08:39 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубида мусулмонча кийиниб юриш туфайли ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасидаги зиддият давом этмоқда

22.09.2007 15:55 msk

Ўз ахб.

Қирғизистон жанубида Ислом динига эътиқод қилувчи мактаб ўқувчиларининг рўмол ўраб юришлари юзасидан яна баҳс-мунозаралар авж олган. Бир неча йилдирки, бу муаммо ҳар янги ўқув йили бошланишида яна долзарблашиб қолади. Аммо бу сафар мактаб биносида рўмол ўраб юришни таъқиқлаш, афтидан, расмий таъқиққа айланадиган кўринади, чунки бу нарса, мактаб директорларига кўра, мактабнинг янги низомида кўзда тутилган.

Бироқ “Фарғона.Ру” АА мухбири борган ўрта мактабларда ҳатто ўқитувчилар қўлида ҳам мазкур низом йўқ экан. Уларнинг айтишларича, ўқитувчилар ҳали бу ҳужжатни туман халқ таълими бўлимидан олмаганлар. Бундай вазият Қирғизистоннинг Ўш вилоятидаги Новқат туманида юзага келган. Бу ерда ҳар бир ўрта мактабда мактаб формаси кийиш билан бир қаторда рўмол ҳам ўраб юрадиган ўқувчи қизлар бор. Ўқув йили бошида улар олдида “мактабда юрган пайтда рўмолни ечиш керакми-йўқми” деган масала кўндаланг бўлиб қолган. Бу талабга бўйсунмаган тақдирларида уларни мактабдан ҳайдашлари мумкин.

Баҳодир Абдураҳмонов Новқат туманида шифокор бўлиб ишлайди ва икки қизнинг отаси бўлиб ҳисобланади. Унга кўра, унинг қизлари ўқиган мактабда уларга, агар рўмолларини ечмасалар, ўқишдан ҳайдашлари ҳақида айтганлар. “У ҳозир 8-синфда ўқийди, 6 ёшидан бери рўмол ўраб юради. Ҳозиргача у рўмолини бемалол ўраб юрганди. Яқинда мактабдан қайтгач, у тўсатдан йиғлаб юборди ва ўқитувчилар унга рўмол ўраб юришни маън қилаётганларини айтди. Улар барча ўқувчилар рўмолларини ечишлари учун юқоридан буйруқ берилганини айтганлар. Мен буни эшитиб танг қолдим, чунки ҳар бир киши эътиқод эркинлиги юзасидан ҳақ-ҳуқуқларга эга. Мен ўқитувчилар ҳатто ўз бурчларини ҳам билмайдилар, деган қарорга келдим. Улар дарс беришлари ва ўқувчиларнинг тарбияси билан шуғулланишлари лозим. Рўмол масаласига келсак, бу уларнинг иши эмас. Ўқитувчилар “бизга юқоридан буйруқ бердилар, шунинг учун ҳам ўқувчи қизлар рўмол ўраб юриш ҳуқуқига эга эмаслар”, дея битта гапни қатъий қилиб айтаяптилар. Қизим рўмолини ечмай юрибди, аммо ўқитувчилари аввалгидек ундан рўмолини ечишни талаб қилаяптилар ва ҳатто мактабдан ҳайдаб юбориш билан таҳдид қилаяптилар”, - дея ўз фикри билан ўртоқлашади Баҳодир Абдураҳмонов.

Родители одной из девочек. Фото ИА Фергана.Ру
Қизлардан бирининг отаси. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Бугунги кунда қизлари рўмол ўраб юрган ота-оналарнинг ҳаммаси шунга ўхшаш воқеани айтиб бериши мумкин. Ислом дини талабларига кўра, балоғат ёшига (9 ёшга) етганидан кейин қиз бола ўз танаси ва бошини бегона эркаклар кўзидан яшириши лозим. Айнан шунинг учун ҳам кўпчилик қизлар шу ёшдан бошлаб рўмол ўрай бошлайдилар.

Жибек Асанованинг набираси лицейнинг 5-синфида ўқийди. У ерда ҳам ўқувчилардан дарс пайтида рўмолни ечиб қўйишни талаб қилганлар. “Дарс пайтида қизларнинг бошидаги рўмол кимга ҳалақит бераяпти? Ҳар бир муслима ҳижобда юриши керак. Шу сабабли менинг набирам рўмол юрса, бундан фақат хурсанд бўламан. Агар таъқиқ бекор қилинмайдиган бўлса, мен уни бу лицейдан чиқариб оламан ва рўмол ўраб юриш маън қилинмаган бошқа мактабга бераман”, - дейди буви.

Жибек Асанова, бабушка одной из девочек. Фото ИА Фергана.Ру
Жибек Асанова, қизлардан бирининг бувиси. “Фарғона.Ру” АА фотоси

“Ҳуқуқ ва демократияни ривожлантириш жамғармаси” вакили, ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуманноп Ҳалиловнинг фикрича, бу ташкилотга болаларининг эътиқод эркинлиги юзасидан ҳақ-ҳуқуқлари камситилаётган кишилар мурожаат қила бошлаганлар.

“Бунақа ҳолат бизнинг Ўш вилоятида икки йил аввал бўлганди. Ўша пайтда биз шаҳар ва туман халқ таълими бўлимларига мурожаат қилгандик ва ҳеч ерда бизга рўмолни таъқиқлаш учун бирон-бир асос тақдим қила олмадилар. Охир-оқибат, таъқиқни бекор қилдилар ва мактаб ўқувчилари дарсларга рўмолда бораверадиган бўлдилар”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. Унга кўра, Қирғизистон конституциясида диний талабларга мувофиқ бўлган либос ва бош кийимларни кийиб юришни маън қилувчи моддалар йўқ.

“Диндор кишиларнинг жамоат жойларида бош кийим кийиб юришлари маън қилиниши ҳеч қаерда айтилмаган. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва шаҳар халқ таълими бўлимига ўқувчи қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари камситилмаслиги учун уларнинг рўмол ўраб юришларига рухсат бериш илтимоси билан мурожаат қилдик. Мактаб низоми давлат қонунидан, айниқса, конституциядан юқори туролмайди. У ўқитувчилар ва мактаб маъмурияти томонидан тузилади ҳамда юридик кучга эга бўлиш учун адлия идораларида рўйхатга олинмаган ҳам бўлса керак”, - дейди Абдуманноп Ҳалилов.

Девочки в платках среди школьников. Фото ИА Фергана.Ру
Мактаб ўқувчилари орасидаги рўмолли қизлар. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Новқат туман халқ таълими мудири Икром Раҳмоновга кўра, ўқувчилар учун бунақа низом ҳақиқатан мавжуд ва унда мактаб ўқувчиларининг рўмол ўраб юришлари олқишланмайди. “Бизда дин давлатдан ажратилган”, - қизларнинг нима учун мактабда рўмол ўраб юрмаслиги кераклиги ҳақидаги саволга у ана шундай жавоб қилди.

Новқат туманидаги Беруний номли мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ильмира Шакирова бу талабни совет давридаёқ ўқувчилардан мактаб формасида юриш талаб қилингани билан изоҳлайди. “Менимча, сабаб шунда. Биз мактаб йиғилишига имомни чақириб келдик. У “мактаб давлатники бўлгани учун, агар ўқитувчилар талаб қилсалар, унда ўқийдиган қизлар рўмолларини ечсалар, яхши бўлади”, деб айтди. Бу президент фармони билан ҳам тасдиқланган”. “Рўмолга ўраниб олган қиз дарсда ўтирса-ю ҳеч нарсани эшитмаса, сиз буни эстетикага мувофиқ, деб ўйлайсизми?” – давом этади Шакирова. - “Мен қишлоқ жойда ҳамма қизларимиз ҳам 100% тозалик қоидаларига риоя қиладилар, деб айтмаган бўлардим. Биз уларнинг рўмолларини ечганмизда, кўпларининг сочлари таралмаганини кўрдик. Улар диндорлигини кўрсатиб, обрў-эътиборга эга бўлиш учун рўмол ўраб юрибдилар. Айримлари покиза оқ рўмолларда юрадилар, аммо қора рўмолларда юрадиганлар ҳам бор. Бу эстетикага мувофиқ эмас. Бола мактабга келганидан кейин мактаб формасини кийиб юриши керак”.

Завуч школы имени Беруний Ильмира Шакирова. Фото ИА Фергана.Ру
Беруний номли мактабнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ильмира Шакирова. “Фарғона.Ру” АА фотоси

И. Шакировага кўра, ҳозирча ота-оналардан ҳеч ким унга шикоят қилиб келмаган. Мактабда ўқувчи қизларнинг рўмолини зўрлик билан ечишга уринилмаган. Бироқ ота-оналарнинг ўзлари бу масала юзасидан мактаб маъмуриятларига ҳам, маҳаллий прокуратурага ҳам бир неча бор шикоят қилганларини таъкидлайдилар. Ильмира Шакировага келсак, у: “Бунақа аҳлоқ қоидаларига масжидда риоя қилсинлар. Мактабдаги дарсларда эса ўқувчи қизлар мактаб талаб қилган ишни бажаришлари лозим”, дея билдиради.

Қирғизистоннинг ҳамма мактабларида ҳам рўмол ўраб юриш маън қилинмайди. Мавжуд маълумотларга кўра, Ўш шаҳридаги Ҳамза номли мактабда вазият бошқача: у ерда рўмол ўраб юриш маън қилинмаган. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари бу мактабда рўмол ўраб юрган ҳар бир қиз учун 700 сўмдан (тақрибан 19 АҚШ доллари) жарима тўланган ҳолларни биладилар.

Қирғизистоннинг Новқат туманидаги мактаб ўқувчиларига дарсга рўмол ўраб келишларига рухсат бериладими-йўқми, ҳали маълум эмас. Ўқитувчилар ва туман маъмурияти рўмол ўраб юриш маън қилинган мактаб низомини рўкач қилмоқдалар. Ўқувчи қизлар ва уларнинг ота-оналари бунга бўйсунмоқчи эмаслар.

Зиддият манзараси томонлар “кўрсатмалари”нинг қарама-қаршилиги қабатида сувалиб кетаяпти. Мазкур масала билан шуғулланувчи ўқитувчилардан бирига кўра, тез орада ҳар бир мактабга прокуратура вакиллари келадилар. Улар ўқувчи қизларни рўмол ўрашдан воз кечишга ишонтириш мақсадида қизлар билан тушунтириш ишлари олиб бормоқчилар. Бироқ Новқат туман прокуратураси бу маълумотни тасдиқлагани йўқ.