қарата бошлаган бўлишларига қарамай, одатда, уларнинг қизиқишлари мазкур ҳудудда туризмни ривожлантириш учун маблағ йўқлигини эътироф этиш билан сўнади. Аммо маҳаллий тадбиркорлар ва аҳоли бу соҳани ўзлари мустақил равишда ўзлаштира бошладилар. Улар бу соҳада пул топиш... ва солиқларни яширишни ўргана бошлаганлар.



 

Реклама