06:02 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ҳижобда суратга тушилган паспорт ҳали битта ҳам берилгани йўқ

19.09.2007 20:25 msk

Айжан Абдурасулова

Сўнгги уч йил мобайнида Қирғизистон муслималари расмийлардан паспорт ва бошқа ҳужжатларга ҳижобда суратга тушишга рухсат берилишини талаб қилиб келгандилар. Ниҳоят, расмийлар ён бердилар – эндиликда аёлларнинг рўмолда суратга тушишларига рухсат берилди. Бу каби рухсатнома олинганидан буён орадан бир ой вақт ўтди. Бироқ умумфуқаровий паспорт бериш билан шуғулланувчи муассаса ходимларига кўра, ҳалигача аёллардан ҳеч ким ўз паспортига ўранган ҳолда суратга тушиш истагини билдирмаган.

Бундан ташқари, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) паспорт-виза назорати департаменти (ПВНД) муддатли ҳужжат бериш бўлими нозири Батир Темировга кўра, паспорт столлари ҳатто рўмол ўраган аёлларнинг паспортга ёпиштириш учун мўлжалланган фотосуратларини қабул қилиш юзасидан тегишли йўриқномалар ҳам олмаганлар. “Шунинг учун ҳам бизда ҳозирча талаблар аввалгидек. Йўриқномага мувофиқ, фотосуратда қулоқлар, жағ ва бўйин кўриниб туриши керак, - дея изоҳ беради Батир Темиров. – Айнан шунинг учун ҳам рўмолда суратга тушиш таъқиқланарди”. Паспорт столи ходимлари рўмол ўраган кишининг шахсини аниқлаш қийинроқ бўлиб қолиши юзасидан хавотир билдирадилар. Уларга кўра, бундан жиноятчи унсурлар ва экстремистик кучлар сўзсиз фойдаланиб қолишлари мумкин. Мисол учун, Б. Темиров ҳижобда тушилган фотосуратларга қарши, ўз фикрини у эркак киши пардоз қилиб ва рўмол ўраб, аёл шаклида суратга тушиши мумкинлиги билан асослайди. Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти эса ички ишларнинг барча ходимлари ҳам рўмолда тушилган суратни ҳақиқий аёл юзи билан бемалол солиштира олишларига кафолат беролмаслигини очиқ тан олади. “Лекин Қонун муслималарга рўмолда суратга тушишга рухсат берган экан, биз уни бажарамиз”, - дея билдирди Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг бошлиғи Қасимбек Майқўзов.

Аснода, Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида яшовчи ҳамма аёллар ҳам шахсий ҳужжатларга рўмолда суратга тушиш имконияти қўлга киритилганидан бошлари осмонга етаётгани йўқ. Кўпчилик аёллар бу нарса, масалан, халқаро аэропортларда ёки виза олишда турли муаммолар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблайдилар.

“Рўмолли аёл, айниқса паспортда, жуда гўзал кўринади. Бизнинг мамлакатимиз демократик мамлакатдир. Шунинг учун ҳам муслималарнинг ҳақ-ҳуқуқлари камситилмаслиги лозим”, - дея таъкидлайди ўшлик Жилдиз Эралиева.

“Рўмолда тушилган сурат чиройли, аммо мен паспортга бу йўсинда суратга тушилишига қаршиман, чунки ундаги фотосурат кишининг шахсини аниқлаш учун мўлжалланган, - дейди Ўш шаҳар паспорт столи ходими Назгул Қалибекова. – Агар шахсий фотоальбом учун суратга тушилса, бошқа гап эди. Аммо, масалан, Америка Қўшма Штатларига киришга виза олиш учун фотосуратда ҳатто пешанагажакни ҳам кўрсатиш мумкин эмас: пешона очилган, сочлар текис таралган бўлиши шарт. Рўмол ўралганида ҳатто юз шакли ҳам бошқача бўлиб кўриниши мумкин, пешона ҳам кўринмайди. Ташқи қиёфани ўзгартириш жуда осон, бунинг устига бир-бирига ўхшаган одамлар ҳам кўп. Шундай экан, паспортдаги фотосуратда киши юзи имкон қадар аёнроқ акс этса яхшироқ бўлади”.

“Бу масаланинг икки томони бор. Биз муслималарга рўмол юришни таъқиқлаб қўёлмаймиз, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини камситмаслигимиз ва қадр-қимматларини ерга урмаслигимиз лозим, - деб ҳисоблайди Ўш шаҳар кенгаши депутати Хулкарпошша Собирова. – Аммо, айни пайтда, мен ҳамма аёлларнинг шу йўсинда суратга тушишга мажбур қилинишига ҳам қаршиман. Биз тараққий қилган давлат сифатида ўз даражамизга мувофиқ бўлишимиз керак. Ёши ўтган аёллар рўмолларини ечмасалар ҳам бўлаверади. Бу тартибни ҳали охиригача ишлаб чиқиш керак, деб ўйлайман”.

Қайд этиш жоизки, аксар шаҳарликлар паспортга рўмолда суратга тушиш муслималарнинг ўз истаги эканини ва бунга уларни ҳеч ким мажбур қилмаётганини ҳалигача тушуниб етмаганлар. Бунақа тушунмаслик аҳоли ўртасида ҳеч қанақа тушунтириш ишлари олиб борилмаётганидан келиб чиқаяпти.

Бу масалада Ўш вилоят руҳонийлари ўртасида ҳам якдиллик йўқ. Баъзилар диндор аёлларнинг рўмолда суратга тушиш истакларини қўллаб-қувватлайдилар, бошқалар эса бу билан шахсни таниш жараёни қийинлашиб кетишини таъкидлашиб, бунга қарши чиқмоқдалар.

“Биз томонларда бош кийимсиз суратга тушиш анъанаси совет давридан қолган. Бу борада жамоатчилик фикрини ўрганиш керак. Бир нарсани айтиб кетай – Ислом дини талабига мувофиқ аёл киши ҳижобда бўлиши лозим. Шу гап билан ҳаммаси айтилди”, - дея таъкидлади Ўш шаҳрининг бош имоми Раҳматулло Қосимов.