12:40 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги пахта далаларида болалар меҳнатидан кенг кўламда фойдаланиш давом этмоқда

24.09.2007 20:47 msk

М. Исаев, Б. Шоҳназаров

Бу ҳафта Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти пахта далаларига олтита олий ўқув юрти талабалари ҳамда ўттиз етти коллеж ва лицей ўқувчилари чиқадилар. Шаҳарлик ўқувчиларни пахта теримига расман жалб қилмаяптилар, аммо қишлоқлик болалар яқин бир ярим-икки ойни “пахтада” ўтказадилар.

Аввалги йилларда шаҳарлик теримчилар учун қабул пунктларига топширилажак хом ашёнинг кундалик нормаси белгиланарди. У битта кишига кунига ўртача эллик килони ташкил этарди. Қатор олийгоҳ ва коллежлар пахта штаби ходимларининг маълум қилишларича, бундай амалиёт ўтмишга айланиб бормоқда, эндиликда талаба ва ўқувчиларни моддий жиҳатдан рағбатлантиришга уринмоқдалар. Хусусан, ҳар беш кунда терган пахталари учун уларга нақд пул берилмоқда. Қўлда терилган пахтанинг бир килоси ўтган йилга солиштирганда қарийб икки баробар ошган ва олтмиш тўрт сўмни (1$ = 1275 сўм) ташкил этмоқда.

Ҳар йили кузда юзлаб талабалар ва ўқувчилар ўзларини “пахта терими мавсуми”дан озод қилиши мумкин бўлган тиббий маълумотнома овлай бошлайдилар. Бироқ бу йил талабалар поликлиникаларининг эшиклари улар учун ёпиқ бўлиб чиқди. Маҳаллий расмийлар талабаларни бевосита қишлоқ шароитида текширувдан ўтказишга қарор қилганлар.

Қишлоқ хўжалик ишларидан ўз-ўзидан озод бўлиш ҳуқуқидан фақат биринчи гуруҳ ногирони бўлган талабалар ва қорнида камида уч ойлик ҳомиласи бўлган ёки ёш болали аёлларгина фойдалана оладилар.

Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси маълумотларига кўра, бу йил пахта теримига умумий ҳисобда икки юз йигирма етти мингдан зиёд киши жалб қилинади. Самарқанд вилояти бу йил давлатга икки юз олтмиш саккиз минг уч юз тонна пахта топширишни режалаштирмоқда.

Жиззах вилоятида эса олийгоҳ талабалари, коллеж ва лицей ўқувчилар ҳамда мактаб ўқувчиларини пахта теримига олиб чиқиш 20 сентябрданоқ бошланган, дея хабар беради Uznews.Net мустақил веб-нашри.

Пахтага чиқишдан аввал Жиззах вилоят ўқув юртлари талаба ва ўқувчиларига уларнинг ўқитувчилари пахта теримига ўз хоҳишлари билан чиқаётганлари, уларни ҳеч ким бу ишга мажбур қилмагани, бу ишни фақат битта истак – суюкли ватанга ёрдам бериш учун қилаётганларини айтиб туриб ёздирганлар. Шу тариқа, дейдилар жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячилари, расмийлар пахта йиғим-терими чоғида ёшлар ва болаларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун ўз зиммаларидан масъулиятни соқит қилмоқдалар, шунингдек, болаларни мажбуран ишлатганлик юзасидан айблов қўйилмаслиги учун аввалдан ўзларига “алиби” ҳозирлаяптилар.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида бўлгани каби Жиззах ёшлари ҳам пахтага юборилишларидан аввал уч кунга етадиган озиқ-овқат ва кўрпа-тўшаклар олиш юзасидан буйруқ олганлар, шундан сўнг уларни пахта теримида ишлаб топган пуллари ҳисобидан боқадилар. Расмийлар талаба ва ўқувчиларга терилган бир кило пахта учун 62 сўмдан тўлашни ваъда қилаяптилар.

Ёшларнинг қачон уйга қайтишларини ҳеч ким билмайди. Ҳойнаҳой, вилоят давлат буюртмасини бажармагунича, уларни далада ушлаб турсалар керак, дейдилар жиззахликлар. Бу йил Жиззах вилояти учун давлат буюртмаси 255 минг тонна миқдорида белгиланган.

Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида шифокорлик-консультацион комиссиялар бекор қилинган. Бу йил ҳатто уч килодан кўпроқ юк кўтариш саломатчилигига тўғри келмайдиган йигит-қизлар ҳам далага чиқишга мажбурлар. Бу болаларнинг саломатчилиги ёмонлашган тақдирда бунга ким жавоб бериши ҳақида айтилмаяпти.

Туркиянинг жанубий-шарқий вилоятларида жойлашган, пахта экадиган туманлардаги умумтаълим мактабларининг айримларида ҳам ўқув йили ярми бўш синфлар билан билан бошланди.

Дети с родителями на хлопковых полях. Фото из газеты Миллият
Болалар ота-оналари билан пахта далаларида. “Миллият” газетасидан олинган фотосурат

Бироқ Туркияда ҳеч ким болаларни мажбуран пахта теримига ҳайдамайди. Ота-оналар ҳосилни тезроқ йиғиб олиш ва тирикчилик учун пул топишга ёрдамлашсинлар деб ўз фарзандларини далаларга олиб чиқадилар. “Миллият” газетасининг хабар қилишича, Шанли Урф вилоятининг Қўнуқлу деган жойидаги мактаблардан бирида еттинчи синфда ўқийдиган ўттиз беш боладан фақат бештасигина мактабга қатнайди, қолганлар эса пахта далаларидан бери келмаяптилар. Мазкур мактабда ўқув йили бошланганидан буён бу ерда таълим олаётган олти юз эллик ўқувчидан уч юзтаси дарсга боришдан кўра далада ишлашни афзал кўрганлар.

Қайд этиш жоизки, Туркияда бу ҳол ҳар йили такрорланади. Жорий ўқув йили бошланишидан олдин ўқитувчилар ўз ўқувчиларининг уйларини атайлаб айланиб чиққанлар ва уларнинг ота-онаси билан учрашишиб, ўқувчиларнинг мактабга келишларини таъминлашни илтимос қилганлар. Энди эса улар ўқувчиларни синфга қайтишга кўндирмоқчи бўлишиб, далаларга қатнашларига тўғри келмоқда. Бироқ кўпчилик ота-оналар пахта терими тугагунича фарзандларини қўйиб юбормоқчи эмаслар.