06:34 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Турсунбой Бакир ўғли: «Қамоқхона тизимини руҳшунослар бошқаришлари керак»

17.09.2005 15:20 msk

Элмурад Жусупалиев

Қирғизистонда судланганлар учун ўн еттита колония мавжуд. Уларда йигирма мингга яқин одам сақланади. «Зона»лардаги шароитнинг оғирлигидан у ерда тез-тез зиддиятли вазиятлар, аниқроғи, маҳбусларнинг исёни келиб чиқиб туради. 2005-йилнинг 13-сентябрь куни Қирғизистон Омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли сентябрь ойининг биринчи ярмида қамоқхоналарда бир неча ғалаён содир бўлган бўлганлигини расман билдирди. Ушбу масала юзасидан жаноб Турсунбой Бакир ўғли билан «Фарғона.Ру» агентлигининг мухбири суҳбатлашди.

Фарғона.Ру: - Жаноб Турсунбой Бакир ўғли, марҳамат қилиб, колонияда содир бўлган можаролар ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.

Турсунбой Бакир ўғли: - 2005-йилнинг 1-сентябрь куни Вознесенское қишлоғи яқинида жойлашган 14-сонли болалар колониясида маҳбус ўсмирлар «тинч» исён ўтказганлар. Улар яшаш шароитини яхшилашни талаб қилганлар ва колониянинг янги раҳбариятига норозилик изҳор қилганлар. Колония раҳбарияти махсус топшириқ бажарувчи милиция отряди (ОМОН) нарядини чақирган. Исёнчилар милиция отряди томонидан аёвсиз калтакланганлар. Тартибсизликларни уюштирганликда гумон қилинган 9 маҳбус ўсмир Бишкекнинг 1-тергов ҳибсхонасига ва 50-тергов ҳибсхонасига кўчирилганлар, у Алға қишлоғида жойлашган. Бироқ ўсмирлар тергов ҳибсхонасида ҳам норозилик намойишини давом эттирганлар. 10-сентябрь куни 50-тергов ҳибсхонасида бўлган учта вояга етмаган маҳбус милиция ходимлари томонидан калтакланган.

Вояга етмаган маҳбуслар калтакланганларидан кейин ҳам норозилик намойишини тўхтатмаганлар: улар ўз оғизларини сим билан тикиб олганлар ва томирларини кесганлар. Ушбу норозилик тадбирига бошқа маҳбуслар ҳам қўшилганлар. 12-сентябрь куни ходимларимиз ушбу тергов ҳибсхонасида бўлиб, буларнинг ҳаммасини видеотасмага туширганлар. Биз ушбу ҳодиса ҳақида матбуот ва ҳукуматга маълум қилдик. Бироқ бу ягона ҳодиса эмас. Мамлакатнинг бошқа колонияларида ҳам шу каби нохуш ҳодисалар содир бўлмоқда. Масалан, Қоракўл шаҳри яқинидаги колонияда исён кўтарган маҳбуслар икки маротаба милициянинг махсус отряди томонидан калтакланганлар. Мен, мамлакат Омбудсмени сифатида, маҳбусларнинг калтакланиши ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун нормаларига зид келади, деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам бу «тийиқсизлик»ка чек қўйишимиз керак.

Фарғона.Ру: - Сиз исёнчилар қамоқхона шароитини яхшилашни талаб қилгандилар ва колониянинг янги раҳбариятига норозилик изҳор қилгандилар, дедингиз. Улар нимадан норозилар?

Турсунбой Бакир ўғли: - Мен вояга етмаганлар колониясида кўп бор бўлганман ва эски раҳбарларни яхши билардим. Улар шароитни ўнглаш учун кўп иш қилгандилар. Масалан, макарон ва бошқа ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кичик завод қурилганди. Маҳбуслар ана шу заводда ишлардилар, пул топардилар ҳамда уларда озиқ-овқат билан боғлиқ бўлган ҳеч қандай муаммо йўқ эди. Бўш пайтларида маҳбуслар спорт билан шуғулланиш имкониятига эга эдилар, улар учун турли тадбирлар уюштирларди. Бироқ, исёнчи маҳбусларга кўра, янги раҳбарият эски раҳбарият томонидан барпо қилинган барча нарсани барбод қилган.

