06:37 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон Таълим вазирлиги “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги хабарини рад этди. Аммо жавоб берилиши керак бўлган саволлар барибир қолди

28.09.2007 22:37 msk

Даниил Кислов

Тожикистонлик талабалар пахта теримида. “Азия Плюс” агентлиги сайтидан олинган фотосурат

“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, Тожикистон таълим вазири А. Раҳмонов буйруғига биноан Хўжанд шаҳридаги Тожикистон Давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университетининг пахта теримига мажбуран боришдан бош тортган 220 талабаси ўқишдан четлатилган, бунга расмий сабаб ўлароқ уларнинг академик қарзи борлиги кўрсатилганди. Бироқ кеча Тожикистон Таълим вазирлиги талабаларнинг оммавий равишда ўқишдан четлатилиши ҳақида “Фарғона.Ру” ёйинлаган хабарни қатъиян рад этди.

“Раддия
Олийгоҳда ўқиётган 220 талабанинг ўқишдан четлатилиши ҳақидаги хабар журналистнинг уйдирмасидир. Пахта терими кампанияси бошланганидан буён университетда талабаларни ўқишдан четлатиш ҳақида биронта ҳам буйруқ чиқарилгани йўқ. Қайд этиш жоизки, 18 сентябрь куни “Фарғона.Ру” сайтида 2007 йилнинг 17 сентябрь куни ТДҲБСУ 4-курсида ўқийдиган 120 дан зиёд талаба Сўғд вилоят раисига пахта теримида иштирок этишни истамасликлари битилган ариза билан мурожаат қилганлари хусусида мақола чоп қилинганди. Бу борада вилоят ҳукумати 17 сентябрь куни ТДҲБСУ талабаларидан ҳеч қандай хат олмаганини қайд этамиз. Шунингдек, мазкур хабарга мувофиқ, пахтага теримига чиқиш муносабати билан ўз қарзларини бартараф қилишга улгурмаган талабаларнинг академик қарзлари туфайли гўё ўқишдан четлатилганлар. Бу банд бўйича академик қарзлар туфайли талабаларни ўқишдан четлатиш ҳақида ҳеч қанақа буйруқ имзоланмаганини маълум қиламиз, чунки қарздорлар учун кичик сессия талабаларнинг пахта теримида иштироки муносабати билан тўхтатиб қўйилган.
Университет ректорати Тожикистон Республикаси Таълим вазирлигининг 2007 йил 12 сентябрида чиққан 1629-сонли буйруғини бажариб, иккинчи, учинчи ва тўртинчи босқичда ўқиётган талабаларни пахта теримига юборганлигини маълум қилади. Аммо пахта теримига бормаган талабаларга нисбатан қуйидагича чоралар кўрилган: айрим талабаларнинг университет билан алоқалари йўқолиб қолгани туфайли уларнинг ота-оналари мазкур талабаларнинг ўқишдан четлатилиши ҳақида огоҳлантирилганлар.
Мазкур хабар университетнинг обрўсига путур етказиш, жамоада носоғлом муҳит яратиш мақсадида чоп этилганлигига ишончимиз комил.
ТДҲБСУ ректорати оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳурматларини ифода этган ҳолда, бундан буён ҳақиқатга мувофиқ келмаган фактлар ёзилган мақолаларни чоп этмасликни илтимос қилади.
Агентлигимиз электрон манзилига келган раддия чапдаги қистирмада қисқартирилган ҳолда келтирилди. У “ТДҲБСУ ректорати” томонидан йўлланган. Бу каби хат Сўғд вилоят маъмурияти матбуот хизматининг раҳбари Илҳом Жамоловдан ҳам келган. Шунга ўхшаш раддия бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам ёйинланган.

Дейлик, 27 сентябрь куни Тожикистон Таълим вазирлигининг олий профессионал ва дипломдан кейинги таълим бошқармаси бошлиғи Нуриддин Саидов “Азия-Плюс” ахборот агентлигига берган интервьюсида Таълим вазирлиги талабаларни ўқишдан четлатиш юзасидан ҳеч қандай ҳужжат, буйруқ ва оғзаки кўрсатма бермаганини билдирган. “Мен фактларни тасдиқлатиб олмай туриб, ҳақиқатга мувофиқ келмаган маълумотлардан фойдаланаётган айрим ОАВ фаолиятидан таажжубдаман”, - дея билдирди у.

“Азия-Плюс” агентлиги маълумотларига кўра, мазкур университет раҳбариятида ҳам пахта теримида қатнашишни истамаган бу талабаларнинг Сўғд вилоят раисига мурожаат қилганларини рад этганлар.

Университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Аброр Мирсаидов “Азия-Плюс”га берган интервьюсида “гўё талабалар томонидан ёзилган ариза остида қалбаки имзолар турганини” билдирди. Проректорга кўра, “ариза остида фамилиялари турган талабалар билан суҳбат ўтказилди ва талабалар кимдир уларнинг номида мазкур мурожаатномани имзолаганларидан ҳайрон бўлдилар, улар бундай ариза борлигини хаёлларига ҳам келтирмаганлар”.

Кейинроқ, “Азия-Плюс”нинг хабар қилишича, мазкур хатнинг олинганини Сўғд вилоят раиси девонхонасининг ахборот-таҳлилий марказида ниҳоят тасдиқлаганлар, улар вилоят маъмуриятининг раҳбари Коҳир Расулзода номига битилган бу хатни ўзларини 4-босқич талабалари деб таништирган икки йигит келтириб берганларини маълум қилганлар.

Бироқ содир бўлаётган воқеалар манзараси Тожикистон Таълим вазирлиги раҳбарлари ҳамда мазкур олий ўқув юрти ректорати тақдим этаётган йўсинда эмасдек туюлади. “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Хўжанддаги манбаларидан олинган маълумотларга кўра, Тожикистон олийгоҳи раҳбарияти ҳақиқатан ҳам мазкур буйруқни чиқарган, бироқ унинг университет котибияти юридик бўлими бошлиғининг имзосисиз қонуний кучга эга бўлмаслиги ўша ондаёқ маълум бўлган. Боз устига, сохталаштирилган буйруқ университет раҳбариятининг ўзи томонидан (Таълим вазирлиги хабардор қилмай туриб) тарқатилган ва ундан пахта теримидан бош тортувчи талабаларга таҳдид сифатида фойдаланилган. Ахир у Хўжанддаги олийгоҳнинг барча факультетлари биноларида осиб ташланганди-да.

Буйруқда аллақанча талаба “пахта терими жараёнида иштирок этишдан бош тортганлари учун қайта тикланиш ҳуқуқисиз олийгоҳдан четлатилгани” ҳақида айтилганди. Аммо буйруқ матни охирида талабаларни фақат чин юракдан тавба қилиш ва зудлик билан пахта далаларига жўнаб кетиш қутқариб қолиши мумкинлиги ҳам айтилганди. Айни ҳолда мазкур “буйруқ”ни олийгоҳдагиларнинг вазир фамилияси ортида туриб қилган шантажи ўлароқ баҳолаш мумкин.

“Фарғона.Ру” АА таҳририятининг Хўжанд олийгоҳи талабаларидан олган маълумотларга кўра, олийгоҳ ўқитувчилари томонидан қилинган бундай пўписадан кейин уларнинг кўпчилиги вилоят раҳбарияти номига битилган хат остидаги ўз имзоларини тасдиқлашдан чўчиб қолганлар.

Қайд этиш жоизки, Тожикистон Республикаси Қонуни талаба ва ўқувчиларнинг қишлоқ хўжалик ишларида иштирок этишига йўл қўймайди. Бунга қўшимча равишда пахта хом ашёсини териш ишига мажбуран жалб қилиш Тожикистонда роппа-роса бир йил муқаддам расман маън қилинган. 2006 йилнинг 21 сентябрь куни “Азия-Плюс” агентлиги расмий ахборот тарқатган бўлиб, унда “янги ўқув йилидан, давлат раҳбари буйруғи ва Таълим вазирлиги қарорига мувофиқ, мактаб ўқувчилари ва талабаларни пахта теримига жалб қилиш маън қилинади”, дейилган. Юқорининг буйруғига кўра, ўқувчиларни қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилганлик учун умумтаълим мактаблари, техникумлар ва олийгоҳлар раҳбарлари бундан буён эгаллаган лавозимидан маҳрум қилинишгача бўлган жазо чораларига мустаҳиқ этилишлари керак эди. Шунга қарамай, тожикистонлик талабаларни оммавий равишда далага ҳайдаш амалиёти давом этмоқда.

Юқорида айтилганлардан келиб чиққан ҳолда, Хўжанддан ҳам, Душанбедан ҳам жавоб олиниши керак бўлган кўплаб саволлар туғилади:

- Нима учун талабаларни ҳали ҳам совет давридагидек ҳар йили қишлоқ хўжалик ишларига мажбуран юбориш амалиёти давом этмоқда?

- Нима учун республика Таълим вазирлиги талабаларни далага жалб қилишни маън этувчи ўз буйруғини бажармаяпти?

- Республика Таълим вазирлиги, энг аввало, олийгоҳлардаги ўқиш сифатини назорат қилиши ва билим олишга интилаётган болаларни ҳар томонлама дастаклаши лозим эмасми?

