06:06 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия: Ўн минглаб кишилар Рамазон чодирларида ифторлик қилмоқдалар

26.09.2007 21:51 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир)

Муборак Рамазон кунлари эътиқодли мусулмонлар кун давомида рўза тутишиб, кечқурун қуёш ботгандан кейин ифторлик қиладилар. Ифторликни кўпчилик бўлиб қилиш яхши удум ҳисобланади, шунинг учун ҳам кўп оилалар оқшомги дастурхон атрофига меҳмонларни таклиф қиладилар.

Сўнгги йилларда Туркиянинг барча шаҳарларида муборак Рамазон кунлари истаган кишилар бепул таомланиши мумкин бўлган “Рамазон чодирлари”ни ўрнатиш урфга айланди. Бу каби амалиёт биринчи марта кам таъминланган оилалар ва фалокатга йўлиққан кишиларга ёрдам берувчи “Дениз фенери” (“Денгиз маёғи”) ёрдам ва хайрия жамияти томонидан киритилганди. Бу янгилик барчага маъқул бўлганди, ташаббусни қўллаган кўплаб шаҳарларнинг мэриялари ва хайрия жамиятлари ҳам ўз Рамазон чодирларини ўрнатишга киришгандилар. Чодирларга, рўза тутган-тутмаганидан қатъий назар, хоҳлаган киши кириши мумкин. Кўпчилик кам таъминланган одамлар бу ерга ўз болалари билан келадилар, бу кишилар учун бепул тарқатиладиган иссиқ ифторлик таоми шоҳона зиёфат билан тенг. Меҳмонлар орасида ишдан қайтаётиб, уйидаги ифторликка кеч қолган кишилар ҳам бор - шариат қоидаларига биноан ифторликни кечиктириш мақбул кўрилмайди.

Бу йил икки минг кишини қабул қила оладиган энг катта Рамазон чодири Истамбулдаги Бағжилар мавзеида ўрнатилди. Умуман олганда эса шаҳарнинг турли жойларида мэрия томонидан қирқта чодир ўрнатилган. Бундан ташқари, мегаполиснинг ўн битта жойида мэрия ташаббусига кўра ифторликни кўчада қилишни истаганлар учун ифторлик емаклари солинган халталар тарқатилмоқда. Рамазон ойи давомида мэрия ҳар куни эллик минг кишига ифторлик улашишни режалаштирмоқда, бу умумий ҳисобда бир ярим миллион порцияни ташкил этади. Ифтордан сўнг чодирларда машҳур кишилар ва ҳофизлар иштирокида турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Палатка для ифтара. Фото ИА Фергана.Ру
Ифторлик чодири. “Фарғона.Ру” АА фотоси

“Сомон йўли” телеканалининг Рамазонга бағишланган кундалик кўрсатувида хабар қилинишича, Истамбулнинг Ускудор бандаргоҳида турган кемада ҳар куни йигирма минг кишига ифторлик тарқатилмоқда. Навбатда турган одамлар қатори бир километрдан ҳам ошиб кетаяпти. Ифторлик дастурхони, одатда, суюқ овқат, гўштли палов, хурмо, зайтун меваси, пишлоқ, ширинликлар (тотлилар), мева-чева ва сувдан иборат бўлади.

