23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Президент мухолифатга янги норозилик намойишлари ўтказиш учун баҳона топиб берди

25.09.2007 15:15 msk

Ирина Ермакова (Бишкек)

Мухолифатнинг 2007 йил апрелидаги норозилик намойиши чоғида олинган фотосурат. Бошқа фотосуратларни “Фарғона.Ру” галереясида кўриш мумкин

Экспертлар янги конституция ва Қирғизистонда сайловлар ҳақидаги кодекснинг қабул қилиниши бўйича референдум қаттиқ цейтнот шароитида бўлиб ўтишини тахмин қилмоқдалар.

От билан юриш

Сўнгги уч йил мобайнида Қирғизистон конституцион ислоҳотга ҳечам сўнгги нуқтани қўёлмаяпти. 2005 йил март инқилобидан кейиноқ янги ҳокимият мамлакатнинг собиқ президенти Асқар Ақаевнинг мустабидга айланишига имкон яратган “ахлоқсиз” сиёсий тизимни қайта қурмоқчилиги ҳақида билдирганди. “Қайта қуриш”ни Ақаев учун анча қулай бўлган меъёрлар жо бўлмиш конституциядан бошлашга қарор қилганлар, чунки бу меъёрлар Қирғизистонни суперпрезидентлик бошқарув тартибли мамлакатга айлантириб, президентга катта ваколатлар берганди. Янги ҳокимият конституцион ислоҳотни 2005 йил баҳорида бошлади, бироқ ўшанда тузилган Конституцион Кенгашдаги баҳс-мунозаралар натижасиз тугади, ишлаб чиқилган лойиҳалар эса референдумга қўйилмади.

Сўнгра 2006 йилнинг ноябрь ойида мухолифат Бишкекда кўп минг кишилик митинг уюштириб, президент Қурманбек Бакиевни Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутатларидан тузилган аллақандай “таъсис йиғини” томонидан қабул қилинган янги конституция лойиҳасини имзолашга мажбур қилганди. Ноябрь конституцияси президент ваколатларининг анчасини кесиб ташлаганди, бунга эса Қурманбек Бакиевнинг кўнгиси келмасди. Ўша йилнинг декабрь ойида у Феликс Қулов бошчилигидаги ҳукуматни истеъфога кетишга кўндирди.

Кейин янги вазирлар маҳкамасини шакллантиришга имкон бермайдиган конституцион вазият юзага келиб қолганидан фойдаланган президент парламентни тарқатиб юбориш таҳдиди билан депутатларни янги конституцияни қабул қилишга мажбур қилди, мазкур ҳужжат унга ноябрь ойида маҳрум бўлган ваколатларини қайтариб берди.

2007 йилнинг сентябрь ойида Конституцион Суд икки депутатнинг Асосий қонун сўнгги икки таҳрири қабул қилинишига имкон берган меъёрнинг конституцияга зид деб топиш ҳақидаги талабномасини қондирди. Шундай қилиб, КС мамлакатга 2003 йилдаги конституцияни қайтарди. Бу билан боғлиқ равишда мухолифатчилар ислоҳот зарурлигини тан олишга мажбур бўлдилар. Фурсатдан фойдаланган президент Бакиев 19 сентябрь куни ўзининг халққа мурожаати чоғида 21 октябрь кунига икки қонун лойиҳаси – президент таклиф қилган янги конституция ва янги сайлов кодекси бўйича умумхалқ референдумини тайин қилиш ҳақида билдирди.

21 сентябрь куни бўлажак умумхалқ референдумига тайёргарлик бўйича Қирғизистон МСК мажлиси бўлиб ўтди. Норасмий суҳбатда МСКнинг кўплаб аъзолари бу тадбирни сифатли ташкил қилиш учун вақт етишмаётганидан нолимоқдалар.

Туман кенгашларига биринчи октябргачаёқ сайлов комиссиялари тузишни якунлаш ҳақида топшириқ берилган. Референдумнинг ўзи, МСК ҳисоб-китобига кўра, мамлакатга бир ярим миллион АҚШ долларига тушади.

Референдумга тайёргарликнинг энг асосий ва энг хавфли томони, МСК аъзоларига кўра, сайловчилар рўйхатларини тузишдир. Улар олтинчи октябргача тузиб чиқилиши ҳамда умумтанишув учун осиб қўйилиши режалаштирилмоқда. Қайд этиш жоизки, айни дамда камида беш юз минг қирғизистонлик пул топиш мақсадида Россия ва Қозоғистонда юрибди (турли маълумотларга кўра, улар сони бир миллионга етади, республикадаги сайловчиларнинг умумий сони эса икки ярим миллиондан кўпроқдир).

