16:05 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Яширин бизнес гидроциклларни дам олувчилар учун хавф-хатар манбаига айлантирмоқда

11.09.2007 21:49 msk

Абдумўмин Мамараимов

Иссиқкўл соҳилларида сайёҳлар кўнглини очаётган гидроцикллар (скутерлар) яқиндан бери бу ерда дам олаётган ҳаётига хавф сола бошлади. Сувда тезюрар техникадан назоратсиз фойдаланиш бир марта ҳатто киши ўлимига ҳам сабаб бўлди. Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, гидроцикллардан бири эҳтиётсизлик оқибатида сувда сузиб юрган кишини уриб кетган. Жабрланувчини зудлик билан касалхонага етказганлар, унга ёрдам бериш учун пойтахтнинг энг яхши шифокорлари жалб қилинганлар, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қола олмаганлар. Тез орада етакчи жарроҳларнинг жонбозлиги сабаби ойдинлашди: ҳалок бўлган киши мамлакат президенти ўғли Максим Бакиевнинг яқин дўсти бўлиб чиқди.

Қирғизистондаги манбаларнинг фикрича, бу скутер туйафли ҳалок бўлиш юзасидан ягона ҳодиса эмас, аммо бунақа ҳодисалар ошкор қилинмайди. Биринчи марта расман тан олинган скутер қурбони тўғрисида мамлакат ОАВ жар солиб юборшиларига ҳалок бўлган кишининг оддий одамлардан бўлмагани сабаб бўлганга ўхшайди.

Бу ишни текшириш ҳали тугаллангани йўқ, аммо, Иссиқкўл туман прокурори ўринбосари Майрамбек Таалайбековга кўра, фожеа айбдори, 32 ёшли Кенжеқараев “эҳтиётсизлик юзасидан одам ўлдирганлик” учун беш йилга қамалиши мумкин. Тергов идоралари тергов сирига ишорат билан содир бўлган воқеа тафсилотларини маълум қилишдан бош тортаяптилар. Аснода, бу фожеанинг яна такрорланиш эҳтимоли юқорилигича қолмоқда.

Бугунги кунда, турли маълумотларга кўра, ҳар йили миллионга яқин сайёҳ келадиган Иссиқкўл соҳилларида юздан зиёд скутерлардан фойдаланилади.

Айрим пансионатлар ўз ҳудуди йигирмата ва ундан кўп гидроциклга эгалар, ваҳоланки уларнинг сони уч-бештадан ошмаслиги керак.

Чўлпонота шаҳри мэри Нурлан Насирдиновга кўра, “Олтин қум” пансионати ҳудудидаёқ йигирма бешта гидроцикл бор. Иссиқкўлда уларнинг қанча эканини шаҳар бошлиғи билмайди, аммо, мазкур аттракцион эгаларига кўра, бу ерда юздан зиёд машинадан фойдаланилади.

Бундан ташқари, скутерлар билан ўн йилдан бери шуғулланиб келаётган Алмаз Қабатаевга кўра, муҳтамал фожеаларнинг потенциал сабаби техниканинг носозлиги ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганликда акс этади. “Техникани, асосан, бу иш билан бир-икки йилдан бери шуғулланаётган янгилар уриб оладилар, - дейди Қабатаев. – Скутер эгаларининг кўпини куч ишлатар тузилмалар ва ҳеч нарса писанд қилмайдиган яширин тузилмалардаги одамлар ўз ҳимояси остига олганлар. Одатда, улар кўпинча арзон-гаровга ишончсиз бўлган эски техникани сотиб оладилар. Уриб юборилган одамнинг ўлимига ҳам айнан техниканинг носозлиги сабаб бўлган”.

Қонунга кўра, скутерларнинг техник ҳолатини Кичик қайиқлар бўйича давлат инспекцияси назорат қилиши керак. Аммо, тадбиркорларнинг айтишларича, назоратчилар ўз мажбуриятларини тўла бажаришга имконсиз бўлганлари учун уларнинг олдиларига кам келадилар. “Биринчидан, инспекцияда мутахассислар ва керакли жиҳозлар йўқ, - дейди Алмаз Қабатаев. – Иккинчидан, соҳил бўйлаб техник кўрик ўтказиш учун айланиб юришга уларда маблағ йўқ”. Инспекция вакилларининг ўзлари билан “Фарғона.Ру” АА мухбири боғлана олмади.