Фарғона.Ру: - Охирги пайтларда Қирғизистонда ўз таъсир доирасини кенгайтиришни истаган жиноий тузилмаларнинг фаоллашиш тенденцияси кузатилмоқда. Нима деб ўйлайсиз, бу исёнлар жиноий тузилмаларнинг фаоллашуви билан боғлиқ эмасмикан? Эҳтимол, раҳбариятга ўз норозилигини изҳор қилаётган маҳбуслар колониядаги раҳбарлик лавозимларига ўз одамларини қўймоқчи бўлган жиноий оламдаги эътиборли шахслар буюртмаларини бажараётгандирлар?

Турсунбой Бакир ўғли: - Шунақа бўлиши ҳам мумкин. Аммо, ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам, ҳокимият қамоқхоналарда исён чиқиши ҳамда норозилик изҳор қилиниши учун асос бермаслиги керак. Ҳокимият ушбу масалаларни ҳал қилишда куч ишлатмаслиги керак. Бу норозиликни кучайтиради, холос. Колония раҳбарлари қонун доирасида ҳаракат қилишлари керак. Бугунги кунда бунинг акси бўлмоқда. Агар маҳбусларнинг сақланиши ҳақидаги қонун ва низомларни ҳамда маҳбусларнинг озиқ-овқат билан таъминланиши ҳақидаги норматив ҳужжатларни ўқисангиз, улар чинакамига жаннатда яшар эканлар, деб ўйлашингиз мумкин. Аслида эса, бугунги кунда давлат бир маҳбуснинг озиқ-овқати учун бир кунга 65 центдан ажратмоқда. Бугун мамлакат қамоқхоналарида деярли очлик ҳукм сурмоқда. Бу муаммо Россия, Белоруссия ва Болтиқбўйи мамлакатларида яхши йўлга қўйилган. Ҳар бир колонияда ишлаб чиқариш корхоналари қурилган. Маҳбуслар иш билан таъминланганлар ва ўзларини ўзлари боқадилар. Қирғизистонда эса 99% колониялар ишлаб чиқариш корхоналарига эга эмас. Бу энг оғриқли масаладир. Чунки қамоқхоналардаги маҳбусларнинг шуғулланишлари учун иш йўқ, улар тобора таназзулга юз тутмоқдалар, ўзаро «ҳисоб-китоб»ларини тўғриламоқдалар, исён ва турли зиддиятли ҳолатларни юзага келтирмоқдалар. Бу эса мамлакат ҳавфсизлиги учун ўта ҳавфлидир. Чунки маҳбусларнинг муаммоларини ечмаётган давлат норозилик учун замин яратади ва бундан жиноятчилик оламида эътиборга эга бўлган шахслар исталган пайтда фойдаланиб қолишлари мумкин. Агар 17 та қамоқхона бир вақтнинг ўзида исён кўтарадиган бўлса, нима бўлишини тасаввур қила оласизми?

Фарғона.Ру: - Сиз давлатга бу аҳволдан чиқиб кетишнинг қандай йўлини таклиф қиласиз?

Турсунбой Бакир ўғли: - Биринчидан, колонияларни бошқаришнинг эски структурасини ўзгартириш, жиддий қамоқхона ислоҳотини ўтказиш керак. Қамоқхоналарни милиционерлар эмас, руҳшунослар (психологлар) ва ижтимоиётчилар (социологлар) бошқаришлари керак. Чунки бугунги кунда давлат мамлакатнинг пенитенциар тизимини нормал тарзда молиялаштиришга қодир эмас. Бу эса, аввалда айтганимдек, колониялардаги вазиятнинг беқарорлашуви учун шарт-шароит яратади, колониялар шу тариқа давлат назорати остидан чиқиб кетиши мумкин. Колониялар ва қамоқхоналарда вазиятни ўз вақтида таҳлил қила оладиган ва зиддиятларнинг олдини ола биладиган «гуманитар соҳа вакиллари» бошлиқ бўлишлари керак.