“Денгиз маёғи” жамияти мамлакатнинг ўнлаб вилоят марказларида ҳамда бир неча қишлоқда Рамазон чодирларини ўрнатган. Туркиянинг барча вилоятларида (бунақа вилоятлардан эса мамлакатда саксон битта) “Ифторгача бўлган беш дақиқа” шиори остида жамият аъзолари кўчаларда ифторга кеч қолаётган кишиларга пишириқлар, нон ва ширинликлар улашмоқдалар. Муборак Қадр кечаси арафасида жамият кўнгиллилари бутун Туркия бўйлаб бир пайтнинг ўзида ифтор улашишни режалаштирмоқдалар. Бундан ташқари, “Денгиз маёғи” касалхоналарда ва айрим жазони ўташ муассасаларида ифторлик емаклари тарқатилишини ташкил қилади. Дейлик, “Пашақаписи” аёллар колониясининг беш юз маҳбусасига, “Байрампаша” болалар колониясидаги олти юз эллик маҳбусга, “Афъёна” колониясидаги олти юз кишига ва “Бафра” колониясидаги юз эллик кишига ҳар куни хайрия жамияти томонидан ифторлик берилаяпти. “Денгиз маёғи” ўз фаолият майдонини кенгайтира борар экан, айни пайтгача дунёнинг ўттиз уч мамлакатидаги эллик беш минг оилага ёрдам берган.

В палатке для ифтара. Фото ИА Фергана.Ру
Ифторлик чодири. “Фарғона.Ру” АА фотоси

“Фарғона.Ру” АА мухбири Измирда ўрнатилган Рамазон чодирларидан бирида бўлди. Чодир икки жамият – “Онадўли маданияти кўнгиллилари” ва “Илижа” маданият ва меҳрибонлик жамиятига қарашли. Икки юз йигирма кишига мўлжалланган чодир ҳар оқшом уч юзтагача киши қабул қилади. Бундан ташқари, ифтор бошлангунича маҳалла оқсоқолларидан олинган рўйхатлар бўйича етти юз киши ўз уйига ифторлик олиб кетади, бошқа муҳтож кишиларнинг эса уйларига емак етказиб берилади. Шу тариқа, жамият кунига минглаб кишиларни ифторлик билан таъминламоқда. Емак маҳаллий хусусий фирмалардан бирида тайёрланмоқда.

Ушбу сатрлар муаллифи чодирга кирган пайтида “Онадўли” жамияти бошқарувчиси Ҳусейин Учар ифторликлардан бирига ҳомийлик қилишни истаган тиш ҳакими Суавий Гулен билан гаплашиб турган экан. Маълум бўлишича, жаноб Гулен ўзи бермоқчи бўлган ифторликни яқин кунлардан бирига белгилашни илтимос қилаётган экан. Ифторлик фақат саккиз кундан кейин берилиши мумкинлиги аён бўлди, чунки бошқа кунлар аллақачон бошқа хайриячилар томонидан банд қилиб қўйилган экан. Ҳусейин Учар Суавийга ҳисоб-фактура қоғози учун ҳақ тўлаши мумкинлигини, ифторликни ташкил қилиш бўйича бошқа ишларни эса жамият ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Хусейин Учар и Суави Гюлен. Фото ИА Фергана.Ру
Ҳусейин Учар ва Суавий Гулен. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Бошқарувчи билан гаплашишга пенсионер Аҳмет Уйғур навбатда турган экан, у нақд пул билан икки юз турк лирасини (1 АҚШ доллари 1,22 турк лирасига тенг) иона қилибди. Маълум бўлишича, ўтган кунлар мобайнида у беш юз лира ва икки юз лирадан икки марта иона беришга улгурибди. Бошқарувчи унга пул олингани ҳақида квитанция ёзиб берди.

“Ҳомийларнинг пулларини биз емак ҳозирлаётган фирмага тўлаш учун сарф қилаяпмиз”, - дейди Ҳусейин Учар. – “Битта оқшом уч минг турк лирасига (тақрибан икки ярим минг АҚШ доллари) тушаяпти. Баъзан чодир меҳмонлари сони кунига уч юз кишидан ошиб кетаяпти”.

... Соат роппа-роса 19.14 да ифтор вақти бўлганини билдириб, тўп отилди. Шундан кейиноқ яқин-атрофдаги масжидлардан шом азони эшитила бошлади. Рамазон чодирида йиғилганлар Аллоҳга шукроналар айтишиб, саҳоватли кишилар томонидан уюштирилган дастурхон атрофида ифторлик қилишга киришдилар.