Скутерларда сайр қилиш юзасидан аввалдан зарур кўрсатмалар берилмаслиги сабабли ҳам одамлар кўпинча фалокат йўлиқиб қоладилар. “Баъзан рулга маст кишилар ёки вояга етмаганларни ўтқазиш ҳоллари ҳам бўлади, - дея нолийди Алмаз. – Бу қонунда таъқиқланган, аммо кўпчилик махсус инструктаж талабларини бажармайди”. Пансионат қўриқчиларидан бири қўшни пансионатда бир киши скутерни бошқара олмай қолиб, йиқилиб тушгани ва бўғзига сув тиқилиб қолганини гапириб берди: “Скутер эгалари бундай вазиятларда ҳатто дастлабки тиббий ёрдам бериш қанақа бўлишини ҳам билмас эканлар, улар ҳалиги одам ютган сувни ҳам чиқариб ташлай олмаганлар”.

Айрим ҳолларда гидроциклда сайр қилиш ишқибозлари ўзини қандай тутишни ҳам билмайдилар ва чўмилаётган одамларнинг ҳаётини хавф остига қўйишиб, пляж ҳудудларига кириб кетадилар. Яқинда 24.kg ахборот агентлиги Чуй вилоятида яшовчи ўн тўққиз ёшли йигит чўмилаётган пайтда скутер билан тўқнашиб кетиш натижасида хавфли жароҳат олгани ҳақида хабар қилганди. У “сийдик пуфаги ёрилиши” ташхиси билан Бишкекдаги Миллий госпиталга олиб келинган. Аснода, Кичик қайиқлар бўйича давлат инспекцияси томонидан тасдиқланган қонун-қоидаларга мувофиқ, пляж ҳудудлари махсус тўсиқлар билан тўсиб қўйилиши лозим, у ерга скутерларнинг кириши маън этилади. Аммо одамларнинг чўмилишларига халақит берувчи сурбет скутер “чавандоз”лари устидан шикоятни кўплаб пансионатларда эшитиш мумкин.

Маҳаллий аҳоли скутерлардан фойдаланиш натижасида одамлар жароҳат олган ёки ҳатто ҳалок бўлган ҳолатлар бир неча маротаба содир бўлганини айтадилар, бироқ маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари фақат Максим Бакиевнинг дўсти ҳалокати билан боғлиқ ҳодисанигина тан олиб, бошқа маълумотларни инкор қилмоқдалар.

Бу турдаги бизнес оммабоплигининг сабаби жўн. Скутерда учишнинг бир дақиқаси икки АҚШ доллардан ошади, бир соати эса юз эллик доллар туради. Бир кунда ўнтагача мижоз бўлиши мумкин, лекин ишсиз қолинган кунлар ҳам бўлиб туради. Шунга қарамай, бу ишдан кунига беш юз – олти юз доллар даромад олиш мумкин. Бироқ бунақа даромадни “ҳомий”си бўлган ва солиқ тўламайдиган сара одамларгина ола биладилар. Қонунга бўйсунувчи тадбиркорлар эса ўз даромадларининг қарийб ярмини солиқ ва бошқа тўловлар шаклида беришларига тўғри келади. Шунақа тадбиркорлардан биттаси скутерлар эгалари фаолиятини текширувчи ўн бешга яқин давлат идораларини санаган. Уларнинг ҳар бири билан даромадни “бўлишиш” керак.

Иссиқкўл туман прокурорининг ўринбосари Майрамбек Таалайбеков скутерлардан нақадар қонуний фойдаланилаётгани юзасидан тасдиқланган текширув режалари бўлишига қарамай, бу йил унинг маҳкамаси бунақа текширув ўтказмаганини тан олди. М. Таалайбеков скутерда учиш ишқибозлари скутер ҳайдаш учун гувоҳномалар олишлари ёки скутерни инструктор билан бирга ҳайдашлари лозим, деб ҳисоблайди. Аммо бу ташаббус тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. “Сайёҳлар йилда бир неча соат скутерда учишлари учун бунақа гувоҳномаларга эга бўлишларининг нима кераги бор?” – дейди А. Қабатаев. Чўлпонота мэри Н. Насирдинов эса “скутерлар кўлда мутлақо керак эмас. Уларни таъқиқлаб қўйиш ёки ҳеч бўлмаганда, ҳар бир пансионатга биттадан машина даражасида улар сонини чеклаб қўйиш керак”, деб ҳисоблайди. Унга кўра, скутерлар фақат дам олувчиларнинг ҳаётига хавф солибгина қолмасдан, балки кўл экологиясига зарар ҳам етказмоқда.

Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) ҳам скутерлар экологияга хавф солади, деб топган ҳамда бу йил ёзда Иссиқкўл дам олиш ҳудудида моторли қайиқлар ва скутерлардан фойдаланишни таъқиқлаб қўйган. Депутатларга кўра, бу механизмлар нефть маҳсулотлари чиқариб ташлаши билан кўл сувини анча ифлослантираяпти. “Нақадар аҳмоқлик, - деди парламент қарорини шарҳлаган қайиқ эгаларидан бири. – ЁММ шундай қиммат бўлган бир замонда қайси тадбиркор ёнилғининг кўлга оқиб кетишига йўл қўяди?!” Бироқ, экологларнинг таъкидлашларича, бир томчи бензин сув юзасида ўн икки мураббаъ метргача ёйилиб, кўл жониворлари учун ҳалокатли бўлган қатлам ҳосил қилиши мумкин. Мотор ёғи эса ундан ҳам каттароқ жойга ёйилади.

Аснода, Иссиқкўл туман прокурори Данияр Эркинбаевга кўра, “скутерларни маън қилиш ҳақидаги бу қарор ҳали кучга киргани йўқ”, чунки у ҳали мамлакат президенти томонидан имзоланмади.

Парламент қарори бу ерда йилига юз минглаб сўм солиқ йиғаётган солиқчиларни ҳам ташвишга солиб қўйган. Солиқ назорати бошлиғи Нурмат Шамбетов бу йил мазкур фаолият туридан олинадиган солиқ икки баробар, яъни ҳар бир машинадан ойига ўн уч минг сўмгача ($340) кўтарилганини маълум қилди. Бироқ Шамбетов ҳужжатлар йўқлигини баҳона қилиб, солиқ назоратида рўйхатга олинган скутерларнинг аниқ сони ҳақидаги маълумотни бермади. Унга кўра, кўлда ҳаммаси бўлиб ўттизга яқин скутер ишлаяпти ва улар бу мавсумда бир миллион сўмдан кўпроқ (30 минг доллардан зиёд) солиқ келтириши лозим. Агар бу ерда юзта машина борлиги ҳақидаги маълумотларга ишонилса, солиқ йиғимлари жами уч баробардан кўпроқ ошиши керак. Шу ўринда Алмаз Қабатаевнинг куч ишлатар ва криминал тузилмалар “ҳомийлик” қилаётган яширин бизнес ҳақидаги сўзлари беихтиёр ёдга тушади. “Депутатларимиз айнан шу нарса ҳақда ўйлаб кўрсалар яхши бўларди, агар ўзлари рўйхатга олинмаган скутерларга эга бўлмасалар албатта”, - деди маҳаллий мулозимлардан бири.

Бу соҳада назоратнинг йўқлиги фақат мамлакатдаги туризмнинг обрўси, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғигагина эмас, мамлакат бюджетига ҳам зарар келтираётгани юзасидан тадбиркорлар ҳам, мулозимлар ҳам бир хил фикрдалар. Бироқ муаммони ҳал қилиш юзасидан расмийлар танлаган йўл янада аянчли натижаларга олиб келиши мумкин. “Бу ишни бир зумда ёпиб қўйиб бўлмайди, - дейди Алмаз Қабатаев. – У ҳолда кўплаб муҳтамал меҳмонлар учун бизнинг туризм ўз жозиблигини йўқотиб қўйиши мумкин. Киши дам олишга келгандан кейин унга бундай имкониятни бериш керак. Ахир у эрталабдан кечгача кўл бўйида ароқ ичиб ўтиролмайди-ку”.

Муаммони ҳал қилиш йўлларидан бири сифатида Қабатаев барча “скутерчилар”га Сув-моторли ва елканли спорт федерациясига киришни таклиф қилади, у ерда янгиларни бу иш билан профессионал даражада шуғулланиш ва “ягона қоидалар бўйича ишлаш”га ўргатган бўлардилар. “Лекин асосийси – давлат ўз назоратини кучайтириши керак. Агар тартиб ўрнатилмайдиган бўлса, яна одамлар ҳалок бўлиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди”, - дейди хўрсиниб ҳамсуҳбатимиз рухсат берувчи идоралардан йиғилган папка тўла ҳужжатлари кўрсата туриб. Одамларнинг ҳаётини хавф-хатар остига қўйиб ва солиқ тўламай, бу ҳужжатларсиз ишлаётган мавсумчилар сони қанчалиги маълум эмас.

“Маҳаллий мулозимлар учун ноқонуний равишда ишлаётганлардан солиқ тўлашни талаб қилишдан кўра, улардан пул ундириш фойдалироқ, - дейди чоғроқ меҳмонхоналардан бирининг эгаси. – Бошқа томондан эса, улар яширин бизнес олиб бораётган “кучли одамлар” олдида ожизлар. Пансионатларда ҳам аҳвол шу”.

(Материал “Сорос-Қирғизистон” жамғармасининг “Қирғизистонда журналистик текширувни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида тайёрланган.)