- Мамлакат раҳбарияти қарорида талабаларнинг фикри нақадар акс этган? Уларнинг ўзлари йилда бир неча ойни пахта териш билан ўтказишни истайдиларми-йўқми?

- Талабаларнинг теримга жалб қилинишига деҳқонларнинг ўзлари қандай муносабатдалар? Улар талабаларнинг ишидан мамнунмилар?

- Таълим вазирлиги раҳбарияти бу мавзуда (талабалар ва фермерлар иштирокидаги) очиқ баҳс-мунозара ўтказишга тайёрми?

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги фурсатдан фойдаланган ҳолда Тожикистон Таълим вазирлиги ва Сўғд вилоят маъмуриятига мақоламиз юзасидан тезкор муносабат билдиргани учун самимий миннатдорчилик билдиради. Бошқа томондан эса биз материални тайёрлаш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган айрим ноаниқликлар учун узр сўраймиз. Шунинг учун ҳам биз ушбу масалага алоқадор бўлган Тожикистон расмийларидан вазиятни охиригача ўрганиб, Тожикистон жамоатчилигига мамлакат олийгоҳлари тизимида содир бўлаётган воқеалар юзасидан ҳаққоний маълумот тақдим қилишни илтимос қиламиз.

Воқеаларнинг бундан буёнги ривожи ҳақида биз ўз муштарийларимизга албатта маълумот бериб борамиз.

МАЪЛУМОТ УЧУН:

* Тожикистон Республикаси ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДАГИ Қонунининг 26-моддасида қуйидагилар айтилади: “Таълим муассасаларида, таъсисий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, педагогларни ўз асосий мажбуриятни бажаришдан чалғитиш, ўқувчилар, тарбияланувчилар, талабалар, аспирантларни қишлоқ хўжалик ишлари ҳамда тарбия ва ўқиш ишлари билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб қилиш маън этилади”.

* Тожикистон матбуоти хабарларига кўра, Қўрғонтепа шаҳри яқинида дала ишларига жалб қилинган талабаларга озиқ-овқат ва сув етишмаяпти. Талабалар ўзларига “арзимаган чақа” тўланаётганидан нолимоқдалар, ҳатто ўқитувчилар ҳам далада ишлашдан бош тортмоқдалар, бунинг учун улар ишдан ҳайдаш билан қўрқитилмоқда. Теримчиларга пулни ҳар беш кунда тўлаб турибдилар. Терилган бир кило пахта учун 13 дирамдан (0,05 АҚШ долларидан камроқ) пул тўланаяпти. Ҳар куни талабалардан кимдир уйига қочиб кетаяпти.

* Кўлоб туманидаги талабалар далада ишлай бошлаганларидан бери гўшт кўрмаганларини таъкидлайдилар: улар сабзавот ва нон билан қорин тўйдирмоқдалар. Бу ерда уларга терилган бир килограмм пахта учун 15 дирамдан пул тўланаяпти ва ишлаб топилган пулнинг ҳаммаси овқатга кетаяпти.

* Талабаларга тунаш учун қишлоқ мактабларида жой ҳозирлангани учун мактаб ўқувчиларига дарс ўтиш учун жой етишмаслиги билан боғлиқ муаммо пайдо бўлаяпти.

* Далаларида талабалар ишлаётган фермерлар арзон ишчи кучи келганидан бошлари осмонга етаётгани йўқ: “уларнинг турган битган зарар, пахта сифатини бузаяптилар, (терган пахтаси оғирроқ тош боссин учун) улар пахтага сув қуймоқдалар, қопларга тош ва ўт-ўлан солиб қўймоқдалар”.

* Тожикистонлик иқтисодчи Ҳожимуҳамад Умаров талабалар дарс қолдираётганидан бюджет зарар кўраяпти, деб ҳисоблайди. “Агар талаба бюджет асосида ўқиса, бундан давлат бюджети зарар кўраяпти, агар шартнома асосида ўқиётган бўлса, талабанинг ўзи зарар кўрмоқда”.

* Халқаро муҳожирлик ташкилоти ҳисоботларига мувофиқ, Тожикистондаги пахтанинг 40 фоизини арзимаган пул эвазига болалар териб бераяптилар. 3-4 ой давом этадиган пахта терими мобайнида уларнинг олган маошлари бор-йўғи 20 долларни ташкил этади. ХМТ маълумотларига кўра, ўқувчилар дарснинг учдан бирини қолдирмоқдалар. Бундан ташқари, экспертлар пахта теришдек оғир меҳнат болалар саломатчилигига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлайдилар.