06:13 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон: Қ. Бердимухаммедов ўз салафининг синалган йўлидан бормоқда

12.09.2007 14:01 msk

Давлат Озодий

Туркманистонда ҳокимият тепасига янги президент Қурбанқули Бердимухаммедов келганидан кейин бу мамлакатда жиддий ўзгаришлар бўлишини кутиш ярим йил мобайнида эскпертлар ва шарҳловчиларни янги йўналиш аломатларни қидириш ва топишга мажбур қилди. Қарийб барча таҳлилчилар ислоҳотлар секинлик билан, аммо оғишмай ўтказилиши, марҳум Сапармурод Ниёзов (Туркманбоши) даврида барпо этилган аввалги тизим эса жиддий ўзгаришга учраши тахлит фикрларга мойил эдилар.

Бироқ Туркманистон мустақил бўлганидан буён ўтган ўн олти йил давомида барпо этилган режим моҳияти унинг жиддий ўзгариш истиқболлари ҳамда ижтимоий-сиёсий ва хўжалик-иқтисодий ривожланиш учун принципиал аҳамиятга эга бўлган ислоҳотлар ўтказилиши ҳақида гапиришга имкон бермаяпти. Шунга қарамай, Қ. Бердимухаммедовнинг ҳар бир баёноти ва унинг чет элга ҳар бир ташрифи мамлакатда “бошичиликни тугатиш”га қаратилган ислоҳотлар нишонасини топиш мақсадида таҳлил қилинди. Кўпроқ умидлар қабатида туғилган бу хато тезиснинг аслида Туркманистон воқелиги билан умумийлиги кам. Айни пайтда янги президентнинг ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам ўзини тутиши юзасидан асосий шамойили охиригача зуҳур этиб бўлди. Унинг асосий белгилари қуйидагилардир:

- халқаро майдонда углеводород заҳираларидан анъанавий фойдаланишга асосланган намойишкорона кўп йўналишлилик;

- барпо этилмиш режим мавқеини мустаҳкамлаш йўлида Туркманбоши даврида эълон қилинган ва Марказий Осиё учун курашаётган мамлакатлардан қўллов олиш учун фойдаланилаётган бетарафлик мақомига содиқлик;

- оғизда айтилган, аммо конкрет қадамлар билан исботланмаган мамлакатни демократлаштириш, иқтисодиётни бозор муносабатларига ўтказиш ва коррупцияга қарши курашга қаратилган интенциялар.

Қ. Бердимухаммедовни АҚШга ташрифи юзасидан ҳозир Ашхободда олиб борилаётган тайёргарлик ишлари Туркманистон президенти учун алоҳида аҳамият касб этади. Расман у БМТнинг Бош ассамблеяси сессиясида иштирок этиши лозим. Бироқ аслида Туркманистон раҳбари учун Америка сафарнинг муҳимроқ қисми Давлат департаментидаги учрашув ва имкон бўлса, АҚШ президенти билан учрашиш бўлади. Иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ҳамда таълимий ва молиявий институтларни барпо этиш ваъдаси хорижда анча оптимистик руҳда қабул қилинди. Афтидан, асосий мўлжал шунга қаратилганди. Бунинг устига, мухолифатнинг айрим вакиллари ҳам ўзгаришлар бўлишига умид билдиргандилар. Шундай қилиб, асосий мақсадга эришилди, унга мувофиқ мамлакатда барпо этилган тизим танқидчилари ва мухолифлари доим кутиш ҳолатида бўлиб турадилар, улар қаттиқ қаршилик кўрсата бошлаган тақдирларида ҳам ҳозир Туркманистонда мавжуд бўлган воқеликда уларга мамлакат ичида ҳам, чет элда ҳам қулоқ солмайдилар.

Расмийларнинг иқтисодиёт соҳасидаги аввалги хатти-ҳаракатлари уларнинг аслида ислоҳотчилик йўналишида иш олиб бормоқчи эмаслиги ҳақида гапиришга имкон беради. Хусусан, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш тўғрисида айтилган ваъдалар қарийб бажарилмай қолди. Пахтачиликда совет давридан бери сақланиб келаётган ва С. Ниёзов даврида кучайган “ҳосил йиғиш” усуллари, айнан эса мажбурий меҳнат ҳукмронлик қилаяпти. Дон ғамлаш бўйича ўтган йили юзага келган анча мураккаб вазият, ҳойнаҳой, бу йил ҳам ўзгармайди.

Жамоатчилик онгига мамлакатда ислоҳотларни тез ўтказиб бўлмаслиги, жамиятнинг ўзига хослиги ва фуқаролар менталитетига тўғри келмагани сабабли ҳозирда Ниёзов меросидан воз кечишнинг имкони йўқлиги хусусидаги фикрларни сингдириш мавжуд тизимни мамлакатнинг ҳозирги раҳбари эҳтиёжларига мослаштиришга вақтдан ютиш учун керак. Айнан шу ҳолат Қ. Бердимухаммедовнинг ташқи сиёсат йўналишида ўта фаоллашиб қолганига сабаб бўлиб ҳисобланади. Бу услуб авторитар-тоталитар режимини барпо этиш даврида бу каби “ваъда бериш сиёсати”ни олиб борган собиқ президент С. Ниёзов учун ҳам хос бўлганди.