Шуни ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, сайловчиларнинг рўйхатлари жуда шубҳали бўлади ва уларда расман Қирғизистонда яшаётган, аммо аслида мамлакатда бўлмаган “ўлик жонлар” бўлиши эҳтимоли жуда катта. Ҳақиқатга мувофиқ келмайдиган сайловчилар рўйхатлари эса, одатда, сайлов комиссияларига жуда қўл келади, чунки улар вазиятни керакли томонга ўзгартиришга имкон беради. Парламент сайловларини ўтказиш чоғида бу рўйхатга депутатликка номзодлар кучи билан озми-кўпми тузатишлар киритиларди ва “ўлик жонлар” сайловчиларнинг умумий рўйхатидан олиб ташланарди. Энди эса рўйхатлардаги аниқликка қизиқиш ҳеч кимда йўқ. Комиссиялар эса олтинчи октябргача сайловчиларнинг ҳақиқий рўйхатини тузиб чиқишга, яъни аслида мамлакатда бўлмаган кишиларни рўйхатдан чиқариб ташлашга улгурмайдилар, уларнинг эски маълумотлардан фойдаланишларига тўғри келади. Бундай вазиятда, ҳатто референдумга кўпчилик сайловчилар келган тақдирда ҳам, овоз берганларнинг умумий фоизи кам бўлади. Референдумнинг ҳақиқатан бўлиб ўтган дея тан олиниши ва одамлар президентнинг ташаббусини ёқлаб овоз беришидан ўта манфаатдор бўлган “Оқ уй” (Қирғизистонда Ҳукумат уйини шундай атайдилар. – Таҳр.) мулозимлари ғазабига дучор бўлмаслик учун эса сайлов комиссиялари аъзолари натижаларни “қулоғидан тортишлари” ва мамлакатда бўлмаган кишилар юзасидан қандайдир чора кўришлари керак бўлади.

Бошқа томондан эса президент маъмуриятининг ўзи рўйхатлар ноаниқ бўлишидан ҳамда уларда овозини истаган йўсинда тасарруф қилиш имкони бўлган кишиларнинг фамилиялари бўлишидан манфаатдор. Ахир референдум натижалари уларга мақбул бўлмаса, бу бюллетенлардан президент ташаббусини ёқловчи натижага етказиб қўйиш учун фойдаланиш мумкин бўлади-да. Айнан шунинг учун ҳам референдумга тайёргарлик кўриш учун вақт етишмаётганини ва сайловчилар рўйхатидаги ноаниқликларни билган расмийлар бунга кўз юмиб қўя қолаяптилар.

Натижа аввалдан маълумми?

Ҳойнаҳой, референдум натижалари расмийларга мақбул бўлса керак. Агар бунга ишонч бўлмаганида эди, президент ҳеч қачон бунақа таваккалчиликка бормаган бўларди, чунки халқ рад жавобини берган тақдирда Қурманбек Бакиевнинг обрўси бир пул бўлади. Агар ҳатто президент маъмурияти халқнинг давлат раҳбарини қўллаб-қувватлашига мутлақо ишончи комил бўлиб, жойларда маъмурий имкониятлардан фойдаланмаган тақдирда ҳам мухолифатни референдум натижалари ҳақиқийлигига ишонтиришнинг имкони бўлмаса керак. Умумхалқ сўровини ошиғич равишда ўтказилиши, унинг натижалари, маҳаллий расмийларнинг иш услуби – буларнинг ҳаммаси шубҳасиз мухолифатга президент ва ҳокимиятни овоз бериш натижаларини сохталаштиришда айблаш учун сабаб ўлароқ хизмат қилади, бу эса янги норозилик намойишларини келтириб чиқариши мумкин. Ахир айнан 2005 йилдаги парламент сайловларидан одамлар норози бўлишларидан Қирғизистон собиқ президенти Асқар Ақаевга қарши кучлар бирлашиша бошлаган эдилар-да. Сирасини айтганда, норозилик намойишининг анъанавий “кузги серияси”ни бошлаш учун бунақа қулай вазиятдан фойдаланмаслик анқовлик бўларди.



 

Реклама