08:52 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: Туғилишнинг кўплиги туфайли болалар боғчалари қуриб улгурмаяптилар

15.09.2007 18:22 msk

Сергей Барановский (Тороз)

Қозоғистонда болаларнинг мактабгача муассасалари етишмаслиги муаммоси, бир неча йилдирки, ўз долзарблигини йўқотмаяпти. Қозоғистонлик болажонларнинг ҳаммалари ҳам болалар боғчаларига бориш имкониятига эга эмаслар. Мактаб ёшигача бўлган болалар ота-оналарида бу қийин вазиятдан чиқиш юзасидан икки йўл бор: узоқ муддатга чўзиладигани – ўз жигарбандини боғчага жойлаштиришни истаганлар рўйхатида йиллаб туриш ҳамда тез ҳал бўладигани – тегишли қарор чиқариши мумкин бўлган кишиларга пул узатиш.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев яқинда интернетдан фойдаланувчилар саволларига жавоб бера туриб, республикада туғилиш миқдори ошиб бораётганини, аҳоли сони табиий равишда ўсиб бораётганини қайд этди. “Бизда йилига уч юз мингтадан чақалоқ дунёга келаяпти. Бу яхши кўрсаткич”, - дея таъкидлади президент.

Қозоғистонда ҳақиқатан ҳам туғилиш кўрсаткичлари ўсмоқда, аммо шу билан бирга, болалар боғчалари ва яслилар етишмаслиги муаммоси ҳам кучайиб бормоқда. Давлат раҳбарига кўра, “болалар боғчалари қурилиши Қозоғистонда муҳим вазифага айланиши лозим. Йирик турар-жой мажмуалари қурилишида биз биринчи қаватда ёки бошқа бир жойда болалар боғчалари ва паркинглар жойлаштирилишини кўзда тутишни талаб қиламиз. Мен барча бизнес тузилмаларга мурожаат қилмоқдаман: барча вилоятларда болалар боғчаларини қуриш бу қизиқарли тижорат лойиҳасидир. Қачонлардир улар [боғчалар] бор эди, аммо кейинчалик ҳаммаси сотилиб кетди”, - деди Н. Назарбоев Интернет анжумани чоғида.

Икки йил аввал Қозоғистон таълим ва фан вазирлиги қуйидаги рақамларни тақдим этганди. Қозоғистонлик болаларнинг тўқсон минги мактабгача таълим муассасасидаги “ўз” жойи учун навбатда турган эканлар. Республикада 1.283 болалар боғчаси бор, улардан 179 таси хусусий бўлиб, қолганлари давлатга қарашли. Аммо бу миқдор мутлақо етарли эмас. Болалар боғчасига фақат мамлакатдаги ёш болаларнинг йигирма етти фоизигина бориш имкониятига эгалар, қолганлар эса бувилари, энагалари ва ишсиз ота-оналари билан уйда ўтиришларига тўғри келаяпти.

Республиканинг 2006 йилги бюджетида болалар боғчалари тармоғини қуриш ва ривожлантиришга бир миллиард тенге ($7.812.500) ажратилганди. 2007-2009 йилларда мактабгача таълим ва тарбияни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар режаси доирасида 2007 йилда маҳаллий бюджетлардан бу мақсад учун йигирма ярим миллиард тенге йўналтирилади. Дейлик, таълим ва фан вазири Жансеит Туймебаевга кўра, яқин уч йил ичида 7,8 ўринга эга бўлган эллик бешта болалар боғчаси қуриш ва 13,8 минг ўринга эга бўлган, аввалда ёпилган бир юз ўттиз битта мактабгача таълим муассасасини қайта тиклаш мўлжалланаяпти. Бу муаммони бироз камайтирса-да, афсуски, уни ҳал қилолмайди. Сўнгги йилларда муқобил лойиҳалар – болалар қисқа муддат бўладиган гуруҳлар, оилавий боғчалар ва ҳоказолар ҳам татбиқ этила бошланди. Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта, аммо бу мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги муаммосини барибир ҳал эта олмайди.