19:00 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Марк Вайлнинг фожеали ўлимини индамай ўтказиб юбордилар

11.09.2007 23:13 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Тошкентдаги “Илҳом” театри режиссёри ва бадиий раҳбари, 7 сентябрь куни ўлдирилган Марк Вайлнинг фожеали равишда ҳалок бўлганини беш кун буён “сезмаяптилар”. Жума куни бундан пойтахтдаги одамларнинг ҳаммаси хабар топганлар. Шанба куни эса бу ҳақда жаҳоннинг энг йирик газеталари ва ахборот агентликлари хабар тарқатганлар. Фақат Ўзбекистон газеталари, радио ва телевидениеси бу ишни қилмади. Хориждаги кўплаб одамларга республиканинг борлигини билдириб қўйган кишининг ўлими ҳақида маҳаллий матбуот бир сатр ҳам ёзмади.

Пойтахт ва республиканинг кундалик газеталари шанба куниёқ материалларни тайёрлашга бемалол улгура олган бўлишларига шубҳа қилмаса ҳам бўлади – бунинг учун “Илҳом” театри сайтидан хабарни кўчириб босиш, у ёққа ўз мухбирларини юбориш ёки шунчаки қўнғироқ қилиш кифоя қиларди. Аммо бу ишни бирорта ҳам газета қилмади.

Телевидениеда ҳам, республика радиосида ҳам Марк Вайлнинг ўлдирилгани ҳақида ҳеч гап айтилмади. У ҳақда мамлакатнинг бирорта ҳам ахборот агентлиги хабар қилмади. Ҳукуматга қарашли кўплаб веб-сайтлардан фожеа ҳақида фақат уч-тўрттасигина (“Uzreport.com”, “Gzt.uz” ва бошқалар) хабар қилишга ботиндилар, холос.

Инсоф юзасидан қайд этиш жоизки, жума куни эрталаб, 08.52 да Тошкентдаги ноҳукумат FM-радиостанцияларидан бири бўлган “Пойтахт” радиосининг рус хизмати режиссёрнинг ўлими ҳақида хабар берган.

Ўзбекистоннинг кундалик газеталари шу кунларда нималар ҳақида ёзаяптилар? Албатта, энг долзарб мавзулар ҳақида бўлса керак. Масалан, президент Ислом Каримов Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилган тантаналарда иштирок этгани ва у ерда нутқ сўзлагани ҳақида (шу ўринда нутқ матни келтирилади). Ёки улар “Озод ва обод юрт дурдонаси” мақоласини кўчириб босаяптилар, бундай мақолаларда “мустақиллик йилларида мамлакат Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан халқнинг маънавий меросини қайта тиклаш бўйича улкан ишлар амалга оширилган”и ҳақида айтилади. Ёки Ислом Каримовнинг “Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли” номли янги китоби ҳақидаги хабарни жўровозлик билан чоп қилаяптилар. “Мазкур китобда баён этилган теран фикр ва хулосалар барча юртдошларимизни 16 йиллик тараққиёт йўлимизга яна бир бор назар ташлашга даъват этади”, - дейилади барча газеталар томонидан кўчириб босилаётган материалларда. Бундан ташқари, республика газеталари “Самимий қутловлар” рукни остида бундан ўн бир кун аввал нишонланган Мустақиллик куни муносабати билан бошқа давлатларнинг раҳбарларидан келган “Ислом Каримов Жаноби Олийларига” қутловларни, пахта йиғим-теримига тайёргарлик ҳақидаги хабарлар ва ҳоказоларни чоп этишда давом этаяптилар. Марк Вайль учун ҳам, “Илҳом” театри учун ҳам бу газеталар саҳифаларида жой топилмаган.

Пойтахт нашрларидан бирида ишловчи ходиманинг ўз номини ошкор қилмаслик шарти билан “Фарғона.Ру”га айтишича, таҳририят Марк Вайлга бағишланган материални тайёрлашга улгурган, аммо юқоридан материални зудлик билан олиб ташлаш ҳақида қўнғироқ бўлгани учун уни чоп эта олмаган. Бошқа газеталар ҳам шу каби кўрсатма олганлар ва бизга маълум бўлишича, бугун ҳам улар бу мавзуда ҳеч қандай мақола беришни режалаштираётганлари йўқ.

Марк Вайлнинг ўлдирилиши тўғрисидаги ҳар қандай хабарлар нима сабабдан жимлик пардаси ортига суриб қўйилгани ҳақида кўплаб тахминларни билдириш, масалан, у ўз интервьюларида ҳукмрон режим моҳияти ҳақида кескин ва ёқимсиз гапларни айтганини эслаш мумкин. Нима бўлганда ҳам факт фактлигича қолаверади: кўп йиллар мобайнида (Каримовдан кейин) жаҳонга таниқли иккинчи ўзбекистонлик бўлиб келган буюк режиссёрнинг ҳалок бўлгани ҳақида Ўзбекистоннинг бирорта ҳам газетаси ёзмади.