23:30 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Курт Вейс: “Фақат ҳомийлар ва сармоядорлар ҳисобига кун кечирувчи сайтнинг келажаги йўқ”

13.09.2007 19:49 msk

Юрий Мизинов (ZonaKz)

Муштарийлар маблағи ҳисобига кун кечирувчи газета ёки умуман, ҳар қандай оммавий ахборот воситаси ҳомийлар, ҳукумат ёки бошқа ҳар қандай молиявий гуруҳлар ҳисобига кун кечирувчи нашрга қараганда холисроқ ва мустақилроқдир. Сайтларни тижоратлаштириш бўйича мутахассис Курт Вейснинг фикри ана шундай. Курт Вейс ўн саккиз йилдан буён Германияда истиқомат қилади ва ишлайди. У асли ленинградлик. Олмаотага қариндошларини кўриш учун меҳмонга келиб туради. Курт Вейс Қозоғистоннинг ZonaKz.Net мустақил нашри таҳририяти саволларига жавоб беришга лутфан рози бўлди.

* * *

- Айтинг-чи, Курт, ишингизнинг моҳияти нимадан иборат?

Курт Вейс - Мен йирик нашрларга интернет-сайтларнинг қай тарзда даромад келтириши мумкинлиги юзасидан маслаҳатлар бераман. Жўнроқ қилиб айтганда, мен сайтларни тижоратлаштириш юзасидан режалар ишлаб чиқаман. Бу режалар даромад олишга қаратилган қатор ташкилий тадбирлар ва дастурий ишланмаларни ўз ичига олади. Интернет-сайтлар – бу масс-медиани ривожлантиришнинг жуда истиқболли йўналишидир. Бироқ, агар матбуот ва электрон ОАВ чакана савдо ва реклама ҳисобига кун кечирса, интернет-медиадан даромад олиш доим ҳар хил саволларни юзага келтиради. Шунинг учун ҳам мен интернет-сайтларнинг қандай қилиб даромад олишлари мумкинлиги юзасидан масалалар билан шуғулланаман. Қайд этиб ўтмоқчиманки, мен фақат интернет-нашрлар билан шуғулланаман, электрон тижорат билан эмас.

- Интернет сайтлар даромад олишлари мумкин эканми?

Курт Вейс - Албатта, олишлари мумкин. Бу ерда, барча жойларда бўлганидек, ҳаммаси профессионаллик даражасига боғлиқ. Агар сайт йирик оммавий ахборот воситасини тамсил этса, ўзининг оригинал контентига эга бўлса, унинг муштарийлари кўп бўлса, юқори даромад олиш иши осонроқ бўлади. Кичикроқ сайтлар учун бу ишни қилиш, табиийки, қийинроқ кечади, аммо буни ҳам амалга оширса бўлади. Фақат бунда даромад ҳам анча пастроқ бўлади, албатта.

Бу ерда, таъкидлаб айтаман, ҳал қилувчи ролни оригинал контент ўйнайди. Агар у бўлмаса, “сайтни оммалаштириш”нинг ҳеч қандай усули ёрдам беролмайди. Бу ерда ҳам анъанавий оммавий ахборот воситаларидаги манзарани кўриш мумкин. Қўпол қилиб айтганда, қизиқарли бўлмаган газетачалар эртами-кечми – барибир хонавайрон бўлади. Бунақа газетачалар ёки Интернет сайтлар шунчаки ҳомий ёки сармоядор амбицияларини ифодалаш воситаси бўлиб ҳисобланади. Улар бу амбициялар йитиб кетмагунича яшаб турадилар.

- Веб-сайтни қандай қилиб даромад келтирувчи манбага айлантириш юзасидан, ҳеч бўлмаганда, умумий тамойиллар билан ўртоқлашолмайсизми?

Курт Вейс - Яхши, ўртоқлашаман. Моҳиятан, даромад олишнинг реалроқ бўлган уч усули бор. Булар: сайтда реклама бериш, ихтиёрий ионалар ва сайтга киришни пулли қилиш. Реклама – бу баннерлар ва видеороликлардир. Қолганлари эса шундоқ ҳам тушунарли.

- Унча тушунарли эмас… Масалан “ихтиёрий ионалар”ни олайлик – бунда муштарий нимага асосан иона қилишга рози бўлади? Интернетда қарийб ҳамма нарса бепул бўлгани ҳолда, у пул тўлаб нима қилади?

Курт Вейс - Сизга нима бўлди... Ҳечам ҳамма нарса бепул эмас-да. Яхши контент учун доим пул тўланиши керак. Келинг, мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ихтиёрий ионалар – бу муштарийнинг онгли равишда сайт фойдасига пул ўтказишидир. Бу ерда ҳар қандай нормал одам доим қуйидаги нарсаларни тушуниши назарда тутилади. Биринчиси – ҳар қандай матбуот учун (бепул тарқатиладиган реклама нашрларидан ташқари) бир миқдор пул тўланиши керак – бу ҳаммага маълум бўлган, ҳеч кимда эътироз туғдирмайдиган факт. Иккинчиси – бу маблағ унча катта эмас ва у оила бюджетига қарийб сезиларли таъсир кўрсатмайди. Учинчиси – ҳар қандай муштарий таҳририят қандайдир маблағ эвазига кун кечириши ва ҳатто ривожланиши кераклигини тушунади. Ниҳоят, тўртинчиси – муштарийлар маблағи эвазига кун кечирувчи газета ҳомийлар, ҳукумат ёки бошқа исталган молиявий гуруҳлар пули ҳисобига тирикчилик қилувчи газетадан кўра холисроқ ва мустақилроқ бўлишини муштарий тушуниши керак.

- Яхши… Лекин агар, сиз айтганингиздек, “сайт фойдасига пул ўтказиш”ни истаган муштарийлар топилмаса-чи?

Курт Вейс - Биласизми... Агар сайт яхши контентга, ёқимли интерфейсга эга бўлса, унга жон деб кирсалар, [бунақа бўлмаслиги керак]... Мен Қозоғистонда бунақа ёвуз ва хасис одамлар яшайдилар, деб ўйламайман. Ўз муштарийларингиз ҳақида бундай ёмон фикрда бўлмаслигингиз керак. Агар сайтингизни севсалар, таҳририят ва журналистларни ҳурмат қилсалар, сизнинг тўлов ҳақидаги илтимосингизга “лаббай”, дея жавоб берувчи кишилар топилмайди, деб ўйламайман. Шунчаки сиз пулни нимага сўраётганингизни тушунтириб беринг, келаётган маблағлар ҳақида мунтазам равишда ҳисоботлар эълон қилиб боринг, бу масалада ошкораликни таъминланг... шунда ҳаммаси яхши бўлади. Бунга ишончим комил.

- Фойдали суҳбатингиз учун раҳмат