23:20 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Илҳом” театрининг режиссёри Марк Вайль қотилларини қидириш ҳозирча натижа бергани йўқ

26.09.2007 20:59 msk

Фарғона.Ру

Марк Вайлнинг тахмин қилинган қотилларидан бири фотороботи

Тошкентлик режиссёр Марк Вайлнинг ўлдирилиши юзасидан тергов ҳали-ҳозир сезиларли натижа берганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги “Илҳом” театр-студиясининг бадиий раҳбари Марк Яковлевич Вайль 6 сентябрь куни кечқурун ўз уйи йўлагида ҳужумга учраган. Орадан тўрт соат ўтгач, у кўп қон йўқотганлигидан касалхонада ҳаётдан кўз юмган. Жиноятчиларни иссиғида қўлга ололмаганлар, чунки милиция М. Вайлнинг “Ойбек” метроси яқинида жойлашган уйига қотиллик содир этилганидан ярим соат кейин етиб келган.

Тергов қай йўналишда олиб борилаётгани ҳақида расман маълумот берилмаяпти. Бироқ “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига Тошкент шаҳар прокуратураси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларидан тузилган махсус тергов гуруҳи бу ёвуз жиноятнинг, асосан, маиший тахмини устида астойдил ишлаётгани маълум бўлди.

Қотиллик содир этилганидан кейиноқ воқеага гувоҳ бўлган қўшниларнинг тавсифи асосида жиноятчилардан бирининг фотороботи тузилган. Орадан бир ҳафта ўтгач, яна иккита тахмин қилинган қотилнинг портрети тузиб чиқилган. Ҳозирда бу тасвирлар қотиллик содир этилган мавзе бўйлаб ҳамда “Илҳом” театр-студияси биносида илиб ташланган.

Самый первый фоторобот, составленный в день убийства
М. Вайль ўлдирилган куни тузилган энг биринчи фоторобот

Фоторобот одного из убийц М.Вайля, созданный спустя неделю после убийства
Қотилликдан бир ҳафта ўтганидан сўнг тузилган қотиллардан бирининг фотороботи

Фоторобот одного из убийц М.Вайля, созданный спустя неделю после убийства
Қотилликдан бир ҳафта ўтганидан сўнг тузилган қотиллардан бирининг фотороботи

Кўп сонли тергов бригадасининг асосий саъй-ҳаракати айни пайтда “Илҳом” театри актерлари ва ходимларидан гувоҳлик йиғишга қаратилган. Марк Вайль яшаган уйнинг деярли рўпарасида бўлган милиция бўлимида вақтинча театрнинг бадиий раҳбари вазифасини бажариб турган Борис Ғафуровдан то чиптачигача “Илҳом”нинг қарийб барча ходимлари сўроқ қилинганлар. Уч-тўрт соатлаб чўзилган сўроқлар чоғида актерларга кучли руҳий босим ўтказилмоқда.

Янги мавсумнинг дастлабки кунларида спектакль кун тартибини ўзгартириб туришга тўғри келган. Бу техник сабабларга кўра эмас, балки театр артисти Фаррух Холжигитовнинг олти соатлик сўроқдан кейин терговчилар томонидан ушлаб турилгани сабабли содир бўлган. Орадан ўн кун ўтгач, уни ҳеч қандай изоҳсиз ҳибсхонадан чиқариб юборганлар. “Агар бунақа сабабсиз ҳибсда ушлаб туришлар давом этадиган бўлса, спектакллар қўйилишида бирин-кетин узилишлар бўлиб, театр иши қарийб фалажланиб қолиши мумкин”, - дейдилар “Илҳом” труппаси аъзолари.

Марк Вайль билан Сиэтлдаги хайрлашув маросимидан олинган суратларни театрнинг Ilkhom.com расмий веб-сайтида кўриш мумкин
Аснода, режиссёрнинг беваси ва икки қизи яшайдиган АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Марк Вайлнинг талабалари режиссёрга бағишланган хотира сайтини очдилар. Унинг адреси - Remembermark.com. Турли йилларда Марк Вайлдан таҳсил олган Сиэтлдаги Вашингтон университети талабалари ва битирувчилари М. Вайль бошчилик қилган “Илҳом” театрининг 2008 йилнинг баҳорида АҚШга гастроль сафарини дастаклаш учун жамғарма ташкил қилдилар. Йиғилган маблағлар Марк Вайль томонидан режалаштирилган ва Нью-Йоркнинг H-Art Managment агентлиги директори Гарольд Норрис (Harold Norris) томонидан ишлаб чиқилган гастроль сафари амалга ошиши учун сарфланади.